Ойбек (1905-1968)

Ойбек (Мусо Тошмуҳаммад ўғли) 1905 йил 10 январда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1965), Ўзбекистон ФА академиги (1943). Тошкент университетининг ижтимоий фанлар факультетида (1925—27), Ленинград халқ, хўжалиги институтида (1927—29) ўқиган ва оғир хасталикка чалингани сабабли яна Тошкентга к,айтиб, Тошкент университетида ўкишни тугатган (1930). «Туйғулар» (1926), «Кўнгил найлари» (1929), «Машъал» (1932) шеърий тўпламлари, «Дилбар — давр қизи» (1932), «Ўч» (1933), «Бахтигул ва Соғиндиқ» (1934), «Қаҳрамон қиз» (1936), «Гулноз», «Камончи», «Навоий» (1937) сингари достонлар ёзган. Насрий мероси 5 роман («Кутлуғ қон», 1940; «Навоий», 1942; «Қуёш қораймас», 1943—59; «Улуғ йўл», 1967; «Олтин водийдан шабадалар», 1949), 4 қисса («Шонли йўл», «Нур қидириб», «Болалик хотираларим» ва «Бола Алишер») ҳамда бир қанча ҳикоя ва очерклардан иборат. А. С. Пушкиннинг «Евгений Онегин» шеърий романи, М. Ю. Лермонтовнинг «Маскарад», Мольернинг «Тартюф» драмаларини ўзбек тилига таржима қилган. 1968 йил 1 июлда Тошкентда вафот этган. Вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланган (2001).


НАЪМАТАК

Нафис чайқалади бир туп наъматак
Юксакда, шамолнинг беланчагида,
Қуёшга кўтариб бир сават оқ гул,
Виқор-ла ўшшайган қоя лабида,
Нафис чайқалади бир туп наъматак…

Майин рақсига ҳеч қониқмас кўнгил,
Ваҳший тошларга ҳам у берар фусун.
Сўнмайди юзида ёрқин табассум,
Яноқларни тутиб олтин бўса-чун,
Қуёшга тутади бир сават оқ гул!

Пойида йиғлайди кумуш қор юм-юм…
Нафис чайқалади бир туп наъматак…
Шамол инжуларни сепар чашмадек
Бошида бир сават оқ юлдуз — чечак,
Нозик саломлари нақадар маъсум!

Тоғлар ҳавосининг фирузасидан
Майин товланаци бутун ниҳоли.
Ваҳший қояларнинг ажиб ижоди:
Юксақда рақс этар бир туп наъматак,
Қуёшга бир сават гул тутиб хурсанд!

СОЗИМ

Уйғонгач умрнинг илк баҳори,
Соз бўлди кўнглим самимий ёри.
Ҳамшира каби яқин ва дилбар,
Тонг юлдузидек умидга ундар.

Соз билмади ҳеч маҳал аразни,
Нурлатди юракни жонли базми.
Ул қўрқмади дуч келса тиканзор,
Офатли бўрон, қутурса сел, қор…

Гар эгса қаддимни чўнг машаққат,
Бир онда учирди — мисли ул пат.
Қишларни баҳор айлаган ул,
Удир боғимда хилма-хил гул.

Гулларнинг туси бағир қонимдан,
Маст нози севгининг тонгидан.
Мен у билан айладим тараннум,
Ҳар сўзда қуёш қилур табассум.

Дилларда чаман очар бу сўзлар,
Соф ҳис билан яшнамасми кўзлар?
Нур, ҳаққа чақирди халқни созим,
Халқимникидир сўзим — овозим!

* * *

Ой нурининг мавжлари ёйилар майин,
Жимжитгина соялар қочар панага.
Кўқда юлдуз гуллари очилган қалин,
Ёзнинг елпуғичини тиндирмас кеча.

Уйқуси йўқ баргларнинг чучук ялласи
Қалбларимизга тегиб, ҳисларни ёқар.
Ёнар кўзларимизда ёшлик нашъаси,
Ялтирар бошимизда кумуш олмалар…

Атласдай товланади ранглар чаманда,
Олтин ёмғир ювади гуллар тожини.
Жаранглаб тин ҳавода нозли бир ханда,
Қалбга боғлайди туннинг ипак сочини.

* * *

Тун. Шамоллар кезар бетиним
Гоҳ ишкомда, гоҳ деразада.
Чўмилади бир тўп юлдуз жим
Жилдираган бир ариқчада…

Суқтой кучук изғийди танҳо –
Суяк тишлаб сакрар пахсадан.
Нурланади бир четда само:
Ой — ўртада синган зар лаган.

Ўтиради шоир айвонда,
Хаёллари тушларда сарсон.
Қайғуради ўтган ҳар онга,
Оқар дарё — оқади замон!..

ДЕНГИЗДА ОҚШОМ

Сувларда секин ўйнар,
Олтин қайиқчалардек,
Қуёш алангалари…

Ғуруб ёнғини қоплар,
Само юзи анордек,
Булутлар атлас каби…

Уфқлар қучоғига
Сиғмаган буюк денгиз
Чайқалар секингина.
Сувлар қуёш сочига
Ўралишиб тинимсиз,
Ўпар қирғоқни аста…

* * *

Шамол, бир эртак ўқи!
Ўзганда тоғ устидан.
Ичиб булоқ бошидан,
Шамол, бир эртак ўқи!

Арчалар шохидан туш!
Кўк ипакда қил жилва,
Сочларимда ғивилла,
Кел, қалбимга шивилла!

Тоғлар рўёсини айт,
Юлдуз саломини айт,
Шивилла ҳаёт куйин,
Севги мақомини айт!

* * *

Ёр кетди, кўзим булоғи қолди,
Сийнамда тирик фироқи қолди.
Ишқ хотираси каби сочимнинг
Ёшликда кўпайган оқи қолди…

Ҳар лаҳза дилу хаёл паришон,
Бир хўрсинишимда дардлар уммон.
Юлдуз каби тунда ярқирар жон.
Тундек сочи иштиёқи қолди…