Лобар Азизхўжаева (1991)

Лобар Азизхўжаева 1991 йил Тошкент вилоятининг Қибрай туманида таваллуд топган. Насрда ва назмда ижод қилади.
Ҳикоялари, ижтимоий-сиёсий мавзудаги мақолалари, интервюлари, таржималари, шеърлари Республиканинг турли газета ва журналларида мунтазам равишда чоп этиб келинади.
Касби журналист. Ҳозирда “7х7” ижтимоий оммабоп газетасида адабий бўлим бошқарувчиси ва бир нечта газеталарда жамоатчи мухбир сифатида фаолият юритади.
2009 йилда Тошкент иқтидорли ёшлар ижодий ишлари тўплами “Эй навқирон ёшлик” китобида ҳикоялари чоп этилган.
2010 йилда “Оқсоқ қиз кундалиги” номли ҳикоя ва шеърлари тўплами нашрдан чиққан.
2010 йилда Озарбайжонда чоп этилган Туркий халқлар шоирларининг шеърлари тўпламида Ўзбекистонлик таниқли ижодкорлар қаторида шеърлари озарбайжон тилида чоп этилган.
2010 йилда “Келажак овози” Республика иқтидорли ёшлар танловининг “Адабиёт ва публисистика” йўналиши ғолиби.

АЙТИЛМАГАН СЎЗ

Термуласиз…
Куласиз, маҳзун,
Кўзларимдан узолмайсиз, кўз…
Жимлик…
Сукут. Узундан-узун…
Бўғзимизни куйдирар бир сўз…
Куйдиради, кул қилар оҳир,
Олов бўлиб ёнади, жонлар,
Севги бўлмай, нима бу аҳир?!
Муҳаббатдан ўт олган онлар…
Айтолмайман…
Гупирлар юрак,
Сирлашади нигоҳлар, кўзлар….
Оқшом дўнар…
“Кетишим керак”…
Айтилмасдан қолади сўзлар…
Сўнг кетамиз. Айриламиз жим.
Тунлар бедор, юмилмайди кўз…
Азоб бериб қийнар тонггача,
Ўша, учта айтилмаган сўз…
(2010)

ҒУРУР

Айрилиқ онлари шунчалар оғир,
Унутмоқ бунчалар бўлмаса душвор?
Пойимиз ўпади, севги-қон бағир,
Биз ишқни йиғлатиб кетаяпмиз ёр…

Шунча осон экан, севмоқ-севилмоқ,
Бунча азоб экан айрилиқ дарди?
О, ишқнинг кўзига қаролмаган чоғ,
Кўзни ачиштирар ҳижроннинг гарди…

Мағрурмиз…
Ғурурлар осмондан баланд,
Туйғулар сочилиб кетар ҳар ёна..
Муҳаббат номини янчиб ўтиб сўнг,
Бир зумда бўламиз бизлар, бегона…

Кетамиз. Эргашар бизга армонлар.
Соғинчлар изимиз ўпиб йиғлар зор,
Бизни кузатганча йиғлар осмонлар,
Биз…
Ишқни йиғлатиб кетаяпмиз ёр…
(2010)

МEНДАН ВОЗ КEЧМАНГ…

Ушбу шеър ҳали туғилиб улгурмаган
боласидан воз кечмоқчи бўлаётган
аёлларга бағишланади.

Нечун бунча юрагингиз безовта, она?
Сўзларингиз бунча аччиқ, серзарда, она?
Наҳот мен деб, ҳаётингиз озорда, она?!
Мендан воз кечманг…
Кечманг, онажон!
Мендан кечманг, бошингизга болиш бўлай ман,
Тунлар сизга овунч бўлиб, кундай тўлай ман,
Изн беринг, кенг дунёни бир бор кўрай ман,
Мендан воз кечманг,
Кечманг онажон!
Ҳали ёғиб улгурмаган лайлакқорман-ку?
Гар туғилсам, сизга суянч номус, орман-ку!
Гуноҳ қилиб улгурмаган гуноҳкорман-му?!
Мендан воз кечманг…
Кечманг, онажон!
Мен-ку қўрқиб йиғлаяпман, сиз сезмайсиз-му?
Юрагингиз силаб турсам ҳис этмайсиз-му?
Мени Аллоҳ берди, айтинг, воз кечмайсиз-му?!
Мендан воз кечманг,
Кечманг онажон!
Наҳот дийдор насиб этмас бахти қораман,
Сиздан бунёд бўлган парча жигарпораман,
Қўлингиздан тутиб, Ҳажга олиб бораман…
Мендан воз кечманг!
Кечманг онажон…
Кўзларингиз кўргим келар, она қанчалар…
Бағрингизда кулгим келар, она қанчалар.
Наҳот мени юлиб олса, темир панжалар?!
Мендан воз кечманг…
Кечманг онажон…
(2010)

* * *

Уни севмагандим.
Умуман… Хуллас-
У бир ҳавас эди, шунчаки ҳавас…
Унинг ёди билан отар эди тонг,
Уни ўйлаб кунлар ботар эди, бас…
Уни севмагандим.
Севмагандим, йўқ!
Муҳаббат не ўзи? билмасдим, асли
Юракка тегканди шунчаки бир ўқ,
Дардимга даво деб билардим васлин…
Кўзидан томарди кўксимга мунглар
Кўнглимда аламлар сели оқарди…
Унинг айвонида отганда тонглар
Менинг тонгларимдан тунлар боқарди…
Уят парда эди.
Ҳаё- подишоҳ.
Ғурур кўзларимнинг артарди ёшин.
Мен жим термулардим…
Кўрмас эди, воҳ,
Шундай ўтиб кетди ўн саккиз ёшим…
Шундай ўтдик ишқсиз.
Кул остида чўғ.
Кунда икки-уч бор боқар эди, бас.
Уни севмаганман.
Севмаганман йўқ!
У менга шунчаки ёқар эди, бас!
Шунчаки, йиғлатиб кетди йиллар ҳам.
Армон алла айтди, қайғуга ўраб.
Бир сўзда айтолмай ўтди диллар ҳам,
Шунчаки…
Тўйида йиғладим ўкраб.
Йиғладим, йиғлади қаро булутлар.
Югурдим.
Ғурурим тўсди йўлимни.
Кўрмоқчи эдим, бир…
Оҳирги марта.
Ҳаё ушлаб қолди, маҳкам қўлимни…
Юрак-тош.
Муҳаббат?
Кул остида чўг.
Ёниб улгурмайин ўчирганман, бас.
Уни севмаганман, севмаганман йўқ!
У бир ҳавас эди…
Шунчаки ҳавас!
(2010)

* * *

Лайлакқор шивирлар бир сирни,
Кипригинг учига илашиб…
Мен яниб қўяман тақдирни,
Армоннинг пойига чирмашиб…
Лайлакқор,
Лайлакқор, лайлакқор!
Суйганим ўзингдек беғубор…
Ёнига боролмам, боролмам….
У энди ўзгага бўлар ёр…
Орамиз тўрт қадам, беш қадам-
Етмоққа етмайди кўзларим,
Ўртага тоғ бўлди бир одам,
Лайлакқор, ўзинг айт сўзларим!
Чап кўксим музлайди қировдан,
Либосинг қордайин беғубор..
Бахт тилаб боргин-у, сочидан,
Мен учун ўпиб қайт, лайлакқор…
Кўнглимда аламлар жимирлар.
Армонлар рақс тушар қувлашиб,
Қулоқ сол-
Лайлакқор шивирлар-
Кипригинг учига илашиб…
(2011)

ЗАЙНАБ НОЛАСИ

Итармангиз кўксимдан, кўкси илма-тешикдир!
Мен кечганман ўзимдан, қалбим бўм-бўш бешикдир!
Мен ким- бахтга зор бўлган, чеккан озор — Зайнабман,
Бек уйида ҳор бўлган, қалби мозор Зайнабман!

Марғилоннинг йўлига кўзим тушса дил йиғлар,
Бўш чимилдиқ тўрида, ишққа маҳкум қул йиғлар…
Йиғлама-эй, кўнглим-а, бекнинг бағри тор экан,
Манглайига битилган сендан ўзга ёр экан!

Мен дардимни сўйласам, тошлар эриб кетдилар,
Ёр йўлига кўз тикиб, ёшлар қуриб кетдилар…
Йиғламайман, йиғласам, бу Худога нолишдир,
Дардимни билган Аллоҳ, тунда ҳамроҳ болишдир…

Келмагин-эй, жон Кумуш, бегим сўзим олмайди,
Мен кундошга чидарман, қалбим чидай олмайди…
Зайнабни ҳам бир эсланг, ишқ шаробин ичган он,
Мен болишни қучарман, бек Кумушни қучган он…

Мен ким- битта ожиз қул, аввал бошда Худодир,
Кумушни ҳам ўлдирган, менмас, рашки балодир!
Бегим, сизга ёр бўлиб, бир бор бағрим тўлмаган,
Сизни қандай суйганим – Қодирий ҳам билмаган!

Ҳайдамангиз, кетаман. Марғилонга қайтинг сиз.
Мени қарғаганларга – мендан салом айтинг сиз!
Зайнаб энди телба денг, ишқ кўйида девона,
Бахт кўрмаган кулба денг. Юрак-бағри вайрона…

Итармангиз кўксимдан, кўкси илма-тешикдир!
Мен кечганман ўзимдан, қалбим бўм-бўш бешикдир!
Мен ким- бахтга зор бўлган, топган озор — Зайнабман,
На келин, на ёр бўлган, қалби мозор Зайнабман…
(2010)

* * *

Кўзларингнинг соғинчи,
Шивирлайди кўксимда.
Ҳижронимнинг овунчин-
Ўғирлайди бир зумда…
Дил бермоқ- бу телбалик,
Севилмоқлик- бахт экан.
Севилмадик, севмадик…
Тош бўлмоқлик- дард экан…
Кўнгил нима- парча муз.
Музда ишққа нима бор?
Баҳор билмас юракни-
Айбламагин энди ёр…
Кўзёш бўлиб томамиз,
Аламларга чўмамиз,
Кавлаб қўйиб юракни-
Муҳаббатни кўмамиз…
Қабртоши-кўзёшдан,
Панжарадир-армонлар.
Муҳаббатга жаноза.
Ўқир энди ҳижронлар…
(2011)

ВИДО

Юрақол, юрагим, юрақол…
Қўлимдан тут энди.
Кетамиз.
Йиғлама, ҳижронга кўнақол.
Биз бахтга етамиз, етамиз…
Юрақол, юрагим
Юрақол!
Ортингга қайрилма, қарама!
Йиқилма, эгилма, турақол,
Қўй, уни қарғама, қарғама…
Қарғама, унинг ҳам юраги-
Ёш тўкар, ғурурин ортида.
Йиқилиб кетгудай тиргаги-
Биздайин кўнгли ҳам ёрти-да…
Билдирмас.
Сездирмас.
Кулади-
Юзига чизади бахтдан из
Биламан. Билади. Билади!
Мен бахтсиз.
У бахтсиз.
Ишқ бахтсиз…
Юрақол юрагим, юрақол!
Пойига бош уриб йиғлама!
Истасанг…
Истасанг, қолақол.
Лек уни…
Менингдек, тиғлама…
Ҳастасан.
Яримсан.
Бечора!
Унга ҳам бормикан керагинг?!
Кетаман. Ёрим-а, начора-
Ўзингга қолдириб ЮРАГИНГ…
Шу бўлса, шу бўлса, ишқ деган-
Муҳаббат чин ДИЛга зор экан!
Ошиқлар кўп экан Севгижон,
Қалблари…
Қалблари тор экан!

Юрақол, Муҳаббат, юрақол!
Биз энди бу ердан-
Кетамиз…
(2011)