Олимжон Холдор (1932)

Шоир Олимжон Холдор 1932 йил 18 сентябрда Андижон вилояти Булоқбоши туманининг Кулла қишлоғида туғилган. Аввал тўлиқсиз ўрта мактабда, сўнг Андижондаги педагогика билим юртида ўқийди. Фарғона Давлат педагогика институтини тугатгач, аввал мактабда ўқитувчи, Андижон радиосида муҳаррир, сўнг журнал ва газеталарда мухбир бўлиб ишлайди.
1968-1983 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Андижон бўлимига бошчилик қилади.
Олимжон Холдор ижоди 60-йиллардан бошланган бўлиб, биринчи шеърлар китоби «Арғувон тагида» номи билан 1965 йилда устоз Миртемир таҳрири остида чоп этилди. Ҳозиргача ўн бешга яқин китоби, публитсистик мақолалари нашр этилган.
Жумладан, «Андижон сулуви» (1968), «Ошиқона» (1970), «Кафтимдаги тупроқ» (1972), «Андижон баҳори» (1976), «Субҳидам қўшиқлари» (1977), «Кумуш коса» (1979), «Тўёна-тўёна» (1982), «Ер фарзанди» (1986), «Сенга интиламан» (1986), «Даврани кенгроқ олинг» (1990), «Кўнгил», «Армон», «Кўз тегмасин» (1992) сингари тўпламлари нашр этилган. Шунингдек, у «Мен – Андижонман», «Андижон самоси», «Келажакдан бир садо», «Субҳидам қўшиқлари», «Гулрухсор», «Кумуш коса», «Карвон қўнғироғи», «Роз» каби лиро-епик асарлар ҳам яратган.
Олимжон Холдор қўшиқчи шоир сифатида ҳам маълум бўлиб, унинг элликдан ортиқ ғазалларига куйлар басталанган. Шоир драматургия соҳасида қалам тебратиб, «Қотил ким?», «Севги афсонаси», «Лола», «Боборуҳ» каби драмалар яратган. Шоирнинг юқорида тилга олинган тўпламларига кирган аксар шеърлари бепоён водий ва унинг заҳматкаш кишилари ҳақида бўлиб, инсон гўзаллиги, унинг маънавий олами тасвир этилади. Олимжон Холдор сўнгги йилларда йирик эпик жанрларга ҳам қўл уриб, «Кўнгил» қиссаси, уч китобдан иборат «Аросат», «Миркомилбой» романлари ва «Мўъжиза» каби асарларини китобхонлар ҳукмига ҳавола этди.
У Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбобидир (1992).

Тонг

Тонг отмоқда, сутдек оппоқ тонг,
Хайрлашиб тун билан шодон.
Тонг ортидан қуёш уриб бонг
Чиқар – нурин сочиб ҳар томон.

Балким…

Оқ кийиниб, оппоқ қуш бўлиб,
Осмонларга учиб кетаман.
Кечалари сенга туш бўлиб,
Кўзларингни очиб кетаман.

Таъбирини ечолмай дилхун,
Кўзинг юмуқ, бедор ётарсан.
О, фариштам, яна ўша тун,
Тушлар кўриб, мени кутарсан.

Энди мени кўрмассан, балким,
Яна қайдам, ким билади, ким?


Юлдузлар ўйини

Андижон осмони, воҳ, ажаб,
Кимни этмаган маҳлиё?
Мен ундан қидиргим янги гап,
Ҳар юлдуз биттадан авлиё.
Авлиё сирлари пинҳона,
Бисоти юракда яширин.
Бу кеча тўқилар афсона,
Бир четин очолдим дафтарин.

Бир юлдуз кўзлари ёшланди,
У учди ва қўнди парқувга.
Юлдузлар ўйини бошланди,
Сўнг яна ой кетди уйқуга.

Қатра

Қатрада оламнинг акси бор,
Қатрада ҳаётнинг мазмуни.
Қатрада шамолнинг рақси бор,
Қатрада умрнинг ҳар куни.

Севинчу, аламу, шодлик, ғам,
Қатрада яралмиш одам ҳам.

Эшик

У санъат асари, тикилур ҳар ким,
Бир оз ғичирлайди очсанг ва ёпсанг.
Синдирмоқчимисан эшикни, дўстим,
Ахир, калитини бўлмасми топсанг?
Алмаштир тиргагин, алмаштир зулфин,
Аттанг қилиб юрма, охири бир кун.


Юрак-юракка элчи

– Ўзингдадир ихтиёр,
Юрагим не дер, бил-чи?
– Билдим, у дер ошкор,
Юрак-юракка элчи.

Туннинг эртаси

Кундуз ўрнин бўшатиб берди,
Кеча босиб кела бошлади.
Юлдуз ерга юзини бурди,
Тонг шамоли эса бошлади.

Ой ёнбошлаб кўкнинг тоқига,
Қоқар ерга заррин этагин.
Шундай тунлар бўлар гоҳида,
Ёзиб олдим унинг эртагин.

Устознинг дастхати
(Миртемирни эслаб)

I
Китоблар кўп, дастхатлар кўп,
Мактублар кўп жавонда.
Бундан бошқа бойлигим йўқ,
Бу жаҳоний айвонда.

Гоҳ уларни варақлайман,
Шамоллатиб қатини.
Ва ўпаман кўзга суртиб,
Устозим дастхатини.

II
У Ҳофиз эди, Бедил эди,
Донишманд ҳам эди, ғазалхон.
Ёлғизлар ичра ёлғиз эди,
Шунақароқ эди у замон.

Ёлғонга қурилган салтанат,
Омонат эди устунлари.
Мистовоқда маддоҳлар фақат,
Сароб эди ўтган кунлари.

Истиқлолни у зот кўп кутди,
Огоҳ эди мунажжим – қалам.
Афсус, ўзи билан олиб кетди,
Айтадиган гапларини ҳам.

Туюқ

Ул санамки: Феруза, Олмосмикан,
Ёки лаъл, ёқут ва ё олмосмикан?
Даста гул тутмоқ эдим, билолмадим,
Гулларимни ё олур, ё олмасмикан?

Фард

Ўзин санаб осмонга устун,
Кўк тоқига чирмашур тутун.

Қиш шеъри

Бунақа ҳолатлар бўлар жуда кам,
Далалар қишга ҳам роса тўйибди.
Бир тўртлик ёзолмай, ташқари чиқсам,
Қиш яна оқ шеърин ёзиб қўйибди.

ЎТГАН КУНЛАР

Ўтган кунларимдан эмасман хафа,
У кунлар мен учун мўътабар, азиз.
Ўтган кунларимни эслаб ҳар дафъа,
Хаёлга толаман, ўйлайман ёлғиз:

У кунлар бўлмаса кўнгил тўлмасди,
Билмасдик, нимадир шодлик билан ғам.
У кунлар бўлмаса, бу кун бўлмасди,
Бу куннинг қадрига етмас эдик ҳам.


ОШИҚОНА

— Нима деркин одамлар? — дединг,
Бир нуқтага тикилдинг узоқ.
Юрагингга ишонар эдинг,
Шубҳага ҳам борардинг бироқ.

Кўзларингдан ўқирдим буни,
Гар янглишсам айб этма, кечир.
Бир кўрмасам сени ҳар куни,
Не бўлишим сенга эмас сир…

Ошиқона куйлаб ўтаман,
Қани эди эшитса деб ёр.
Севгимизни қўшиқ этаман
Ва ҳамиша айтаман такрор.

Учрашганда ўша баҳона:
«Нима деркин, одамлар? Қайдам…»
Қўзларимга боқсанг пинҳона,
Юрагингни ўқирдим мен ҳам.

«Йигит хунук, қиз тенгги эмас!»
Дегувчилар бордир ҳойнаҳой.
Шундайларга десанг, жоним, бас:
«Севги деган танламас чирой!»

…Ўзга гап ҳам топишар, балки
Бошимизга унишар ғамлар…
Парво қилма севгимиз ҳаққи,
Нима деса, десин одамлар!