Жўрабек Жаҳон (1987)

Жўрабек Жаҳон 1987 йили Сурхондарё вилояти, Жарқўрғон туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий Университетининг журналистика факултетини тамомлаган.

***

Дўст қолмади менга ўзга қалам бирлан қоғозимдан,
Ўгитлар ўрганиб ўсдим ҳаёт номли маросимдан.

Дилимда дилдорлар ўсди, йўлимни минорлар тўсди,
Ишқ юракнинг яқин дўсти, қўймасин сарвинозимдан.

Қулоғимда ҳануз сўзи, айтган париларнинг ўзи,
Кўр дедилар севги кўзи, танир мени овозимдан.

Орзуни қутқазиб кўрдим, армонга ютқазиб кўрдим,
Ҳар неки ўтказиб кўрдим виждон номли тарозимдан.

Мақсадим пок етодирман, ишқ этагин тутодирман,
Рухман бир кун кетодирман тана деган либосимдан.

Ўтмас енди ҳеч боҳона, дўстлар Жўрабек Жаҳона,
Ошдим чунки бир поғона севги берган лавозимдан.

***

Менга жуда кераксан дилдор,
Сен ҳаётим маъноси нақши.
Қандай яхши: Сени севаман!
Лек сенсизлик унданда яхши.

Ҳушёрликни суймайди ҳушим,
Ишқ майидан бунча бўлдим маст.
Сен жонимга жон бағишлайсан,
Мен жонимга қилгим келар қасд.

Тушларингда изғийди кимлар,
Кошки эди буни тушунсанг.
Даҳшатмасми, мен жим ётаман,
Сен кимнингдир тушига кирсанг.

***

Кимнинг танасига қувилган руҳман,
Кининг вужудини кўтардим тикка.
Унинг учун гўё мен бир мажруҳман,
Менга ялинмасдан, ёлворар кўкка.

Эй, ақилсиз жасад, қалби йўқ жонжод,
Бир бор ўйлаб кўрда, менсиз сен кимсан.
Ҳозирча бандиман, бўлсам гар озод,
Нега индамайсан,нимага жимсан?

Икки кўзинг тағин қадалган кўкга,
Нажод тилайвериб нечун безмайсан?
Бекор ялинасан, бекорга, йўққа,
Ичингда эканим наҳот сезмайсан?

***

Хақиқат кўзига қаролмасдан тик,
Ишониб юрганлар бисёр чўпчакка.
Бахтлилар кўзида бахтсиз бир хадик,
Бахтли яшаш оғир, Бахтиёр ака.

Хақ гап бор: Ободлик дилдан бошланар,
Не учун кўнгилда сақлайлик гина?
Юракни озгина кенгроқ тутайлик,
Бағримиз очайлик энди салгина.

Ғийбатлар йўқолсин, андухлар битсин,
Қалбдан чанглар кетсин, юракдан занглар.
Йўлга чиққан ким у, муродга етсин,
Омадини топсин омад кутганлар.

Меҳр – муҳаббатдан эрисин кўнгил,
Тўлиб – тошаверсин илм зиёга.
Аками, опами, уками, сингил,
Ғамсиз яшайверсин ғамли дунёда.

Дилимдан оғриқлар, дардлар кетмасин,
Инсон зоти борки бахтсиз ўтмасин,
Мендан бошқаларга ғамлар етмасин,
Не қилай ишонгим келмас чўпчакка…
Бахтли яшаш оғир, Бахтиёр ака!

Мўъжиза

Кеч. Шаҳарга ой кўринган чоғ,
Бир бўри ва бир кийик сарсон.
Иккисининг макони ҳам тоғ,
Икиси ҳам жуда қадирдон.

Кезишади учрар қорбобо,
Оҳу унга ишонмас дилдан.
Бўри учун юрти бебаҳо,
Кийик учун тсирк энг зўр ватан.

Дардлашишар тун бўйи… йўлда
Бўри бирдан унга ташланар.
Кийик эрмак бўлади қўлда,
Бир мўжиза юз берар саҳар.

Хайратланар ким қолса кўриб,
Табиатнинг қудрати буюк.
Йиғлаб ортга қайтарди бўри,
Ўлжа излаб изғирди кийик.

***

Мен сизни севаман!
Ишонмасангиз,
Уйимнинг калитин бераман сизга.
Мен йўқ пайитимда ҳам бориб очсангиз,
Шифонерда осуғ турар бахт
Дазмолланган кўримар кўзга.
Уни эгнингизга кийиб олинг ҳўп,
Бунақа совғалар ҳали менда кўп.

***

Сиз шунга арзийсиз,
Сиз шунга лойиқ.
Бошқа сифатларга келмаяпсиз мос.
Буйруқ шу:
Қилиш шарт,
Бажариш керак,
Шу сўзлар айланар мияда, холос.
Қалбингизга сингиб кетар эртага
Буйруқ шу:
Қилиш шарт,
Бажариш керак,
Нега яшаяпсиз, айтинг нимага?
Югур-югур учун яралган одам,
Югурдак одам.

***

Тўғри йўлдан кетяпман ота,
Сиз айтган шу тўғри йўллардан.
Эгри йўллар қолиб кетяпти,
Тўғри йўллар бунчалар узун…
Оёқларим толиб кетяпти.
Ўтиргани бирор курси йўқ.

***

Салом толлар, салом тераклар,
Арчажонлар, сизлар қалайсиз.
Мана қанча вақтлардан бери,
Ой санайсиз, йиллар санайсиз.

Сиз тераксиз бўйингиз узун,
Сизга ҳасад қилмайди толлар.
Нима учун, нега? Билмадим,
Чақалоққа ҳасадгўй чоллар.

Одамлардан ўгирдим юзим,
Бағрингизга отилдим кейин.
Мен сизларга сингишиб кетдим,
Энди Одам бўлишим қийин.

***

Хонадан чиқмоққа қўрқасан киши,
Қўрқасан ойнадан боқмоқликка ҳам.
Мен чидай олардим бардошим етиб,
Дунё чидолмаган аҳмоқликка ҳам.
Лекин хиёнатга,
Бевафоликка.
Ўйлаб кўриш керак бу хусусида,
Менимча,
Йўқ. Аниқ. Чидаёлмайман.
Севгилимни кўрсам товус тусида.

***

Қурбақалар сайрайди хушнуд,
Ниначилар ўйнайди кўлда.
Ҳеч ким ёрдам бермас, тошбақа
Тўнтарилиб ётибди йўлда.

Ҳар нарсани кўрар аслича,
Шу ётишда даҳо бўлиб у.
Оёқлари ерга етсайди,
Кўрганидан ўтиб кетарди.

***

Сен кетдинг…
Енгларим силкиб қўл,
Айрилиқ азобин англади.
Шу куни…
Кўйлагим бунча ҳўл,
Йиғлади, йиғлади, йиғлади.

Сўнг сени эслатиб музлатгич,
Чунонам титради ғазабдан.
Билмадим, дастрўмол, қайсидир гапдан
Кўнглини тиғлади.

Пайпоқ поябзалин кийдию
Қайгадир шошди ва жўнади.
Ҳаёт шу!
Қисмат шу!!
Тақдир шу!!!
Пешона борига кўнади.
Сен кетдинг…
Шу куни…
Бир шиша дунёга сиғмади.

***

Қаранг қандай танҳоман,
Мен – Робинзон Крузо.
Дўстларим чўкиб кеткан,
Одамлар орасига…

Маслакдошим йўқ бирор,
Жумавойим қайдасан?
Ё топиб келасанми,
Бирор юмиш ҳайдаса.

***

“Мени севасанми?”
— Ҳа.
Қалбга ўрнашар шодлик.
Булар ишончли гапмас,
“Мени севасанми?”
Жим…
Кейин узун сокинлик.
“Ҳа” деганими – “унут”,
Сендан қўрқиш керак аслида,
Сукут.

***

Отамнинг кўзига тикка боққанман,
Онамга қаттиқ сўз айтганим ҳам рост.
Бундан ҳижолат ҳам бўлмаганман ҳеч,
Бир оқшом ухламай чиққанман, холос.
Нега сенинг кўзингга тикка боқиб бўлмайди,
ВИЖДОН?..

***

Шкаф ғамгин турар бурчакда,
Стулчага ошиқ бўлган у.
Стул яқин келади гоҳо,
Унинг учун қандайин бахт бу.

Унга етмоқликни хоҳлайди чиндан,
Умиди ягона, истаги битта.
Ажабланманг, эрта ё индин,
Шкаф юриб кетар, албатта

***

Ортингдан эргашиб кетяпман,
Жаллод,
Кеча севгилимни ўлдириб қўйдим.
Ҳозир жазо курсида эдим,
Энди сиртмоқ остида бўйним.
Нега мени осарлар дорга?
Гуноҳкорга тегмайди ҳеч ким.
Оломоннинг ичидан кулиб,
Ўлимимни кузатар
Рашким.

***

Севги менга кимдан мерос қолган экан?
— Отамданми? Десам, отам онамларни,
кейин билсам, севмай туриб олган экан.
— Бобомданми? Десам, бобом момомларни,
Фақатгина чимилдиқда кўрган экан.
Севги менга кимдан мерос қолган экан?

***

Эшигимни қулфладим ичдан,
Деразадан тош отдим — Унга.
Нега дея сўради.
— Шунга.

Деразамга пардалар тутиб,
Чироқни ҳам ўчирдим — йўқман.
— Ўғлим, овқат ейсанми?
— Тўқман.

Кўрпанинг остига беркиндим қаттиқ,
Қулоғимни тамбалаб ёпдим.
Бирдан юрак қичқириб айтди:
— Топдим!

***

Қишлоқ.
Тунги ўн бир. Уйга қайтаман.
Онам сўрар “Қайдайдинг дайди?”
Мен безори бўлишимнимас,
Комил бўлишимни истайди.

Шаҳар.
Тунги икки. Уйга қайтаман,
Дилим бир илиқ сўз излайди.
Ҳеч ким мени қистовга олмас,
Қўрқиб кўзгу айтади − “Дайди”.

***

Эй, малак кел менга ҳам,
Ишқнинг тотини сездир.
Мажнун этиб дунёмас,
Ер-у самони кездир.
Мени Муҳаббатга элт,
Мени Муҳаббатга элт,
Муҳаббатга элтгин-у
Кейин яшашдан бездир.

***

Эй осмонни суяган дарахт,
Юлдузларни қитиқлаган гул.
Сен не дея қилгансан, айт, ахд,
Тутиндингми қуёшга ўғил?

Осмонларни кўтариб кўкка
Ҳатто қаддинг бўлмаган ҳам дол.
Ойга қўним бериб тунлари
Нени хаёл сурасан, эй чол?

Тушунмаймиз сенинг вазифанг
Осмонларга бўлишми тиргак.
Сени англаш учун камида
Юрак керак,осмондай юрак.

***

Ерга юборишган мажбурлаб,
“Яша” қатий қўйилган талаб.
Мени яна битта вазифам,
Ўлимгача юриш кун санаб.

Кўп нарсадан бўлганман маҳрум,
Озор бериш, масалан, жонга.
Буюрилган энг оғир юмуш,
Ўхшаш керак экан Инсонга.

***

Сен деб кимдир яшаса, тавба.
Ва сени деб чақмоқлар чақса,
Офтоб ҳамма учун боқса-ю,
У офтобга, сени деб боқса.
Бу не ҳол, бу не гап бўлади,
Бунга қандай чидаб бўлади.

***

Совуқдан қунишиб бемақсад,
Беманзил қайгадир жўнасанг.
Шунчалар изғирин,
Сен эса,
бекатда тунасанг,
Юлдузни тунасанг,
Ойни тунасанг,
Сени тунаб кетса бир гўзал..!
Мизғиса жонингни қучоқлаб,
Совуқ ухлатмаскан пичоқлаб.

***

Юракни яйратинг,
Дилни сайратинг,
Хаттоки ҳизирнинг қўлидан тутманг,
Тилла балиқни ҳам бир умир кутманг,
Хоҳланг эслаб қолинг,
Хоҳланг унитинг,
Мўъжиза яратинг!
Мўъжиза кутманг!