Мақсуда Жўрақулова (1990)

Мақсуда Жўрақулова 1990 йил Навоий вилоятида туғилган. Сирдарё вилояти Ховос транспорт касб ҳунар коллежининг Хўжалик ҳуқуқий фаолияти йўналишини тамомлаган. Айни вақтда “Хатирчи ҳаёти” газетасида фаолият юритмоқда.

ВАТАН ҲИССИ

Шеър ўқидим юрагим ёниб,
Олов сўзлар кўчди тилимга.
Олқишларда ортди ишончим,
Мен Ватанга кераклигимга.

Тиним билмай елдим, югурдим,
Орзуларга боғладим қанот.
Ҳар чўққига ўзимни урдим,
Ишонтирди мақсадга ҳаёт.

Олислардан сим қоқди онам:
“Болам жуда бўлдинг тошбағир”.
“Бироз сабр қилинг, онажон,
Мен Ватанга керакман ахир”.

Ортга қараш ожизнинг иши,
Олддаги йўл заҳматли бўлди.
Қўлим чўзсам етмас томондан,
Турналарнинг овози келди.

Тушларимга кирди қишлоғим,
Билдим меҳри бўлаклигини.
Қизғалдоқлар шивирлаб айтди,
Ватан менга кераклигини.

МОҲИЯТ

Учиб тушди яна бир юлдуз,
Одил вақтнинг чиғириғидан.
Еру осмон ларзага келди,
У юлдузнинг чинқириғидан.

Даҳшат ичра ўртанди зулмат,
Титраб кетди тераклар бирдан.
Чигирткалар қилишиб ҳасрат,
У юлдузни излади ердан.

О, қўрқувдан қовжираб гуллар,
Капалаклар жонидан тўйди.
Саҳар, бир қиз туннинг оқарган
Юзларига сув сепиб қўйди.

Ва ниҳоят тинчиди бари,
(Менга шундай туйилдими ё).
Қизиқ, бир кун мен учиб кетсам,
Юзингга ким сув сепар дунё?!