Маҳфуза Имомова (1989)

Маҳфуза Имомова 1989 йилда Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида туғилган. Шеърлари туман, вилоят ва Респуб­лика матбуотида эълон қилинган. Ҳозирда “Эко олам” журналида фаолият юритмоқда.

* * *

Тун негадир кўринмай қолди
Тунамоқда балки йўлакда.
Ой ёруғлик ичра йўқолди.
Қуёш чиқди…
Шаффоф кўйлакда.
Чапак чалиб қўйди чумчуқлар.
Ҳар чечакка кирди иссиқ жон.
Баҳор келди заминни йўқлаб,
Уч фаслни қилгач имтиҳон.

* * *

Оқармоқда осмоннинг рангги,
Шитирлайди…
Дарахтлар юпун.
Туш кўрарман, мен бугун янги,
Эскиларин унутмоқ учун.

Оқармоқда оқшомнинг рангги,
Бардошимни синар сукунат.
Чорлаяпман латиф бир тонгни,
Қизғалдоқлар баргида тунаб.

Оқармоқда хира кунларим,
Изтироблар, энди хайру хўш.
Сен кетарсан умримдан нари,
Мен кетарман кўргали бир туш.

Ишқ кетмайди бизлардан фақат…

* * *

Борар йўлим аниқ.
Борар йўлим чин…
Кетяпман…
Атрофда бир уюм хазон.
Ортимдан эргашиб келяпсан нечун?
Мен сенга боғланиб улгурдим қачон?
Барибир кетяпман…
Юрагим оғриб…
Кўзларинг тубига бўлмоқдаман ғарқ.
Ўртада бепоён масофа бордир.
Каттадир азизим, ўртамизда фарқ.
Оҳ, чалғиб кетяпман…
Орзуларимдан..
Менга азоб берар бу айри дунё.
Муҳаббат, охирги сўзни ўзинг айт
Кетайми,
Кетайми,
Қолайинми ё?!

ТОНГ

Оғриқ берар бу кеч  жароҳат,
Кўзларим  лиқ соғинчга тўлган.
Сен ҳам мени куттирма фақат,
Сен ҳам барвақт туришни ўрган!