Муҳаббат Иброҳим қизи (1950)

Муҳаббат Иброҳим қизи 1950 йилда Марғилон шаҳрида туғилган. Олий маълумотни Тошкент Давлат дорилфунунининг журналистика куллиётида олган.
1970-йилдан буён матбуотда ишлайди.
Илк ижод намуналари «Ленин учқуни»да 1962 йилда чоп этилган. Шундан буён
вилоят, реслублика матбуотида қатнашиб келади. Қатор қўшиқлар муаллифи. 1975 йилда Москвада бўлиб ўтган ёш ижодкорларнинг Бутуниттифоқ семинар-кенгаши қатнашчиси.


АЗИЗ ОДАМЛАР

Дилимни чулғади ажиб бир туйғу,
Ҳисларим тебратиб мисли беланчак.
Секин тун қўйнига бекинди уйқу,
Сиз томон чорлади самовий чечак —
Азиз одамлар!..

Илҳом чашмасида ювиб юзимни,
Оппоқ тонг қўшиғин куйлаганда най.
Ўтли нигоҳларга тикдим кўзимни,
Сизларни шарафлаб қуйилди оҳанг —
Азиз одамлар!..

Дунёда яшолмас ёлғиз ҳеч киши,
Одам бор — одамзод билан у тирик,
Митти юрагида олам ташвиши,
Шодлиги — шодлигим, дардимга шерик —
Азиз одамлар!..

ЯНА СЕНИ ЙЎҚЛАБ ҚЎЛИМДА ҚАЛАМ

Яна сени йўқлаб қўлимда қалам,
Яна сўроқлайди юрак қурмағур.
Яна дилгинамни ғижимлар алам,
Гарчи мен ўзимни тутсам-да мағрур,
Сени сўроқлайди юрак қурмағур.

Анҳор бўйларидан излайман сени,
Хиёбон кўчадан ўтармисан ё?..
Тақдир йўлларидан излайман сени,
Иқболинг тарк этиб кетармисан ё?..
Сени сўроқлайди юрагим танҳо!..

Олис юлдузларга боқсам тунлари,
Ҳуркак хаёлимда ёниқ кўзларинг.
Сен билан бахтиёр ўтган кунларим,
Шеър бўлиб қуйилар ширин сўзларинг,
Юрак сўроқлайди ёниқ кўзларинг.

Шунда қўлларимга тутади қалам,
Сеҳринг ҳарорати дилни этиб лол.
Зимдан юрагимни туртади алам,
Наҳот сўнгги сўзинг эди: «Яхши қол!»
Шундан юрак пора, тилим эса лол…


СОҒИНЧ

Шоҳимардон сойларида қалбим оқар,
Шовуллаган қўшиқлари дилга ёқар.
Ёниб турган юракларнинг навосими?
Кучгим келар муздек, салқин ҳавосини.

Тўйиб-тўйиб нафас олиб юрсак дейман,
Сой бўйида мушоира қурсак дейман…
Соғиндим-ку, ўша дилкаш давраларни,
Ҳаётикни бағишлаган паллаларни.

Сўз мулкининг меьморлари, келинг тезроқ,
Табиатнинг инъомлари сизга муштоқ.
Сайр этайлик Шоҳимардон боғларида,
Кўшиғимиз жарангласин тоғларида.

Келинг, устоз Ҳамза руҳин шод этайлик,
Қутлуғ номин қайта-қайта ёд этайлик…
Шоҳимардон сойларида қалбим оқар,
Шовуллаган қўшиқлари дилга ёқар.