Матлуба Деҳқон қизи (1948)

Матлуба Ахмедова (Деҳқон қизи) 1948 йил 1 майда Олтиариқ туманининг Файзиобод қишлоғида таваллуд топган. 1970 йил Фарғона давлат педагогика институти (ҳозирги ФДУ)нинг филология факультетини тамомлаган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси. Унинг «Қорачиқ» (1992), «Кўнгил уйи» шеърий тўпламлари, «Соғинч» (2001), “Ўша кун” (2013) номли қисса ва ҳикоялар, «Садкак пирим» (2004) рисоласи, «Муҳаббат фасли» романлари чоп этилган. 2011 йилда умр йўлдоши, шоир Абдували Ортиқов ва Матлуба Деҳқон қизи муаллифлигидаги « Кўнгил малҳами» шеърий тўплами нашр этилди

* * *

Кўксимдан итариб сени ҳар сафар,
Узоқ-узоқларга, олисга отдим,
Биламан, нурафшон бўлмас кунларим
Биламан, кемтикдир сенсиз ҳаётим.

Сен-чи, қуёш каби меҳрибон, қайноқ
Муз қотса бу дилим, келасан етиб.
Яна нигоҳингда минг йиллик ардоқ,
Яна ишқ тутасан қаҳримдан ўтиб…

* * *

Сочларинг — қўнғироқ, жаранглаб
Чақириб олади боримни.
Ногаҳон чертади сездирмай,
Бу нозик кўнглимнинг торини.

Қизғаниб ҳар битта толасин,
Туташар кўзимнинг чўғлари,
Вужудга аланга кетади,
Ёнади хаёлнинг боғлари…

* * *

Роҳатлар қиламан, синайман сени,
Қийноқ дарёсига отиб юбориб,
Чўкиб   бораётсанг,   қон-қон  йиғлайман,
Қутқариб оламан кўз ёшга қориб.

Асло тугамади бу азоб, савдо,
Сен ҳам чарчамадинг, мен ҳам толмадим
Оҳ, энди қўлласин билгувчи худо,
Ишққа ташнами-я шунчалар одам!

* * *

Тақдир — бу, ёнингдан кетмоғим шартди
Ё Оллоҳ! Тогдай куч ато эт менга,
«Қайтмасман, сен унга фақат омад бер»,
Яна ёлбораман ишққа — имонга.

Кўнглим тегирмоннинг тоши остида,
Омон чиқмоқлиги гумондан-гумон,
Азизим, кўнгил уз, энди излама,
Қара, сатрим аро сачраб ётар қон…

* * *

Йўлимни шарт бурдим ўзга томонга,
Ортда қолаверди армоним, ишқим,
Гўё ханжар санчдим ўзим бу жонга,
Қонлар оқиб кетди шарқираб, силқиб.

Тамом… қутилдим деб ўйладим шодон,
Энди ҳеч ким мени қилолмас таъқиб.
Қарангки, барибир қонга ботганча,
Ишқ — қуёш чиқади кўксимдан балқиб..

* * *

Ожиз лаҳзаларда Сенга чопаман,
Қалбинг чўғларидан сўрайман ўтлар
Ва ногоҳ қуш каби қанот қоқаман,
Дилим сайрай бошлар ишқий баётлар.

Тилагим: бир умр бор бўл, ҳаёт бўл,
Бу саҳро йўлларда мен топган боғ бўл,
Бош эгма, кичрайма, илтижо қилма,
Азизим, мен учун сен фақат тоғ бўл.

* * *

Ўкинма, азизим, минг бор турланиб,
Минг бир қиёфада ёнингдан ўтсам,
Гоҳ булут, гоҳ ёмғир, гоҳ чақин чақиб,
Гоҳ қуёш мисоли чарақлаб кетсам.

Асли тенг тарозу дерлар дунёни,
Табиат шундай ҳис айлабди тортиқ.
Қаҳрим қанча кучли бўлса, билгилки,
Муҳаббатим Сенга шунчалар ортиқ.

* * *

Ақлли деб ўйлама, мен телбаман,
Ишқнинг кўчасида кезган дарбадар,
Бироқ, умрим совурмадим елга ман,
Сени севдим қуёш қадар, тонг қадар.

Ботиб кетдинг ҳар кун ўзга уфққа,
Оппоқ тонгим қаро тунга алмашди.
Ўкинмасман, олисда сен — юлдуз бор,
Кўнглим тўлди, нигоҳларим қамашди.

* * *

Шукрким, кўзимнинг ёшлари тинди,
Тумандай чекинди ожиз туришлар.
Маъюс нигоҳимга шуълалар инди,
Мангу ёр бўлмоқчи метин бардошлар.

Ниҳоят, ушалди интизор оҳим,
Лойимга тўкилди нури — зиёлар.
Оҳ, энди паноҳим — бир муҳаббат бор
Ва меники бўлган сен бор дунёда.

*   *   *

Сени кўзларимга суртмадим, аттанг,
Сен истаган Сўзни айтмадим, аттанг.
Қайсар бир қояга ўлтириб олиб,
Ўзим билганимдан қайтмадим, аттанг.

Кўнгил азобидан намахта бу жон,
Қайдасан, пойингни ўпмадим, аттанг.
Дуру жавоҳирим, давлатим-ку мўл,
Сендай бир малҳамни топмадим, аттанг.

* * *

Яна қадалади нигоҳим сенга,
Манглайингда — чизиқ,  чеҳрангдир —маъюс
Дарёдай бахш этсанг ўзингни кунга,
Наҳот сени енгди, жоним, чарчоқ ҳис.

Олов ташлайинми кўзинг чўғига
Кафтингга тутайми меҳрим булоғин.
Сени шодликларга қайтарармикин,
Менинг миҳаббатим, менинг ардоғим..

* * *

Куз қўшиқ айтяпти… ҳазин… бир мунгли…
Япроқларин тўкар «дув» этган шамол.
Бешафқат Вақтнинг гирдобларида,
Хавонга  айланди  не-не  гулжамол.

Сочим оқармоқда қордек ҳар куни,
Қўй, энди муҳаббат тиланма, кўнгил.
Нетай, бажо бўлмас илтижоларим,
Ки ишқсиз қолган кун хазон бўлгай дил.