Нурулло Остон (1955)

Нурулло Остон 1955 йилнинг 10 сентябрида Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманида туғилган. 1981 йил Тошкент Давлат Университет журналистика факултетини, 1989 йил Ленинград олий партия мактабини тугатган. Н.Остонов 1991 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзосидир. Унинг «Юлдузлар чақнаган тун», «Баҳор рақси», «Йўлдаги булоқ», «Юрагимнинг безовта гули», «Қадим йўлларда», «Осмон тўла фаришта» номли шеърий тўпламлари нашрдан чиққан. Ижодкор туркман шоирининг «Рангли ёмғирлар» шеърий тўплами ҳамда Доғистон халқ шоири Расул Ҳамзатовнинг «Бир оила фарзандлари» номли шеърий тўпламларини таржима қилган. Ҳозирда Нурулло Остоннинг «Йиғлайдиган ўлик», «Расмий лақма», «Ейишиб ўтирайлик», «Ёлланма хотин» номли ҳажвий жанрдаги китоблари нашрга тайёрланмоқда.

ҲУР ВАТАН ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Жонлана бошлайди тассаввуримда
Беғубор қалбимда балққан кўчалар.
Жонлана бошлайди қизлар зулфидек
Буралиб,
буралиб
оққан
кўчалар…

1972 йил. Жавзо

* * *

Она, кўзларингда қатра ёш кўрдим,
Уфқлар бағрини қонталош кўрдим.
Изн бер, қалбимда гулханлар ёқай,
Қўйнига чорлаган бир қуёш кўрдим.

Менга торлик қилди осмон вужудинг,
Менга торлик қилди киндик маконим.
Кетурман энди то нафас етгунча
Қўлимда қийналган бир парча жоним…

Ариқлар бўйида қолди ёш умрим,
Ажриқлар устида қолди ёш умрим.
Айрилиқ кўксида қолди ёш умрим
Айрилиқ дўст экан, олди ёш умрим.

Севгилим, сен гулим, биринчи гулим,
Сочингга етмади узатган қўлим.
Юракда дарбадар бир тўлқин қолди,
Туташмас йўлингга тўлқин-да, йўлим…

Мен кетдим, сизга ҳам хайр-хўшларим,
Осмонда чарх урган озод қушларим.
Кўришиб тургаймиз токим танда жон.
Менинг ҳам кўнглим бўш, кўнгли бўшларим…

ЁЛҒОН

Юзингни ой деганим ёлғон.
Хилватларда кезганим ёлғон,
Қўй, ишонма, севганим ёлғон,
Сени излаб келганим ёлғон.

Кунлар сўнди, чечаклар сўнди,
Унлар сўнди, юраклар сўнди,
Чинлар сўнди, эртаклар сўнди
Сени излаб келганим ёлғон.

Юракларда қолди дард, найлай,
Чидаб юрган битта мард, найлай,
Ёстиғингнинг ярми банд, найлай
Сени излаб келганим ёлғон…

ЎЗБEКЛАР

Ўзбеклар уйига келганда меҳмон
пойига тўшайди юрак қўрини.
Энг аввал, қўйини сўйишдан олдин
меҳмонга беради уйнинг тўрини.
Кўнлини олади қурби етгунча,
келтирар таомнинг сархилларини.
Меҳмон тусаб қолса, бир имо билан
топади шаробнинг ҳар хилларини.
Туркий луғатлардан излаб топмадим
меҳмонни камситган бирон бир сўзни.
Ўзбеклар шундай халқ,
эшикда келса,
дўст-у, душманидан аямас тузин…

ДИЙДОР

Қайдасиз…
сизларни келдим соғиниб.
Қизлардай мулойим юртим тонглари.
Қайдасиз, беғубор болалагимнинг
Олисларга кетган нотинч бонглари.

Шодон қучоқлайди қадамларимни
Мени кутиб ётган қўҳна дарвоза.
Мени онам кутар, сочлари оппоқ,
Келганим дўстларга бўлар овоза.

САМАРҚАНДГА

Йўлга боқиб толди кўз қирим,
Суягимни эзди изғирин,
Хуш гап билан дилни ёз қилинг
Самарқандга қачон борамиз?

Унда унган ҳар бир гиёҳи,
Ҳандалакбўй қизлар нигоҳи
Тушларимга киради гоҳи –
Самарқандга қачон борамиз?

Гулхан бўлди лабларимда сўз,
Дардларимга йиғлар бунда куз,
Ўз кўксига ханжар урган дўст
Самарқандга қачон борамиз?

Ёғду эдим, тонгим қорайди,
Мен кенг эдим, олам торайди,
Кўксимда бир қушча сўрайди:
Самарқандга қачон борамиз?

Бу дунёнинг асли бири кам,
Бир буржи бахт, бир буржида ғам,
Айт, не учун кўзларингда нам
Самарқандга қачон борамиз?

Андижон деб йиғлади Бобур,
Ўз юртига сиғмади Носир,
Қодирийнинг кўзлари соҳир
Самарқандга қачон борамиз?

Ўз элингда ҳурсан, сабосан,
Гарчи шохсан, зўрсан, даҳосан,
Юртинг бўлсин, гарчи гадосан –
Самарқандга қачон борамиз?

ОНАЖОН

Онажон руҳингизда соғинчлар кезмадиму,
Қабрингизга бош қўйсам чечаклар сезмадиму,
Онажон жисмингизни кесаклар эзмадиму,
Онажоним гирёним, ғариб кўнгли вайроним,
Волидаи султоним меҳрибон онажоним.

Самоларда сор лочин айт, неларни излайди,
Руҳи равон забоним фақат сизни сўзлайди.
Юрагимда бир қушча онажон деб бўзлайди,
Онажоним гирёним, ғариб кўнгли вайроним,
Волидаи султоним меҳрибон онажоним.

Сиз бахш этган меҳрни энди кимдан йиғай ман,
Сиз сиғмаган дунёга энди қандай сиғай ман,
Давоси йўқ бу дардга энди қандай чидай ман,
Онажоним гирёним, ғариб кўнгли вайроним,
Волидаи султоним меҳрибон онажоним.

Ғариб дунё, ғўр дунё, пешонаси шўр дунё,
Ситамларинг бу жонга озор бўлди, кўп дунё.
Онам юрган йўлларни гулга кўмиб юр, дунё
Онажоним гирёним, ғариб кўнгли вайроним,
Волидаи султоним меҳрибон онажоним.

Сарсон қушим жон кўнглим, бунча бўлдинг қон кўнглим,
Изингиздан зар тўкиб, тополмай армон кўнглим.
Сизни бир бор кўришга айлагум қурбон кўнглим,
Онажоним гирёним, ғариб кўнгли вайроним,
Волидаи султоним меҳрибон онажоним.

Фасли фано ўтодир ҳаёт отлиқ елканда,
Қабрингизга бош қўйсам, тафти ёнар елкамда.
Қалб қўрингиз, умрингиз ўғил-қизим эркамда,
Онажоним гирёним, ғариб кўнгли вайроним,
Волидаи султоним меҳрибон онажоним.

ҚАЛДИРҒОЧЛАР КEЛДИМИ?

Сарин еллар яна елдими,
Узун йўллар дилни тилдими,
Соғинчимни баҳор билдими,
Она, қалдирғочлар келдими?

Тонда шудринг тўкилган издан
Дараклаб кўр қизғалдоқ-қиздан
Тушларимга гул тақ ялпиздан
Она, қалдирғочлар келдими?

Бармоқлари қирмиз ҳиноли,
Қарашлари сирли, имоли
Ой-омонми қизлар ҳимоли
Она қалдирғочлар келдими?

Адирларда майса уйғонмиш,
Тушларимга кирасан хомуш,
Забонимда бир нидо ёнмиш
Она, қалдирғочлар келдими?

Умр-армон тўлдирилган май,
Юрагимда йиғлаётир най,
Кўз ёшингни ёмғирларда чай
Она, қалдирғочлар келдими?

Ҳузурингга бир куни учиб
Борадирман хавотир қучиб
Дейман бўм-бўш хонани очиб:
Она… қалдирғочлар келдими? …
Она… қалдирғочлар келдими? …
Она… қалдирғочлар… келдими? …

АДАШГАН КАРВОНИМ

Адашган карвоним, қайга йўл тутдинг.
Саргашта сарбоним, қайга йўл тутдинг,
Қай бир сабоҳларда манзилларинг бор
Ёнмоқда бу жоним, қайга йўл тутдинг.

Сорбон, сабоҳингда манинг ёдим бор,
Карвон каломинда қолган додим бор,
Кўнглимда бўзлаган паризодим бор,
Адашган карвоним, қайга йўл тутдинг.

Карвон йўлларида чашма кўрингай,
Қарасанг, мен каби ташна кўрингай,
Севги маҳдудлари ошна кўрингай
Адашган карвоним, қайга йўл тутдинг.

Тевалар ўтади басма-бас бўлиб,
Бир нидо кетади мунгли сас бўлиб,
Менинг юрагимдан ҳеч қайтмас бўлиб
Адашган карвоним, қайга йўл тутдинг.

ОДДИЙ ОИЛАДА

Оддий оилада оддий болалар
Оддий тақдир билан туғилаверар.
Улар беланчаги шойи атласмас,
Қуёш нури билан йўғрилаверар.

Оддий болаларнинг оддий кунлари
Уйдами, далада ўтаверади.
Пахта қабартирар қўлчаларини
Жабрми-ситамми, ютаверади.

Жуда оддий бўлар улғайганида,
Оила тебратиб ўтади куни.
Жисмида юргизсанг тегирмон тошин
Суяги ун бўлар, чиқмайди уни.

Ташвиши иборат бўлар пахтадан,
Ёки, қилаверар берган ишини,
Жағига бир боплаб тушириб кўринг,
Ичига ютади синган тишини.

Қандай ҳокисор у, ҳоки туробдир,
Ишга эгни боши ямалиб чиқар.
Бошқалар жиноят қилса у содда
Қилмаган ишига қамалиб чиқар.

Қулайроқ жойлашиб олинг бўйнига
Сал ниқтаб қўйсангиз кетаверади.
Жар солинг, ғоялар сари олға деб,
Уларга қуруқ гап ўтаверади.

Бироқ фаромушдир хотирингиздан
Мозий томирида ёнган нолалар
Ахир ким юрт учун тиғга жон тиккан –
Оддий оиладан чиққан болалар!

АЁЛ БОР БЎЛСИН

Замин тинчи барқарор бўлсин,
Чечаклари беғубор бўлсин,
Ўн саккиз минг олам айланса
Меҳварида аёл бор бўлсин.

Жилдираса жилғалар шошиб,
Вижирласа қалдирғоч тошиб,
Тоққа чиқса бир оҳу қочиб
Кўзларида аёл бор бўлсин.

Иши олчи бўлар эркакнинг,
Бешиклари тўлса эртакнинг,
Бир Алпомиш келбат гўдакнинг
Сўзларида аёл бор бўлсин.

Ишқ насими туғёна солса,
Ошиқ Ғариб уйғона қолса,
Бир қамишни най қилиб чолса,
Бўзларида аёл бор бўлсин…

Лолалар ранг олса рўйидан.
Ёр либоси бўлса шойидан,
Сархуш бўлса ялпиз бўйидан
Розларида аёл бор бўлсин.

Деҳқон чиқса кетмонни қайраб,
Юрагида чирилдоқ сайраб,
Боласини бешикка бойлаб
Рўзларида аёл бор бўлсин.

Ул бегуноҳ тўкилган қондан,
Қизғалдоқлар Афғонда ёнган,
Кўрпалари тахмонда қолган
Руҳларида аёл бор бўлсин.

Ғаюрларнинг қўрқма кинидан,
Огоҳ юргил ёлғон, чинидан
Айирмасин оға-инидан
Сулҳларида аёл бор бўлсин.

Тўмарис шон топди қиличдан,
Ишқ дарсини тингланг Кумушдан,
Вақт орттириб барча юмушдан
Бахтимизга аёл бор бўлсин!

***

Ёмғир ёғиб ўтди бу кеча
сочларингдай намхуш, сафоли,
Туннинг бўм-бўш қароқларинда
сени излаб кездим, жафолим.

Изларимдан хўрсиниб қолди
ўриндиқлар хилват ва сокин.
Қадамларинг ўпган кўчалар
юрагимга ташлайди чокинг.

Йиллар қайга оқар қайғулим,
тун бағрида вужудим сим-сим.
Ўрик гули ёнган кечада
сени излаб боғларни кездим…

ГЎРЎҒЛИ

Юрган йўлинг дор бўлмасин, Гўрўғли,
Суйган элинг хор бўлмасин, Гўрўғли,
Бу дунёнинг савдолари ғўр экан,
Ўлсанг гўринг тор бўлмасин Гўрўғли.

Ўтда ёнсанг, жону-жаҳон қалқисин,
Наъра тортсанг, аҳли имон қалқисин,
Сан инонсанг, вужудда жон қалқисин,
Ўлсанг, гўринг тор бўлмасин Гўрўғли.

Омон чиқдинг қанча қирғин-баротдан,
Рўшнолиғинг олов ёлли-Ғиротдан,
Ҳақ сўрайди ўтсанг пули сиротдан
Ўлсанг, гўринг тор бўлмасин Гўрўғли.

Кенгликни бер бу беқарор суронда,
Тенгликни бер асли азал Туронда,
«Кулли» муслимин ихватун Қуронда
Ўлсанг, гўринг тор бўлмасин Гўрўғли.

Ботирим дер ўз аслини баҳодир,
Бутун бир халқ рўшнолиқ деб бородир,
Манинг кўнглим икки дарё ародир
Ўлсанг, гўринг тор бўлмасин Гўрўғли.

Зар-у зўрға эгмадинг бу бошингни,
Аллоҳ азал оғир қилган тошингни,
Нокасларда ташлаб кетма лошингни
Ўлсанг, гўринг тор бўлмасин, Гўрўғли.

Бу бир майдон, кўплар бунда жанг қиған
Ким ғолиб-у кимлар ҳоли танг бўған,
Атрофингда қанча итлар санқиған,
Ўлсанг, гўринг тор бўлмасин Гўрўғли.

Будун карвон, бари бир-бир йитади
Биру оғу, бири шароб тутади,
Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам ўтади
Ўлсанг, гўринг тор бўлмасин Гўрўғли.

СЎЗ ЖАБРИ

Тушуна бошладим ёмғир филини,
исидан гуркираб тўлганда хонам.
Тушундим тонгларнинг ажиб мунгини
тушларимга кириб чиққанда онам.

Тўйдим қаҳратонда баҳор исини
тинмай вижирлаган гўдак тилидан.
Тасаллилар олдим, таъналар олдим
кўнглимни ёритган ҳаёт гулидан.

Тушуна бошладим офтоб тилини,
кўрдим , кўзларингга жоним ўт боғлиқ,
Тегрангда кўп кездим офтоб янглиғ
қошинг камониға жоним ўқлоғлиқ.

Мен гапирмай қўйдим севги ҳақида
қушларга чанқовуз бўлганда лабим.
Атиргулда кўриб булбул жабрини
юракда қонади айтажак гапим.

Мингта руҳ ичинда кезинган вужуд
фанолиқ йўлини танлади, нетай.
Бу ширин ҳаётдан, оғу ҳаётдан
кўксинг меҳробига бош қўйиб ўтай.

Энди мен ўзликдан кечмоғим аён:
эшитганим рўё, кўрганим ёлғон.
Юракда тортаман сўзнинг жабрини
тилларим қавариб кетгандан буён.

СОЗИМДА ҚОЛДИ

Ғунча яноғингда гулнинг ифори,
Инжа дудоғинда елнинг хумори,
Эрка нигоҳинда ойнинг нигори
Баҳор найсонлари бўзимда қолди,
Севдим деган сўзим бўғзимда қолди.

Энди бинафшадан паноҳ сўрайман,
Ўзим гуноҳкормон, гуноҳ сўрайман,
Бенажот қушчадан қанот сўрайман,
Баҳор найсонлари бўзимда қолди,
Севдим деган сўзим бўғзимда қолди.

Тўрт фасл – тўрт гулхан, куйдим-да ёндим,
Қанча сулувларни суйдим-да, тондим,
Тунлар тушларимда йиғлаб уйғондим,
Баҳор найсонлари бўзимда қолди,
Севдим деган сўзим бўғзимда қолди.

Мажнун кўксидаги дили пораман,
Елдим, етолмадим нозли ёра ман,
Найсон бўлиб деразангдан бораман,
Баҳор найсонлари бўзимда қолди,
Севдим деган сўзим бўғзимда қолди.

Муҳаббат йўллари ғам-фироқ бўлмиш,
Мажнунтол кўзлари нам-сўроқ бўлмиш,
Ул бодом гуллари шамчироқ бўлмиш
Баҳор найсонлари бўзимда қолди,
Севдим деган сўзим бўғзимда қолди…

***

Қўй, сўзларни ортиқ қийнама,
Ўз ҳолича қувнаб яйрасин.
Уфққа боқ, бўзариб келар,
Олиб келар еллар най сасин.

Энди бўм-бўш кўчаларга чиқ,
Тишла мартнинг намхуш лабидан.
Сўзларингни йўлла, жой олсин
Сайраётган қушлар сафидан.

Гиёҳ бўлиб тингла хилватда
Она ернинг эркалашини
Қизғалдоққа тўлдириб қайтгил
Юрагингнинг ҳазинг даштини…

1988

МАРСИЯ

Мангу аскар жияним Қамариддин хотирасига

Ортимдан Тошкентга борди бир хабар,
Йўллар кафтларини очди мен учун.
Бешотар милтиқнинг ўқидай учдим,
Хаёлда хавотир илони – нечун?

Тошкент Самарқанднинг қадим йўлида
Минг битта сўровим қолди жавобсиз.
Жоним парчаланди минг бир бўлакка,
Бу йўллар туюлди чексиз, давомсиз.

Мен келдим, Бошимда айт не кўргулик?
Куз эди. Дарахтлар қора ридода.
Юрагим зирқираб кетди ногаҳон
Қўшни хонадондан чиққан нидодан.

Отанг қаршилади кўзларида мунг,
Бу қандай мусибат, бу қандай мотам?
“Жону – жигарингдан айрилиб қолдик…”
Ҳайқириб йиғлади кап-катта одам…

Нега ташлаб кетдинг бағрим, Қамарим,
Машъум дарагингдан кўнглим яро, хат
Кимга ташлаб кетдинг қадрим, туморим,
Нега келтирдилар сендан қаро хат?!

Ўн бир кун йўл қараб толмади отанг,
Ўн иккинчи куни қаддини эгди.
Ёғий қирқ йил бурун пойлаб отган ўқ
Нега уни эмас, ўғлига тегди?!

Душман соясидай ўн бир қора кун,
Ўн бир қора қузғун кўзимни ўйди.
Ўн иккинчи куни албини узиб
Отанг жисминг билан тобутга қўйди

ДАРАГИНГ БОРМИ?

Ботирлар ичинда бир донам, болам,
Бахмал сочларинга қурбонам, болам
Афғонда йўқолган дурдонам, болам,
Ҳиндиқуш ёқларда дарагинг борми?

Сен кетдинг, аҳдларинг ёдимда қолди,
Битилган хатларинг олдимда қолди,
Бу дунё машҳари додимда қолди
Ҳиндиқуш ёқларда дарагинг борми?

Бир фарёд қалқади чархи зобитдан,
Қайдасан кишвари дардли чобук тан,
Вужудим айрилмас темир тобутдан
Ҳиндиқуш ёқларда дарагинг борми?

Ой юзли малакка етмаган болам,
Фарёди фалакка етмаган болам.
Ёт ерда ёт-якка эслаган болам,
Ҳиндиқуш ёқларда дарагинг борми?

Сохта бу шонларни энди не қилай,
Темир нишонларни энди не қилай,
Сенсиз замонларни энди не қилай
Ҳиндиқуш ёқларда дарагинг борми?

Сен кетдинг, боёнлар ўғли яллода,
Вужуди дилбарда, қўли тиллода,
Ҳақиқат борми эй, ҳозиқ иллодан
Ҳиндиқуш ёқларда дарагинг борми?

Тобутни куйдирар тўкилган ашким,
Боласиз қолмасин мен каби ҳеч ким
Тириклик шу бўлса, умрдан кечдим,
Ҳиндиқуш ёқларда дарагинг борми?

1989.

***

Қайтма энди ортингга,
Ортга қайтмоқ ор энди.
Ёғса ҳамки бошингга
Ёмғир эмас, қор энди.

Тўрт унсурда синалган
Одамизод, билиб юр,
Суягингни ғам ити
Ғажиса ҳам кулиб тур.

Юрагингни байроқ қил.
Айтиб ўтган оқинлар.
Олов бўлсанг, тафтингдан
Тафт олади яқинлар.

Бирлаштирди бизларни
Битта йўлда қон энди.
Битта байроқ тагида,
Бир оловда ён энди.

Ягона йўқ — ҳақ йўли,
Шунга содиқ қоламиз
Қолганларни жанг билан
Сафимизга оламиз!

1987.

МАНСАБ КЎПРИГИ

Бу умр савдоли, ғўр иши бордир,
Бир бошда роҳату шўриши бордир,
Эл яхши ёмонни кўриши бордир
Мансаб кўпригидан киброна ўтма.

Қўлингга не тушса, гул деб ўйлама,
Эл сенга ишонса, қул деб ўйлама,
Бу элнинг ёзмиши шул деб ўйлама
Мансаб кўпригидан киброна ўтма.

Бу дунё кўп кўрган кибру хўрларни,
Димоғдор, басиру қалби кўрларни.
Макони ломакон бўлди зўрларни
Мансаб кўпригидан киброна ўтма.

Амалга қўйсалар йиғиб ўтма зар,
Дилингни офтоб қил, очиқ бўлсин дар,
Элингнинг кўзини ўйма энағар,
Мансаб кўпригидан киброна ўтма.

Кўрдим кўп каттани, элни талади,
Бирови ҳақман, деб товон ялади,
Бирови сеҳрлаб сурнай чалади
Мансаб кўпригидан киброна ўтма.

Бу гапнинг мағзига бир кун етасан,
Асл қиёфангни гизлаб нетасан,
Яланғоч келгансан, шундай кетасан
Мансаб кўпригидан киброна ўтма.

Қўлимда совиди кўтарган бодам,
Ман барои халқи худ-ро фарёдам:
Аввало одам бўл, одам бўл, одам,
Мансаб кўпригидан киброна ўтма.

1998.

КEТАР БЎЛСАНГ

Кетар бўлсанг бир кун улғайиб
бош эгиб ўт ўсган хонангга.
Бош эгиб ўт маъюс, мунғайиб
остонада қолган онангга.

Бардошларинг тошларин ёрсин,
даврларда танилгил оқил.
Фақат ёлғиз қолганинг чоғда
ёдгоргина суратга боққил.

Суратга боқ, унда кулади
нигоҳлари шикаста аёл.
Чиғириққа солар руҳингни
кўзларингга тиқилган савол.

Суратга боқ, шикаста аёл
ёзғирмайди, бир сўз ҳам демас.
Сени қаттиқ соғинган, оҳким,
қайта бошдан дунёга келмас…

1985.

КEТОЛМАСМАН

Омон бўлинг, ҳей дала-даштлаб,
жўнаганлар юракни ғашлаб
сафингизда ёлғиз хатоман,
кетолмадим онамни ташлаб.

Дилда азоб, ялло дишонда,
оёқларим тилло кишанда.
кетолмасман энди нишондан
юрагимда йиғлайди Машраб.

Кўзим йўлда, ўзда ранжим бор,
забон хомуш, сўзда занжир бор,
бу дунёда битта гажир бор
ўз ҳолича ўтади яшаб.

Бир сўз чиқар қиличдай қиндан,
зарбасидан метинлар синган,
тўрт унсурдан яралган риндман
мен уларни оламан асраб…

СОҒИНЧ

I

Ортимда соғиниб келади қушлар-
Фалакнинг музаффар йўловчилари.
Мени излаб келар олис қишлоқдан
Мусаффо баҳорнинг шўх томчилари.

Кўзимда уйғонар исёнли тоғлар,
Уйғонар боғларнинг салқин нафаси.
Сарпойчан жўнайди далалар томон
Кенгликни қўмсаган кўкрак қафаси.

Қувонч — кўзларимга чўккан қалъадир,
Кулгулар жаранги-аччиқ ноладир,
Қафасга сиғмаган қалбни олакет,
Олис пахтазордан келган болакай…

II

Олиб тор нимчали хонимчаларни
Тебраниб ўтади автотулпорлар.
Хиёнат — яшил йўл, кета кетгунча
Ҳақини тўлайди танти пулдорлар.

Жимжима ўринлар пинжидан олдим
Термулган бемаъно, чирик кўзларни.
Ва бедард йўлчининг қўйнида кўрдим
Занг босган нафсига шерик сўзларни.

Итқитиб ташлади сипо эшиклар,
Лоқайд оқаётган йўлга сиғмадим.
Бетон ариқларнинг ўзанларида
Мен сенинг қадрингга умрим йиғладим.

Қувонч — кўзларимга чўккан қалъадир,
Кулгулар жаранги-аччиқ ноладир.
Шаҳарга сиғмаган дардни олакет
Олис пахтазордан келган болакай…

ВОЛИДАИ МУҲТАРАМА БОДОМ ШОДМОН
ҚИЗИНИНГ НEВАРАСИГА АЙТГАНЛАРИ

Ойбек дедим, ой қизларнинг беги бўл,
Тенгдошларинг қаторинда тенги бўл.
Ўз элингнинг ўғлони бўл, марди бўл,
Ўз элингда муҳаббат бўл, севги бўл.

Бул чаманда бисёр эрур савдолар,
Учрагайдур йўлда шоҳлар, гадолар.
Шоҳларида толе йўқдир, гадосида каромат,
Халқингни сев, шулардадир адолат.

Ҳотамтойидек сахий бўлсанг бузарлар,
Қадамингни ўлчаб, фитна тузарлар.
Ҳар амалда меъёрни бил, тошни бил,
Олчоқларга тўлиб кетди гузарлар.

Омад келар бўлса кимса бахтидан,
Зарур бўлса, кеч Сулаймон тахтидан.
Ҳақиқатнинг исёни бўл, қони бўл,
Насия сўз афзал номард нақдидан.

Инсон умри бир тутамдир, чақиндир,
Шул сабабдан асрлар ҳам яқиндир.
Ёниб ўтган чақинларга мадад бўл,
Чақинларни куйлаб ўтган оқиндир.

Унутма, бор Ойбек деган улуғ зот,
Сенинг номинг шунга отдош, улуғ от.
Дарёдил бўл, бўл шу номга муносиб,
Зиё истар ёруғликка тўлиқ от.

Яна сенга жигарбандим, шул ўгит.
Боболардан олган туғни баланд тут.
Шу туғни деб яшадилар, ёндилар,
Элни деса, эгилмайди мард йигит!

26 декабр, 1982 йил.

КЎНГИЛ ФАСЛИ

Ёндим бир гули ноз шикорларинда,
Бағрима босилди тиконлари-да,
Мақсадсиз тентираб кездим-да куйдим,
Севгининг гулҳаё дўконларида,
Кўнгил осмон эди, зиёси сўнди,
Бу дил булбул эди, гўёси тинди.

Кўзларим кўзларинг кафтинда қолди,
Сўзларим сўзларинг саҳфинда қолди,
Бўзларим ёзларинг тафтинда қолди,
Кўнгил осмон эди, зиёси сўнди,
Бу дил булбул эди, гўёси тинди.

Найсонлар юзларни ювиб ўтдилар,
Фасллар йилларни қувиб етдилар,
Кўзимга милларни қалам этдилар,
Кўнгил осмон эди, зиёси сўнди,
Бу дил булбул эди, гўёси тинди.

Мен васл истадим, ҳайрона кездим,
Саҳрода бўзлаган жайрона кездим,
Лабимни куйдирди талотўмларда,
Мастона кездим-у, сайрона кездим,
Кўнгил осмон эди, зиёси сўнди,
Бу дил булбул эди, гўёси тинди.

1989.

СИНФДОШЛАРГА

Йиллар бизга не кўргилик ёзиб кетди,
Елкамизга қисмат юкин босиб кетди.
Биз ишқида қалам тортган не-не қизлар
Бугун энди ким-кимларга насиб этди.

Ул фаслнинг шўхликлари тумор энди,
Тўрттамиз бир йиғилмоққа хумор энди.
Қолиб кетди бу йўлларда шўх наволар,
Умримизнинг ташвишлари дутор энди.

Кимга маю, кимга дунё сафо бўлди,
Кимга дўстлар ғаниматдур, даво бўлди.
Ҳар томонга айри кетди турфа излар,
Бугун йўлда уч-тўрт дўсту вафо қолди.

Ол қадаҳни, майни сипқар, адо бўлсин,
Дўстлик меҳри умримизга садо бўлсин.
Шу азиз бош эгилмасин жафоларга,
Бир умрга элу-юртга фидо бўлсин!
1983.

ОЧИҚ ШEЪР

…Бахтиёр Ҳамроев Афғонистонда, интернационал бурчини адо этаётиб ҳалок бўлган.
Б.Ҳамроевнинг хотирасини абадийлаштиришга асос йўқ деб топилди.

Ворошилов район ижроия комитетининг раиси Н.Мирзаев.
(Газетага келган жавобдан) 1986 йил.

…Прометей кўксини ҳозиргача то
Калхатлар чўқирмиш улкан қояда.
Ҳайрият, адолат офтоби бордир,
Сизнинг кўзларингиз ҳамон сояда.

Кўксимни калхатлар, чўқийверманг, бас,
Етар суюқоёқ сўзлар бозори!
Сизга не, савдога кирасиз осон,
Ҳали совумасдан жангчи мозори.

Мен эса ярадор Промтейдай
Кўксимни очаман калхатлар томон.
Афғон тупроғида омон юрганлар,
Азиз укаларим, бормисиз омон?!

Нега сўзламайди навқирон руҳлар,
Тили суғурилган қўнғироқдай жим?
Сўйланг, Бахтиёрлар, Фурқатлар, айтинг,
Кўксингиз чўқиган у калхатлар ким?!

…Сиз эса тушмайсиз улкан минбардан.
Улкан режалардан бошингиз қотган.
Бироқ тан олмайсиз, маккор киборлик
Сизда ажириқдай томирлаб отган.

Биламан, ишингиз жўяли, пухта.
Зарра эътирозсиз битасиз хатни.
Бир жангчи афғонда ўлган-да, кетган
Номини абадий айламоқ шартми?..

Оналар не кўйга тушди, билмадим…
Мени мажруҳ қилди ҳар бир сўзингиз.
Сизга барибир-да, бир жангчи ёди,
Лоақал санчмайди заранг кўксингиз…

Буларнинг
ҳар бири,
бир Матросовдир!
Тўйчи Эрйигитдек, ҳар бирин шони
Ҳали ёр сочига қўли етмаган,
Дўстни қўриқлаган қийналиб жони!!!

Сиз эса…
сизга хос сўз топмоқ қийин…
Аскардай қалмоқда сўзларки шўр, талх.
Албатта айтажак ҳақли ҳукмини
Сизни шу мансабга қўйган она халқ!