Лайло Шарипова (1968)

Лайло Шарипова 1968 йилда туғилган. Бухоро Давлат университетини тамомлаган. «Оҳ, армонлар», «Қисмат сураси», «Шодлик соҳили», «Бу шундай дунёки…», «Онамга тортиқ» китобларининг муаллифи. Ҳозирда Бухоро Давлат университетида бошланғич таълим кафедраси доценти лавозимида фаолият юритмоқда.

НАВРЎЗОЙИМ

Сойларида оққан суви ойналикка ярайди,
Мажнунтоллар қизларига қараб сочин тарайди,
Она қуёш қирларига соғинч билан қарайди,
Наврўзойим, юртимизга келишингдан ўргилай,
Баҳоройим, кўнглимизда кулишингдан ўргилай!

Ўксиб турсам, қаддимни тоғ, кўнглимни боғ қилган эл,
Саҳродайин кунлар келса, дарё каби тўлган эл,
Душманига озор берса, гуноҳ дея билган эл,
Наврўзойим, юртимизга келишингдан ўргилай,
Баҳоройим, кўнглимизда кулишингдан ўргилай!

Отам каби суяб турган, ғурурим – орим – Ватан,
Онам каби беминнатим, дилда гулзорим – Ватан,
Кўксимдаги уриб турган юрагим, борим – Ватан,
Наврўзойим, юртимизга келишингдан ўргилай,
Баҳоройим, кўнглимизда кулишингдан ўргилай!

Обод элга обод кунлар олиб келгин Наврўзим,
Шу Ватанда тоғдай ўссин, боғ бўлсин ўғил-қизим,
Улуғларнинг битигига фарзанд бўлсин ҳур сўзим,
Наврўзойим, шу чаманга келишингдан ўргилай,
Баҳоройим, кўнглимизда кулишингдан ўргилай!
 
ОНАЖОНИМГА

Кўнгли каби кўнгил топмаган,
Бўйига тенг бўй топган, онам.
Дил деб чопган, гул деб чопмаган,
Кошонаму мардонам, онам.

Бу дунёси лаҳзага тенгдир,
Торга тору кенгларга кенгдир.
Икки дунё аро сарситма,
Қувват бергил, ғамларни енгдир.

Онам бедор бўлган тунларнинг
Лаҳзаларин қайтаролсайдим,
Сабрга жон берган кунларнинг
Нурларини дилга солсайдим.

Далда бўлсам, лоақал далда,
Аритолсам, қани, дардларин.
Чорлаганда борсайдим ҳар гал,
Кўзга суртсам пойин гардларин.

Кўнгли каби кўнгил топмаган,
Бўйига тенг бўй топган, онам.
Гул ўстириб, дур деб чопмаган,
Дилда дурим, меҳри дурдонам.

БОБОДЕҲҚОНИМ

Дала боланг, даладир онанг,
Чанқаса гар сув тутиш фарзинг.
Миннат қилмай бўлар парвонанг,
Жим тинглайди айтолсанг арзинг.
Меҳнат қилиб яйраган жоним,
Дардкаши ер бободеҳқоним!

Чўзиласан ерга, сезасан,
Она ернинг намчил тафтини.
Офтоб сабаб қизиган бошинг
Ҳис қилади ернинг кафтини.
Меҳнат қилиб яйраган жоним,
Кафти қадоқ бободеҳқоним!

Иссиқда тан ловуллаганда
Майли, дединг, тафтига кўндинг.
Буғдойзорлар шовуллаганда
Тўлиб кетар, тўлиқар кўнглинг.
Меҳнат қилиб яйраган жоним,
Кенг фелългинам, бободеҳқоним!

Меҳнат қилсанг дам оласан, рост,
Тиниминг йўқ, топганинг – меҳнат.
Бедазорлар ифоридан маст
Ойга боқиб, ухламоқ ҳам бахт.
Меҳнат қилиб яйраган жоним,
Бахти кулган бободеҳқоним!

Ғўзаларга чўзасан қўлинг,
Чаноқларда ўзбаки салом.
Пахтадай оқ бўлади йўлинг,
Боғ-роғ бўлиб гуркирар калом.
Меҳнат қилиб яйраган жоним,
Каломи пок бободеҳқоним!
 
СОҒИНЧ

Она, сизни соғинганимни
Самодаги қушлар билдилар.
Лол қолдириб дўсту ғанимни
Эргаштириб парвоз қилдилар.

Мен қуш бўлиб сиз томон елдим,
Кўзим баҳри тўла марварид.
Пойингизга чўкмоққа келдим,
Дардингизни қилайин харид.

Она, сизни соғинганимга
Ложувард кўк, она ер гувоҳ.
Кўнглим қандай сиғсин танимга,
Соғинч ўсиб, бўлди бир чорбоғ.

Кутиб қолди онам – Шофиркон,
Болалигим қочар мўралаб.
Дийдор истаб шошдим, онажон,
Бораяпман йиллар оралаб.