Муҳаммад Раҳмон (1949-2010)

Муҳаммад Раҳмон 1949 йил Қашқадарё вилояти, Китоб туманидаги Паландара қишлоғида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (2003). ТошДУнинг журналистика факультетида тахсил олган (1967— 72). «Мувозанат» (1976), «Яшил дарё» (1979), «Юрагимнинг дастхати» (1986), «Ижобат» (1984), «Асраганим, авайлаганим» (1987) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Болалар учун ҳам асарлар ёзган («Момоқаймоқ», 1978; «Ерга тушган камалак», 1981; «Қанотли тушлар», 1989). К. Чуковский, А. Л. Барто шеърларини, Лизолетта Вельскоф-Генрихнинг «Токей Ито» романини ўзбек тилига таржима қилган.


ТАҚВИМ ВАРАҚЛАЁТГАН ОДАМ

Тақвим варақлаётган одам
Хомуш тортиши керак:
Умр ўтяпти, умр!
Тақвим варақлаётган одам
Ўйга толиши керак:
Рози қила олдимми ота-онамни?
Фарзандларим тарбияси нечук?
Тиқ этса эшикка термилиб,
Кўзлари йўлимга тўрт бўлмадими
Ўсал ётган биродаримнинг?
Учмадимми шайтон васвасасига,
Иймоним саломатми?
Сўнгти манзилимга қўйиб қайтсалар,
Йўлда биров астойдил куйиб,
Хўрсиниб-хўрсиниб айта оларми:
«Кетган — қайтар,
Кетмонлаган қайтмайди!»
…Мен ҳали ҳаммасини айтмадим, шошманг,
Ўзгачароқ ўйлаши ҳам мумкин
Тақвим варақлаётган одам:
Тушликни қаердан қилсам экан,
Эрта кимнинг йилоши эди?
Ўтириб қолмадимми бир жойда узоқ,
Кимнинг тагига сув қуйсам экан?..
Пойабзал қалашиб ётар остонасида нуқул,
Худонинг берган куни уйида меҳмон —
Ёмби топиб олганми ялангоёқ қўшним?!
Чапқанот қўшнимиз — ёлғиз аёлнинг
Эшик дастбандига кеча аллаким
Илиб кетди бир сават оқ гул! —
Сабаби 8 мартмикан фақат?..
…Ватан учун осилиб кетиш,
Ватанга «осилиб» ҳам яшаш мумкин…
…Мен ҳали ҳаммасини айтмадим, шошманг,
Сермулоҳаза бўлади
Тақвим варақлаётган одам.
Дейлик, гарчи Улуғбек эмас,
Ал-Беруний ёки Галилей,
Валекин мунажжим иштиёқи-ла
Кузатиб бориши мумкин у
Буржларда қуёшнинг ҳаракатини.
Тақвим варақларидан
Кунма-кун, соатма-соат
Кузатиб бориш мумкин!
Масалан, жавзонинг йигирманчиси:
Қуёш чиқиши — роппа-роса беш.
Бир ярим — авжи камоли,
Вақти заволи — етти ярим…
Етказган кунига шукур қилиш керак,
Тасаннолар айтиши керак
Ҳисобдон инсоннинг заковатига
Тақвим варақлаётган одам.
Лекин…
Хулосаси бошқачароқ бўлиши ҳам мумкин.
Айтдим-ку, сермулоҳаза бўлади
Тақвим варақлаётган одам.
Хусусан, қалбини ўраган бўлса
Кулча илон каби ҳасад ва ғараз,
Кибру ҳаво ўраган бўлса.
Ҳамма ва ҳамма нарсага,
Борингки, Қуёшга ҳам
Мефистофел назари ила боқса:
«Биламиз, ҳозиру нозирсиз қаерда, қачон —
Босган қадамингиз ўлчоқли!»

…Бир кифтимда раҳмон,
Бир кифтимда шайтон –
Ўзинг инсоф бергил бандаларингга.

КЎҲИ ПАДАРКУШ

Тутаб ётар кўҳи Падаркуш*,
Шамол увлар мағораларида.
Кўрган каби хатарли бир туш
Жилғалар тўлганар жарларда.

Чўзилган ҳу, уфққа қадар
Қизғалдоқлар — узун қонли из.
Бунда мунгли қиссалар айтар
Ҳар бир сўқмоқ, ҳар майса, ялпиз.

Кўринмайди юлдуз-да, ой-да,
Таҳликали кишнаган отлар…
Улуғбекни худди шу жойда
Қувиб етган эмиш жаллодлар!

Ўғил — нонкўр, қисмат — беомон,
Ёзиқда ёзгани ўқилган:
Бу жойларда бир вақт, бир замон
Улуғбекнинг қони тўқилган!

…Тикиламан зирваларга жим,
Юрак-бағрим ғуссаларга ғарқ…
Шарқ, ростдан ҳам нозиксан, тилсим,
Билиб бўлмас сени бирдан, Шарқ!

Ҳиммат деган бўлар-да шунча,
Неклик борми бундан ҳам ортиқ –
Зеру забар подшоларингга
Ҳаж сафарин айлабсан тортиқ!

Йиғлабсиқтаб ком, анжом билан
Олис йўлга кузатганинг дам, —
Унутмабсан улар ортидан
Ҳатто… қотил жўнатишни ҳам!..
____________
*Ҳисор тизмаларидан бирининг номи,  Ургут ва Китоб туманлари чегарасида.

* * *

Сен ҳам эслайсанми гоҳ қолиб холи,
Қўмсайсанми кўнгил кўчаларини…
Мунаввар айлади ойдин хаёлинг
Савдоли бу умрим кечаларини!

Сен ҳам эслайсанми ёшлигингни — шаън,
Ранги, ифорини — нечук эди ул?
Мени маст қилади қирқ йил наридан
Китобинг қатига қистирилган гул…

Обу оташидан дунёни ўтдинг,
Бекарам, бир кам деб қарғарсан ёмон…
Севги-чи, илк севги… наҳот, унутдинг,
Мен эса соғиниб яшайман ҳамон.

Номалар битардим сенга бир талай,
Қоғозга ишониб сирларнинг сирин.
Хатжилдни ёпардим ширачин ялаб –
Хатжилдлар ўзингдек, сўзингдек ширин!

Тонмайман бўғзимга ботса ҳам тиши,
Эслаб хўрсингулик ёзим, кишим бор.
Йўкдир дунёсининг мен билан иши,
Менинг бу дунёда йўқлар кишим бор!
Сен ҳам эслайсанми…

ҲАЗРАТИ БИШИР ҲИКМАТЛАРИ

* * *

Кўп кўрганман жазавангни, шовушингни,
Кўтармасанг бўлармиди товушингни.
Насиҳатинг учун қуллуқ…
Ўнгу терсдир,
Тўфи кийиб олгин, болам, ковушингни.

* * *

Кўклам — кечалари ёп-ёруғ тушдир,
Кундузи руҳимда сайраган қушдир.
Елда чайқаламан қизғалдоқ каби,
Ёраб, нафасларинг бунчалар хушдир!

* * *

Аё замон, сенми бу нав тарз берган,
Ажиб бир ҳол мантиғини йўқлайди:
Шифтға қараб уф тортади карз берган,
Қарз кўтарган хуррак отиб ухлайди!