Муҳтарама Улуғ (1952)

Муҳтарама Улуғова 1952 йилда Марғилон шаҳрида туғилган. Фарғона Давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тамомлаган (1972).
“Бойчечакнинг тушлари” номли биринчи шеърий тўплами 1983 йилда босилиб чиққан. “Муҳаббатга тўймасман сира” (1985), “Кунларнинг бағри кенг” (1987), “Эй дилим!” (2008) номли шеърий тўпламлари, Ўзбекистон халқ шоири Зулфияхонимга бағишланган “Муҳаббат саройида мангу қолганлар” (2005), “Баҳор келди сени сўроқлаб” (2015) номли бадиий-публицистик китоблари нашр этилган.
Муҳтарама Улуғова “Шуҳрат” медали ҳамда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими унвони билан тақдирланган.

* * *

Ой — кўнгли бутун дилбар,
Юлдузлар — тонгдан хабар,
Ой, юлдузлар самода
Юксалар кўнглим қадар.
Атрофим сокин, мудроқ,
Кўз юмсам, кўнгил уйғоқ,
Дилимда шуълаи ТОҚ!..
Осмон яқин, ер йироқ…

* * *

Муяссар бўлдилар дилимга
Осойиш муждалар насимдек.
Не ғубор, не ғашлик — ювилди
Қумларга чизилган расмдек.
Ажаб, тун кундуздек чароғон,
Дил мени қизғонар уйқудан.
Ул сўқир шамоллар йиқитган —
Гуллар бош кўтарар руҳимда.

* * *

Бомдод бу — етти қат осмондан
Шуълалар ёғилар сим-симлаб.
Нигоҳинг тушган тўрт томондан
Янгидан очилар тилсимлар.
Гар огоҳ, гар уйғоқ — энг қутлуғ
Эврилиш, мўъжиза кўксингда,
Тилайвер ҳидоят, шояд нур
Дилингга осмонлаб тўкилса!

ТИЛАК

Саҳарларда юзин очиб,
Ердан дуо сўрайман.
Сувлар қуйиб дарахтлардан —
Баҳри дунё сўрайман.
Қаддин тиклаб, боши эгик —
Гуллардан дил сўрайман,
Кўнгил бериб, ҳар саргардон —
Кўнгилдан йўл сўрайман.
Топганларим кў-ўп бўлсин деб
Умримни мўл сўрайман.
Банда ўлмас — ризқ узилмас,
Етса басдир йиққаним
Бу дунёнинг туйнугидан
Нур оламга чиққани.

БИР ГАП…

Оёқ қўйма кўнглимга,
Гарчи сенга ҳеч кимман.
Маликахон ойимнинг
Жомидан сув ичганман.
Парийми, ҳурмиди ул,
Нафаси жамбил эди,
Бойлиги — бир ҳовли гул,
Бахти — содда дил эди.
Сарой этиб кўнгилни
Товланарди товуши,
Ғуборгаям босмасди
Ярақлаган кавушин.
Ҳар томчи, ҳар гиёҳдан
Топиб минг завқу маъно,
Кумуш каби биттайди
Шаҳри Марғилон аро.
“Ўтган ўтди”, — дейсанми,
Кимни аябди замон!
Лекин менинг қонимда
Исми йўқ недир омон.
Кўпдан ортда қолмай, деб
Ким югуриб елади,
Мен ҳар тонгда гулбаргдан
Шабнам ичгим келади.

ОНАМ

Саҳарлар тушми ё ҳушдек —
Ҳарир чоғлардаму дийдор?
Ғаниматни бериб елга,
Кейин оҳлардаму дийдор?
Танам йўқликка маҳкумдир,
Вале соғинч илоҳий нур,
Сифотига тилим ожиз —
Ўшал БОҒлардаму дийдор?..

* * *

Манам бегонаю дўстга ўзимни сўзлаганлардан,
Меҳр кўп бердим-у, ҳеч топмадим деб бўзлаганлардан.
Не ҳолим бор, не ҳаддим бор, тўкил тупроққа эй, кўнглим,
Бу қайтар дунёда мен ҳам муҳаббат излаганлардан.

ҚИЗИМГА

Юзимга бу дунё ташвиши
Парчинлаб ташланган ниқобдек.
…Чарақлар гул ниҳол кифтида
Саҳардан шомгача офтобдек.
Фармонман — кипригинг кўтармай
Розисан — узасан қарзингни.
…Қушлар жиш боласин оғушлаб
Бермоқда муҳаббат дарсини.

ЎЗИМГА

Руҳингдаги зангор ранг қонли
Кўр илонни зинҳор уйғотма:
Бандасидан илтифотталаб
Илинж тутма — гуноҳга ботма.

Сўнгги имкон бармоқларингдан
Силқиб кетса мисоли ёмғир,
Қалбга суян, кўзларингни юм,
Макр — олғир, истеҳзо — оғир,

Саҳродаги адашган гиёҳ —
Янглиғ қолсанг яккаю ёлғиз,
Зинҳор шафқат қатрасин тилаб
Кимсалардан тушмагин ожиз.

“Алҳамдулиллаҳ!” — де, бу қисмат
Муҳаббати энг Меҳрибоннинг,
Руҳу жонинг поклаб олмоққа
Бўлмас бундан ортиқ имконинг.

Ишон қалбинг осмонларига,
Унда Ҳақдан қутлуғ нурлар бор,
Оғир синов бўлса бугунинг,
Демак, олдда яхши кунлар бор.