Қутлибека Раҳимбоева (1952)

Қутлибека Раҳимбоева 1952 йил 9 февралда Туркманистон Республикасига қарашли Тошҳовуз шаҳрида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1994). Фарғона педагогика институтининг филология факультетини тамомлаган (1974). Дастлабки шеърий тўплами — «Юрагимда кўрганларим» (1981). Шундан сўнг шоиранинг «Узун кундузлар» (1984), «Уйғониш фасли» (1989), «Озодлик», «Кўксимдаги Тангритоғ» каби шеърий тўпламлари нашр этилган. «Тоҳирнинг Зуҳроси» номли драматик асар ҳам ёзган. Л. Украинка, М. Цветаева каби шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. «Шуҳрат» медали соҳибаси (1999).


ҚОРЛИ ТОНГ ХАЁЛИ

Мўъжиза юз берган:
Кечагина бошқа эди ҳаммаси:
аёздан қорайиб ётарди йўллар;
Шамол теракларнинг бошига миниб,
юпқа япроқларин юларди.
Анорлар кўмилган сокин сайҳонлик
тортмасди ҳеч кимнинг эътиборини.

Муъжиза юз берган;
Тераклар — алпқомат йигитлар:
эгнида оқ пўстин, бошида оқ бўрк.
Ҳатто қамчисининг дастаси кумуш.
Сайхонлик бағрида ҳайбатли отлар
кунчиқиш тарафга қараб оромда:
олмос эгарлари қамаштирар кўз.

Мўъжиза юз берган:
Менинг назаримда, ҳозир йигитлар
мудроқ тулпорларин уйғотиб шошқин,
Дунёнинг қайсидир парчаларида
парчинланган Эркни қутқармоқ учун
буюк курашларга кириб кетадир.
Улар жим… мен ҳам жим.
Нимадан чўчийсиз, оғалар.
Ахир тўрт томоннинг йўллари ёруғ.
Бутун ишонч билан турибман ҳамон,
Мўъжиза юз берсин!

ҚИШ ЯХШИ

Тераклар ўхшамас озгин ўсмирга,
Букчайган толларга ўхшамас толлар.
Қиш кийим тиқдирди барига бирдай,
Оқшомда қўли гул чеварлар ёллаб.

Кўпроқ кўрганига ишонар кўзинг,
Тегрангда подшолик қилар оқ ранглар.
Шу хаёл ҳовурин иситиб кўксинг,
Лабингда чиройли овоз жаранглар.

Қуёш қиздирмайди, лекин ярқираб
Ёруғлик сочади. Ёруғлик азиз.
Бошингни деворга турмайсан тираб,
Топасан оёғинг сигадиган из.

Куйчисиз салтанат ғариб санапар,
Ғариблар сафига қўшилмайди қиш.
Муножот айтмаса ҳамки қарғалар,
Ҳар қалай ҳўкизмас, сайрайдиган қуш.

Дарёни соғинсанг, ётмайсан бўзлаб,
Қиргоққа чиқасан. Қарайсан пастга.
Ўзини кўрсатмай ҳикматлар сўзлаб,
Тип-тиниқ дарёлар оқади аста.

Қиш яхши. Фақат бир кичик нуқси бор:
Йўллар муз. Муз амри билан юрасан
Эркингда юрмакни этсанг ихтиёр,
Қулайсан. Манглайинг ёмон ёрасан.


ҲАҚБОЙ БУВАНИНГ СОДДА ФАЛСАФАСИ

(1973-83 йиллар)

Раҳмдил бўлса бор давлатбошилар:
аввал ўз элини этса осойиш,
буюрса кучига ярашуғлик иш,
қондирса чанқоқнинг ташналигини,
тиндирса очларнинг нолаларини.

Яна одил бўлса давлатбошилар:
битирса кишининг бахналигини,
айниқса, эзмаса болаларини.

Яна ботир бўлса давлатбошилар:
ўлдирса заҳарли ёлғонни,
дўстига хиёнат қилғонни.

Сўнгра ўша улуғ давлатбошилар
бир-бирини ортидан айтмаса ғийбат,
тинч қўйса бобоси — оталарини.
Дастурхон бошида сўйлашса баланд
юзма-юз ўтириб хатоларини.
Қисқа кунда қирқ бор бузмаса сарҳад,
Азасига борса, борса тўйига.

Ҳуда-беҳудага сочмаса танга,
Кўмак сўраганда бўлса танти, мард.

Шунда осонгина тинчир-ку олам,
Гапим нодурустми ё шоир болам?.

КИМНИ СУЙИБМАН?

Мен суйиб, мен суйиб кимни суйибман?
Чўлпон

Севгимни дарёга ташласам, агар
сувларга қўшилса, ичса балиқлар —
сайраган бўларди булбуллар каби.
Саҳрога ташласам, еса илонлар —
бари париларга айланиб қачон
малика бўларди шаҳзодаларга.
Тошбақа тотинса, қўшқанот боғлаб,
кўтариб келарди Боғи Эрамни.
Севгимни кечага сочсайдим агар
ой қуёш бўларди, юлдуз ҳам қуёш.
Мен буюк севгимни сенга берибман.
Баликларинг балиқ.
Илонинг — илон.
Тошбақанг — тошбақа.
Кечанинг кундузга қадамлари суст.
Севгим кучсизмикан,
ё севгим эссиз?
Тилланмоғинг учун,
учмоғинг учун,
кечадан батамом
кечмоғинг учун,
Айт, қанча хоҳласанг, шунча суярман,
Айт, қандоқ хоҳласанг, шундоқ суярман!

КУЗ

«Туз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур»

Куз оҳ… Бикажон.
Қуёш мағлуб лашкарбошидир,
Йиғар жонсизланган нурларин.
Хазон боғнинг сўзон ёшидир,
Сўзон этган бири-бирларин.
Атиргул — баҳорнинг сағири,
Қалбидан ёзларни кечирган.
Сариқ сувлар умид чоғири,
Қуйқасига қадар ичилган.
Қумрининг қушлиги сусайган,
Пастга рози, ерларга рози.
Қарғанинг тиллари узайган,
Очилиб боради овози.
Булут қайта бутланган қалқон,
Шамол қилич, дарахтлар зирлар.
Ажиб фақат кўринмайди қон,
Шитоб ювар ғассол ёмғирлар.
Туз оҳ… Бикажон.

НАФРАТ

Болалари қириб ташланган она –
Гуллари юлинган дарахт сен эмас,
Бахтнинг насибаси — бебахт сен эмас,
У ўзга туркийдир — дали-девона,
Бекажон, жон ширин, кўзларингни юм!

Хонлар қопчиғини тўлдирган аёл –
Панжалари бўм-бўш Сабр сен эмас,
Бўшлиғи жонига жабр сен эмас,
У ўзга туркийдир — сиқилган анор,
Бикажон, жон ширин, кўзларингни юм!

Эрлар эгик кун ҳам тик қолган аёл,
Ёвга тиз чўкмаган беклик сен эмас,
Изғиринга қарши кўклик сен эмас,
У ўзга туркийдир — олис бир хаёл,
Бикажон, жон ширин, кўзларингни юм!

Ҳа, зарба эмассан, эмассан туртки,
Мудроқлик сен эмас, ғафлат сен эмас,
Ё исён сен эмас, нафрат сен эмас,
У ўзга бир туркий, сен қандай туркий?
Бикажон, жон ширин, кўзларингни юм!