Озода Бекмуродова (1974)

Озода Бекмуродова 1974 йил 12 июнда Қашқадарё вилоятида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган (2006). «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида мусаҳҳиҳ, мухбир, «Ўзтелерадиокомпания «Тошкент» бош муҳарририяти муҳаррири, «Ёшлар» телеканали муҳаррири, катта муҳаррири, «Инсон ва қонун» ҳуқуқий газетаси таҳририяти муҳаррири, Ўзтелерадиокомпания Бош дирекцияси муҳаррири бўлиб ишлаган. 2006 йилдан «Ўзбекистон» телеканали маданий-маърифий ва бадиий дам олиш дастурлар бош муҳарририяти катта муҳаррири.

* * *

Сенсиз ҳам имконлар юлдузлардай шаън,
Сенсиз ҳам қўлини узатар қуёш,
Сенсиз ҳам бағрига чорлайди Ватан,
Сенсиз ҳам кўксимда чўғланар оташ.

Сенсиз ҳам йўлларим ойдин ва шаффоф,
Чароғон бекатлар тутади гуллар.
Кечалар мен учун ичади гулоб,
Нигорон кутгучи мовий манзиллар.

Сенсиз ҳам, сенсиз ҳам барчаси аниқ,
Кўкка поёндоздир отажак тонглар,
Сенсиз ҳам борлиғим чексиз ва ёниқ,
Юрагида олиб учар довонлар.

Сенсиз ҳам иқболим ойдай кулади,
Камалак ёғдули гўшанга безаб,
Дунёни бешикдай тебратсам, агар,
Само денгизида парилар сузар.

Сенсиз ҳам иложим чаман ва чаман,
Пешонам кўкида порлайди қуёш,
Тилларимда такрор дуодай Ватан,
Кўксимда ёнмокда халоскор оташ.

* * *

Тонг атри кўнглингни ювади,
Кенгайиб борасан чексизлик каби.
Умидинг кўнглингга мувофиқ,
Кундузларинг борар узайиб
Яшаш ифорини чиндан туясан,
Қанотларинг узра қанотинг ўсар!
Ёруғ оламларга парвоз қиласан,
Майда мақсадларинг хазондай тўзар
Озодлик шавқини ичганда дилинг!
Баландлаб кетасан инсонлигингдан,
Кезасан самовот йўлакларида.
Тобора абадга сингиб борасан,
Кўнмайсан вужуднинг тилакларига.
Озодлик тотига қонганда руҳинг!
Шундайлар яйрайсан, яшнаб борасан,
Қушлар қўшиғида оқар ҳаётинг.
Овозинг, бор кучинг-ла ҳайқирасан;
Озодлик умримнинг яшил қаноти!
Озодлик дарёсин кечганда умринг…

* * *

Ватан соғинчларда яшайди,
Ҳеч қачон тўймайсан пок дийдорига,
Дилнинг туб-тубларин ўртар бир ҳажр,
Болалигим қолган мовийлик.
Умримга берилган энг буюк ажр —
Оқ ранглардан қамашган осмон.
Кўксига покдомон шамоллар тақиб,
Елиб бораётган сўнгсизлик томон…
Нимадир қолгандай ортига боқиб
Тоабад юракни ўртаган ҳижрон
Борлиғингни тўлаб ҳақнинг йўлига.
Бир лаҳза орқага қайтариб бўлмас.
Бир марта берилган илоҳий имкон!
Оппоқ байроқларни қадаб руҳингга,
Шаффоф хаёлларга кўмиб ёдингни.
Ул шабнам онларнинг тотини туйиб,
Ювасан кўзларинг қаърига чўккан кирларни.
Болалигим — менинг ёруғ Ватаним,
Ҳарир, майин тонглар шодаси.
Юлдузлар кўз ёшин ичур хаёлим,
Менинг топинганим кўнглим яктоси!

* * *

Менинг кимлигимни айтадиган сўз,
Ажрим байроғида порлаган юлдуз,
Умрим саҳросини гулистон этган,
Умидим уфқини ёритгувчи юз,
Ўғлим, сенга лойиқ бўлишим керак.

Нигоҳинг тубида кулади қуёш,
Изларинг сирида ғунчалайди тош,
Тоғлар ўзи келар осмони билан,
Мен ўлиб тирилдим кўксимда оташ,
Ўғлим, сенга лойиқ бўлишим керак.

Сен ўнта боламсан, кўксимда чироқ,
Шу оташ сеҳрида кўкаргин, ўсгин,
Кўзимнинг гавҳари йўлингда тупроқ,
Шу азиз тупроқни кўзингга босгин.
Ўғлим, сенга лойиқ бўлишиим керак.

Дуоларим сенга нарвон бўлгуси,
Ғурбат водийсига карвон бўлгуси,
Руҳим аршга қадар юксалди, сездим,
Ҳақнинг ўзи сенга сарбон бўлгуси,
Ўғлим, сенга лойиқ бўлишим керак.

***

Сиз учун фақат мен яшнаб юраман,
Фақат мен яшайман ғамингизни еб.
Фақат мен севаман ҳаммадан ортиқ,
Фақат мен сўрайман “жоним” қани деб?
Фақат мен қиламан барига тоқат,
Кўнглингизни азиз тутарман ўзим.
Фақат мен қоларман,
Сиз билан фақат!
Қорлар ёғаверар, босилмас изим,

***

Мен соғинган онда,
Сен ҳам соғинсанг.
Дуолар қилсайдинг дийдорим сўраб,
Қадамларинг ногоҳ остонам ўпиб
Келса…
Йўлларингга ўлтирсам қараб,
Бўғзимга ютганча кўз ёшларимни
Тўкилсам бағрингга ой нафасидай.
Орзулар тафтига юракни тутиб,
Эритсак қисматнинг тош қафасини,
Келса…
Қадамларинг остонам ўпиб.

***

Қўлларимни ушламанг, ўпманг,
Кўнглингизни берманг кўнглимга.
Кўзингизни кўзимга қуйманг,
Гулингизни берманг гулимга.
Титроқларим — туйғуларимнинг
борар-келар манзили ўзим.
Мен ўзига-ўзи асранди
Ҳур сақлаган наззора тузим.
Баъзан оғир ботади менга
Ашкларимни аяшларингиз.
Чорасизлик кафтида туриб,
Умидимни суяшларингиз.
О, келмангиз қошимга бошқа,
Шафқатингиз бағримни эзар.
Пешонамни урсамда тошга,
Керак эмас бундайин бозор.
Қўлингизни берманг қўлимга,
Гулларимни юлинг, сўлдиринг.
Ҳурлар каби озод кетайин,
Мени шундай бахтга тўлдиринг.

***

Нимадир
Ёдимдан чиққандай,
Ниманидир унутгандайман.
Сиз дунёда собит турибсиз,
Бу дунёда мен фонийдайман
Ортимда
Нимадир қолгандай.
Тортади умидвор нигоҳим.
Мени бугун саро-сар этди
Муҳаббатнинг қадим сегоҳи.
Сиз дунёда ғолиб турибсиз,
Мен борлиқни унутгандайман,
Тушларимда кўрган жаҳонни
Ҳаётимда
Ҳеч кутгандайман.

ЎЗИМГА МАКТУБ

Чексизлик борлиқни ўпган ерлардан
Юксак тоғлар руҳи ётган ерлардан,
Отам дуосидай улуғ қирлардан
Майсалар шивири ўтган ерлардан.
Кўклар елкаларин тутган ерлардан
Қуёш зардан нақш битган ерлардан,
Онамнинг бағридай мушфиқ, муштипар
Юлдузлар шуъласин тўккан ерлардан.
Фасллар ҳур келиб кетган ерлардан
Офтобли, оташли, ойли нурлардан,
Йўл тортиб келгандим тонгдай умидвор.
Яшил оламлардан —
Кенг адирлардан.

***

Шамоллар қўшиғин келгандим ташлаб,
У маъюс йўллардан куйлаб ўтгандим.
Умримнинг зангори фаслларида
Бу улкан шаҳардан осмон кутгандим.
Бағримга сиғмасди мовий ҳисларим,
Қўлимда орзулар ғунчаси эзгу.
Юрагимни туғдай тикмоқ истардим,
Мени чорлаганди қандайин Чўққи.