Равшан Файз (1959-1995)

Равшан Файз 1959 йил 1 январда Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги Кўралос қишлоғида туғилган. ТошДУнинг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган (1986). «Ухлаётган одам» (1989), «Ташриф» (1990), «Кел, эй кўнглим» (1997) каби асарлари нашр этилган. «Мен шамолни тутволдим» (1992) шеърий тўплами болаларга бағишланган. 1995 йил 30 августда Тошкент шаҳрида (автохалокат туфайли) вафот этган.

ҚИШЛОҚ СОҒИНЧИ

Эй ота юрт, эй туғишган эл,
Мен бир ўсмир, мен битта гулни,
Орзу-ҳавас деган танти эл
Қай бир баҳор бағрингдан юлди.

Сўнг тақдирга раҳматлар айтиб,
Ўшал юксак орзумга етдим:
Тиним билмас девона, дайди
Шамолларга айланиб кетдим.

Улангандим юрагим билан
Асли сенинг жону жисмингта.
Энди яна бу дунё бир кам –
Орзуйим йўқ, армоним мингта!

Энди тунлар юрагим оғрир,
Соғинаман сени қишлоғим,
Даштларингни эслайман оғир,
Қояларга урилган чоғим.

Туриб-туриб келади кўргим,
Сен-чи, сен ҳам садо бергин, ҳой.
Билинарми ҳали ҳам ўрним,
Оғрийдими мен юлинган жой?!

* * *

Мана, соҳилингдан кетяпман мен,
Ортимда қоляпсан сарғайиб, синиб.
Энди сенга сўзим: юрагингни енг.
Энди суратимга яша исиниб.

Эрка ҳисларимни янчиб бу лаҳза,
Кетяпман, кетяпман тенг бўлиб тошга.
Сен ҳам жим кузатган… агар хоҳласанг,
Юзларингни ювма, жоним, кўз ёшга.

Майли, сир бўлиб қол, асрор бўлиб қол,
Саволлар яшасин мен билан бирга.
Токи кун кечирмай бефарқ, бемалол,
Сени ўрганайин бутун умрга.

Хат-хабар қилсанг-да, юраганг тўлиб,
Бари бир тилингга бўлолган собир.
Токи сен деганда кўнгал тўқ бўлиб,
Шаҳарда хиёнат бўлмасин содир.

Кара, ич-ичимдан кетмоқдаман зил,
Қара, елканларин кўтарди кема.
Сен қорам ўчишин кутгил, сабр қил,
Сен қорам ўчгунча «Севаман!» дема.

* * *

Шошманг, қишлоғимга кетарман бир кун,
Кетарман отамдан қолган юртимга.
Ёқавайрон бўлмай, бўлмасдан дилхун
Кетарман, мен бунда керакман кимга?!

Биламан, қўлимдан тортқилар шамол,
Оёгам қўйвормас бу теп-текис ер.
Бари бир кетарман бефарқ, бемалол,
Кетарман, кифтимга қанот бўлар шеър.

Биламан, кетма, деб йиғлайди осмон,
Учолмас ўшанда бирон тайёра.
Мен эса кетарман шунчалар осон,
Кетарман, қайрилмай энг сўнгга бора.

Уйғониб ҳайронлар қоларсиз бот-бот,
Хат ҳам қолдирмайман ҳатто ҳеч кимга.
Кунчил кўнглингизни этганча обод,
Кетарман, отамдан қолган юртимга.

* * *

Кўнглимга орзулар солган қишлоғим,
Олис-олисларда қолган қишлоғим.
Келиб қоларми, деб ҳар саҳар, ҳар шом
Кўзлари йўлимда толган қишлоғим.

Менинг мақсадимдан кўнглим кўп тўқдир,
Армон нишонига тегмаган ўкдир.
Орзунинг измида ҳамон ҳаётим,
Лекин бу йўлларнинг адога йўкдир.
Айтгbл, селмасмиди мен танлаган йўл,
Сайрга элмасмиди мен танлаган йўл.
Олис-олисларда оворадурман,
Борса-келмасмиди мен танлаган йўл.
Кўзлари йўлимда толган қишлоғим…

* * *

Сени деб билмасман тиним нима ул,
Тежаб-тергаганим сеники буткул.
Юрагамни ютиб топганим сенга,
Тийинни-тийинга уриб топганим сенга.

Боболарим ётган ерларим қолар,
Шамоллар шовури — шеърларим қолар.
Узилган кунидан насибам, ноним
Сенгадир шеър ёзиб орттирган ноним.

То умр ўткинчи экан — нетарман,
Эртами-кеч барин ташлаб кетарман.
Кетарман тупроққа тенг бўлиб, илло,
Бу-чи парвойингта келмайди аммо.

Бойиси, сен ўжар боламсан, дунё,
Бўғзимга сиғмаган ноламсан, дунё.
Зорларни билмаган золим, зўримсан,
Дунё, сен энг эрка меросхўримсан.

* * *

Мен яхши кўряпман сизни тобора.
Тобора кўзимдан йитмоқда туман,
Қарангаз, қисқариб боряпти ора,
Орада тўсиқ йўқ энди умуман.

Мен яхши кўряпман сизни кун сайин,
Кун сайин яқиндир дийдорингиз, ёр.
Йўллар кўп равондир, ҳаво ҳам майин,
Майин сўнмоқдадир косагул, алёр.

Мен яхши кўряпман сизни шунчалик,
Шунчалик муҳимдир энди зор, додим:
Худойим, ишқилиб салому алик
Умрича бўлса бас, қолган ҳаётим.
Мен яхши кўряпман сизни тобора…