Назар Шукур (1954-1985)

Назар Шукур 1954 йилда Чироқчи туманидаги Наврўз қишлоғида туғилган. ТошДУнинг география факультетини тамомлаган (1979). «Кўкдаги умр» (1984), «Кишлоқ йўлларида» (1985), «Вақт хиёбонида» (1992), «Мени кечир, муҳаббат» (2004), «Видо» (2005), «Сен қайтмасанг…» (Сайланма, 2006) шеърий китоблари нашр этилган. 1985 йил 14 майда Тошкент шаҳрида автомобил ҳалокатидан вафот этган.

* * *

Юрак осмонида азоб найсони,
Тўсади нурларни — севинчлар йўлин.
Бўғзига тиқилар Ҳарорат жони,
Беғубор Чексизлик кўтарар қўлин.

Юрак ҳам бўғилар етмай нафаси,
Туманлар ортида инграйди сурур.
Тинади юзларда кулгулар саси,
Изтироб — изғирин тўкади ғурур.

Совуқ сўз!..
Вужудни — юрак оламин,
Қаҳратон қаҳридай қўйди совутиб.
…Севинчлар йўлини очади секин,
Музлаган кўнгилни кимдир овутиб.
Нурлардан ёришгай юрак осмони!..

* * *

Кетаяпман. Ой қалқиб оқар,
Ой ютгандай ёришар бағрим.
Чироқларнинг таралган тилла –
Сочларига кўмилар шаҳрим.

Шаҳар узра, қўнолмай Кеча,
Учиб юрар, осмонда қушдай.
Вужуди тош, қоп-қора кўча
Чўзилади энг узун тушдай.

Қувончларим, сал қўйинг ёлғиз,
Термулайин юксакка пича…
Бахт қушидай кенг қанот ёзиб,
Учиб юрар осмонда Кеча.

Дарахтлар ҳам кўринмас юпун,
Сарғайса-да барглар — кийими.
Бугун ҳаёт нақадар ширин,
Келди экан ҳаётнинг кими?

ТАНАЗЗУЛ

Сен мени билмаган бир метин қўрғон,
Ғиштим кўчиб тушган, ўтлар — ёлларим.
Унут бир мақбардай тополмадим шон,
Қарагин, чилпарчин бор сополларим.

Бут жойим қолмаган, дарзларим бисёр,
Йўқотдим такаббур қилиқларимни.
Гар билсанг ўзингни менга чин дўст, ёр,
Сен ердан териб ол синиқларимни.

СОМОН ЙЎЛИ

Сомон йўли. Босилмайди бу йўлнинг чанги,
Ухламайди ўтиб кетган карвонлар занги.

Киприкларим найзасига илинган осмон,
Шу тиғ билан ўртасидан тилинган осмон.

Юлдузлар-ку олов туёқ тевалар изи,
Кўзларимни очтирмайди чанглари тўзиб.

Юлдузларнинг ён-гирдида бўшлиқ ҳувуллар,
Ютмоқ бўлиб бу саҳрода бўри увуллар.

Киприкларим найзасида инграйди осмон,
Нақ устимга қуламоқчи чексизлик шу он.

Сомон йўли сурат янглиғ қоқилган кўкка,
Икки учи уфқларга санчилган тикка.

ШОИРНИ ТУШУН

Отилса ортидан таъналар тоши,
Хам бўлса иғводан, ғийбатдан боши,
Тўғон бўл, қуйилса кўзидан ёши,
Биродар, зил кетса, шоирни тушун!

Ўргатма сен унга заҳматсиз бир йўл,
Доим ўз йўлини ўзи топар ул,
Унга пулдорларнинг шафқати бир пул,
Бахти чил-чил кетса, шоирни тушун!

Сен тинмай яшайсан, бола-чақам деб,
Болам деб яшар у эл-юрт ғамин еб,
Ногаҳон ариса ҳаётидан зеб,
Шаробга дил кетса, шоирни тушун!

Ўтмас у бировнинг қўлига қараб,
Эл ҳақин ҳар жойда қилади талаб.
Сочига эрта оқ қолса оралаб,
Умридан йил кетса, шоирни тушун!

Бир кунда неча бор тирилар, ўлар,
Севинчдан йиғлар у, дард ила кулар,
Бир умр, бир умр ёнару куяр –
Бағрида кул кетса, шоирни тушун!

Севдими — қайтарма, йўлидан қолмас,
Берган бор пандингта у қулоқ солмас,
Ғўддайсанг, сени ҳам бир пулга олмас,
Қўл силтаб йўл кетса, шоирни тушун!

Истасанг йўлига чоҳ қил, чуқур қил,
Туширсанг, бир назар сол-да, шукур қил,
Қилмишинг олдида ўйла, фикр қил,
Орзуси тул кетса, шоирни тушун,
Армони мўл кетса, шоирни тушун!

* * *

Ҳувуллаб ётибди шундоқ орамиз,
Адирлар… бўшлиқлар… тоғлар ўртада.
Кўринмай йилларга ёндош борамиз,
Ёнма-ён борамиз ҳатто эртага.

Ён-верда беғубор ҳаётбахш ҳаво,
Биз бирга оламиз нафасни тўйиб.
Ҳар куни тепада шу қуёш, само,
Яшаймиз лутфида қувониб, куйиб.

Ҳамроҳмиз доимий дард, эзгуларга,
Қарагин, ҳаттоки бирдир дилимиз.
Узоқмиз
Ва лекин туну кунларга,
Бир лаҳза, бир вақтда тушар йўлимиз.