Маҳмуд Тоиров (1952)

Маҳмуд Тоиров 1952 йил 31 августда Тошкент вилоятининг Паркент тумани, Паркент қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (2005). ТошДУнинг филология факультетини тугатган (1977). Дастлабки шеърий тўплами — «Айт энди, юрагим» (1991). Шундан кейин шоирнинг «Биз нечун учрашдик» (1992), «Муҳаббат шеваси» (1995), «Оқиб кетган армонлар» (1996), «Бармоқлар бодаси» (1998), «Ҳакни таниб» (1999), «Юзтўртлик», «Сайланма» (2002) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган (2001).

ОР ҚИЛГАЙ

Тўзғиган хаёлин тутган бормикин,
Келмаслигин билиб кутган бормикин,
Бахтини баҳридан ўтган бормикин,
Сирилган сирларни билгим келади,
Янтоқни йиғлатиб юлгим келади.

Юрагимда йиғлаб ётган қушим бор,
Қанотларин боғлаб ётган қушим бор,
Қаро тунни товлантирар тушим бор,
Бошим узра осмон оғиб чиқади,
Ёстиғимга ёмғир ёғиб чиқади.

Тил берсалар, гулга тилмоч бўлгайман,
Йўл берсалар, нурга тилмоч бўлгайман,
Олов сўранг, қўрга тилмоч бўлгайман,
Жоним ичра армон яшар ўкиниб,
Кўнглим билан кетгим келар тўкилиб.

Битта сатр бедор қилар тонггача,
Битта сатр бемор қилар тонггача,
Сўз етмаса жондан ўтиб қонгача,
Бу шоирдан оппоқ қоғоз ор қилгай,
Бу шоирни ўз қалами хор қилгай.

ЎРГАНДИМ

Ўргатган одамнинг сўзида офтоб,
Ўрганган одамнинг юзида офтоб.
Яшамоқ — аслида сўроққа жавоб,
Эй, Сиз илк устозим — Онам, дилбандим,
Ватанни севишни сиздан ўргандим.

Дердингиз, райҳонда дилнинг ранги бор,
Муҳаббат аҳлида гулнинг ранги бор,
Меҳру оқибатда элнинг ранги бор,
Элга эландим мен, сизга эландим,
Ватанни севишни сиздан ўргандим.

Дегансиз, ҳақ сўзнинг ташнаси бўлгин,
Садоқат саҳросин чашмаси бўлгин,
Яхшилик азмида тўкилгин, тўлгин,
Она, дилингизда дарё кўргандим,
Ватанни севишни сиздан ўргандим.

Офтоб остонамдан кетганда билдим,
Ботар манзилига етганда билдим,
Чўбин отингизни тутганда билдим,
Кеч деди, ҳеч дедим, дийдор тиландим,
Ватанни севишни сиздан ўргандим.

Онани асраш бу — Ватанни асраш,
Онадек бағри кенг чаманни асраш,
Керак, ҳей, онадек гулханни асраш,
Сизни эсласам ҳам бахтга беландим,
Ватанни севишни сиздан ўргандим.

Оналар дунёнинг дури азали,
Эй, сиз — кўнглим кўзин сўнмас машъали,
Соғинчим оҳининг битмас ғазали,
Руҳий оламингиз тинчин тиландим,
Ватанни севишни сиздан ўргандим.

ТУПРОҚДАН ТАШҚАРИ

Заминнинг тумори муборак издир,
Бахтга етакласин босган қадамлар.
Тириклик дунёда энг ширин сўздир,
Тупроқдан ташқари юрган одамлар.

Шукурни сув мисол шимириб ичинг,
Онангизни асранг, болангиз қучинг.
Оқибат боғига бир ниҳол экинг,
Тупроқдан ташқари юрган одамлар.

Турнадек кўкламни йўқлаб яшангиз,
Куртак кулгусини илғаб яшангиз,
Омонсиз, бир-бирни алқаб яшангиз,
Тупроқдан ташқари юрган одамлар.

Гар кўнгил кўнгилга меҳр илинмас,
Жафо жилмаймагай, тошлар тилинмас,
Қадрсиз қаторда боринг билинмас,
Тупроқдан ташқари юрган одамлар.

Қайтиб ғунча бўлган гулни билмаймиз,
Бошдан Ҳумо ўтар кунни билмаймиз,
Қайтмас йўлга чиқар кунни билмаймиз,
Тупроқдан ташқари юрган одамлар.

Омин денг, яхшига Ҳақ назар берсин,
Ёмондан ҳар дилга бир ҳазар берсин,
Маҳмудга шеър отлиқ бир кавсар берсин,
Тупроқдан ташқари юрган одамлар.

ХАЛҚОНА

Чақмоқ чақса чақибди,
Кимлар кимга ёқибди.
Кўнгил деган дарёда,
Сувлар лим-лим оқибди.

Офтобни узоқ деманг,
Сиз ойни тобоқ деманг.
Ҳар янганинг кўркини,
Уйилган қобоқ деманг.

Гувва-гувва гув пиш,
Ҳувва-ҳувва ҳув пиш.
Ёзда ёғни йиғмасанг,
Куз тугамай келар қиш.

Қўшқалдоқнинг қулоғи,
Ичи тўла жиқ ёғи.
Бақир-биқир қайнагай,
Бой йигитнинг булоғи.

Томошага тош отманг,
Қуёшдан олдин ботманг.
Бозорни бозиллатиб,
Кўнгилни арзон сотманг.

Гувва-гувва гув пиш,
Ҳувва-ҳувва ҳув пиш.
Ёзда ёғни йиғмасанг,
Куз тугамай келар қиш.

МУҲАББАТ ОЛОВИ

Куртаклар кулгусин кўриб ногаҳон,
Шаббода энтикиб қутловга шошар.
Болари хобидан уйғонар шодон,
Хабарлар, қувончлар қиру тоғ ошар,
Баҳор келибди.

Тиниқ туйғулардан тўлғонар диллар,
Умидлар юракка зўр илдиз отар.
Қоп-қора новдалар, оқ-оппоқ гуллар,
Бу олам ифордан балқиблар ётар,
Баҳор келибди.

Гўзаллик сепини ёймишдир ажиб,
Ўрган кокилига мажнунтол мафтун.
Замин таманнода, ҳаволар нажиб,
Лолалар ловуллаб ўқийди афсун,
Баҳор келибди.

Шукурга шимириб тоза ҳаводан,
Момолар қўлларин очар дуога.
Кимдир шеър ўқийди ёрдан, вафодан,
Кимдир жўр бўлади ўзга навога,
Баҳор келибди.

Ҳар қўлда баҳорнинг шодлик шароби,
Ҳар тилда баҳорга айтилар таҳсин.
Кўкда жилмаяди баҳор офтоби,
Қизғалдоқ муҳаббат оловин ёқсин,
Баҳор келибди.

ТЎРТЛИКЛАР

Виждон юзидаги доғдан асрасин,
Кўнгил кўзидаги ёғдан асрасин.
Маломат бозори бунчалар гавжум,
Ютиб юборади ҳақиқат сасин.

* * *

Ким қарамлик домига тушди,
Ножинс каснинг комига тушди.
Ёраб, наҳот жаннатнинг майи,
Бир нокаснинг жомига тушди.

* * *

Сўзингда нур бўлса диллар очилгай,
Кўзингда нур бўлса, йўллар очилгай.
Яхшилик ёр бўлса, ҳар ишда, Маҳмуд,
Ортингдан дуога қўллар очилгай.

ПАРКЕНТИМ

Қирларида қирғийсин қаноти қайрилмаган,
Овчиси имонию, оридан айрилмаган,
Сувга чўп ташлаш бунда қушга ҳам буюрилмаган,
Ватан ичра бу чаман Ватаннинг парчасидир,
Чотқол тоғ тизмалари қуёшнинг дарчасидир.

Майсалари жилмайиб, жилолар тўкар бунда,
Турналар бошингиздан дуолар тўкар бунда,
Райҳонларнинг пойига саболар чўкар бунда,
Кўрсангиз кўзингизга қувончлар чирмашади,
Юрсангиз изингизни гуллари талашади.

Жилғаларин жаранги жонингизга чертади,
Булоқлари бахт тилаб зам-зам сувлар тутади,
Кундуз қуёш, оқшом ой йўлингизни кутади,
Қушларин қўшиғида тангрининг каломи бор,
Мажнунтол таъзимида келинлар саломи бор.

Масжидларин кўкига фаришталар сиғмайди,
Бунда кимки йиғласа, Худойимга йиғлайди,
Бу масканда Бобомочин, не валийлар улғайди,
Яратган осмонидан ором сочиб туради,
Тонгда гуллар булбулга китоб очиб туради.

Момоларин алласи тошларни ҳам балқитар,
Қирқ кокилли қизлари қароғингиз қалқитар,
Паркенгда бир бор бўлган минг бир дардни унутар,
Бобурга болиш бўлган атри булоқ чаман бу,
Ҳофиз Кўҳакий суйган жаннат жамол Ватан бу.

Кимга жондай азизмас она бўлиб туққан ер,
Онам деса Маҳмудни бир сўзидан уққан ер,
Кўксига гул чечагин тумор қилиб такқан ер,
Етти эмас, етмиш минг авлодимга Ватансан,
Бағрингда ётар бўлсам сен ёдимга Ватансан.

ЎТИНЧ

Мени осмонларга олиб чиқмангиз,
Қуруқ ноғорани чалиб чиқмангиз.
Менинг кўнглим ерда, товоним ерда,
Осмондан уялиб қолмайин яна.

Менга амал эмас, ошиқ дард беринг,
Шеърнинг шаробидан чимдим гард беринг,
Ерда майса билан яшагим келар,
Райҳондан уялиб қолмайин яна.

Ерда онам яшар, болам яшайди,
Отам қабрин қучган нолам яшайди.
Онадан қарзини узган бормикин,
Виждондан уялиб қолмайин яна.

Қонимда ошиқлар исён қилади,
Жонимда қўшиқлар гирён қилади.
Шайтон ишвасида жаннат кўрсатманг,
Раҳмондан уялиб қолмайин яна.

Онам дедим, Момо Ерга юкиндим,
Кўз ёш бўлдим, яна унга тўкилдим.
Ҳовучим тўлдириб буғдой берди у,
Сомондан уялиб қолмайин яна.

Мен ердан кузатган жоним, офтобим,
Мен ердан термулган ойим, моҳтобим.
Осмонингиз ўзингизга буюрсин,
Иймондан уялиб қолмайин яна.
Мени осмонларга олиб чиқмангиз,
Чиқсангиз сиз ердан нолиб чиқмангиз.
Худонинг олдида, ернинг олдида,
Инсондан уялиб қолмайлик яна.

ОҚҚАН ДАРЁ ОҚАВЕРАДИ

Сен йўлимни тўсма, эй ғаним,
Янтоқ бўлиб ўсма, эй ғаним,
Сокин дарё бу кўнглим маним,
Ишқим гулхан ёқаверади,
Оққан дарё оқаверади.

Мен қоқилсам ер кўтаргайдир,
Эрка бўлсам эл кўтаргайдир,
Ожиз аввал қўл кўтаргайдир,
Чаён зоти чақаверади,
Оққан дарё оқаверади.

Сен ҳам бир бор юлдуз бўлиб кўр,
Тун бўлмагин, кундуз бўлиб кўр,
Бир майсага илдиз бўлиб кўр,
Кўклам чечак тақаверади,
Оққан дарё оқаверади.

Ҳақ сўз жоним жаранги мени,
Шеърим дилимнинг ранги мени,
Тўкур ҳасаднинг занги сени,
Ҳавас чақмоқ чақаверади,
Оққан дарё оқаверади.

Сен кулмасанг кулмайди дунё,
Мен йиғласам йиғлайди дунё,
Бўйин бизга бўйлайди дунё,
Яхши элга ёқаверади,
Оққан дарё оқаверади.

СИЗГА БАРИБИРМИ?

Азизим, бафимни тиғлайди соғинч,
Мен кимга тўкилай лиммо-лим тўлсам.
Жонимда чарх урар ушалмас илинж,
Сизга барибирми, йиғласам, кулсам.

Ҳовучим ҳапқирар қувонч ёш тўкса,
Не қилай қаршимда андуҳ тиз чўкса,
Алам қилар экан дўстдан ўқ тегса,
Сизга барибирми, йиғласам, кулсам.

Бўйладим, бўйладим дорга етмадим,
Қаторда керилган норга етмадим,
Ўз кўнглимдан бўлак зорга етмадим,
Сизга барибирми, йиғласам, кулсам.

Тошларни чиритиб бўлмас экан-ку,
Ой доғин аритиб бўлмас экан-ку,
Қуёшни қаритиб бўлмас экан-ку,
Сизга барибирми, йиғласам, кулсам.

Омонат дунёга ғанимат меҳмон,
Мен чиндан сўрасам эгилгай осмон,
Ой ўтар, йил ўтар, эй дўсти нодон,
Сизга барибирми, йиғласам, кулсам.

СЎРАМА

Мен тошларнинг тилиман,
Мен кўнгилни гулиман,
Бу дунёнинг гилиман,
Мендан мени сўрама.

Тиллоси йўқ бой надур,
Эгилмаса ёй надур,
Сув оқмаса сой надур,
Мендан мени сўрама.

Офтобга эргашмасанг,
Ер билан йиғлашмасанг,
Тиғ билан тиллашмасанг,
Мендан мени сўрама.

Сен етмаган йўлдаман,
Сув кирмаган чўлдаман,
Бир майсаман, дўлдаман,
Мендан мени сўрама.

Кундан тунни сўрама,
Қўрдан кулни  сўрама,
Мендан дунё сўрайвер,
Мендан мени сўрама.

Ҳар дарёнинг боши бор,
Ҳар кўзнинг ўз ёши бор,
Мен табибман, ҳам бемор,
Мендан мени сўрама.