Назармат (1917-2009)

Назармат (Назармат Эгамназаров; 1917.7.11, Тожикистон, Хўжанд, Нов қишлоғи, 2009) — шоир, журналист. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1967). Самарқанд университетини тугатган (1941). 2-жаҳон уруши қатнашчиси. «Қизил Ўзбекистон» (1947—54), «Тошкент ҳақиқати» газ. таҳририятида адабий ходим, бўлим мудири (1954—85). Ижодий фаолияти 30-й.лар охирида бошланган. «Ёшлик завқи» (1941), «Ватан ишқи» (1949), «Яшил далалар» (1955), «Сир бўйи — нур бўйи» (1959), «Тоғдаги гулханлар» (1962), «Най садоси» (1965), «Баҳор қўшиғи» (1968), «Шаҳримиз болалари» (1970), «Мангу олов» (1972) шеърий тўпламлари муаллифи. Кўплаб шеърлари қўшиқ бўлган. «Юракдаги ўқ» достони (1965) ва «Сайёд жасорати» қиссаси (1973) 2-жаҳон уруши мавзуида. Абулқосим Фирдавсий, Хисрав Деқлавий, Абдураҳмон Жомий, Бедил, Мирзо Турсунзода, Миршакар ва б. шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.


ВАСЛИ ЁДИНГ

Дилга тушди бир оташким, куйлар ениб жон,
Унинг сўнмас алангаси сен узинг, жонон,

Қайданам сен куриндингу, ишқ урди туғён,
Ғариб жоним енар энди ҳажри доғингдан.

Муҳаббатни кузгу айлаб дилга келурсан,
Жамолингнинг орзусида сарсон қилурсан,

Бу талпинган жонгинамнинг ҳолин билурсан,
Жудо этма мафтунингни висол боғингдан

Кимки сўрса ҳолим билур, ениш, фарёдим,
Интилурман ўртаниб дил васлингга доим,

Қайсар ерим, бу жаҳонда сен-ку муродим,
Назар айла Назарматга нур қароғингдан.

Самандарман, қаландарман ҳажри доғингдан,
Адойингман, гадойингман гул яноғингдан,

Ишқ чулида қолиб кетдим, ёр, фироқингдан,
Боғбонингман, айирмагин висол боғингдан.

Қайсар ёрим, бу жаҳонда сен-ку муродим,
Назар айла Назарматга нур қароғингдан.

БУЮК МЕҲРИНГ

Ўзбегим, ўзлигим, ҳаётим, борим,
Мунаввар оламда суюк кўркинг бор,
Туркий эл сўзлигим, она диёрим,
Дилларда янграган буюк меҳринг бор.

Темурбек қадами сенда кўринур,
Муаззам азмингни сезмай бўлурми,
Навоий ғазали дилрабо эрур,
Оналик меҳрингни севмай бўлурми,

Осиё бағрида табаррук жойинг,
Олисдир тарихинг, кечган йўлинг ҳам,
Дунёга ҳавасли гулшан чиройинг,
Хотирда тўсиқли кечмишларинг ҳам.

Сен бизга истиқлол, жони жаҳонсан,
Эркинг-чун қанчалар қон тўкмаганмиз,
Бағри кенг, ўз сўзли Ўзбекистонсан,
Ўзгалар олдида бош эгмаганмиз.

Сен дилда қўшиқсан, элга нур мадҳинг,
Ўзбегим, ўзлигим, ҳаетим, борим,
Жаҳонга намоён қудрату кўркинг,
Туркий эл сўзлигим, она диёрим,
Ерлари муқаддас Узбекистонсан.

БУ КУНГА ЕТГАНЛАР, ЕТМАГАНЛАР БОР

Ғалаба, сен бизга эркка паноҳсан,
Дилларни ёндирган ўчмас жанггоҳсан,
Етимларга ота соғинч даргоҳсан,
Бева қолганларга дардли нигоҳсан,
Бу кунга етганлар, етмаганлар бор.

Ҳаётнинг бор фасли, қиши ҳам ёзи,
Бўронга ўхшайди хаел парвози,
Ёвузлар чиқса жанг, қон поёндози,
Урушга кетганлар бўлай дер ғози,
Зафарга етганлар, етмаганлар бор.

Эллик йил бўлибди, ёдда жанг майдон,
Дунёнинг рўшнойи тинчлик ва омон,
Бахтимиз — мустақил Ватан жонажон,
Ўтканлар руҳларин этайлик шодмон,
Бу кунга етганлар, етмаганлар бор.
1995 йил, 9 май.

ОНАЖОН

Бошингни нега хам этдинг, онажон,
Айт, кимдан дилга ғам элтдинг, онажон,
Сен меҳру мунаввар тонг нури менга,
Кўзингни нега нам этдинг, онажон.

Аллангдан олганман оламга қанот,
Меҳрингдан камолу йўлингдан ҳаёт.
Сўзларим унутма, бахтим деб, болам,
Йулимда намоён бўларсан, онам.

Йўқлармен, онажон, сени тонглари,
Куйларим — соғинчим, дил оҳанглари,
Бу олам гуллари асл фарзандлар,
Онасиз йўқ дунё, йўқ Ватанлари.

Онажон, бор дунём сен учун асли,
Сочингга тушган оқ мен учун асли.
Эл куйин ўргатган наволарим сен,
Дунёни кўрсатган дунеларим сен,
Бошингни нега хам этдинг, онажон,
Айт, кимдан дилга ғам элтдинг, онажон.
1991