Неъмат Душаев (1963)

Неъмат Душаев 1963 йилда Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида туғилган. Тошкент Давлат маданият институтини тугатган. “Ангрен ҳақиқати”, “Оҳангарон”, “Довон” газеталарида ишлаган. 1994-2006 йилларда Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги – ЎзАда хизмат қилган. Ҳозирда “Ulug’ yo’l” ижтимоий-қтисодий газетасида бош муҳаррир.
“Сахий хаёлпараст” (1993), “Сеҳрли таёқча” (1997), “Ғалати бўталоқ” 1999), “Ким зўр?” (2004), “Улар довон йўлини қурган эдилар” 2005), “Гурумдаги гурунглар” (2009) шеърий ва насрий китоблари чоп этилган. 2005 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.


ОНАЖОН

Меҳрингизни билдим, онажон,
Юракдан ҳис қилдим, онажон.
Бошимизда қуёшсиз-ойсиз,
Фақат бизни-бизни ўйлайсиз.

Кўзга суриб сиз босган изни,
Жойга қуяй ҳурматингизни
Дейман-у эҳ, афсус, мен нодон
Ўкситаман тағин, онажон.

Кейин-кейин эса овлоқда,
Сиздан сал-да олисроқ ёқда,
Қўмсаб қолиб оташ меҳрингиз,
Пушаймонлар чекар ўғлингиз.

Нечун бағрим тилай, онажон?
Айтганингиз қилай, онажон.
Меҳрингизни бергайсиз, ахир,
Одам бўл деб, тергайсиз, ахир.

Энди Сизга солмасам қулоқ,
Юзларимга тортинг шапалоқ!

ИЗТИРОБ

Нима бўлди билмайман,
Менга ўзи нетяпти.
Негадир оёқ-қўлим
Бўшашиброқ кетяпти.
Ҳатто-ки бўйинбоғим
Мени буққандек бўлар,
Нурларини кўзимга
Қуёш суққандек бўлар.
Хафа бўлиб кетяпман
Мен ўзимдан илк бора.
Кўз ўнгимда узунсоч
Юзи ғамгин Дилдора…
Бугун уни мактабда
Хафа қилиб қайтдим мен.
Ўзим ҳам билмай қолдим,
«Етимсан” деб айтдим мен.
Жаҳли чиқди Дилдорнинг,
Қўли таёққа борди.
Лек урмади .. пиқиллаб
Бирдан йиғлаб юборди.
Маюс кўзли Дилдора
Аълочи, чиройли қиз.
Афсус, ота-онаси
Ташлаб кетган-да, эсиз…
Шунга хўрлиги келиб
Йиғлайверди юм-юм.
Турар эдим тош қотиб
Мен мисоли бир буюм.
Энди эса ўзимдан
Хафа бўлиб кетяпман.
Кечир Дилдора, дея
Илтижолар этяпман.

АРМОН

Сингилчам сал нарсага
Хархашасин бошларди.
Қўя қолгин десак ҳам
Кўзларини ёшларди.
Бир куни келиб меҳмон
Пичоғини кўрсатди.
Ва уялмай синглимга
Ваҳимали сўз қотди:
– Бас қил! Ўчир! Йиғлама!
Тузат у-бу ёғингни.
Агар товуш чиқарсанг
Кесаман қулоғингни.
Шўрлик синглимнинг дами
Ичига тушиб кетди…
Шу-шу йиғлаш одатин
Бутунлайин тарк этди.
Индамас бўлиб қолди,
Гапиради камдан-кам.
Кўрпага кириб олар
Келса бегона одам.
Жон, синглим, қўрма, деймиз,
Қўрқма, «тоға», «почча» у.
Йўқ, ишонмай бекинар,
Кўнглида яшаб қўрқув.
Ўша ёмон меҳмонни,
Ва пичоқни эслайди.
Кечалар алаҳсираб,
Қулоқларин ушлайди.

ПУШАЙМОН

Мактабдан келиб Адаш
Папкасин тўрга отди.
Энди ўқимайман, деб
Тўшакка ағнаб ётди.
Тинчликми, деб сўрарсиз,
Нечун хафа, нечун ғаш?
Муаллимдан бугун ҳам
Койиш эшитди Адаш.
Шунга хафа, гапирмас,
Дардин ёрмас ҳеч кимга.
Ётаверди кечгача
Қасд қилиб муалимга.
Ётаверди кўнглига
Араз уруғин экиб.
Ўз-ўзича ғудраниб,
Ўз-ўзича энтикиб.
Ётаверди чой ичмай,
Четга сурди нонини…
Наҳотки бирон кимса
Сўрамаса ҳолини.
Ётавериб шўрликнинг
Қорни очар, зерикар,
Юрак чопиб қўчага
Деразадан кўз тикар.
Тенгқурлари тўп суриб
Ўйнашар экан шодон,
Чуқур ҳусиниб қўйди:
«Қасд қилиш ёмон, ёмон!»

МИХ ҲАҚИДА БАЛЛАДА

– Тешиб ўтди ёғочни,
Темир учраб майишди.
– Шу экан аҳволи?
– Йўқ,
У қавмига қайишди.


КИМ ҚАНАҚА?

Даррозман деб жирафа
Ўзидан бўлар хафа.

Миттиман деб чумоли
Жуда ўйланиб қолди.

Семизман дея чўчқа
Овқат емади бошқа.

Қўрқоқман, деб қуёнча
Кўз ёши қилди анча.

Бўри қилиб вахший иш,
Энди кўзлар яхши иш.

Шум-да, иқрор бўп тулки,
Илк бор ўзидан кулди.

Фақат эшак нишҳўрд еб,
Ханграр «ақллиман» деб.


САХИЙ ХАЁЛПАРАСТ

Ер айланди,
Қиш пайти чақди чақмоқ.
Ва ёғди гупиллатиб
Қор ўрнига… музқаймоқ.

Зум ўтмай музқаймоққа
Кўча-кўй тўлиб кетди.
Дала-ю қир, боғ-у том
Музқаймоқ бўлиб кетди.

Ҳамма ялар музқаймоқ,
У етади барига.
Кўплар тўлдириб олди
Ҳатто папкаларига.

Музқаймоқ ёғаверди,
Гўё ёрда ҳали кам.
Музқаймоқни севишиб
Қолди мушукчалар ҳам.

Кучуклар ҳам тотинар,
Майли есин, етади.
Эртага қуёш чиқса
Бекор эриб кетади.

ФАЛСАФА

Ит мушукни кўрган дам
Еб қўйгудек ташланар.
Адоват бор минг йиллик,
Қайдам, кўнгли ғашланар.

Мушук эса эрта-кеч
Кун бермайди сичқонга.
Сичқонвой кўз олайтар
Қопдаги буғдой-донга.

Бу ҳаёт – кураш дерлар,
Умр қоришиқ жангга.
Алам қилар, кун бермаса
Ҳар ким кучи етганга.

СЎЗ ЎЙИНИ

Ким зўр?

Чиранаверма, Ботир,
Агар бўлсанг зўр, ботир.
Ана, қайнаган сувга
Қўлингни битта ботир.

Ҳайвонот боғида маймун

Конфет отдик битталаб,
Чўчайтирди битта лаб.
Қашиниб ҳўп кулдирди:
– Қўймаяпти бит талаб.

Нима ёқади ўзи?

– Сен яхшисан! Айтгандим шунигина,
Кетди қолди, қилганча шуни гина.
Қиз болага”ёмонсан, демайман-ку,
Сизга айтсам, ғалати шу Нигина.

Бу қайси фасл?

Бир пасда сочларим кетди оқариб,
Бобомдек қолдимми мен ҳам , о, қариб?
Яхшиям уй иссиқ, чопиб кирдиму,
Бир пасда ёшардим, бошдан оқ ариб.

Кимга қандай?

Баҳор ёмғир ёққани
Майсага энг ёққани.
Чумоли дер:
– Бас, офтоб
Чироғингни ёқ, қани…

Устоз ва шогирд

Бу доира, бу рубоб, буниси най, деди,
Чангни ҳам кўтар (устоз буни синай деди).
Машшоқ бўлиш осон эмас экан, дод дер шогирд,
“Вой, белим, (қаерга қўяй буни) синай деди.

Ёмғир ёққанда

Шифтдан сизиб томчилар,
Чак-чак этиб томчилар.
Хона ҳовуз бўп кетди
Қаердасиз  “томчи”лар.