Носиржон Тошматов (1966)

1966 йилда туғилган. Тошкент Давлат маданият институтида таҳсил олган. «Саркаш туйғулар» шеърий китоби муаллифи.
Ҳозирда «Муштум» журнали Бош муҳаррири вазифасини бажарувчи лавозимида ишламоқда.

* * *

Қоронғу тун.
Меҳмонхона.
Ўчди уйқум –
Чироқ ёнар.

– Чой келтирдим,
Ичинг, қайноқ! –
Чой тутган жим,
Чойи воҳ-воҳ!

Тушми, ўнгми,
Ким бу сулув?
Қалбга сингди:
Титроқ, ғулув.

Тугмаси йўқ
Тунги кўйлак.
Кўзлари шўх,
Лаби гулдак.

Ипак билак,
Олма дудоқ.
Ён! Ён! Юрак!
Ўч! Ўч! Чироқ!

Ойнинг нури
Кумушданми?
Дил ҳузури
Кумуш танми?

Енгар охир
Тунми, чарчоқ.
Ёнма, ортиқ,
Ёнма, чироқ.

Тунги меҳмон,
Кетди қаён?
Кумушойни
Еди осмон.

Ўтди неча
Йил, ҳануз сир.
Қора кеча,
Оппоқ асир.

* * *

Манглайдаги ёзуқ Ҳақники,
Юракдагин муаллифи – биз.
Минг йил тутқун яшамоқ мумкин,
Яшаш азоб, бир кун севгисиз.

Манглайдаги ёзуқни банда,
Дерлар, таҳрир қила олмайди.
Ҳижрон ёққан қизил гулханда
Юракдаги ёзув ёнмайди.

* * *

Ишқинг мени минг бор ўлдирди,
Тирилтирди минг бора яна.
Темирчидек сувда сўндирди,
Ўтга солди минг бора яна.

Пўлатданми, билмадим, жоним,
Гулханингда ёндим, куймадим.
Болғадан зарб еган ҳар оним
Меҳру муҳаббатинг ўйладим.

* * *

Кетдим далаларга, кетдим йўлларга,
Чўмилгани дала чангига.
Кетдим шудрингларга, олтин нурларга,
Баргларнинг беназир оҳангига.

Отам кетмонига қўлларим асир,
Тизгача тупроққа ботаман.
Юлдузлар жилвасин кузатиб масрур,
Майсазор қўйнида ётаман.

Фаришта қанотли сингилчаларим –
Капалаклар кезиб сарсари,
Майли, атрофимда рақс тушсинлар,
Хаёлларим бўлсинлар, майли.

Далаларга сув узатиб тўзиган
Дарёмни айлайман зиёрат.
Оқарган сочидек ўтлари тўзғиган
Қабрга қиламан тиловат.

Содда укаларим, содда дўстларим,
Даврасида ичаман шароб.
Қадоқ қўлларни-ю, ҳорғин кўзларни
Тавоф айлагайман, мен тавоф.

Товоним яйрайди, руҳим яйрайди,
Кўпчиган тупроқни кезганда.
Юрагим, мириқиб шўх-шўх сайрайди,
Олтин қафасини бузгандай.

* * *

Қушлар жуфтин излагай палла
Гулга боқиб очилади гул.
Яшил кўйлак кияди дала,
Безанади чечак тақиб йўл.

Оппоқ булут қувнатар кўзни,
Шўх кулгулар ёқар қулоққа
Оёқ остидаги ялпизни
Суртамиз биз кўзга, ёноққа.

* * *

Гўдакликда ўйлардим, ҳаёт –
Хушбўй гулзор, гўзал бир чаман.
Тез улғайсам, шодон умрбод
Гулзор ичра сармаст кезаман.

Ўсмирликда ўйладим ҳаёт –
Муҳаббатнинг улкан қасридир.
Барча дардга муҳаббат нажот,
Барча одам ишқ асиридир.

Йигитликда дедим, ҳаёт – куч,
Паст кўринди баланд чўққилар.
Йўлларимда арслон келса дуч,
Ўйлар эдим, аниқ ўкинар.

Энди фикрим тамом ўзгача,
Дерман, ҳаёт – кураш майдони.
Лабингдаги сўнгги сўзгача
Ўзлигинг исботлаш имкони.

Томошабин оломон – содда,
Кўп нарсани англамас, уқмас.
Менга амал қилар, майдонда
Рақибларим бирга-бир чиқмас.

* * *

Соқов кеча, зимистон кеча,
Дов-дарахтлар – хунук шарпалар.
Сас-садосиз юлдузлар учар,
Соқов кеча совуқ нақадар.

Сукунатнинг қора кўрпасин
Ёпинганча, уйқуда борлиқ.
Кеча қанча улкан бўлмасин,
Юрагимга қилмоқда торлик.