Матназар Абдулҳаким (1948-2010)

Матназар Абдулҳаким 1948 йил 20 февралда Хоразм вилоятининг Урганч туманида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (2000). Россиянинг Таганрог шаҳридаги Рус тили ва адабиёти институтини тамомлаган. «Тиниқ тонглар» (1982), «Фасллар қўшиғи» (1984), «Қор қўшиғи» (1990), «Ёнимдаги дарёлар» (1993), «Қорачикдаги дунё» (1994), «Бир кучоқ гул», «Ойдинлик» (1997), «Сўнгги япроқ» (1999) каби китоблари нашр қилинган. Шайх Нажмиддин Кубро, Шайх Маждиддин Бағдодий, Паҳлавон Маҳмуд, Мирзо Бедил асарларини форсийдан ўзбек тилига таржима қилган.

* * *

Бахт изладим мен дала, даштдан,
Орзуим бол, умидим — асал.
Онагинам!
Сени алдашдан
Ҳалокатни санадим афзал.

Сармаст қилди чаманлар васли,
Қайғурмадим, ризқу рўзимни.
Яшадим мен бағишлаб, асли,
Фақат ўзгаларга ўзимни.

Билмам, учдим қанчалар чақрим,
Гоҳ мағлуб, гоҳ ғолиб келдим мен.
Бол деб меҳрим, асал деб фахрим –
Топганимни олиб келдим мен.

Гуллар ичдим ичгандек қасам,
Лойиқ бўлдим заҳматкаш сафга.
Балки… балки янглишиб баъзан,
Қўниб қўйдим сассиқ алафга.
Ноз бўйлардан уйғониб саҳар,
Учмоққа йўқ, эҳтимол, ҳаққим.
Балки, асал деганим заҳар,
Бол деганим, эҳтимол, заққум.

Хуллас, ўзинг биласан, онам,
Сен минг сирдан хабардор ҳаким.
Хоҳла, мени қабул эт, мана,
Хоҳла, мана, бўғиб ташлагин.

БАХТ

Мукаммал бу гўзаллигингни
Ёниб қилгим келади таъриф,
Бироқ, не қилайки, қошингда
Энг қудратли каломлар ғариб.
Висолингни қилсам-да ҳавас,
Меҳрим изҳор этмадим ҳеч вақт.
Сен билан бир ҳаводан нафас –
Олиш ўзи менга катта бахт.

Бир қайрилиб ташласанг нигоҳ,
Юрак тўлар сўнмас зиёга…
Сени бир бор кўриш-чун фақат
Келиб кетса арзир дунёга.

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Кўринмасдим ҳар ким-ҳар кимга,
Мен — саҳарлар уфурган нафас.
Гардсизлигим, тозалигимга
Чексизликлар қиларди ҳавас.

Бир тонг ногоҳ бўлдим мен шабнам,
Сўнг булутга, ёмғирга дўндим.
Майсаларга айландим кам-кам,
Тупроқ бўлиш дардига кўндим.

Минг йилликлар туркум ва туркум
Қорилдилар зулмат, зиёга.
Саодатли қандайдир бир кун
Дарахт бўлиб келдим дунёга.

Ҳаёт бир йўл — сўнгсиз, бетимсол,
Минг тирилиб, минг ўлиб чопдим.
Насиб бўлди ноёб бир висол,
Жонзот бўлиб таваллуд топдим.

Қаноатлар, тоқат, сабрлар
Ғилдираги айланди гир-гир.
Кечди неча туман даврлар,
Инсон бўлиб туғилдим ахир.

Эндигина ором топиб жон,
Етди десам толега хуш гал,
Ҳар тўкисда — неча минг нуқсон,
Ҳар тўкисда — неча минг ишкал.

Зулмат тўйди, ютиб зиёни,
Зулматларга зиё ҳам тўйди.
Дийдорига тўйдим дунёнинг,
Дийдоримга дунё ҳам тўйди.

Қўйинг, сўйлаб бўлмай мен нолон,
Сиз ҳам тинглаб бўлмангиз ҳалак.
Шу ўзингиз билган тўполон,
Шу ўзингиз билган чархпалак.

Номард бўлай агар нолисам,
Бошқа тирилмайман, ўлмайман.
Бир қутулсам, бир кетиб олсам,
Дунёга мен бошқа келмайман.

ИМКОНИЯТ

Ғамгинлик кам эмас қулликдан,
Лекин маҳбусман деб нолиш — уятдир.
Ҳар лаҳза, ҳар нафас бу тутқунликдан
Халос бўлмоқ учун имкониятдир.

* * *

Парвойим йўқ ҳозир хом, пухталарга,
Унутдим дунёнинг нася, нақдларин…
Юракнинг олис бир нуқталарига
Қайтиб келаётир шоир вақтларим.

Аранг милтиллайди олисда овул,
Тим-тирс… илғанади безовта руҳлар.
Ойнакўл тушига киради довул,
Ҳар баргда бир шамол донг қотиб ухлар.

Ҳар лаҳза қаърига бекинган минг йил,
Сукунат ҳайқирар қутлуғ отингни.
Бутун борлиқ қаттиқ бириктирган тил
Сўндирмаслик учун ёдингни.

Мунаввар бир дастёр ёғдулар мулки,
Тиним билмайди ҳеч осмонда қуёш.
Нур таратар ёдинг — лабларда кулгу,
Ёғду сочар ёдинг — кўзлардаги ёш…

СИР

Сени кўрганимдан ҳаёт билан тенг,
Ҳаётимни кўрдим сен билан баҳам.
Пешонам кенг менинг.
Бардошим ҳам кенг,
Лекин сиғмай қолдинг иккисига ҳам.

Соғиниш бу — асов дардлар уюри,
Борлиғимни тинмай юлқилар топтаб.
Чунки сен бир лаҳза ташриф буюриб,
Руҳимни қолдирдинг қутлуғ азобда.

Юрагимда йўқдир, ахир, пўлат зирҳ,
Бардош беролмадим бундай зарбларга.
Лекин мен қудуққа сўйламадим сир,
Сени айтдим фақат жимжит ҳарфларга.

Ҳаловатга келди шундан сўнг қаҳат,
Муқаддас телбалик бошланди сўнгра.
Яшадим, исмингни уриб қаҳ-қаҳа,
Яшадим, исмингни мен ҳўнграб-ҳўнграб.

Йўл кўрдимми, тамом, тикавердим кўз,
Муҳаббатдан бошқа эътиқодим йўқ…
Менга шафқат қилма, айтилган эй сўз,
Менга шафқат қилма, отилган эй ўқ.

Мен сени на дўст, на ғанимга айтдим,
Раво кўрганим йўқ ҳар ким-ҳар кимга.
Айтсам, сени мен ўз шаънимга айтдим,
Отсам, сени отдим ўз юрагимга!

ТОҒ СОҒИНЧИ

Кунлар ўтаётир мисли йилдирим,
Сен ҳакда индамай куйлар ҳар тошим.
Айрилиққа қаттиқ ғазаб билдириб
Ўқрайган қўшикдир менинг бардошим.

Муқаррар бўл, эркам, бамисли баҳор,
Ном-нишон қолдирма қаҳрларимдан.
Лойиқдир эриса бошимдаги қор,
Чечаклар унса ёнбағирларимда.

Шунда пинжимдаги қушлар, оҳулар
Йўлингга мен билан тенг термилади.
Асрлар дастидан қуламас тоғлар,
Тоғлар жудоликдан емирилади.