Муғанний (1949-2014)

Ғанижон Холматов 1949 йилнинг 5 февралида Ўш шаҳрида таваллуд топган.1956-1966 йиллар Наримонов, сўнг Ленин номли шаҳар мактабларида ўрта маълумот олган.Мактабни битиргач, Тошкентдаги театр ва рассомчилик санъати олийгоҳига кириб, 1970 мазкур олийгоҳнинг актёрлик бўлимини тамомлаган. 1970- 2007 йиллар З. М. Бобур номли Ўш ўзбек академик театрида актёр, режиссёр ва бош режиссёр бўлиб ишлаган.
Биринчи китоби “Суянганим тор бўлди” 1994 йил, 2-3- китобчалари “Юз пора дил” 2000 йил, 4- китоб “Сен кетдинг аста-аста ” 2005 йил чоп этилиб, ундаги шеър ва ғазаллар ҳозиргача таниқли ҳофизлар томонидан ижро этилиб келиняпти.
2013 йили «Қазо дарслари» китобчасининг икки қисми ёруғ кўрди.

ГУЛИМЖОННИНГ СЎНГГИ ҚЎШИҒИ

Кўнгил қушим учмай қўйди, Гулимжон,
Хаёлларинг қучмай қўйди, Гулимжон,
Дилдан тилга кўчмай қўйди, Гулимжон,
Севги майин ичмай қўйди, Гулимжон,
Кўк кўйлагин ечмай қўйди, Гулимжон.

Севги деса, эзилади юрагим,
Ерга етмай узилади курагим,
Бир армонга сезилади, керагим,
Кўнгил қушим учмай қўйди, Гулимжон,
Сирларини сочмай қўйди, Гулимжон.

Исминг ёзиб уялмайман йўлларга,
Сени кўмиб қўёлмайман гулларга,
Мен ўзимни қўшиб қўйдим тулларга,
Кўнгил қушим учмай қўйди, Гулимжон,
Оромидан кечмай қўйди, Гулимжон.

Алдаб кетган гўзалларим зор бўлсин,
Тилимдаги асалларим бор бўлсин,
Сенга менинг ғазалларим ёр бўлсин,
Кўнгил қушим учмай қўйди, Гулимжон,
Ойналарин очмай қўйди, Гулимжон.

Кўнгилсиз ҳам, кўнгилли ҳам ўтар-ов,
Балки, кимдир кўнглин сотиб кетар-ов,
Иккимизга битта кўнгил етар-ов,
Кўнгил қушим учмай қўйди, Гулимжон,
Кўк кўйлагин ечмай қўйди, Гулимжон.

Уйғонсам

Ухласаму, қиёматнинг тўлқинида уйғонсам,
Кўз очолмай нур жамолин ёлқинида уйғонсам.

Муҳаббатнинг чўнг тошига битик битган санамнинг,
Кокилларин минг асрлик салқинида уйғонсам.

Пешонамнинг шўрликларин салсабилда юварман,
Сувга келган ҳур қизларнинг шовқинида уйғонсам.

Карбалода хасга дўнган телба кўнгил бир ўзим,
Чўкмасмидим Нуҳ бобомнинг тошқинида уйғонсам.

Кўкка кўчган гўзалларга одатлари ошнодур,
Қайга қочай Чўлпонларин чопқинида уйғонсам.

Маҳшар туни Муғаннийнинг жони талаш – талашдур,
Ёзилмаган ғазалларин талқинида уйғонсам.

Ой боши

Сизга тўйлар келоди – бизга ўйлар ой боши,
Қисматимга қўл бериб, ўзим бўлай тўйбоши.

Сув йўлидан юрмагин – эзилмасин юрагинг,
Иккимизни бир кўрмай, йиғлаётир сой боши.

Сойлар сойга оқдилар, бойлар сизга боқдилар,
Нима бўлса, мен бўлай – эгилмасин бой боши.

Гадо бўлсам малию, адо бўлсам майлию,
Манзилига етганда қайрилмасин той боши.

Сизга “ёр-ёр” айтамиз, тўлиб тўйдан қайтамиз,
Тор кўчада ётодур тўйбошининг лой боши…

Қайда ошиқ хор эмас, бизга хорлик ор эмас,
Йиғлармиди тўйингда қирқилмаса най боши?!

Гўшангада уёла, ёрга тутсанг пиёла,
Муғаннийга аталиб тўкилмасин чой боши.

Излайди

Маҳшар туни карвонлар сарбонини излайди,
Дарвозаси тиллодан дарбонини излайди.

Нечук ёрни изламай, тополмасам бўзламай,
Ташлаб кетган беглар ҳам султонини излайди.

Ҳайратларим тутолмай, тикон симдан ўтолмай,
Темур бобо беш пора Туронини излайди.

Улуғбек юлдузтарош, елкасида олтин бош,
Падаркушлар боқмаган осмонини излайди.

Машраб дорин излайди, куйган орин излайди,
Ҳайём майин тополмай, хумдонини излайди.

Мажнун ҳушин топганми, кўрган тушин топганми,
Лайлига ҳуш боқмайди, чандонини излайди.

Ҳеч ишга ажабланма, беҳуда азобланма,
Эллик йиллик ёринг ҳам армонини излайди.

Ҳамон аҳли донолар, ҳар сўзи минг маънолар,
Ҳикмат суви қайнаган қумғонини излайди.

Суякфуруш қассоблар, судхўр, ўғри каззоблар,
Ҳақ ҳукмидан қутилмоқ имконини излайди.

Тавба қабул бўлмайди, ҳеч ким қайта ўлмайди,
Миннат аҳли топилмас эҳсонини излайди.

Тангрига арз этгали, золимни қарз этгали,
Диндор дўстим ўтирган зиндонини излайди.

Золим шоҳни куйлаган, муздига пул чийлаган —
Шоир оғам йўқолган иймонини излайди.

Маҳшарда ҳам тийилмас, виждонига чий илмас —
Муғанний ёзолмаган достонини излайди.

УМИД ГУЛИ

Кутиб одам ўлмас экан, Ойгулжон,
Умид гули сўлмас экан, Ойгулжон.

Соғинчимдан қадаҳларим лиммо-лим,
Куйган кўнгул кулмас экан, Ойгулжон.

Тўлин бўлдинг, эрка ойим, гул билан,
Бизнинг ойлар тўлмас экан, Ойгулжон.

Ойга оҳим етди – сенга етмади,
Ғамни бозор олмас экан, Ойгулжон.

Менинг додим – ўзгаларнинг фарёди,
Йигит сочин юлмас экан, Ойгулжон.

Бу йўлларга ўйнаб-ўйнаб кирганлар,
Чиқар йўлин билмас экан, Ойгулжон.

Сенсиз ўтса Муғаннийнинг тунлари,
Бўлмас экан, бўлмас экан, Ойгулжон.


Вой аламжон…

Ёт уйида «ёр-ёр» бўлди, вой аламжон, жон алам,
Ёр ўзгага ёр бўлди, вой аламжон, жон алам.

Ёрга оҳим етмасму, видолашиб кетмасму,
Янгалар ҳушёр бўлди, вой аламжон, жон алам.

Ваъда берган гул қолсин, иншонган булбул ўлсин,
Муҳаббат бозор бўлди, вой аламжон, жон алам.

Қочгани йўл кўп эди, чўккани кўл кўп эди,
Айрилиқ шиор бўлди, вой аламжон, жон алам.

Тўйга борганлар айтсин, ёрни кўрганлар айтсин,
Кимга ким кўп зор бўлди, вой аламжон, жон алам.

Гадо бўлди Муғанний, адо бўлди Муғанний,
Суянганим тор бўлди, вой аламжон, жон алам.

ҲАЁТ ҲИҚИЧОҚЛАРИ

РАББИМ!
Дўстим суҳбатимдан тўйганмикин – а?
Дунёнинг коридан куйганмикин – а?
Юзлари паришон, либоси юпун –
Мени арзон сотиб қўйганмикин – а?

РАББИМ!
Қисматимни ўйлаб кўриб, ман,
Ҳайрат қозонида қайнаб турибман.
Оғзимда айланган оқсақич эмас,
Дўстим отган ўқин чайнаб юрибман.

РАББИМ!
Рафиқу рақиблар ичида ўсдим,
Дўстим душманларин кўксимда тўстим.
Ёрдам бериб қўйгин, сотишга – сотиб,
Пулин ундиролмай юрибди дўстим…

РАББИМ!
Ўзимдан ортиқроқ суйган ҳам ўзим,
Дўстимнинг коридан куйган ҳам ўзим.
Ўқлари кўксимга тегиши аниқ –
Отишга ўргатиб қўйган ҳам ўзим…

РАББИМ!
Дунёдан май сўрсам қон берди,
Қон тутган бандангга шон берди.
Дўстимга таъзиям еткизгин –
Ўқлари кўксимда жон берди…

РАББИМ!
Киллеримнинг кўнгли ярим тўқ,
Бошим узра айланмоқда ўқ.
Ортга қайтиш ўқларга номус,
Қўнай деса, бутун жойим йўқ…

РАББИМ!
Кушандам умрида хато қилмаган,
Қўйнида зерикиб, зўриққан наган.
Ўқлари мен учун аталган, фақат,
Отишга арзирли шеър ёзилмаган…

РАББИМ!
Тухмат бўлди бозорим,
Кўз ёшларим – хапдорим.
Ёвларимни чарчатма –
Тошдан бўлгай мозорим…

Бородур

Оҳ, юлдузим, билмайсан – кунлар ботиб бородур,
Кўкдан тушиб келмайсан – тонглар отиб бородур.

Ортиб ошиқ армонин, тополмасдан сарбонин,
Сарсон умрим карвони сенсиз кетиб бородур.

Қолган умрим сазому, суйганга шул жазому,
Кундан-кунга ҳижронинг жондан ўтиб бородур.

Муҳаббатга қўл бердим, ситамларга йўл бердим,
Ғамлар алдаб ухлатиб, ҳам уйғотиб бородур.

Йўқлатса, ёр йўқлатсин, йиғлатса ёр йиғлатсин,
Оҳу-зорим ғанимат – дийдам қотиб бородур.

Ёлғон дунё бу дунё, армон дунё бу дунё,
Душманларим харидор, дўстлар сотиб бородур.

Маҳшар туни порлагин, висол томон чорлагин,
Жонин олиб Муғанний, кўкка етиб бородур.

Армонларим

Армонларим — кўнгил бўлиб тўлмаганим,
Минг оҳ уриб, хилватда ҳам кулмаганим.

Армонларим — иғво кўриб лол қотганим,
Ёмонларга ёмонликни билмаганим.

Армон бўлди оғулаган олғир замон,
Тилгинамни тилим-тилим тилмаганим.

Қирқ ёшимни бой берганим, армон яна
Яратганнинг меҳробига келмаганим.

Ваҳдат майин ичмаганим армон менга,
Юрагимни ишқ дорига илмаганим.

Ҳаяллаган Ҳақиқатнинг Ҳикматлари
Армон бўлди — «ўлмай туриб ўлмаганим…»

Армон, армон эл айланиб неча замон,
Муғаннийнинг қабрин тавоф қилмаганим.

* * *

Бу дунёга ўзим билмай бўзлаб келдим,
Билгувчининг неъматларин кўзлаб келдим.

Муҳаббатда сағир кўнглим кўнглин олиб,
Садоқатнинг эртакларин сўзлаб келдим.

Кўнгли пучуқ, майли чучук Ҳавво қизга,
Юрагимни тилимлатиб тузлаб келдим.

Тирикликнинг маънолари майхонада,
Сунмасалар саратонда музлаб келдим.

“Олам ул руҳ” токчалари Нозли ватан,
Хайр ул ватан патталарин излаб келдим.

Лой тобоқдан ош олдириб тўйдурдилар,
Тўрт қанотли тулпоримни тезлаб келдим.

Отинча қиз ковушларин мухрин босиб,
Муғаннийнинг хилхонасин созлаб келдим.

Йиғлар

Жисмим ер аҳлига ёқолмай йиғлар,
Кўзимнинг ёшлари оқолмай йиғлар.

Қулоғим остида хурлар жаранги,
Исрофил сурнайин уқолмай йиғлар.

Сўзимнинг шарбати тилимдан қотган,
Илонлар тилимдан чақолмай йиғлар.

Руҳим ҳаволанар байтимни излаб,
Гўзаллар дарчадан боқолмай йиғлар.

Дўзах хаёлидан оқил паришон,
Жунунлар жаннатдан чиқолмай йиғлар.

Оламлар сарварин раёсатинда,
Набийлар нишонин тақолмай йиғлар.

Кибрли тоғларнинг тоши терилган,
Муғанний, мозоринг йиқолмай йиғлар.

ҚАЗО ҚАСИДАСИ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим!
Бу қоғозга тўкилган оҳим.

Дунё азал томошахона,
Қазо дамлар шундан нишона.
Аста-секин чироқ ўчади,
Қисмат томошага кўчади.
Қазо келса сўрамас руҳсат,
Етибди-да бизга ҳам фурсат.

Томоғимга тўлган ғарғара,
Тўрга тушиб қолган қарқара.
Қўрқитмагин мени, Илоҳим!
Ирғитмагин мени, Илоҳим!
Фариштангга қўйгин тайинлаб-
Ҳақларингни олсин майинлаб.

Кўчир мени сакаротинда,
Учир мени саҳар отинда.
“Ла илаҳа иллаллоҳ…”ингда,
Ўтиб, яна турай роҳингда.
Салом сенга, қазо фаришта-
Вазифангни қилгил саришта!

Яратгандан Раҳмат олиб кел!
Раҳмат тўла риҳлат олиб кел!
Кулиб руҳи равонимни ол,
Жон йўлига иймонимни сол.
Лабларимда сўлиб ҳарорат,
Томчи сувга қолмас зарурат.

Осон кўчар сўнгги нафасим,
Тинчиб қолар кўкрак қафасим.
Бийрон тилим қайрилиб кетар,
Икки дунё айрилиб кетар.
Кўз гавҳарим оқиб тушади,
Олгувчимга ёқиб тушади.

Руҳ қафасдан кўкка кўчади,
Борлик йўқлик сувин ичади.
Томирларда аста қотиб қон,
Ҳожасига кўтарилар жон.
Қайлардасиз ҳуру малагим,
Тинди менинг чархпалагим.

Лабларимда сирли табассум,
Бошланади бешинчи мавсум…
Мен қафасдан бўлганда озод,
Атрофимда кўтарилар дод…
Маҳрамларим жағимни танғиб,
Қайларгадир чопишар гангиб.

Яна, кимдир узр-маъзурлаб,
Кўзларимни юмар мажбурлаб.
Хабарлатиб ёру дўстларим,
Ҳисоблашар каму кўстларим.
Тан маҳридан кечган маликам,
Камчилигим қилади бекам.

Кел, малагим ўтингни музлат,
Маҳшаргача меҳрингни тузлат…
Бу дунёдан ўчганда унинг,
Аёлларга қоларкан кунинг…
Мунглашади ожизаларим,
Менинг ёлғон мўъжизаларим…

Узоқ-яқин келар видога,
Бу қисмат тенг шоҳу гадога.

***

Гулим сен ҳам келибсан етиб,
Муҳаббатим дастурхон этиб.
Энди сени қандоқ овутсам,
Ўз ишқимдан ўзим совутсам?
Қўрқма биров танимас бунда,
Дуолар қил соғинган тунда…

***
Ғассол кириб чиқар аёллар,
Ҳақиқатга кўчар хаёллар…
Илиқ сувдан жинжикар таним,
Қайда қолдинг роҳатим маним?..
Ажиб кўйлак кийдирадилар,
Атир сепиб “куйдирадилар”…

Қопчигимни тугиб қўйишар,
Бир чеккага йиғиб қўйишар…
Бир фурсатга ёлғиз қоламан,
Йиғилардан ором оламан.

***
Яна хаёл тўзиб кетади,
Шоирлигим қўзиб кетади:
“Қайлардасиз талашган қизлар,
Шеърларимни ялашган қизлар?
Биз сафарга шайланиб қолдик,
Оқ шеърларга айланиб олдик…
Ўқиб осон тушунарсизлар,
Бизга дуо ошинарсизлар…”

***
Эшитилиб азон овози,
Бошланади пешин намози.
Менга насиб этмас ибодат,
Қиёматга қолди таҳорат…
Хабар келар: “Жойи битди!” — деб,
Йиғиларга беришади зеб.
Қарамасдан наслу зотимга,
Миндиришар ёғоч отимга.

Масжидларда бўлиб овоза,
Ўқилади қутлуғ жаноза.
Қарзларимни узгувчи болам!..
Ҳам тинчимни бузгувчи болам!..
Биров тўлиб дуо ўқийди…
Биров кулиб риё тўқийди…

Қазо дамлар ҳақдан сўйланар,
Бир кун ўтмай нақддан сўйланар…
Кўтаришар елкаликларим,
Энг охирги эркаликларим…
Чувиллашиб қолар қизларим,
Кетяпману қолмас изларим…
Ёғоч отда роҳат не қилар,
Ёғочга отга минганлар билар?..

Эл шоширган мозорим қайда?
Харидор нақд бозорим қайда?
Кўп ўйлаган ўйимга етдим,
Бўйламаган уйимга етдим.
Қабристонда сокин тантана,
Бошланади янги бир сана…
Янги уйга кўчишим яланг,
Қанотим йўқ – учишим қаранг…

Раҳмат, яна, шунча йил кутди,
Соғинганда – ямламай ютди…
Ёнбошимга тупроқ суришиб,
Қибла томон қўяр буришиб.
Бирозгина чўчиб қўйишар,
Жиловимни ечиб қўйишар…
Қолгувчига видо айтишиб,
Ўлгувчилар чиқар қайтишиб…

***
Руҳим Кўкдан қараб туради,
Руҳлар қутлаб ўраб туради…
Келаётган Онам албатта?!
Кулаётган Отам албатта?!
Жўраларим қўлим қисишар,
Рақибларин йўлин тўсишар.
Фарзандаларим кўзларида нам…
Баъзиларни эслолмайман ҳам…

Ҳижолатдан боқаман ерга:
Гўрков роса тушибди терга.
Пардоз иши тугаб ниҳоят,
Бошланади муқаддас оят.
Боболардан қолган бу одат-
Тангрим, Ўзинг қилгил ҳидоят!..
Она замин бағри шишади,
Келганлар жим тарқалишади…

Юқорида томоша тамом,
Тор кулбамда ғаройиб оқшом…
Топилмайди бирон ёстиқча,
Ярим кунда бўлдим ортиқча…
Мезбон ўзим меҳмоним ўзим,
Деҳқон ўзим хирмоним ўзим…
Кимга айтай: «Ёмон ётдим» — деб?
Кимга айтай: «Совуқ қотдим» — деб?

Ҳолатимдан бир фурсат ошна,
Бошланади янги томоша:
Қумурсқалар бошлайди ишин,
Илон, чаён шайлайди нишин.
Қибладан кўз узмай қоламан,
Нур кирганин сезмай қоламан.
Бийрон тилим қайрилиб қолар,
Ҳақ ботилдан айрилиб олар.

Бидирлайди тилим ўзича,
Шивирлайди дилим ўзича.
Мункар Накир бошлайди сўроқ,
Кўз очади янги бир булоқ…
У бошлайди ҳисоботдан сўз,
Мен бошлайман муҳаббатдан бўз…
«Кутгил! — дейман, Қиёматгача?»
«Тутгум! — дейди, Қиёматгача!»

Савол аниқ — жавоби гумон,
Ҳайриятки, Оллоҳ меҳрибон!
Бир ярим ой…уч…олти ойли…
Бир-биридан бирам чиройли.
Гўдакларим келар етишиб,
Ҳадислардан қалқон этишиб…
Ялинишар Мункар Накирга —
«Раҳм қил! — деб, ота фақирга…»

Яна Оллоҳ, Оллоҳ меҳрибон,
Берилади бандага имкон.
Мункар Накир кўниб сабрга,
Аста чиқар янги қабрга…
Фарзандларим учишар бирдан,
Лол қоламан бу ажиб сирдан.

***
Пок ҳадислар бўлса-да қалқон,
Қалқон ичра армон ва армон.
Намозларим қазоси қийнар,
Дўстнинг ёлғон ризоси қийнар.
Яна қабрим тошлари қийнар,
Фарзандларим ёшлари қийнар…
Тундан куннинг фарқини билмай,
Қисматининг нархини билмай.
Ўз-ўзимга тўқиб ривоят,
Ўз-ўзимдан ўқиб шикоят,
Ою кунлар йилга ўрганар,
Илонларим тилга ўрганар…

Жисми зорим тешилиб битар,
Қаро ерга қўшилиб кетар…

***
Асрлардан асрлар оша,
Битилмоқда янги томоша…
Улар энди бошқа ҳикоя,
Яхшиларга шу ҳам кифоя,
У кунларнинг сабри суюкдир,
Оллоҳ буюк, Оллоҳ буюкдир!

Ўш.