Настарин (1986)

Настарин 1986 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган.

* * *

Тилимни сукунат еди беаёв,
Дилимни қиймалаб тунларга бердим.
Шунча илҳақ дўст-у, шунча илҳақ ёв…
Сизни кўнгил аро келади девдим…
Сочилиб кетяпти тонгнинг тушлари,
Бир эсиб севдирган шаббодаларга.
Кўз ёшлар – кўнгилнинг нолишлари,
Дўст бўлди биз каби девоналарга…
Сиз мудом сукунат либосларига
Ўраниб келасиз – қийналади Тун.
Яна бир субҳидам кўзимдан ўпди,
Шунчаки… жимгина ёнмоқлик учун.

* * *

Бир куни…
тўлғониб кетасиз,
Дарагим топмайсиз оввора бўлиб.
Мен эса…
мен эса шунда ҳам
ёнгинангизда
оққан дарё бўламан
тўлиб…
Ҳар бир тўлқинимда сизга айтиб роз,
Шовуллаб ўтаман ҳаётингиздан.
Бир қўшиқ мисоли бўлиб сарафроз,
Асло кетмагайман хаёлингиздан…
Бир куни…

* * *

Сиз?!
Яна сиз…
Руҳимни чулғайди
ҳазин бир титроқ,
Лабларим ўпади исмингиз.
Билмадим қанча вақт яшаб менингсиз,
Ҳиссизлик доғида куйдингиз…
Бу рашкнинг қўллари онқадар
Руҳимнинг кўзига санчилар.
Мен сизни ўйласам ҳар сафар
Гумонлар кўнглимни янчдилар…
Умидлар дилимда мунаққаш
Армоннинг сиёҳи ўзимдан.
Айбситманг –
осонмас тик яшаш,
Мен ердаги само қизиман.

ТЎРТЛИК

Дунёни истадим – фоний дедилар,
Маконинг, замонинг оний дедилар.
Бу олам гирдида чарх урмоқ нечун,
Ичингдаги Ишқ асли олий дедилар.