Маҳмуджон Нурматов (1935)

1935 йилда туғилган. Ўрта Осиё Давлат университетининг филология факультетини битирган. “Танқид ва эстетика”, “Ҳурмат ва хулқий гўзаллик”, “Санъатнинг миллий ўзига хослиги тўғрисида” каби бир неча илмий китоблари чоп этилган. Фалсафа фанлари доктори, профессор.

Иқбол қуёши ботмасин

Боғда гул терса нигор, қўлга тикон ботмасин,
Ё тикон зарби тегиб, беҳуда заҳмат тортмасин.

Уйқуда бўлса агар, гулзор аро ул сарвиноз,
Қўзғалиб боди сабо уйқусидан уйғотмасин.

Майли, мен ҳижрон аро, дўстлар, ғаму андуҳ чекай,
Нурнисор бўлсин омон, ҳаргиз аламга ботмасин.

Асрасин қодир Худо нопок ғаразлар қасдидан,
Дил муроди – дилбарим тупроқда бежон ётмасин.

Айлагил кулбанг аро, ёрингни қалбин машъала,
Ул сенинг меҳрингни ҳам ёғийга, асло, сотмасин.

Қайнасин дил чашмаси, оқсин нигор гулзорига,
Айрилиқнинг дардида минг йилги муздек қотмасин.

Ҳур диёрим тонгида ёримга қалбим интизор,
Эй Замоний ҳажр аро иқбол қуёши ботмасин.


Муддао дийдор эрур

Дилбарим, гарчанд, ситамкор, доғули айёр эрур,
Ёр учун бўлмоққа қурбон танда жон тайёр эрур.

Оташин қалбим ёнарди айлабон изҳори ишқ,
Ҳар сафар ёрим висоли ўзича сирдор эрур.

Тунлари зулмат қувиб, кутдим шафақни мунтазир,
Тонгни откузгучи, у, кўзлари хуммор эрур.

Ичмайин ғафлат майини, даҳр аро кезсам, не тонг,
Ул санам кўйида кўнгил доимо бедор эрур.

Тутдию ҳижрон шаробин, ишқида маст айлади,
Ўртанмоқ, ўчмас оловда ёрима даркор эрур.

Ошкор бўлдию рашким, кулдилар беишқлар,
Бевофолар рашки ишқдан мутлақо безор эрур.

Тўсдилар йўлни рақиблар, мен сўзимдан қайтмадим,
Тан аро ширин муҳаббат, чин вафо пойдор эрур.

Топдиму меҳнатда роҳат, лек, ҳижрон ўртади,
Дил аро доим, Замоний, муддао дийдор эрур.

Соғинтирдинг

Фироқнинг даштида дилбар, жамолингга соғинтирдинг,
Чунон нозик гулҳаёдек ниҳолингга соғинтирдинг.

Бу ҳижрон дардида руҳим метиндек безавол бўлмиш,
Саҳардин то қаро шомим, висолингга соғинтирдинг.

“Севурман!” деб. Жисму жондин вафога ваъдалар қилдинг,
Бўлурсан, деб, вафодорим, саволингга соғинтирдинг.

Десам: Зуҳро-ю, Лайлолар, алар-ку тенг келолмаслар,
Мурувватли паризодим, камолингга соғинтирдинг.

Муҳаббат кўкида порлоқ мудом шамсу қамардурсан,
Ўзинг озода наҳримсан, зилолингга соғинтирдинг.

Нетай, орзум шикорига ўзга ёр ёқмади ҳаргиз,
Ҳаётимдек гўзал, тотли хаёлингга соғинтирдинг.

Ҳаётим боғида борсан, беҳолу бемажол ёрсан,
Ҳажрга айламай тоқат, малолингга соғинтирдинг.

Орзулари армуғоним, кулбам аро чароғоним,
Сарвинозим, Замонийни ҳилолингга соғинтирдинг.

Келдилар

Гул очиб ҳур лабларидан шаккаристон келдилар,
Келтириб гулдан насиба лаъли хандон келдилар.

Чақнатиб ўт кўзларидан ҳар тараф нур базмида,
Базм аро лутф айламакка яхши меҳмон келдилар.

Ўйнатиб дил, дилни ўйнаб, жон бўлиб бу дил аро,
Дилраболар дилрабоси дилрабохон келдилар.

Санчилиб бағримга саф-саф найзадор киприклари,
Бу кўнгил япроқларин айлабки, алвон келдилар.

Қон кечар жисмим аро томирми мужгон, билмадим,
Аҳду – паймон урфи бирла, руҳи рахшон келдилар.

Келди ҳижрон, ёнди э воҳ, ҳур муҳаббат хонаси,
Меҳри қайнаб гоҳи нолон, гоҳи шодон келдилар.

Эй, Замоний, ҳажр ўтини ишқ ўти-ла тоблагил,
Минг рақибни доғда ташлаб, қалби бўстон келдилар.