Қандилат Юсупова (1986)

Қандилат Юсупова 1986 йил, 8 декабрда Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида туғилган. 2008 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг инглиз тили факультетини тамомлаган. “Кўзларингдан қўрқаман, шеърим”, “Тор сеҳри”, “Ёруғ кунлар хумори”, “Оҳу фарёди” номли шеърий китоблари чоп этилган. Жаҳон адабиётидан таржималари, ижодий ишлари матбуотда тез-тез чоп этилиб туради.

Элегия

…Оҳангларга кўнглингни топшир…
Ва эслама ғамларни…
…дардни…
Энг гўзал ҳисларни қалбингга яшир,
Унут вафосиз “мард”ни.

Жим-м…
Тингла куйларнинг саррин навосин,
Кўзингда ёш билан жилмай, эркалан…
Куйма, бир номарднинг эслаб жафосин,
Чиқар юрагингдан битта-битталаб –
Гарчи улар дилинг ётар нимталаб!..

Сен бир гадосанки, шоҳлардан устун,
Сен бир атиргулсан…
Ажаб? – Тиконсиз?..
Бу дунёда йўқ бир Лайлига Мажнун,
Ва бахтли бўлиш йўқ изҳор, имконсиз…

Онт ич!
—    Яралгансан фақат ишқ учун!
Андуҳли хатолар бағридан беркин.
Оламдаги энг пок қўшиқ ҳаққи-чун
Нокасларга  “Вафо бер!” дея ялин!
Ва унут майлига, беишқ қилмишин…

…Оҳангларга … ғамгин… кўнглингни … топшир…

*   *   *

Юрагим, сен “Чарчадим!” дема,
Қўлларим, ёзишдан тўхтаманг.
Ки, мен ўлгумдир акси бўлса,
Акси бўлса… Тамом бўламан!..

Мен хурсанд бўлгумдир
Ёнса қалбим,
Дардим аланга олса…
Дилга ўт солса!

Ба-а-арчани масрур қилгумдур…
Бахтли қилгумдур…
Юрагим ёнса…
ЮРАГИМ ЁНСА!..

Ханжар

Мана, юрагимга урилган ханжар,
Уни очганимча кулиб турибман.
Менинг ғанимларим мисоли аждар,
Кўзларига баттар бахтли юрибман.

Ана, кўзларида чақнаб кетиб ўт,
Менга ташланишди бутун бир гала.
О, менинг меҳримга бормикан ҳудуд,
Куляпман, кўзимдан ёғса-да жала.

Яна йўлларимга кўз тикишиб  жим,
Қадам-қадамимни юришар ўлчаб.
Мен талаб қилолмам ҳурматим, ҳаққим,
Олиша-олиша қоламан чарчаб.

Тана жонсаракдир руҳдан баттарроқ,
Рўшнолик кутмасман асло улардан.
Қизил қон ўрнига оқаяпти оқ,
Аждар ғанимларим урган ханжардан.

Она, мени бунча туққансан оппоқ!..
Оқариб кетяпман қора дардлардан…

*    *    *

“Бечора” дейилган кимсага
Тош отманг ортиқ.
Ҳеч тош отманг!
Ҳей, мазлум устидан кулганлар,
Бекорга гуноҳга сиз ботманг…
Бу ёлғон дунёда
Унинг ҳам –
Умиди бисёрдир, орзуманд.
Сиз баланд тоғларда юрсангиз,
Унинг ҳам эҳтимол
Хаёли баланд.

Бе Чора дейилган кимсага
Тош отманг ортиқ,
Ҳеч тош отманг!

Мен нола қилгумдур Худога,
Муҳтарам этгин-а қулингни.
Бунча хор қилурсан сен нега,
Душманлар ичинда дўстингни!

Бе Чора дейилган кимсага
Сиз тошлар отманг ҳеч,
Тош отманг!

Бу ғалат дунёни топшириб,
Эрта биз кетсак ҳам қуп-қуруқ.
Ғариблар бўлармиш беайб,
У дунё кўшкида табаррук.
Шунда…

Сиз нолалар қилгайсиз –
Ҳей, мазлум устидан кулганлар.
Ожизлар ҳолига парвосиз –
Ҳашамга парволи бўлганлар –
Бойликнинг устида ўлганлар!

Биз…
Бу дунё ичида жамулжам,
Ўйлашиб кўрайлик инсофни,
Кўплашиб топайлик савобни…
Инсондек бўлайлик мукаррам –
Ўйнашиб юрмасдан бемаъни.

…Қанийди Чорасиз Одамнинг
Устидан кулмасак…
Кулмасак…


Фарзанд нидоси

Онамнинг оҳлари етсайди Оллоҳга,
Маҳзунваш нигоҳи бўлиб чароғон.
Дуолар этгайман улуғ паноҳга –
Қолмаса эди-я дилимда армон –
Онамнинг оҳлари етсайди Оллоҳга…

Қаранг, қаранг, ўтда куймас жоним бор экан,
Бор экану Дунё унга тор экан,
Бу жонга биргина онам зор экан,
Валек мен парвосиз бу зор нигоҳга –
Эҳ! Онам оҳлари етсайди Оллоҳга!

Мен йиғлаб кўтарсам дунё бир тошин,
Фарёдлар ургайман тебратиб бошим,
Онам-чи индамай ютиблар ёшин,
Бардошлар берса-я мен билмас оҳга,
Онамнинг оҳлари етсайди Оллоҳга…

Гуноҳим кў-ўп экан, билсам, гуноҳим,
Онамнинг дуоси асраркан жоним,
Эй, юзлари ойдин, беғубор моҳим,
Наҳот сиз онасиз мендай гумроҳга,
Сизнинг оҳларингиз етсайди Оллоҳга!

Она, мен ҳам дардим йўлидан кетяпман,
Сиздайим йўқ экан, илло кўряпман,
Майли, майли, телба руҳим алдар, биляпман:
Мен дардим айтмайман бунда ҳеч соғға,
Сизнинг оҳларингиз етса Оллоҳга…

Воҳ, жоним оғритиб ёлвордим Илоҳга,
Онамнинг оҳлари етсин Оллоҳга!!!

Ўлмоғимиз бор

Қадимдан бошланган асли бу эртак,
Фақат айри бунда аёл-ла эркак,
Гоҳо инсон бўлиб, гоҳ бўлиб гўдак –
Юрмоғимиз бор.

Дунё мисоли бу турфа камалак,
Ким бахтдан карахту ким ғамдан сарак,
Биз ҳам дилни гоҳо шод қилиб бирдек –
Кулмоғимиз бор.

Кимнидир устидан мазахлаб кулсак,
Биз киммиз ўзимиз бир ўйлаб кўрсак,
Сарғаяди ҳатто ёшгина куртак –
Сўлмоғимиз бор.

Япроқларни узар еллар жонсарак,
Дарахт баргин олиб қололмай ҳалак,
Балким, бир кун келиб кимгадир керак –
Бўлмоғимиз бор.

Боқий эмас бизга бу чархи фалак,
Уриб-уриб охир тинар ҳам юрак,
Одам фарзандига тақдир шу, демак –
Ўлмоғимиз бор.

Тазарру

Била туриб гуноҳ қилдим,
Номардларни паноҳ қилдим,
Билмай, ўзни гумроҳ қилдим,
Худойим,
Худойим,
Худойим!

Бекорга булбул ҳам “оҳ” қилмас,
Ҳар кимса ўзгани шер билмас,
Афсус, энди кечирилмас…
Гуноҳим,
гуноҳим,
гуноҳим…

Кимга  дилдан озор чекдим,
Хатоларимга ёш тўкдим,
Тағин мен ўзингга бош эгдим…
Паноҳим,
паноҳим,
паноҳим.

Э-воҳ! Мен қандайин инсонман?!
Қай дилга санчганман тиғ, тикан?!
Бирор дилга етиб борармикан?!
Ҳар оҳим,
ҳар оҳим,
ҳар оҳим!

Энди тамом!
Ғам фойдасиз…
Бир ўзим гунгман, чорасиз,
Худодан бу менга адоғсиз
Жазойим,
жазойим,
жазойим!

*    *   *

Югуриб кетяпман,
Олам қоронғу,
Ҳеч ким тушунмаган дунё зимистон.
Ғафлатда одамзод ётар беқайғу,
Югуриб кетяпман, юрак-бағрим қон.

Дарахтлар шовуллар.
Шовуллайди сой.
Дардимга шерикдай бағрин очар ер.
Самодан ҳолимга ғамгин боқар ой,
Дилимда ғалати, қофиясиз шеър.

Оламни чулғаган шу бир сўз ҳаққи,
Одамзод, ётмагин зимистон ичра!
Юрагимга ботар шу сўз титроғи,
Сен уйғон, мадад бўл, фақат сал пича.

Азобли дунёда қадамларим суст,
Гоҳи ошгандирман мен ҳам сал ҳаддан,
Аччиқ ёшга тўла кўзларим маъюс,
Югуриб кетяпман тор йўлакчадан.

Кун келар бу йўллар бўлар нурафшон,
Ҳали бахт ушалар манглайи порлоқ.
Бу дунёда фақат орзуманд инсон –
Ғафлатга йўлиқмай, яшагай уйғоқ!
Югуриб кетяпман…

Арз

Ёш тўкиб  кўзимдан, кўзимдан,
Тошларга қоқилдим, тошларга.
Неки айб ўтса бу —  ўзимдан,
Боқмадим эгилмас бошларга.

Қуёш, сен нурлироқ чарақла,
Ўхшама осмоннинг макрига.
Кулмагин учраган ҳар зоққа,
Тушунмас юракнинг дардига.

Булутлар, сизлардан кўнглим тўқ,
Озми-кўп найрангни биласиз.
Ногаҳон отсалар сизга ўқ,
Дод солиб, бағрингиз тиласиз.

Тоғдаги кийиклар бечора,
—    Дунёда шунчалар сайёд кўп.
Сизнинг-ку дардга ҳеч йўқ чора,
Куйинманг дод билмас бедод кўп.

Энди не учун бу юрмагим,
Шеър, сен ҳам кўрларга таландинг.
Мен сени нимага тиладим?!
Бунчалар ғамларга буландинг!

Эҳ! Менинг юрагим, юрагим,
Зор қилиб, зўрларга ялиндинг!

Боряпман

Ёниқ-ёниқ орзу ичра
Ёниб-ёниб боряпман.
Оғриқ-оғриқ туйғу ичра
Қониб-қониб боряпман.

Бу ҳаётда энг одил сўз
Сенмидинг-а, муҳаббат?
Йўлларингга нигорон кўз –
Ёшга тўлиб боряпман.

Юрак урди ҳар ён ўзин,
Дардига топмай нажот.
Тинмади ҳеч ким сўзим,
Меҳрин кутиб боряпман.

Етар энди бу кўргулик!
Қолдим энди беқанот.
Дўстим, менинг дилим ўксик,
Ўксиб-ўксиб боряпман.

Шеърларим, дил эркаларим,
Сиз ҳам мендек нотавон.
Бу ҳаётдан этакларим
Силкиб-силкиб боряпман.

Сўнг унутдим бари-барин,
Сергак тортдим қай замон.
Кўрганларим оққа секин
Тўкиб-тўкиб боряпман.

Ёниқ-ёниқ орзу ичра
Ёниб-ёниб боряпман.