Мунаввара Ойматова (1970)

Мунаввара Ойматова 1970 йил, 9 февралда Душанбе шаҳрида туғилган. 1990-1995 йилларда Хўжанд Давлат университети ўзбек филологиясида таҳсил олган. 1995-98 йиллар шу университет аспирантурасида ўқиб, 1999 йил «Ўзбек адабиётида фард жанри поэтикаси ва тарихи» буйича номзодлик ишини ёқлаган.
Ҳозирда Хўжанд Давлат университети ўзбек филологияси факултетида «Румий ва ўзбек адабиёти» мавзусида докторлик ишини тайёрламоқда.
«Буғдой бошоғи» номли қисса билан «Табу» романи бир жилдда 2010 йил Хўжандда нашр этилган. «Мозаика» шеърий тўплами ҳам 2010 йили чоп қилинган.
Ахматова ва Буниндан таржималар қилган.

МОЗАИКА

«Дугоналар куз келдими?»
Гул овози титраб сўйлар.
Ф.Г.Лорка

Шамоллар берар садо,
Булутлар тўқир або,
Ёмғирлар типирчилар –
Бесабр кузги наво,
Йиғлаётир оҳанглар.

Хомуш бева аёлдай
Оғоч сурар хаёллар.
Тани титраб ҳаёда
Ечинади ниҳоллар,
Йиғлаётир оҳанглар.

Сарғимтил тили бийрон,
Хазонрезги подабон,
Ўтаётир зўр карвон,
Гунг ит каби боғ ҳайрон,
Йиғлаётир оҳанглар.

Хожага хор ғуломдай,
Аликка зор саломдай,
Ватани йўқ каломдай,
Фасл йўлчи мажнуна,
Ўтаётир оҳанглар.

* * *

Мени бундан ҳайда, Ўлим овози!
Шарл БОДЛEР

Мен ўлган кунимда…Қабрим устида
Қарғалар қағғилаб учмасин зинҳор.
Тангрим! Лаҳви маҳфуз ичинда нега
Менга битдинг Ажални минг бор.

Мен ўлган кунимда…Дўст душман аро
Фивирлаб ўрмалар ғийбат малахдай.
Биргина Муҳаббат – ожизим, Фусса
Юкидан бошини эгар карахтдай.

Мен ўлган кунимда…Сиғинганларим
Сиртига сув юқмай тутар тобутим.
Тайфин*ни куйдириб юборар зумда
Совуган жисмимдан чиқажак дудим.

Мен ўлган кунимда…Зангор либосда
Валилар ҳассакаш бўлиб йўл бошлар.
Ортимда… Ортимда тили ечилган
Оломон номимни қарғиш-ла тошлар.

Мен ўлган кунимда соғинманг мени…
__________
* Кафан.

* * *

Мен яна сеники…
Эски шеърдан

Мен яна сеники кўнгли тўла Фам –
Қайғу, онам каби меҳрибонимсан.
Мен яна сеники, дийдалари нам –
Алам, отам каби бағриқонимсан.

Илло, бу йўлларга гуллар тўшалмас,
Ўз қоним ичинда кезиб борурман.
Илло, бу чўлларда орзу ушалмас,
Орзумнинг хунида юзиб борурман.

Қалб – кўза, жинлардан тўйган майбода,
Фитналар изғийди, фитна – ғамларим.
Ё Аллоҳ, етурмай етганим Дод-а,
Оҳ, Дилман, моҳдилмас, Дил эмас маним.

Бу самар юртида самарим йўқдир,
Бу ҳажар юртида қамарим йўқдир.
Сен олис – нур олис, манзарим йўқдир,
Ё дод-а, Ой ботди, қантар*им йўқдир.

Йўл излаб бормасман, йўлим ўзингсан,
Тўзонлар аролаб ўтган карвонман.
Кўл излаб бормасман, кўлим ўзимман,
Жонига ишқ туғи кирган армонман.

Сен Гулсан, тикани жонимга сазо,
Ханжарсан, ҳурлиги шажаримдадир.
Дилимни илонга едирдим, илло,
Илон ўлди, ишқи заҳаримдадир.

Мен яна сеники, Қайғу – гунг болам…
_____________
* Эскилар нақлича, январ ойининг ўрталарида кунлардаги ўзгариш.

* * *

Босиб ўтган йўлим ўлимдир,
Ишонч кетди борса келмасга.
Итлар ялар тилла ялоғин,
Ишқим кулар – кўзлари хаста.

Банди бўлдим банди қулларга,
Яна не бор Маргдан қўрққулик?
Остонамда парвона Мотам
Кулгусидан сачрар кўргулик.

Ўлмай ўлиб кетган Умиддан
Қақнусбачча туғади Малол.
Мен гулханман, Ажал гулхани,
Минг бор ўлиб, ўлмаган Аёл!

Босиб ўтган йўлим ўлимдир,
Ўлим кетди борса келмасга.
Қувончлардан чарчаган Ҳаёт
Ўзи бугун менга ҳавасда!

КУЗ СОНАТАСИ

Мен суяндим
Дарахтлар айтган
Видоларнинг аёқларига.
Зангор қалбим мезон ипини
Улашганда ўртоқларига,
Мен суяндим.

Мен ишондим…
Ёнғоқ бошида
Ёнғоқ чаққан ҳакка минқори
Чанқовузга айланса зора.
Турналарнинг ҳайинчаклари
Кўзим чалган самовий тор-а,
Мен ишондим.

Мен суяндим
Сир*нинг сирли қўшиқларига
Жўр бўлмаган қирғоқларига.
Дард тўккувчи сув оҳларига
Мен ишондим.

Шунда Хўжанд –
Қалби соҳирам
Юзимдаги ашк изин ювиб,
Фам дийдасин ҳурдай супуриб,
Бағрига жим босди танимни.

Мен суяндим Хўжандларимга!!!
__________
* Сирдарё

* * *

Шафақнинг уфқида кулга тўкилдим,
Сабоҳлар онамдир, йўлга тўкилдим,
Тонг сочим силади, кўлга тўкилдим,
Сувпари…

Фарқ*имдан йўл юрди фарқи йўқ Зулмат,
Томирим чийралди – томирга Қулман,
Кавокиб кафтида кафкири Исмат –
Ой – пари…

Ҳай десам, Ҳаюло садолар қайтди,
Оҳ десам, Оҳимни гадолар айтди,
Воҳ десам, Воҳимга нидолар байтдир –
Гул – пари…

Тариқдай тариқлар жоним Тариқат,
Кўзимдан фол очиб йиғлар Маърифат,
Руҳимни парчинлар АРШга Ҳақиқат –
Ёй –пари…
_____________
* Соч орасидан очилган йўл.

* * *

Юрагим уфқига чўкиб бўлди той,
Ҳар не ийлаб эдим, ҳоким қоним лой,
Шошиб зулмат билан қовушади Ой,
Дардим қофила.

Йўллар қинда ухлаб ётган қиличдир,
Сабрим сароб ичган мўмин илинждир,
Тушим тошга дўнган нотинч севинчдир,
Кўзим – зангула.

Каҳкашон тўкилган ишқдир болишим,
Касрату ҳасратдан кофир нолишим,
Ой кўрган шафақда қолдим ковушим,
Кўз ёшим – ҳалима.

Заминим – гунг ҳофиз, камим Хизрдир,
Гуллаган Қуёшда жисмим мисрдир,
Жовидоним, Ишқ-эй, жоним назрдир,
Дилим – хотима.

ҲОЛАТ ШEЪРИ

Мен ЎЗимни ёзиб чарчадим,
МEНи ёзиб чарчамади Фам.
Кўз ёшимга тўйди-ку замин,
Мени ичиб чарчамас Алам.

Қучоғимга сиғмаган олам
Қучоғида яшарман дилхун.
Бошин силаб толса ҳам қўлим,
Бошимни ҳеч силамайди Кун.

Тонгни истаб етмасман НУРга,
Менга етиб келади Тунлар.
Шу кетишда чорларман Кунни,
Кул бўлади кўксимда унлар.

Мени ёзиб чарчамайди Қўл…

* * *

Фалакнинг сирлари сочилиб кетди,
Эркакнинг белбоғи ечилиб кетди,
Хиёнат раққоса эшилиб кетди,
Кўнглим, бошқа дунё топдингми Ишқдан?

Бўрилар увлади, Аёл йиғлама,
Шамоллар гувлади, Аёл йиғлама,
Кеча тонг туғади, Аёл йиғлама,
Дилим, ўлмас рўё топдингми Ишқдан?

Кўзим қўрғонида ухламас уммон,
Юрак исёнида тўхтамас бўрон,
Бир лаҳза…бир лаҳза инграма армон,
Дилим, сўнмас риё топдингми Ишқдан?

Узум сувларига чўмил-а лабим,
Бўса канорина кўмил-а лабим,
Ҳеч йўқса бир бора кулгин-а лабим,
Кўнглим, кулмас рўё топдингми Ишқдан?

ЎЛИМГА ҚАСИДА

Лаззатлар ичида лаззатбахш ўзинг,
Сенинг туфайлидан гўзалдир олам.
Сен – Қайғу, валекин нажотбахш кўзинг,
Шундан Ҳавосини соғинар Одам.

Ҳамма кетар, вале сен кетмаяжак,
Азроил қўшиғи каби янграйсан.
Манзарлар, жалоллар – келажак,
Лошлар қабрники, сен-чи, ўлмайсан.

Ўлим ўлмасдир деб сендан қўрқишар,
Баъзида лаънатлаб, йиғлайди инсон.
Қўшилиб йиғлайсан, йиғингда кулгу,
Шундан яна гўзал бўлади жаҳон.

Тез-тез ёдлаб тургум, ёдимда борсан,
Ёдинг ёдгорликдай рўйи заминда.
Яшашни севганга сен мудом ёрсан,
Сирлар аҳрор эрур сенинг замирда.

Азроил дейишар баъзида номинг,
Баъзан ном тополмай бандалар ҳайрон.
Сен гулсан, қабрнинг ёнида ўсган ,
Шундан шодлик билан қайғу ёнма ён.

Шукр, борлигингга, шукр беадад,
Йўқса, ҳаёт бунча бўлмасди ширин.
Сен-чи, буюгимсан бу лаззат ичра,
Доимо пинҳонсан, доим яширин.

Эй ҳаёт қўшиғи – зангори ўлан,
Тилсимли тилингда гуллайди Ҳаёт.
Сени Муҳаббатдай ёдламоқ лозим,
Сен Ҳаёт нафаси, сенсан Муҳаббат!

* * *

Ўтар бўлдим гузарларким,
Гузарларда хатарлар чин,
Кўзимда йиғлагай ёсмин,
Мани бирёнага келма!

Бу йўлким, интихоб қилдим,
Йўлингда, воҳ, хароб ўлдим,
На гулшан бу, шитоб кулдим.
Мани девонага келма!

Мани афсонага тўйма,
Шами вайронага йўйма,
Қуёш куйсин, сан-эй, куйма,
Мани сарсонага келма!

Азал котиблари шайдир,
Бу шайликда дилим найдир,
Найимда оҳларим майдир,
Мани майхонага келма!

Бу гиря – гиряи афсун,
На афсун, ишқ ила фузун,
На фузун ишқ ила фунун,
Мани бегонага келма!

Бу куйларким, хазониман,
Хазонининг азониман,
Азонининг сўзониман,
Мани гирёнага келма!

Кангул буту Манотимдир,
Кўзим қони давотимдир,
Етти дўзах ҳаётимдир,
Мани исёнага келма!

Бу йўлларким, ғубориман,
Жараси зор сувориман,
Манам жаҳаннам нориман,
Мани сўзонага келма!

* * *

Хароб ўлдим, хароб ўлдим,
Хароби майи ноб ўлдим.
Бу не дарддур, шароби Тур
Хаёлида азоб ўлдим.

Бу Лот бирлан Манот манда,
Пари куйган қанот манда.
Дариғоким, шамим ёнмай
Куйиб битган сабот манда.

Аё аҳбоб, ҳабиб бўлмас,
Руҳим танҳо, табиб билмас.
Бошим кўкда, гуноҳлардан
Зада лошга назар қилмас.

Кўзим фандур, қани олим,
Илм дарддур, манам золим.
Шаррар тўккан шамоллардан
Шароб йиққай пару болим.

Хароб ўлдим, хароб ўлдим,
Саҳарларга офтоб ўлдим.
Йўлинг қайда, сўроқловчи
Саволларга жавоб ўлдим.

Хитоб қайда, шитоб қайда,
Бу ошиғич сафар ҳозир.
Қани бандам, итоб қайда,
Бу йўлга, оҳ, жунун арзир.

Мараз қоним шароб қилдим…

* * *

Қаро отлиқ, қаро тўнлик,
Мани кўрголи келдингми?*
Бу манзил не, кетар кунлик
Савол сўрголи келдингми?

Қарошингда Ойим ботди,
Берарсанми жавоб-додни,
Йўлларингга ҳижрон боддир,
Қарор этголи келдингми?

Гиёҳларда ибодатим,
Сиёҳларда ижобатим,
Сабоҳларда саловатим,
Санам билголи келдингми?

Адо бўлдим фаразларга,
Сазо бўлдим маразларга,
Физо бўлдим аразларга,
Шуни билголи келдингми?

Ё дўст, десам садо қайтмас,
Арши узра нидо қайтмас,
Гадолиғим гадо айтмас,
Санам кулголи келдингми?

Қаро отлиқ, қаро тўнлик,
Бошим узра ою кунлик
Сабоҳларда йиғлаб мунглик,
Садом бўлголи келдингми?
__________
* Халқ қўшиғидан.

ОРЗУ

Мани гулзор аро Гулга дўн энди,
Қани гулшан аро Гулни кўр энди?
ГУЛни узсанг, гулинг ҳолин билурсан
Ҳавво кечган жаннатингни сур энди,

Бу хилватда ҳаловатлар истамай,
Анжуманга етай дедим, етургил.
Кўзим тинса, қаллобимда минг туғён,
Жаҳаннамга шу туғённи кетургил.

Калом десам, қаламимда қон йиғлар,
Каломингга фидо бунда жон йиғлар.
Мани мастон, мани ҳайрон этарга
Калом ичра куйиб ду жаҳон йиғлар.

Қароғингда бу офтобу тоб йиғлар,
ТУР устида турарга борму имкон?
Юракимда юрак ютса ғанимим,
Ялинганда етим қолгайму имон?

Жалоллардан жадид истаб аммора
НАФС илгида ўйинчоқман, кўр энди.
Қанот қоққан Жибрилга арз айтмоқ
Орзусида ўлиб борсам, сўр энди.

Ажаб мавло, мани ҳайрона этган
Саволларни ечиб бергил, кўройин.
Бу кўнглимни, ол-э, кўнглим ғанимим,
Кўнгил қўймай, кўнгилни ўлдиройин.

Он демасман, они истаб борурман,
Сан демасдан, сани истаб борурман.
Саро поки нажиб яъслар аро ман
Ман демасдан, мани истаб борурман.

Мани гулзор аро ГУЛга дўн энди,
Гулкосамда кўнглим шароб, сўн энди.
Бу гулшанда мани Нурдан отим бор,
Исм ҳаққи, гуноҳимга кўн энди.

Мани Гулга, мани ТУРга дўн энди…

ДУО

Бу кўнгил гул бўлса, гулшод бўлинг Сиз,
Ман бир вайронаман, обод бўлинг Сиз,
Бандийи ишқ менман, озод бўлинг Сиз,
Ишқдан ваҳий келсин, ишқзод бўлинг Сиз,
Ишқимда насиби ИШҚ бўлинг, омин!

Вайрон шаҳристонда бойўғли йиғлар,
Ҳаққуш оҳи билан най тўйиб йиғлар,
Ҳажрда сел бўлган сой тўлиб йиғлар,
Менга жони куйиб Ой куйиб йиғлар,
Насиби ҳижронга рисқ бўлинг, омин!

Либосдай ечилган вужуд дарбадар,
Шу либос ғамида қаландар йиғлар,
Ашклари бақода дарёи ахгар,
Риё дунёнгиздан руҳим ҳам ахтар,
Сиз ахтар куйида Ашк бўлинг, омин!

Раққосдай рақс этар кўнглимда зикр,
Сочимдан товоним қадарин шукр,
Ишқим маломатдир, ишқим-да таҳқир,
Вале вирди забон – илоҳий такбир –
Муғхона дайрида Ишқ бўлинг, омин!

* * *

Бало ўзимдирман, балогардонман,
Ўзим босқондирман, ўзим сандонман.
Тарийқлар ичинда тариқман, аммо
Тарҳин Увайс бузган ўшал дандонман.

ТАКЛИФ

Сиз билмассиз, кўнглим – ҳур Каъба,
Унда пайдо илтижо, тавба,
Абрларга энг яхши манба –
Кўзимдаги Зам-замни ичинг.

Ҳижоз йўлида томирда қоним,
Сийнам уйи – роҳи равоним,
Бармоқлардан токи товоним
Оқиб ётган ноламни ичинг.

Оч қашқирдай қариган андуҳ,
Парвоз тилаб чарчаган хор Руҳ,
Йўл йўқотган карвондай гуруҳ –
Кўлда подшоҳ – Жоламни ичинг.

Фалак сирин ечолмагайким,
Юлдузларга тўкилган жисмим,
Вақт ҳукмида сокин қулдай жим –
Изимдаги Аламни ичинг.

Одам излаб оҳ урган Ҳавво,
Одамига ҳур, тоза ҳаво,
Жинонлардан қайтгувчи наво –
Кўнглимдаги Одамни ичинг.

Навбаҳорлар сайрида борман,
Симурғларнинг тайрига ёрман,
Назаркарда хайрига зорман,
Бу бежавоб оламни ичинг.

* * *

Бу мендирман, сени бойқуш қилоли,
Ажаб дилгир, ажиб сирли харобот.
Кел, эй, НУРда оқиб-оқиб ўлоли,
Бошимдан НУР бўлиб оқар маломат.

Калом ичра қалам бўлгай иродат,
СЎЗим ёнмай, ўзим ёнсам далолат.
Қўлим суқсам, кулинг ёнгай, ажабким,
Надоматга қолибмиди Муҳаббат?!

Тани урён, дили пинҳон оломон
Сани манга бериб айлар камомад.
Ки, шохида гули ҳайрон дарахтман,
Тижоратда ажаб мундоқ даромад.

«Сарам хоки роҳи ҳар чори сарвар»*,
Санам юргил ўтиб кетмай бу омад.
Сочим лашкаргоҳи қилмай хиёнат,
Қори қилгай вужудингда иқомат.

Бу ҳасратким, мани сайрона қилган
Меҳробида залолатдан имомат.
Роҳибдирман – яланг кетган Робия**
Сиёғинда тилаб турган камолат.

Сабоқ истаб уммонига қарасам,
Садаф ичра ётиб йиғлар зарофат.
Тўрт йўлинда кетиб қолди валилар,
Мен борарга алар қилгай кафолат.

Ажаб дилгир, ажиб сирли харобот,
Кўриб ҳайрон қолар ғолиб малак Мавт.
Туғёнларга ватан бўлган иморат,
Ки мен, менга меҳмон ҳар кун ўшал Фавт.

Ажаб дилгир, ажиб марғуб муножот,
Устухонда адо этар ибодат…
_____________
* Маш тортишда айтиладиган зикр.
** Робиъат ул- Адавийя – сўфий аёл.

НОСТАЛГИЯ

Сизга аён эмас бу ҳасрат,
Оппоқ мотам тутади Фуссам.
Менсиз қолса чекар надомат,
Яшил гуллар ёнига келсам.

Тозалайман Фийбатдан Бахтни,
Фаррош хаёл артар чанг-дардни.
Хона – Ишқнинг ҳур вайронаси,
У жимгина ютар Фам-гардни.

Мени, мени қўмсайди Фусса,
Кетиб қолсам қувончга томон.
Сени Шодлик қўлига тутиб,
Мени кадар олгандир товон.

Шундан кунда минг бор қайтаман
Оппоқ мотам либосли Дардга.
Шундан кўзим кулару йиғлар
Ҳатто сабо келтирган Гардга.

Ҳур вайрона қайғумнинг уйи,
Ишқ – Қайғунинг минг оҳанг, куйи.
Вале менда миллёнта оҳанг!

* * *

Алвидо.
Сукутнинг бағрига сингмаган нола.
Алвидо.
Кўзимга сиғмаган ҳур жола.
Алвидо.
Кўнглимга сиғмаган гунг вола.
Алвидо.
Хазонга тил битган девона шамол.
Алвидо.
Ўйимга сиғмаган,эй чусти хаёл.
Алвидо.
Ўзимга сиғмаган орзуманд Аёл.
Алвидо.