Муҳаммад Али (1942)

Муҳаммад Али (Аҳмедов Муҳаммадали) 1942 йил 1 мартда Андижон вилоятининг Бўз туманида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1992). Москвадаги М. Горький номидаги Адабиёт институтини тугатган (1966). «Фазодаги ҳислар» (1967), «Шафақ» (1968), «Оталар юрти» (1970), «Достонлар» (1974), «Оқ нур» (1977), «Илҳом париси» (1980), «Сен бир гулсан» (1989), «Она дуоси» (1994) ва бошқа шеърий асарлар муаллифи. «Улуғ салтанат» (2 китоб, 1999) тарихий романи ҳам бор. «Сарбадорлар» (1989) роман-дилогияси адибнинг насрдаги дастлабки асари. «Боқий дунё» (1981) шеърий романи Жиззах қўзғолони воқеаларига бағишланган. «Рамаяна» (1978), крракалпоқ эпослари «Шаҳриёр» (1977), «Маспошшо» (1985), шунингдек, Р. Бёрнс, У. Табидзе, Байрон ва бошқа ёзувчиларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Бердақ номидаги Қоракалпоғистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати (1984), «Мехнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган (1999).

* * *

Том бошида ёйилган хирмон,
Дон шопирар буғдойранг аёл.
Гоҳ кўзлари бўлиб нигорон,
Йироқлардан чорлайди шамол.

Ғув-ғув эсиб қолар шабада,
Дон қуйилар ғалвирдан шов-шув.
Пастда эса, мўъжаз кулбада
Ўғилчаси ётар беуйқу.

Ҳув нарида, тоғлар бошида
Куйлаб ётар шалола шов-шув
Ва аёлнинг шундоқ қошида
Сирғанади шабада ғув-ғув…

Дон шовуллар, шовуллар хаёл,
Мавжудот ҳам қайтарар садо.
Эсишини ҳеч қўймас шамол,
Ғалвирда ҳам дон бўлмас адо…

* * *

Ҳув тоғларга қор тушар,
Боғларда анор пишар.
Қачон менинг тоғ қалбим
Сен боғ билан топишар?

Эй, тоғдаги мағрур қуш,
Совуқ тошга боссам тўш!
Ҳув дарада бир қиз бор,
Ёстиғининг ярми бўш…

Чўққидаги қоя тош
Ёлғизликдан эгар бош.
Яккаласа ёмғирлар
Кўзларидан тўкар ёш.

Боғда ҳам бир танҳо гул,
Танҳолиқца аъло гул,
Кўз ёшига юз ювар,
Сўнгсиз ғамларга машғул.

Сен ёлғизсан, мен — диққат,
Иккимизга йўқ шафқат.
Ўртамизда овора –
Сарсон бўлди муҳаббат…

Ҳув тоғларга қор тушар,
Боғларда анор пишар.
Бир кун менинг тоғ қалбим
Сен боғ билан топишар…

* * *

Кўнгил ошно бўлмоқ истагида маст,
Макон тутсам дейди ошёнингизни.
Бошимга кўтарай ерларни эмас,
Ёлғизгина порлоқ осмонингизни.

Оҳ, дилда туғилар ғаройиб бир шеър,
Офтоб тўкис қиздай жилмайиб боқар.
Арши аълодан то рутубатли Ер
Илҳомлар селида тўлғаниб оқар…

Севаман! Севаман! Садқаси кетай,
Узай, бас, тилкалаб бор ришталарни!
Лойдан яратилган бўлсам-да, нетай,
Нетай, кўнглим тилар фаришталарни!..

СЎРОҚҚА АЙЛАНГАН ОДАМ

1.
Даставвал йўқ эди, мутлоқ йўқ эди…
Сўнг рўё ичида рўё бўлди у.
Жаҳон айвонида, ҳаёт уфқида
Бир кун нуқта янглиғ пайдо бўлди у.

2.
Сўнг нуқта улғайди, йўл тушса агар
Кўчалар тўлгандай бўлди наздида.
«Мен энди ундовман!» — деди муқаррар,
Бош қўйди осмонни тутмоқ қасдида!

3.
Узоқ умр кўрди… Қадамлар, ҳайҳот,
Кўп нуқталар янглиғ оқди самарсиз.
Аммо бари билан дил дашти обод,
Маъносиз сезади ўзни аларсиз.

4.
Энди «сўроқ» мисол қолди мункайиб,
Елдирим замонга қараб турар лол:
Нега шундоқ?
Нечун?
Нега?
Кимда айб?.. У-
Дунё юзига отилган «савол!»

* * *

—    Кўзларингиз қисиқ, осиёликлар,
Олам кенглигини қандоқ кўрасиз?
Шунга ярашадир сизда биликлар,
Шундан орқароқца юрасиз.

—    Ҳайҳот, осиёлик сийрати қизиқ,
Бугун армонлари туғён урибди.
Келажак қандоқ деб, кўзларин қисиб,
Олис-олисларга боқиб турибди!..

ОНА ДУОСИ

Биринг икки бўлсин нима ушласанг,
Йўлларинг оқ бўлсин тоғлар қорича.
Сен ёруғ дунёда тинч юрар бўлсанг,
Мен дуо қиларман умрим борича.

Кўзингда кўрмасам алам ранжини,
Бошингда кўрмасам тумонот савдо.
Олиб бермасанг ҳам олам ганжини,
Сендан онагинанг ризодур, ризо!

Ҳаётинг бемаъно туюлса, болам,
Қоронғу кўринса бу кўҳна дунё.
Кетсин деб қалбингдан ер юткур алам,
Ёришсин дунё деб айларман дуо.

Юрагинг қисилса такрору такрор,
Кенгликка чиққин-да, айтгин шўх ўлан,
Бу ҳам ҳасратингта келмаса бакор,
Кўнглингни бўшатгин шеър ёзмоқ билан.

Қадим эртакларни тинглаш создир хўп,
Олтин умрларни унда кўрарсан.
Сеҳрли ҳаётга маҳлиё бўлиб,
Бевош ўйларингни алдаб юрарсан.

Етишсанг, тўй берсанг юртга мабодо,
Жамшид ҳавас қилсин сенинг базмингта.
Номинг достон бўлиб юрсанг эл аро,
Мурод-мақсадингта етсанг, бас, менга.

Ёмонлар йўлини тутмагил минбаъд,
Фисқу фасодлардан йироқ бўл, тўхлим.
Олгину олдирма, униб-ўс, фақат
Юзимни ерларга қаратма, ўғлим!

РУБОИЙ

Дедилар: «Кетди ёр, қад букма ёйдай,
Кўнглингни бир жойга қўй, шундан фойда…»
Оҳ, кўнглим бир жойга қўяйин десам,
Бир жой жойидамас, у ҳам бир жойда…

ФАРДЛАР

* * *

Ҳажрингда чидамай ҳадсиз фироққа,
Ўзимга келай деб кетдим йирокқа…

* * *

Елкамга оёқ қўйишиб, яна:
«Елканг қаттиқ!» — дея қилурлар таъна!..

* * *

Агар сир-асрорингни, — оқилу доно эсанг, —
Дўстингга ҳам айтмагил, душман билмасин десанг…