Маъмур Қаҳҳор (1957)

Маъмур Қаҳҳор 1957 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) фалсафа факультетини тугатган. Муаллифнинг “Кулиб турсинлар доим”, “Сеҳрли сўз” номли шеърий тўпламлари нашр этилган. Фалсафа фанлари доктори.

ТОНГ

Тонг отмоқда, оппоқ тонг,
майса шудрингга қонди.
Кўзларини ишқалаб,
ана, қуёш уйғонди.

Майин жилмайганича
кўкка томон йўл олди.
Уфқда-чи, қип-қизил
фақат тўшаги қолди.

ШАМОЛ  

Маза, маза, кимга маза,
шамолга маза?
Дала, қирда армон билмай,
ўйнайди роса.
Булутлардан ясар турфа
шаклу ўйинчоқ,
Дарахтларнинг қаддин эгиб,
кулади қувноқ.

Ёмон, ёмон, кимга ёмон,
шамолга ёмон.
Аниқ борар манзили йўқ,
елар ҳар томон.
Ёлғизликдан, оҳ чекибми,
аёзли тунлар,
Деразамга бошин уриб,
бўридек увлар?

ТУЯҚУШ

Туя десанг, туямас:
пати бор, қаноти бор.
Қуш десанг ҳам келмас мос,
туя деган оти бор.

Ўйлаб-ўйлаб бошимга
бир гап келди, хулласи:
Туяларнинг қуши у,
қушларнинг-чи туяси.

КУНГАБОҚАР ДАЛАСИДА

Офтобачалар
беҳисоб,
Сабоқ берар
тоб-тоб.

Ўргатар ул
кулишни,
Нафис кокил
ўришни.

ЮМРОНҚОЗИҚ

Ер остида минг хона
қуриб қўйди пинҳона.
Ҳайрондир энди, бироқ,
ўтказа олмай чироқ.

ҚОРА МУШУКЧА

Ойи, қора мушукчага
попук тақиб қўяйлик.
Ойи, қора мушукчани
оппоқ рангга бўяйлик.

Шунда, қора мушукчани
қувмас дайди болалар.
“Фалокатнинг белгиси”, деб,
атамайди холалар.

Ҳамма уни кўрган они
дейди: “Бунча чиройлик!”
Ойи, қора мушукчани
оппоқ рангга бўяйлик.

ГУЛЛАР

Тили бордир
гулларнинг,
Сўзи – ҳиди
уларнинг.

Суҳбат қурмоқ
истасанг,
Басдир, ўртоқ,
ҳидласанг.

КЎПРИК

Кўнгилларни
хуш этар,
Соҳилларни
эш этар.

То бу дўстлик
бузилмас,
Умри унинг
узилмас.

АРИҚЧА

Қўриқлар шўх
ариқча,
Армони йўқ
тариқча.
Унга бахтдир:
гул, майса
Сочиб атир,
жилмайса.

КУРТАК

Ухлар куртак
йўргакда,
Ҳали мурғак
гўдак-да.

Яшнаб афти –
ангори,
Туш кўряпти
зангори.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!