Ойдин Ҳожиева (1942)

Ойдин Ҳожиева 1942 йил 22 апрелда Бухоро (ҳозирги Навоий) вилоятининг Қизилтепа туманидаги Хожайи Бўстон қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1992). ТошДУнинг филология факультетини тамомлаган (1960—65). Биринчи шеърий китоби — «Шабнам» (1971). «Манзиллар» (1971), «Онам севган қўшиқ» (1972), «Орзу гули» (1974), «Тароват» (1976), «Достонлар» (1980), «Мушфиқ онажон», «Хушхабар» (1983), «Чашмаларни излайман» (1986), «Тамал тоши» (1988), «Ишонч юлдузлари» (1989), «Кўзимнинг оқу қораси» (1996), «Паноҳим» (1998) каби асарлар муаллифи. «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган (1999).

СЕН БИЛАН

Чеккан машаққатим, кўрган роҳатим,
Кўрган-кечирганим сен билан боғлиқ.
Худо берган ризқим, топган давлатим,
Сенинг билан тотлиқ, сен билан ёғлиқ!

Сенсиз чўлда тўзиб юрган кавракман,
Илдизсиз, мевасиз, саросар,
Фарқим йўқ бир товоқ кепакдан,
Сен билан кўксимда етилар гавҳар.

Китобин олдирган паридай ҳайрон —
Сенсиз сўзим, ишим кирмас амалга.
Сенсиз мен тўпидан айрилган жайрон,
Сенсиз кўрган куним заҳмат, жамалға.

Сенсиз чумолича рағбатим йўқдир,
Сен билан тоғни ҳам қиларман талқон.
Сендан айирмасин ўлгунча тақдир,
Сен ўзинг кўксимга пўлатдан қалқон,
Ватан, онажон!

* * *

Асқад Мухтор хаёл сурар тунлари,
Чироғига урилади парвона.
Тонг насими, саҳарнинг хуш унлари
Жарангига тўлиб кетади хона.

Шовуллайди ривоятгўй чинорлар,
Бўронлардан энар дилга ҳаловат.
Сўз гуллайди, ҳар сатрида баҳорлар,
«Тундаликлар» нафасида ҳарорат.

Ёсумангул баргида нур йигириб,
Ўз созидан маст сайрайди чирилдоқ.
Фикратидан унинг чақмоқ югуриб,
Пилигига ўт кетади кўкнинг, оҳ!

Вулқон бўлар сўздан учган аланга,
Парт бўлади осмоннинг бўз кўйлаги.
Ҳар тонг шундай вулқон бўлиб оламга
Чиқиб келар Асқад Мухтор юраги!

ЎЙИН БОҒИ

Ўйин боғи. Шўх болалар бўлар жам.
Ерга урса, сапчишади осмонга.
Жонланади митти ҳайкалчалар ҳам,
Бекинмачоқ ўйнаб тушар майдонга.

Моҳир қўллар енг шимариб, ишлайди,
«Шаҳарча»лар қад кўтарар қумлоқда.
Қай бир қўлда «қулунча»лар кишнайди,
Мойчечаклар «очилади» ўтлоқда.

Ҳалинчаклар қанотланиб, учади,
Фариштага айланади гўдаклар.
Кўк тоқида булутларни қучади
«Кокилларин» селкиллатиб варраклар.

Каруселлар болаликни опичлаб,
Жони қизиб, айланади фалакда.
Завқи жўшиб, булутларни ўпичлаб,
Қийқиради ғиз-ғизон чархпалак-да!

Кеч киради. Болакайлар дикирлаб,
Тарқаб кетар шошиб ҳовли-боғларга.
Довдир шамол осилади қиқирлаб,
Жаннат иси қолган арғимчоқларга!

ЛОЛАЛАР ЮРТИ

Бунда қуёш жуда кеч ботар,
Кечалари сут каби ойдин.
Тонглари ҳам барвақт отар,
Ипак каби хушҳаво Лайден.

Зоғ учмайди тунлар кўчада,
Порлаб ётар ғуж-ғуж чироқлар.
Денгизлардан салқин ичади
Зилол чодра кийган қишлоқлар.

Деворларга чирмашиб кетган
«Қирқ оғайни» гулларда ҳузур.
Ўтлоқларда хонқизи битган
Иншолардан «дув» тўкилар сир.

Елкасини тоблаб салқинга,
Чуқур нафас олади йўллар.
Чархпалаклар жўр бўлиб тунга,
Косасида экади гуллар.

Тушин айтар мажнуна толлар,
Қорақушдай қайиқлар мудрак.
Югуради саҳарҳез чоллар,
Гул айвонда момолар сергак.

Сув тегирмон сукутни бузиб,
Шопиради канални сутдай.
Тонг нурини эмиб қўй-қўзи,
Яйловларда ағнар булутдай.

Тонг отади кунни орқалаб,
Нурга белар майса-гиёҳни.
Юракларга янги ўт қалаб,
Кун туғилар ёрқин, мароқли!

* * *

Уйқу қочар кўзимдан
Хаёллар қилар талош,
Қочолмайман ўзимдан,
Оёққа боғланган тош.

Уйқусираб инида
Қушлар қўяр чирқиллаб,
Томошабин бўлар тун
Мингта кўз билан қараб.

Йўлни болғалаб ётар
Вагонларнинг «тақ-туқ»и.
Илоҳий сирга ботар
Чашмалар оят ўқиб.

Депсинар шамол-шотир
Дарахтларга қоқилар.
Юрагимда хавотир
Чақмоқ чақиб, ёқилар.

“Катта айиқ” чўмичи
Аста уфққа оғади.
Олис “Сомон йўли”дан
Ерга кумуш ёғади.

Қичқирар жарчи хўроз,
Юлдузлар бир-бир сўнар.
Хаёл кўлида қийғос
Марваридгуллар унар…


МЎЪЖИЗА ЛАҲЗАЛАРИ

Умрим бўғотига қор тушди неча,
Лайлак қорлар ёғди афсона айтиб.
Ҳаётимга янги йил кирган кеча
Ҳар гал болалигим учратдим қайтиб.

Кумуш теракларнинг қир учларида
Тилла исирғадай қолган варраклар,
Бир ҳовуч нур ўйнаб кулгичларида
Ўсмирлигим келар ҳар йил дараклаб.

Аллоҳдан мўъжиза кутган гўдакдай
Тутсам она тақдир этакларидан,
Қор босган тоғлардан сайраб какликдай
Йилларим чиқар қиш эртакларидан.

Кўзим-ла эркалаб ғунча қизларни,
Дилбар сингилларим манглайин ўпдим.
Шамолдай айланиб дала-тузларни,
Гуллар япроғига шудринглар сепдим.

Қорхат олиб келган кемшик болакай –
Остонамда турар шошқалоқ элчи.
Анҳор сукутида чалиб оқар най
Вақт деган ғанимат ғаройиб йўлчи.

Ёғоч дарчаларнинг зулфинларида
Мурғак қўлларимнинг тафти товланар.
Кўкка ўрлаган тут ажинларида
Ўн тўрт кунлик ой ўтовланар.

Қизийди гап-гаштак, ҳангома, гурунг,
Танчада биқирлаб қайнайди қумғон.
Кимдир «Кунтуғмиш»дан ўқий бошлар сўнг,
Ернинг илдизига туташади жон.

Борлиқни чулғайди жаннатий ифор,
Оппоқ камалакдан қамашади кўз.
Замин сукутида гувлайди бедор
Юрак — кул ичида тирилган Қақнус.

НАВРЎЗ

Ўриклар шохида ёнди минг чироқ,
Пушти капалаклар қўнди бодомга.
Офтоб бир қиздирса, кўзлари қора
Лолақизғалдоққиз чиқволар томга.

Жиловсиз тойчокдай югурар кишнаб,
Қиш бўйи эснаган эринчоқ сойлар.
Баҳор бисотидан кетади яшнаб,
Келинчак уйидай кўҳна саройлар.

Сумалак бошида келинлар чечан
Лутфида дунё ишқ, сирга айланар.
Ёмғир қўбизини чалади шўхчан,
Сомонлар тиллога, дурга айланар.

Тарновда пат тараб ошиқ мусича
Шўх-шўх муччилашиб бахши бўлодир.
Каврак илдизию чўл андизича
Бол кириб чечақдан яхши бўлодир.

Хазин мозористон дарахтлари-да
Армон гулларини тўзғитиб порлар.
Қабртошнинг видо дастхатларида
Хотира шуъласин ўқир баҳорлар.

Ҳаёт абадийдир. Ҳаёт — ғанимат.
Довул қоқар жарчи, бонг урар Наврўз.
Не чоғ сеҳргарсан, она табиат,
Ҳар бир ҳужайрада ёқасан юлдуз.

Минг торли соз каби сасланар Инсон
Наврўзий саболар оҳангида маст.
Тонгтача баҳорий завқ ичра жаҳон
Бир қучоқ гулдаста бўлса ажабмас.

* * *

Боғларда ёсуман гуллай бошлади,
Қумрилар мастона «ҳу-ҳу»лай бошлади,
Офтоб юракларни ёғдулай бошлади,
Ёзнинг шамоллари хуш ёқар жонга.

Қулфинай баргида қизил маржонлар,
Оқ тут оғизларда наввот-дармонлар,
Буғдой бошоқ тортиб сут тўлар онлар
Ёзнинг хаёллари ғунчалар жонда.

Урушқоқ майна ҳам хаёлпарастдир,
Кабутар рақслари ишққа пайвастдир,
Қирқоғайни гуллар бир фолпарастдир…
Сувлар гулдирайди қўш тегирмонда…
Жаннат Ўзбекистонда…

* * *

Бир сўниб, боз ёнмоқ на хушдир,
Тирикликда башорат тушдир.

Гулга кирган бир чоғимдайди,
Ишқ шиддати қароғимдайди.

Ёндим, устихоним-да ёнди,
Томирларда қоним-да ёнди.

Ўт кетди — ҳўл-қуруқ аралаш
Ёнаверди тўрт тараф яккаш.

Аждаҳо ўт нафаси тинди,
Кўксим аро насимлар инди.

Кул остида қолган чўғ эдим,
Мулки борлиқ аро йўқ эдим.

Бир қатра сув, бир томчи шабнам
Баҳрул нажотмиди ўша дам?

Чағир-чуғур қушларим қайтди,
Маъсума, хур тушларим қайтди.

Мен қоврилган дўзахни кечиб,
Қалдирғочим, хуш келдинг учиб!

ЎЙЛАР

Бу дунёдан азизлар кетди,
Фикратида юлдузлар кетди.

Ўтди неча авлиё зотлар,
Дуосида қақнуслар кетди.

Ўтди Аллоҳ ишқида Мажнун,
Пайғамбарга эгизлар кетди.

Оҳ урганда, ноласи қуюн,
Кулгусида кундузлар кетди.

Торларида булбул сайраган,
Элга дармон ҳофизлар кетди.

Чимилдиққа кирмаган неча
Сор йигитлар, ҳур қизлар кетди.

Чумолидек тоғларда кезган
Хазинаси қомуслар кетди.

Майсалари саловат айтган
Баҳор-боғли андизлар кетди.

Қаърларида садафлар туққан
Неча бахрул денгизлар кетди.

Ер юзини шамолдай кезган
Қадамларда шаън излар кетди.

Ватан қадрин номус билганлар
Ибратида нон-тузлар кетди.

Аждодларнинг шукуҳ-шонидан
Чақнаб фидо ворислар кетди.

Мункиллаган донишманд йиллар
Кипригида қор кезлар кетди.

Дор остида Эрк-иймонида
Букилмаган қад, тизлар кетди.

Тирикликнинг тегирмонида
Янчилиб не тўкислар кетди.

Молу давлат гирдобларида
Неча аҳли тамизлар кетди.

Шону шуҳрат саробларида
Қанча дўсту нодўстлар кетди.

Тошбақадай имиллаб кимдир,
Порлаб вақти тиғизлар кетди.