Масъуд (1981)

Масъуд Маҳсудов 1981 йил 7 июнда Фарғона вилоятининг Бағдод туманида туғилган.
Андижон Муҳандислик Иқтисодиёт Институти ва Тошкент Иқтисодиёт университетини тамомлаган. Ҳозирда, шу даргоҳда илмий иш олиб бормоқда.

УЗОҚ БИР НУҚТАГА…

Узоқ бир нуқтага термулганча жим
Мўйсафид ногаҳон кўзларин ёшлар…
“Замон ўзгардими, одамлар… балким…
Не учун бебошроқ ҳозирги ёшлар?

Билмайди, оддий бир “салом” сўзини,
Қўллари кўксининг висолига зор.
Уялиш тарк этган чақноқ кўзини,
Маънисиз сериаллар айлаяпти хор.

Китоб дунёсидан йироқдир улар,
Навоийдан битта сатр билмайди.
Қизиқиб асарлар ўқишмас тунлар,
Насиҳатга асло қулоқ илмайди…

Вақт бекор ўтгандан ачинмайди ҳеч,
Аниқ мақсадидан йўқдир нишона.
Тушунар эканми бўлганини кеч,
Деворга урилган чоғда пешона?

Узоқ бир нуқтага термулганча жим,
Мўйсафид кўзлари тўлади ёшга
Чин дилдан истайди, имконин топиб,
Айлашни насиҳат ҳар битта ёшга:

“Ёшсан…
Қувватинг бор…
Шижоат бисёр…
Билим ол!
Илм ўрган!
Оллоҳни тани!
Қалбингни пок айла, бўлмасин ғубор,
Эгам ҳам, ҳақ йўлда қўллар бандани…

Жигарим!
Авлодим!
эртам, индиним!
Имонни бут айла,
Эътиқодни дўст!
Миллатнинг шаънини бошингга қўйиб,
Шу Юртга муносиб фарзанд бўлиб ўс!”

Мўйсафид узоққа термулар, бесас…

МEН БОЗОРНИ ЁМОН КЎРАМАН

Ҳар бошда чарх урар турфа муаммо,
Ҳар кўнгил хоҳишда ўзгача маъно…
Билмадим, кимлардир ёқтирар, аммо,
Мен бозорни жуда ёмон кўраман.

Билмайман, ким дўсту, ким эрур душман,
Бировга ўлжаман, кимга улушман,
Бозордан йироқда ҳур, эркин қушман,
Мен бозорни жуда ёмон кўраман.

Ким айтар, «шу экан замона зайли»,
Кас нокас бўлди-ку, замон туфайли,
«Отанг, онанг бозор,» десинлар, майли
Мен бозорни жуда ёмон кўраман.

Ажаб, бешигини шайтон аллалар,
Тутруқсиз гаплар-у, ёлғон яллалар,
Залолатни кўпроқ ўйлар каллалар,
Мен бозорни жуда ёмон кўраман.

Кўзга тик қарашиб, алдайди сизни,
Сўкишлар, қарғашлар ол этар юзни,
Хуллас инсоният унутар ўзни,
Мен бозорни жуда ёмон ко раман.

Ҳалол луқма нима, билмас кўпчилик,
Харомни номлашар — бу “тирикчилик”
Раҳмонмас, шайтонни айлашар шерик,
Мен бозорни жуда ёмон кўраман.

Шарм йўқ, ҳаё йўқ пулнинг дастидан,
Оқибат бир чақа емиш қасдидан,
Ёлғон онт ичишар чақа устидан,
Мен бозорни жуда ёмон кўраман.

“То рози” ҳукмидан кўнгиллар нари,
Кўз ўйнар тарози тоши сингари,
Алдашга интилар ҳам ёш, ҳам қари,
Мен бозорни жуда ёмон кўраман.

Ерга қарасангиз, кўзи маюслар,
Осмонда эса-чи, «мағрур» даюслар,
Тик боқишга йўл бермас номуслар,
Мен бозорни жуда ёмон кўраман.

Разолат ҳукм этган маконлар кўпдир,
Бири бошқасидан ўтадир, хўпдир,
Бунда-чи, барчаси, барчаси тўпдир,
Мен бозорни жуда ёмон кўраман.

Гарчи қорани-да, кўрсатади оқ,
Пок қалбдан қанчалар бўлса ҳам йироқ
Таажжуб… дунё унга интилар!?
Бироқ,
Мен бозорни жуда ёмон кўраман.

Ҳаммамиз ҳар куни шошилиб борган,
Лойини жаҳолат ҳокидан қорган,
Аёлу-эркакни бузиб юборган,
Бозорни жудаям ёмон кўраман.

Жудаям жудаям ёмон кўраман!

ТАШНАЛИК

Маюс термуламан; кузак шамоллар,
Хазонрезги баргни айлар чирпирак.
Чалкашиб кетади орзу-хаёллар,
Ва бирдан йиғлашни бошлайди фалак.

Олислаб боради қушлар жаранги,
Қалбимдек хирадир осмоннинг ранги,
Умримнинг бошланди яна бир тонги,
Субҳидам нафасин туймайди юрак.

Қайдадир чалинар “Чўл Ироқ” куйи,
Теграмда чарх урар келажак ўйи,
Барглар тўкилмоқда сарғайган куйи,
Дардини айтолмай жони минг ҳалак.

Шудрингдан намланар томларнинг ости,
Яшилни сариқлик уммони босди,
Сиқилиб кетибсан, сўйлагин ростин,
Қайларда бўзладинг, малласоч малак?

…Ҳисларим ҳазон-ла уйғун: бемажол,
Само қовоқ уяр, қуёш ҳам беҳол…
Йўқолиб бормоқда кўкдаги ҳилол,
Меҳрга ташнадир у ҳам мен каби…

Маюс термуламан кузак шамолга…

ТИНЧЛИК ИСТАМАЙДИ…

Тинчлик истамайди жонсарак қалбим,
Мудом эмас танда бир ҳил ҳарорат.
Ҳаёл тиним билмас, туролмайди жим,
Юрак ҳам тополмас тўзим-ҳаловат.

Кечиккан ёшликнинг дардини туйиб,
Мўжаз дунёимни безайди ҳазон.
Ҳаёт шаробидан ичолмай тўйиб,
Тарқатдим ё сотдим сувдан-да арзон.

Лабларда табассум, ўзгалар ҳурсанд,
Бахтини топишган аллақачонлар.
Уларнинг юзида қувончни кўрсам,
Баҳрим очилади, яйрайди жонлар.

Биридан олганман завқланиш ҳиссин,
Яна бошқасидан жиндеккина ғам.
Кимдир тақдим этган ҳурлик нафасин,
Шундан, мана, тирик вужудим, танам.

Тақдирим жуда ҳам моҳир тикувчи,
Ундаги Одамлар барча-барчаси.
Бир бутун матони ташкил этувчи,
Сермазмун умримнинг битта парчаси


ДАФТАРИМ ЧEТИДА…

Дафтарим четида ғалат ҳошия;
Эслай ололмайман нега қўйганим.
Бир қувноқ кунимдан балки хотира?
Балки белгисидир илк бор севганим?

Балки дўстларимнинг аччиқ ҳазилин,
Ҳазм қила олмай қўйганман уни?
Балки ҳаётимнинг силсиласини,
Ёзгартирмоқ бўлган мақсадим куни?

Илк бор қаршиликдан умидсизланиб,
Ҳаётдан тўйганим нишонидир у?
Ё келган омадимданми, руҳланиб,
Ифодалаб қўйган бир ажиб туйғу?

Дафтарим четида бу ғалат чизиқ.
Не бўлса ҳам уни эслаб юраман.
Ширин орзуларим рўёсин тузиб,
Фақат бахтдан дея умид қиламан

ЎЗГА ДУНЁ ҚИДИРИБ…

Ўзимнинг оламим бир четда қолиб
Ўзга дунёларда яшамоқдаман.
Гоҳ узоқ қоламан ўйларга толиб,
Нимага қайтмайман ўзимга ҳамон?

Турли сарҳадлардан турфа дунёлар,
Янада сирлироқ кўринар қалбга…
(Бир юлдуз чақнаса бири йўқолар)
Кўнгил хоҳишини буюрманг айбга.

Аждодлар юртига кетаман гоҳи,
Бир миллат ҳақида ичдан куяман.
Букун ёшларининг нима гуноҳи,
Барини бир зумда дилдан туяман…

Улар чун Навоий бегона бир зот,
Ҳайёмдан рубоий ўқишмас тунлар.
Фузулий ғазалин этишмайди ёд,
Машрабни осгандан сўрашмас хунлар.

Чўлпон, Қодирийдан топишмайди ранг,
Муқимий Фурқатни эслашмайди бир.
Китоб қўлга олмас, минг сўкиб, терганг,
Барига айбдор “бечора тақдир”…

Келажак авлодлар олами томон,
Кейин хорғин тарзда юраман ҳафа.
Менга дуч келади сўнгсиз оломон,
Четроққа чиқаман айни шу даъфа.

У асло халқ эмас – бир гурух, бир тўп,
Қайга етакласа, кетар мақсадсиз.
Уларга боқаман сиқилиб, ёниб,
Қўрқаман, қолмаса саводсиз, хатсиз…

Ҳақиқат изласам айбдорман бугун,
Маломат тошлари “келар” номимга.
Шундан ўзим маюс, кўзларим ғамгин,
Шундан қайтолмайман ўз дунёимга…

КУТИБ ЎТДИМ…

Сўнган оловларни ёқмоқ ишқида,
Юрагим чақмотош каби ишқалаб,
Кимсасиз оролнинг баланд кўшкида,
Келмас ёр васлини кутиб ўтдим мен.

Хазонрезги куздек паришон ҳаёл,
Атрофда минг одам…Қарайман бефарқ,
Барчага табассум қилсам-да ҳиёл,
Дардларим ичимга ютиб ўтдим мен.

Тонг саҳар қўл очиб, минг қилиб дуо,
Ёзимни унутиб, йиғлаб, хўрсиниб,
Кўзимда бор меҳрим дилдан этиб жо,
Қалбимни қўлимда тутиб ўтдим мен.

Танамда қолмади заррача мадор,
Силлам ҳам қуриган… Умид бор фақат
Имоним ўзимда тутиб барқарор,
Бошқасин арзонга сотиб ўтдим мен

КУЗ ХАЁЛИ

Куз…Қалбда қандайдир жимлик ўй сурар,
Мудраб қолгандайин ҳаёт севгиси…
Деразам ортидан уйимга қарар
Кўчада баргларнинг хазонрезгиси.
Қуёш узоқлашиб борар заминдан,
Учиб кетаётган қушлар сингари.
Кундуз қисқа бўлиб боради тундан
Дарахт либос ташлар кун ўтган сари.
Сойлар шарқирамай оқмоқдадирлар,
Тоғлар хоҳламайин кутади қорни…
Сариқликни кийган кўҳна адирлар,
Лолани соғиниб қўмсар баҳорни.
Тонг билан туш вақтни ажратиш қийин.
Хаёлим мисоли тўзғир ер-осмон.
Шамол олиб келган ғуборни кейин
Ёмғир ювиб кетар аллақай томон…
Лекин кетармикин бу билан ғашлик?
Кўнгил махзунликка бўлганми сургун?
Ахир ғаниматдир бебаҳо ёшлик,
Кетдик, қалб, истиқбол тарафга юргин!

Атрофни эгаллаб олгани етмай,
Дилга ҳам хазинлик келтирмоқда куз…

КEТЯПМАН

Кетяпман келажак остонасига,
Қўлда дард туфайли сарғайган дафтар
Кетяпман тақдирим кошонасига,
Яшаган кунимдан бўлиб минг мустар…

Кетяпман…
Ортимга қарагим келмас,
Йўлимда ғам-ташвиш – сочилган тикон.
Ҳаёт тўсиқлари асло кор қилмас
Изимдан изтироб йиғлаяпти қон…

Кетяпман, узоққа… бироқ ёнимдан
Оққан сув қадрини билмасдан, забун…
Исмим ҳам чиққандек бўлар ёдимдан,
симга солади илоҳий бир ун.

Кетяпман…
Баҳорни ташлаб фироққа,
Ва сенга айтмасдан бирор оғиз сўз…
Кетяппан бу ердан жуда йироққа,
Шерикка олмасдан бирота ҳам дўст…

Кетяпман, сўргани умр – бу нима?
Сочимга оқ нега оралар бевақт…
Билгани ёлғоннинг уйин ким қурган?
Не учун мухтасар келар экан бахт…

Кетяпман…
кўзларим очиқ бўлса-да,
Кўрмасдан ёнимдан ўтган одамни.
Қолдириб ортимдан бир мисра шеъру,
Ёлғонга кўмилган нурсиз оламни…

Кетяпман…

СEНИ ЎЙЛАЯПМАН…

Сени ўйлаяпман…
Қайдадир сен ҳам,
Олис юлдузларга
Термуласан жим…
Кимнидир кутасан
Интиқиб шу дам.
Мен ҳали билмаган,
Дилгир малагим.

Кичик бир нуқтада,
Жамулжам хаёл…
Йўл қараб чарчаган
Нигоҳинг ғамгин.
Толиққан қарашда
Сон мингта савол,
Ораста қалбингга.
Бермаяпти тин.

Ичинг анор каби.
Қизилликка ғарқ,
Ҳар битта донаси –
Азобинг, дардинг.
Айт нега жим тилинг,
Сарвинози Шарқ,
Бунчалик сабрни
Қаэрдан олдинг?

Битмас матонат-у
Туганмас тоқат,
Ва жиндек табассум,
Кўзларингда жо.
Юрагинг ақлингдан
Истайди шафқат,
Ҳар битта зарбаси –
Юзта илтижо.

Бас, етар!
Қийноқли дамларинг
Ортда,
Унутиб ғамларни,
Шодон куламиз.
Эзгуликка тўла
Кўркам ҳаётда,
Албатта иккимиз
Бахтли бўламиз…

Соғиниб, ўртаниб,
Энтикиб ёниб,
Сени ўйлаяпман…

ОНАЖОН

Ёлғиз тунларимда ухламай чиқсам,
Тонгда қуёш кутиб босса ҳаяжон.
Меҳримни кўз ёшдан битталаб йиқсам,
Юборгим келади Сизга онажон!

Дилимда гапларим тўпланиб қолган,
Ҳеч кимга айтмаган сирларим бисёр.
Ҳаттоки юрагим уришдан толган,
У Сизга талпинар, мушфиқ онажон.

Бошимга кечалар ёстиқар ботса,
Ишонган дўстларим сотсалар мени.
Саратонда ёшим киприкда қотса,
Дардлашгим келади Сиз-ла , онажон.

Дунё ташвишидан тўлди бардошим,
Қўл силтаб барига, кетайми, дейман.
Тиззангизга қўйиб сўнг дардли бошим,
Ухлагим келади, мунис, онажон

Меҳрибон табассум кўзим ўнгида,
Ухласам қулоқда аллаларингиз.
Ҳар қачон дуоим бош-у сўнгида,
Албатта, Сиз борсиз, азиз онажон.

Қалбингиз мисоли бир оҳанрабо,
Ёзингиз кўкдаги порлаган қуёш.
Овозингиз майин, саҳарги сабо,
Жудаям соғиндим, Сизни онажон.


ДАРД…АЛАМ…ИЗТИРОБ

Дард — кўнглим тарк этмас хазин тарона,
У менга тутқазди қоғозу қалам.
Дардсизлик бўлмаган менга ҳамхона,
Дардим кўплигидан қилмайман алам.

Алам — бедор тунлар битилган ашъор,
Алам — ишқ куйида чекилган азоб.
У — наво битмасдан синиб қолган тор,
У — махзун кунлардан аччиқ изтироб.

Изтироб — туйғулар нурсиз хонаси,
У сабаб яшаймиз, тирикдир шу жон.
У севгим биринчи очган шонаси,
Ҳам билак томирда уриб турган қон.

Муҳаббат — юракка яширилган сир,
Ҳаётга гинам у, кўкларга додим.
Муҳаббат — илинжим умрим бўйи бир,
Ҳам дардим, ҳам алам, ҳам изтиробим!

СИР

Мен Сизга изҳорим этмайман ошкор,
Юрак-юрагимдан кулмайман ортиқ.
Дунё юзин кўрмас беҳисоб ашъор.
Қучоқ гуллар бошқа қилмайман тортиқ.

Тушларим бугундан сизники эмас,
Тўлин ой кечалар келтирмас илҳом.
Кўзингиз сеҳрига қилмайман ҳавас,
Самимий сўзингиз этолмайди ром.

Маҳлиё бўлмайман ҳуснингизга ҳам,
Майли Сиз дунёда якка-ягона.
Дардингизга ҳатто қўймайман малҳам
Шу кундан бизлармиз буткул бегона.

Сабаби айтмайман…сўраманг асло,
Хиссиз кўнглингизги қийнаб нетаман?
Оллоҳим билгувчи бу сирни танҳо,
Ўзим-ла қабрга олиб кетаман…

АЙБ

Бинойидек юриш-туриши,
Суҳбати ҳам сермазмун жуда.
Гоҳи мафтун қилар кулиши,
Ром этади хатто уйқуда.
Киприкларин ёйи қалбингиз
Тўғри нишон олади бехос.
Кўнгли, — дейсиз — катта бир денгиз,
Дарёсидан қуйилади ноз.
Кокиллари мисли мажнунтол,
Қуёш янглиғ табассумлари.
Сўзидан чак-чак томади бол,
Гул баргида шабнам сингари.
Рўмолини қўймас бошидан,
Узун кўйлак қоматин безар.
Ёсма қўйиб етти ёшидан,
Буюк санъат асарин чизар.
Қултум сув-ла ютаман дейсиз,
Бунча гўзал бўлмаса, Худо!
Фақат битта айби бор, эсиз…
Унга юрак этмаган ато!

БОЛАЛИК

Қалбга сиғмай олам дардлари,
Баъзан чуқур ўйга толаман
Жуда хомуш бўлган пайтларим,
Болалагим эслаб қоламан…

Эслайман-у, ичимда бир жой,
Жиз этади.
Ўртанади жон…
“Оймома” деб аталган эй, ой —
Қаердасан, қайда, болажон?

Зумга бўлса ҳам ўша дамга,
Бўлар эдим жон-жон деб қайтган…
Баъзан кетсам эди қувилиб,
Қувламачоқ ўйнаган пайтга…

Арғимчоққа ўтириб олсам,
Ғубор қолмас руҳда, ҳам танда
“Катта бўлсам…” деган хаёлни,
Қилмай қўяр эдим ўшанда…

Бекинмачоқ истаган кўнгил,
Шамол каби елади гоҳо…
Ўтиб кетган йиллар ортига
Яширингим келади гоҳо…

Болалигим, оҳ, болалигим,
Шалоладан шўх болалагим
Қайтиб келмас беғубор даврим —
Гуноҳлари йўқ болалигим…

Кетиб қолдинг… жуда ҳам эрта,
Энди сени қайдан топаман?
Сенинг билан қилган орзуни,
Бугун ғамлар билан ёпаман…

Катталикни қилмагин тилак;
Охири йўқ ўйлаган ишинг…
Бири тугаб-тугамай яна,
Бошланади бошқа ташвишинг…

Қалбга сиғмас бўлса дардларим,
Болалигим эслаб қоламан…

СEНИНГ КЎЗЛАРИНГ

Дилимда тасвирлаб бўлмас бир сурур,
Ёзгача завқ берар олган нафасим.
Зуҳро юлдуз мисол таратгувчи нур
Табассум юзларга келар ҳавасим.

Борлиқ гўзаллигин атрофга сочган,
Ифорлар келтириб эсади насим.
Хаёлим ўғирлаб ойларга қочган,
Зулфинг торларига келар ҳавасим.

Ёйланиб қоламан…Гоҳ ўйим рўё,
Гоҳида нуқтага тикиламан жим.
Ҳаётдан миннатдор, ҳам меҳридарё,
Қалби бутунларга келар ҳавасим.

Юрагим орзиқиб, ўртанар жоним,
Қувончли кунларим ёдга солиб зум…
Бу ёруғ оламда ҳеч йўқ армони,
Бахтли инсонларга келар ҳавасим.

Юзландим неча бор минг турли кўзга,
Зор бўлдим бир оғиз дармонли сўзга,
Ҳар эрдан изладим, топмадим ўзга,
Сенинг кўзларингга келар ҳавасим…

СОҒИНЧ

Ассалом, меҳрибон, меҳридарё дил,
Овозлари майин, беғубор кўнгил,
Соғинчдан кўнгилга сиғмаяпти қил,
Тушунгизга киргим келди, онажон…

Ёнингиздан жилмай, қувончга тўлиб
Дунёларга сиғмай, қийқириб, кулиб,
Биз зумга бўлса-да, ёш бола бўлиб
Орқангиздан юргим келди, онажон…

Айтар гапларим ҳам кўпдан зиёда,
Йиғлолмасдан ёшлар ичимда шода…
Қўнғироқ қилибмас, фақат рўёда
Ҳолингизни сўргим келди, онажон

Ичим жимирлайди, ҳавотир тинмас,
Бемеҳр ўглингиз қадрингиз билмас,
Ҳар кун тавоф айлаб, расмингизнимас,
Ўзингизни кўргим келди, онажон…

…Тунлар ухлолмасдан ҳалак бу жоним,
Меҳрингизни қўмсаб бир зумга тинди…
Қўллари дуода — жон Онажоним,
Шу кеча Мен Сизни жуда соғиндим…

КУЗ ЎЙЛАРИ…

Атроф сариқ тусда, хирадир осмон,
Япроқлар шивирлаб сўйламоқда сир.
Синоатга тўлган шу фасли хазон,
Ҳассос юрагимнинг таржимасидир.

Хаёлим қуш каби учиб кетмоқда,
Айро йўллари йўқ шамол йўлидан.
Тақдирга тан бериб ҳаёт ўтмоқда,
Тутиб ёлғизликнинг сўлғин қўлидан.

Ҳузур-ҳаловатга бегона кўнглим,
Шикаста диллардан излайди нажот.
Умид-ла кўз тикиб, бошин эгиб, жим,
Қиларин билмасдан бошлайди ижод.

Хазин сатрлардан қалбимни топиб,
Мунгли мисралардан қидириб тўзим,
Ўзим бемор қилиб, ҳам бўлиб табиб,
Тўлғаниб ёзаман ҳар битта сўзим.

Дарахтлар севинчи — кўклам илинжи…
Мен эса оромим қидириб тундан,
Ичимни кемириб, тимдалаб, юлиб,
Шеърларим ёзаман…
Шу қолар мендан.

Кузги барг сигари сарғайиб, сўлиб,
Узилиб, йўқ бўлиб кетмасам бўлди.
Бир-бировга муҳтож фоний жаҳонда,
Ҳеч кимга кераксиз ўтмасам бўлди…

ҒАЛАТИ ШEЪР…

Юрагимга қон керак,
томирда ғам оқмоқда.
Руҳимга-чи, жон керак,
танам олов ёқмоқда.

Дардларимдан олам ҳам,
тор кўринар кўзимга
Кундан кунга охшамай,
бораяпман ўзимга.

Гарданимга тап тортмай,
гуноҳларни ортяпман.
Савоб аравасини,
зўрға-зўрга тортяпман.

Бораяпман, манзилим
абадийдек — бепарво,
Ўзим тотган шарбатни,
ўзгага кўрмай раво.

Бошқалар-ла ишим йўқ,
мендай худбин бормикин?
Душманлар-га ошно-ю,
дўстга дилозормикин?

Ўтказарман бугуним,
қуллуқ қилиб гадога.
Эртамни ўйламайман —
таваккалдир Худога.

Мана шундай бир касман —
Ҳаммадан ҳам осийроқ.
Кўнглимда меҳр танқис,
Ишқдан кетганман йироқ.

Юрагимда қон йўқдир,
Бу танмада жон йўқдир,
Барчасин тушунгувчи,
Битта меҳрибон йўқдир…

Ёлғзиоёқ йўл узоқ,
Яланг босиб ўтаман.
Зулмат ичра қуёшни,
Фақат Ҳақдан кутаман

Ёруғликка интилиб,
Нурдан топгум паноҳим
“Менга ўхшаганларга
Тўзим бергин Аллоҳим…”

ҒАЗАЛЛАР

Ишқим пинҳон тутгум, асло ошкор этмам ёрима,
Изтироб-азоб ўтини бермагум дилдорима.

Кузги япроқ сингари дил сарғайиб сўлди тамом,
Келди кўклам, лек яшилдан қатра йўқ гулзорима.

Айни фасли ёшлигимда келди-ю, кетди шитоб,
Энди қилмам қанча афсус, эшитмайди зорима.

Қўлим ишда, ёр ёнима, кўнгул бунда шод эди
Йўқотиб лол ўлтирибман, ҳеч унум йўқ корима.

Қай ерни ул этди макон осмонними, ё замин?
Менки тайёр кетишликка, қурбон айлаб борима

Оразини кўрмоғим чун интиҳодан қайтмагум
Майли қўйсин икки устун ва сиртмоқни дорима.

Оҳларимга қулоқ тутмас дўсту ёрон минг тараф,
Баён этдим дардларимни шу мўжаз ашъорима.

* * *

Даво истар қалбима ҳеч малҳами жон топмадим,
Дил зоримни айтмоғимға битта инсон топмадим.

Дард тажалли мезбон ўлан хонавайрон кўнглима,
Бир тасалли беродирғон гул-гулистон топмадим

Ғамзалардан басирликка маҳкум бўлган кўз учун,
Лутф ила ҳамнур ўлувчи чашми гирён топмадим

Чашмталаб, зиё талаб зим-зимистон кўкима,
Шулаи нур тарқатувчи кавкабистон топмадим.

Кунлар базўр ўтаётир, изтиробга аржуманд,
Шоду хуррам яшамоққа якка имкон топмадим.

Ёр қидирдим, дашти ишқда бўзлаган Мажнун киби,
Неча йиллар излаяпман, ва лекин ҳамон топмадим

Зоҳиримда нола-оҳ, ҳам имонимда иштибоҳ,
Ботинимни уйғотишга соҳиби забон топмадим.

Мағрибу Машриқ қолиб, жар солиб, тилдан қолиб
Жон олиб, жоним бериб, жон тикиб жонон топмадим.

* * *

Эътиқодинг зийнатинг эмас,
Қадринг минбаъд қийматинг эмас,
Мўминга хос хислатинг эмас,
Дилда агар ихлос бўлмаса

Қалбда нурдан бўлмайди дарак,
Зим-зиёдир қуёшли фалак.
Кимга керак ундайин юрак —
Дилда агар ихлос бўлмаса

Жаннат ҳидин абад туймайсан,
Фарз-суннатни, хатто суймайсан
Мол-дунёга балки тўймайсан —
Дилда агар ихлос бўлмаса

Бандаси ҳеч келолмайди бас,
Фарзандларинг қилмайди ҳавас,
Сен нима-ю, нима ерда хас,
Дилда агар ихлос бўлмаса

Ажрларни кутмагин зимдан,
Узоқ бўлгин Қуръон Каримдан.
Меҳр кутма Пайғамбаримдан,
Дилда агар ихлос бўлмаса

Расулимнинг умматимассан
Дилда борин тилда демассан,
Қалбда иймон билан ўлмассан,
Дилда агар ихлос бўлмаса

Ҳадис кирмас бўлар қулоққа,
Покизалик кетар йироққа,
Тинч кетмайсан қора тупроққа
Дилда агар ихлос бўлмаса

Амалларинг қабул этмагай,
Дафтарингга савоб битмагай,
Яхшиликни ҳеч ким кутмагай —
Дилда агар ихлос бўлмаса

Риё сени эгаллаб олар,
Хуш ишларинг дунёда қолар.
Тавҳид шамси буткул йўқолар
Дилда агар ихлос бўлмаса

Дуоларинг ижобати йўқ,
Бу касалнинг табобати йўқ,
Кўнглинг сира бўлолмайди тўқ —
Дилда агар ихлос бўлмаса

Кирар йўлинг бўлар жаҳолат,
Ичингда ин қурар разолат
Залолатдан эрур далолат —
Дилда агар ихлос бўлмаса…

Мунофиқсан – муҳлис эрмасанг,
Имонингни қоплаб олар занг
Юзингдан ҳам қочиб кетар ранг
Дилда агар ихлос бўлмаса

Виждон тиғи минг бора тилсин,
Бошқалар ҳам эшитиб билсин,
Аллоҳ сенга кифоя қилсин,
Дилда агар ихлос бўлмаса

Оқибатин ўйлагин бироз —
Тандан шайтон бўлмайди халос.
Намоз -танга машғулот холос,
Дилда агар бўлмаса ихлос…

Индаллони айтайин шу чоғ,
Гап хулласи – ушбудир изоҳ:
Аллоҳ Сендан болмагай ризо,
Дилда агар ихлос бўлмаса.

***

Субҳидам…
Тонг аста юзини очиб,
Қоронғилик ёруғ осмондан қочиб
Қуёш ҳам нурларин эриниб сочиб,
кун бошланмоқда…

Кимга мукофот-у, кимгадир жазо
Аллаким бахтли-у, кимдадир азоб
Бир жойда туғилиш, бошқада қазо…
кун бошанмоқда…

Ўтган кун яшнаган гул сўлгунича,
Секин очилмоқда кечаги ғунча
Ҳар сафар оқ бетни варақлаганча
кун бошланмоқда…

Тирикчилик, дея тинмайди одам,
Дунё абадиймас — билмайди одам
Ҳар куним охират сари бир қадам…
кун бошанмоқда…

Бу кунни кимлардир уйғониш санар
Бошқа дил бугун чун дилидан ёнар,
Шу кундан ҳар қалбда умид уйғонар
Кун бошланмоқда…

Бизни етукликка етаклаб аста,
Биров саломату, бошқаси хаста…
Фанони бақога этиб пайваста,
Кун бошланмоқда…кун

***

Қалб – Мендан яширган дил дафтарингиз,
Кўнгил — Сиз қизғанган сирли тугунча…
Кўз ёш – юрагингиз ғарқ этган денгиз,
Орзу – ниятлардан яралган ғунча.

Жимлик – Сизни жумбоқ айлаган аср,
Табассум – чеҳрангиз абад меҳмони
Сабр – маликаси сиз бўлган қаср,
Севги – Сиз туймаган туйғу уммони

Субҳидам – сизни илк ўйлаганим вақт,
Оқшом – хиралашиб қолган бир хаёл.
Уйқу – мен билмаган ўзга ҳаловат,
Бедорлик – мени кўп қийнаган савол…

Нур – Сиздан таралган ажиб чин ёғду,
Шаббода – сочингиз ўйнаган насим…
Меҳр –сўзингизда яширин жоду…
Тундек кўзингизга келар ҳавасим…

***

Сиз ухлайсиз…
Қайдадир бир дил,
Туни бўйи
Сизни ўйлайди.
Хаёлида балки
У кўнгил
Сирларини
Сизга сўйлайди…

Сиз ухлайсиз,
Тинч ҳам осуда,
Тушингизда
хатто жилмайиб.
Ҳавасимни
келтирар жуда…
Уйғотмоқлик–
гўё бир айб…

Сиз ухлайсиз,
Маъсум, беғубор,
Осмонларни,
Кезиб рўёда
Айни дамда,
Қайдадир бедор,
Кимдир ўйлар
Сизни дунёда…

Сиз ухлайсиз…
Сезаяпсизми?
Ой ҳам сўниб,
Қуёш қайтмоқда…
Ўша кимдир,
Сизни топган-чун,
Яратганга
шукр айтмоқда…

Сиз ухлайсиз…
кимдир уйқусиз…
Сизга алла айтар ичида…