Озод Хушназарзода (1951)

Озод Хушназарзода 1951 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) тарих факультетини тугатган. “Соат чиқиллайди”, “Қаршингизга келдим”, “Миллатим, дардингга дармонман” номли шеърий китоблари нашр этилган.

* * *

Баъзан дайди шамол кирса-да уйга,
Одамлар эшикни беркитар илдам.
Изғийди бу шамол, тушар ҳар кўйга.
Барибир, ҳеч кимса жой бермас шу дам.

Дайди шамол, сарсон увлайди сўнгсиз,
Баъзида тўфондек қутурар ҳатто.
Шу хилда кечмиши,  у мудом ёлғиз,
Охири йўқ бўлиб кетмагунча то.

* * *

Умр ҳам ўтди сокин, шиддатли,
Умид билан кунларим ўтди.
Бир кун тинч, бир кун зиддиятли,
Шоду афсус умримни ютди.

Энди эса, ҳаммаси бекор,
Манзил яқин, ортимда йўл йўқ.
Кунлар ўтар, тунларим душвор,
Тун бағрига сочилади ўқ.

Инсон умри оддий нимарса,
Буни олдин ўйладикми ҳеч?
Ота-онам учун ҳеч нарса,
Армон, андуҳ, энди бари кеч.

* * *

Учқур отдай тинмай югурмоқда вақт,
Ногаҳон, чақмоқдай  ўтмоқда  умрим.
Бисёр  андуҳ ичра  кетмоқдадир  вақт,
Жиловлаб  ташлагим  келади уни.

Воажаб, уйқуга кўзлар тўймайди,
Ғаройиб тунларим ўтмоқда бекор.
Бунчалик  узун  тунлар  бўлмасайди:
Қанча соат  уйқу, қанчаси  бедор?..

…Соғиниб яшадим учрашув  онни,
Азиз  синфдошим – дўсту ёронни.
Бу дунё  ғанимат – неъмати ҳам шу,
Эй, дўстим, ҳаётнинг  ҳикмати ҳам шу.

Бир  ажиб, бир  сирли  қуюлмоқда шом,
Оламдан тўкилди  ажойиб  мезон.
Неча кун қалбимга бермаган ором,
Сўнгсиз  хаёлимни кўмворди хазон.

* * *

Шовуллайди денгиз, нечук олмас тин,
Тўлқинлар соҳилни ўпади зимдан?
Ложувард пальманинг остида секин
Соғинаман сени олис соҳилда.

Шовуллайди денгиз, нечук олмас тин,
Хўрсинади юрак, ором билмайман?
Ой юзли чеҳрангни соғиниб секин
Шаънингга муносиб сўзлар излайман.

Шовуллайди денгиз, нечук олмас тин,
Тўлқинлар келади кўзёш ювишга?
Агар қайта келсак, дунёга бир кун,
Ваъда берасанми бирга бўлишга?

Денгиз шовуллайди, кўнгил-кўнгилда,
Мен сени ўйладим олис соҳилда.

* * *

Бўлармикин ҳаётимдан ўчириб,
Аҳд қилдим ўзимча кўрмасам, дейман?
Гул юзингни хаёлимдан кўчириб,
Маҳзун хаёл билан юрмасам, дейман.

Шўрлик юраккинам бўйсунмай менга,
Сабримни ғалвирдан элайверади.
Телефон гўшагин ғижимлаб нега
Рақамингни тергим келаверади?

Куз келди… Кўнглимга ёғилар хазон,
Деразам ёнида хомуш ўтириб,
Ўша кунларимни эслаб, ногаҳон,
Сўнг кетдим ёнингга, ўрнимдан туриб.

* * *

Неча йиллар ўтди, сени кўрмадим,
Сен юрган йўллардан, асло, юрмадим.

Сени кўчаларда учратмай, дердим,
Кўнглим маҳзун, ўзим ҳайрона эрдим.

Сени  тушларимда кўрардим, ногоҳ,
Ўйлардимки, мени эслайсан гоҳ-гоҳ.

Бугун пушаймонда иккаламиз ҳам,
Ёшларимиз эса чопяпти илдам.

Энди йўллар йўқдир. Менинг орзуим –
Шаҳло кўзларингда кўрай табассум.

Сенга бахт тилайман, кўп, бениҳоя,
Тушларимга кирсанг, шудир кифоя.

Мени қўявергин пешонам шўрман,
Сени тополмадим, умрбод кўрман.

* * *

Кеча қишлоғимга бордим атайин,
Болалигим ўтган йўллардан юрдим.
Оқтош тоғларида кетганим сайин,
Чашма бўйларини интизор кўрдим.

Ниҳоят, болалик изимни топдим,
Жин кўчалар бўйлаб кечардик тупроқ.
Тупроқ ичра шодон қувлашиб чопдим,
Ўшанда ҳаммадан бахтлийдим кўпроқ.

Кимдир чақиргандай бўлди, ногаҳон,
Ортимда жовдираб турар болакай.
Ҳа, бу ўша – менман! Ўзим бегумон!
Ўзимни топволдим йўлма-йўлакай!

Болалигим савол беради секин:
– Айтгин, не ишларни қилдинг улгуриб,
Ватан, элинг учун нималар бердинг
Ё юрдингми ўзинг учун югуриб?..

Баъзан савоб қилдинг, баъзида гуноҳ,
Доимо йўлингда бўлардим ҳамроҳ.
Ҳа, ўша – мен эдим қувончга тўлиб,
Булутли кунларда, қайғунгга куйиб.

Энди, энди… Омон бўлсин энди бош,
Олдинда манзилинг кўриниб қолди…
…Ортимга тикилдим, кўзда жиққа ёш,
Болалигим маҳзун, қўл силтаб қолди…