Наргиза Асад (1984)

Наргиза Асад 1984 йил Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ тумани Гул қишлоғида тавваллуд топди.
Талабалик йилларидаги илмий-ижодий изланишлари самараси ўлароқ, унинг “Саодат манзили” илмий мақолалар ва “Ишқ остонаси” номли шеърий тўпламлари чоп этилди.
Айни вақтда у журналистика соҳасида фаолият юритиб, “Туркистон-пресс” ахборот агентлигида ишламоқда. “Юрагимнинг сарҳадлари” номли шеърий китоби 2011 йил нашрдан чиқди. Шу билан бирга Наргиза ижодкор аёллар учун ўтказилган “Атиргул” мукофоти соҳибаси ҳамда мустақиллигимизнинг қутлуғ 20 йиллиги кўкрак нишони билан тақдирланди.

* * *

Уюлиб ётади столда қоғоз
Бошинг кўтаролмайсан ишдан.
Хонанг иссиқ…
совқотдим бир оз,
Жоним, хабаринг борми қишдан…
Қиялатиб эшигинг насим,
Остонангдан бўйласа сўнг бор.
Англамадинг…
соғиниш касбим
Қара, ахир, кетяпти баҳор!…
Увушдими недандир тананг,
Қароғимда қолса тилаклар.
Кўрмаганга йўйгач ишхонанг,
Олиб кетди,
мени лайлаклар…
Хазонбоғдан келса гар овоз
Изла, энди туйғуларимни
Йиллар бўйи титкилаб қоғоз,
Тополмайсан,
кулгуларимни…

МАНЗАРА

Дардга йўргаклаб бахтни,
Бу фурсатни қанча кутди.
Титратиб еру самони,
Юкли кўкни тўлғоқ тутди.

Карахтланиб қолди замин,
Лаҳзаларга ларза инди.
Чопиб доя гулдираклар
Дўл-ёмғирлар ҳориб, тинди.
Хушхабарни илиб кетди,
Шамол эркка бериб жисмин.
Олам боқиб, қизалоқнинг
Кўкламой деб қўйди исмин.

* * *

Бунча гўзал, бунча дилрабо
Баҳор сени суйганлиги рост.
Атрофингда айланар сабо,
Унинг ишқи шамолларга хос.

Сўз тополмай даштлар бир оғиз,
Бу ҳуснингдан туради карахт.
Ойдалада қўрқмайин ёлғиз,
Айт, қандайин гулладинг дарахт.

* * *

Ватан.
Сенинг ҳар бир буржинг
Юрагимнинг сарҳадларидир.

* * *

Қуёшнинг тикилиб
қолганини кўриб,
дув қизарди олчанинг юзи.

* * *

Тун бўйи… ёмғир
Деразам олдидан кетмади,
Йиғлайверди исмингни айтиб.