Носиржон Жўраев (1984)

Носиржон Жўраев 1984 йили Наманган вилоятининг Наманган туманига қарашли Шўрқўрғон қишлоғида туғилган. 2001-2007 йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факултетининг бакалавр, магистратура босқичларида таҳсил олган. “Улғайиш кунлари”, “Муҳаббатдан сўнг…”, “Энг қудратли зарра” каби шеърий китоблари, “Ноябр куйи” ва “Кибор” номли қиссаси эълон қилинган. Ҳозирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Адиб” нашриёти бош муҳаррири.

БАҲОР ЭШИК ҚОҚОЛМАЙДИ ЖИМ…

Баҳор эшик қоқолмайди жим
Остонамда турар боладай .
Уйда эса бир иссиқ кийим,
Атай чиқиб кетмас хонадан.
Қўлларимга чирмашар шарф,
Кундуз ёқа суйкалар юзга.
Ва дер –Мени севишингиз шарт,
Тупурдим шу баҳорингизга.
Оҳ, аёзнинг овози ўктам,
Ул аёзки, менинг зўр хатом.
Тўрт деворни нарёғи кўклам,
Фақат уйим тўла қаҳратон.
Баҳор кирар, мўлтирайди жим,
Алдангандек худди боладай.
Ахир. Ахир…бир иссиқ кийим
Менга жой соляпти хонада.

НАМАНГАН

Ҳар гал қайтганимда бу қора ерга,
Шаҳар оқ яктакда қошимга чиқар.
Чуқур син олади менга билдирмай ,
Бошимдан ўтганин кўзимдан уқар.

Мен эса зил кетиб бораман, яъни ,
Кўксимга қўрғошин қуюлётгандай .
Соғиндим деганим ,келдим деганим
Унга миннат бўлиб туйилётгандай .

Наманган онамга ўхшаган шаҳар,
Онамдек йшириб ўтдинг дардингни .
Ўғлинг келяпти деб эшитган маҳал ,
Рўмолинг учига ёшинг артдингми ?

Боқсам ,юзингдаги қуюқ ажиндан ,
Бўлак –бўлак бўлиб илғанар тарих .
Жангда арқон учун кесган сочингдай ,
Қорадарё бўлиб тўлғонар тарих .

Патқаламда қўйиб гажакдор имзо ,
Фитналар тузганда Аҳмад Танбаллар
Ахис қирларидан Умаршайх Мирзо
Ҳар кун қулаб тушар юрак чангаллаб .

Мулла Бозор Оҳунд – кўҳна пирҳона,
Қанча авлиёга мударрис ,устоз.
Шикоятхонамас ,шоир ,шеърхона
Бўлган кунларингда яйраганинг рост .

Қайси бир муаззам ,қутлуғ саҳарда
Худо ихлос билан қорган зувала .
Шунданми ,ҳар куни Эски шаҳардан —
Бомдоддан қайтади Машраб бувалар .

Бугун икки қадам биз билан сибиръ ,
Бориб –қайтиш мумкин бир кун ичида .
Аммо ҳануз Усмон йўл қарар дилгир ,
Туйнукдан термулиб оёқ учида .

Ҳаёт қайта –қайта яшарар экан ,
Такрор –такрор орзу тўларкан дилга .
Бугун олийгоҳга қатнаган укам
Ибрат домла бўлиб кўринар менга .

Наманган –мен учун бир умрлик йўл ,
Наманган ,мен учун барҳаёт гулсан .
Онажон ,мен энди улғайган ўғил ,
Кўзёшинг яширма ёнинга келсам .

БИР САҲАР УЙҒОНДИК …

Бир саҳар уйғондик улкан қалб билан ,
Ҳудди авлиёлар киргандек тушга .
Буюк бир иқрорни айтдик зарб билан ,
Сабримиз этмади кузни кутишга .

Бизнинг қувончларга йўқ эди ташбиҳ ,
Бошиммизга бахтлар ёғди устма –уст .
Ҳаммани униутдик !
Бермасдан танбеҳ ,
Жимгина уйига жўнади август .

Куз келди .Этигин лойини қоқди .
Хазонрез кунларга очдим қучоғим .
Сенинг кўзларинга бу ранг ҳам ёқди ,
Сарғайди дунёнинг милёнта боғИ .

Сўнг уч ой алдади бизни бу фасл ,
Уч ой бошимизда айланди тўзон.
Сенга заъфарон ранг қилмади таъсир ,
Менга маъқул келди бир дунё хазон …

Бир саҳар уйғондик .
Ҳаммаёқ оппоқ .
Лол қолдик –бу олам шунча бўм –бўшми !
Ва бирдан тушундик ,қилмадик оҳ – воҳ ,
Эслаб ўтирмадик ҳеч қайси тушни .

Бўйнингни ўрадинг оппоқ шарф билан ,
Этигимни кийдим .
(Қайга шошамиз !)
Тонгни кутаяпмиз битта шарт билан :
Эртага абадий хаэрлашамиз .

* * *

Бодом гулларидек ҳилвироқ ва оқ
Юрак билан шамолларга юзландим .
Мушт тугсам –куртагдир кафт ёзсам —
япроқ,
Баҳор бўлиб чаманларга юзландим .

Ҳар бир ҳужайрамга нур қадаб қуёш ,
Кийин ўзимни ҳам нур атаб қуёш ,
Қошимда ўлтирар боадаб қуёш ,
Мен шу ёруғ томонларга юзландим .

Бодом гулларидек бисёр ва бир ҳил
Кунларга ранг бермоқ бўлмайди энгил .
Эй Худо ,тилимни дилимга бир қил ,
Нажот сўраб осмонларга юзландим .

Ҳаёт –Одам Ато ном қўйган майдон ,
Балки бу майдонда қадамим майда.
Лек ўтмишим дилда ,эртам манглайда ,
Бугун ҳамма замонларга юзландим .

ҲИЖРОННИНГ ҲАР КУНИ …

Тақвим –ҳижрон учун тузилган жадвал ,
Қатма –қат уйилиб борар сенсиз кун ,
Билмадим , ким эдим севмасдан аввал ,
Одамга айландим муҳаббатдан сўнг .

Ҳижронни ҳар куни қонга юқаркан ,
Алвон рангга кирди ўн икки ойим .
Менинг ўтмишимни йўққа чиқарган
Тақвимга лаънатлар бўлсин илойим !

Кузнинг хазонини кўрмадим бирга ,
Элкамни қор босса ,ўзим қоқиндим .
Худо азоб қилиб ҳар куни берган
Ҳар гулнинг ҳидида сени соғиндим .

Ниҳоят ,кўз юмди энг сўнги учқун ,
Умидлар тирилмас хато ҳаққига .
Вақтидан кечиккан тўғри сўз учун
Қасам ичмай қўйдим худо ҳаққига .

Ёлғиз бормоқдаман оппоқ туманда ,
Кафтим орқасига кўз ёшим артиб .
Эслаш ,соғинишдан безган замонда
Менинг ўтмишимни ким тушунарди …

МEЪЁР

Тортиброқ боғласам одатдагидан ,
Сиртмоққа айланиб қолар бўйинбоғ .
Ҳатто меъёр сақлаб чойнинг рангида
Ичмасам, тушармиш жигаримга доғ .

Қара ҳар нарсада ўлчов бор шаксиз ,
Ҳаддидан ошмайди ҳаёт дегани .
Аммо нега сенинг қийноғинг чексиз ,
Нега меъёр билмай севаман сени .