Маъруф Жалил (1936-2004)

Маъруф Жалил 1936 йил 10 октябрда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги Пайшанба шаҳарчасида туғилган. ТошДУнинг филология факультетини тугатган (1966). «Мен сизни севардим», «Раҳмат, одамлар» (1970), «Сени ўйлаб» (1973), «Нотаниш йўллар» (1976), «Қўшиқ иштиёқи» (1979), «Мен сув ичган дарёлар» (1981), «Паризодим» (1984), «Дарёни излар шамол» (1987), «Бахтимга сен борсан» (1989) каби шеърий китоблари, «Бунёдкор қалб» (1984), «Орол мадад сўрайди» (1987) очерк ва публицистик тўпламлари чоп этилган. 2004 йил 14 декабрда Тошкент шаҳрида вафот этган.


УМР

Кимлар бу кўчадан ўтмаган?
Ҳиммати дарёдан устунроқ,
Ғазаби вулқондан жўшқинроқ,
Юраги осмондай кенгларми?
Мардликда Рустамга тенгларми?
Ё мактаб, ё пахса уй қуриб,
Ё ўксик кўнглини тўлдириб,
Ҳар тонгда бир ҳикмат кутганлар?
Ё алдаб разил иш тутганлар?
Зиндонда нур кўрмай синикқан,
Ё омоч етаклаб чиниққан,
Меҳрибон, захматкаш деҳқонми,
Босқинчи, бешафқат хоқонми –
Кимлар бу кўчадан ўтмаган?
Замонлар ортидан чанг бўлиб,
Умидлар қолганмиш тўкилиб.
Шуларни авайлаб тераман,
Саралаб халқимга бераман.
Юрмоққа келганда навбатим,
Меҳнату ишқ бўлди улфатим.
Йиллардир, ойлардир унга зеб,
Кисқаси, аталар УМР деб.
Кимлар бу кўчадан ўтмаган?

ПАРИЗОДИМ

Паризодим, сени излаб тоғларга бордим,
Айтолмадим юракдаги саволларимни.
Аммо, топиб юпансин, деб қўйиб юбордим –
Тоғ бургути каби ўжар хаёлларимни.

Ўзим жавоб беролсайдим,
Бошимни эгиб,
Шамол каби югурмасдим, қўним билмасдан.
Шивирламас эдим ҳар бир дарахтга тегиб,
Ҳатто тоғлар сўзлар эди сукут қилмасдан.

Пишқиради ювош бўлиб қолган дарёлар,
Хазон бўлган лола қайта кўтаради бош.
Эски йўлда янграр эди янги наволар,
Кучга тўлиб нур сочарди кузда ҳам қуёш.

Ҳар бир мева туғилади куртак ва гулдан,
Аммо озми атиргулдай мевасиз гуллар!
Йўқ, мен қийиқ қидирмадим бу ерда қилдан,
Манзил сари элтмас экан дуч келган йўллар.

Мен танлаган йўл ҳаётга бегона эмас,
Мўъжизалар учрамайди унда эҳтимол.
Балки ҳеч ким тақдиримни қилмайди ҳавас,
Сенга атаб эколмасам битта ҳам ниҳол.

Қаронғуда йўқотарман балки йўлимни,
Балки бир тош йиқитади адашганимда,
Балки биров мадад берар кўриб ҳолимни,
Балки куним битар сенга етишганимда.

Аммо сенга қилмагайман зарра хиёнат,
Қасам ичиб бермаганман гарчи қатъий сўз.
Сен мангусан бу дунёда, мен — бир омонат,
Эзгу ҳислар ичра лекин ёнурман ҳануз.

Паризодим, сени излаб тоғларга бордим,
Айтолмадим ўйлаб юрган саволларимни.
Аммо, топиб юпансин, деб қўйиб юбордим –
Тоғ бургути каби ўжар хаёлларимни.

* * *

Мен орқангдан лаънат демасман
Ва қилмасман сени гуноҳкор.
Ғийбатларга ташна эмасман,
Бунда эмас ғурур, ифтихор.

Кўнгил хуши бўлса матлабинг,
Муҳаббатдан изладинг нега?
Нега қалтис жардан ҳатладинг,
Журъат қилиб сўзладинг нега?

Висол билан қисқарган тунлар,
Орзуларнинг ҳаммаси тамом.
Тамом бўлган бахтиёр кунлар
Бу кун биздан олар интиқом.

Энди чида. Ортга қайтиш йўқ,
Қўлдан келса унут барини.
Қайтаролмас на онт ва на дўқ
Озод бўлган дил каптарини.

* * *

Нетай сен эл аро афсона бўлсанг,
Менам ёлғиз, сенам бир дона бўлсанг.

Мени соғ деб ичингда чекма озор,
Менам девонаман девона бўлсанг.

Неча кунки шинам уй излар эдим,
Мени бағрингта олгин хона бўлсанг.

Хусумат қўлини ажрат ёқамдан,
Агарда ярқироқ пешона бўлсанг.

Олиб Зуҳра каби ошкор қилурман,
Одамлар ичра сен пинҳона бўлсанг.

Ҳамон сўзим етиб бормас дилишта,
Наҳотки шунчалар бегона бўлсанг?!

* * *

Қани менинг севинчларим, ғамларим қани?
Занг босмаган қилич каби дамларим қани?

Зим-зиё қалб гўшасида дўстлар шам эди,
Бугун ёруғ қалб гўшаси шамларим қани?

Мудом тўкис ҳаётимда бўлар бир камлик,
Айтинг, кемтик ҳаётимда камларим қани?

Гоҳ ҳижрон, гоҳ учрашувдан кўзлар бўлар нам,
Учрашув бор, ҳижрон бору намларим қани?

Белга боғлаб юрар эдим белбоғу ханжар,
Дўппим бошда, белбоғ билан ханжарим қани?

Маъруф, энди афсус қилма ўтган кунларга,
Дегил: Қоши қаро, сочи анбарим қани?