Жуманиёз Жабборов (1930-2010)

Атоқли адиб, Ўзбекистон халқ шоири Жуманиёз Жабборов 1930 йили Қашқадарё вилоятининг Косон туманида туғилди. 1952 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)ни тамомлади.
Меҳнат фаолиятини 1953 йили «Шарқ юлдузи» журналида бўлим мудири сифатида бошлади. Кейинчалик «Гулхан» журнали бош муҳаррири, «Ўзбекистон овози» газетасининг бош муҳаррир ўринбосари, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти директори каби масъул вазифаларда ишлаб, матбуот ва адабиётимиз ривожига салмоқли ҳисса қўшди.
Устоз шоир ўзининг 60 йиллик серқирра ижодий фаолияти давомида «Ватанимни куйлайман», «Баҳор нафаси», «Мақсад йўлида», «Тоғлар садоси», «Она ер қўшиғи», «Субҳидам хаёллари», «Эътиқод» каби шеърий китоблари, долзарб мавзулардаги драматик асарлари, жаҳон мумтоз адабиётининг энг сара намуналаридан қилган бадиий таржималари билан адабиётимизда муносиб ўрин эгаллади. Айниқса, истиқлол йилларида Ватанимизнинг мустақиллигини, халқимизнинг озод ва эркин ҳаётини, инсон қадр-қимматини тараннум этувчи бадиий юксак шеър ва қўшиқлари, бунёдкор замондошларимизнинг фидокорона меҳнати, юртимиздаги улкан ислоҳот ва ўзгаришлар ҳақидаги публицистик мақолалари билан кўпчиликнинг эътиборини қозонди.
Ж.Жабборов тажрибали адиб, жонкуяр ташкилотчи сифатида жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этиб,  халқимиз ўртасида миллий ғоямиз тамойилларини кенг тарғиб этиш, ёшларни она юртга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда жонбозлик кўрсатди. Кўп йиллар давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи сифатида фаолият юритиб, ўнлаб ёш истеъдод эгаларига устозлик қилди.
Жуманиёз Жабборовнинг ўзбек адабиётини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб такдирланган. У «Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби» ва «Ўзбекистон халқ шоири» фахрий унвонлари, шунингдек, бир қатор орден ва медаллар билан мукофотланган.
У 2010 йил 13 декабр куни 80 ёшида вафот этди.

ЙЎҚЛАШ

Тўкис бўлмас инсоннинг бахти,
Бир қусурдан холимас тақдир.
Яшнаётган умр дарахти
Неларгадир яна илҳакдир.

Юрагимда ётар бир тугун,
Танга солиб аламли титроқ,
Ечилмайди, афсус, кунма-кун
Туғилади балки қаттиқроқ.

Барча бахтли соатларимга
Бир доғ бўлиб уради муҳр,
Табиатим, одатларимга
Тамға чекиб кетмиш бир умр.

Юрагимда дардларим ниҳон,
Ўртанаман, ёнаман жим-жим.
Гўё бўрон қайирган ниҳол,
Тополмайман асло иложин.

Бўм-бўш бўлиб қоламан бирдан,
Ҳазм этолмай яшаш туйғусин.
Топиб бўлмас сени ҳеч ердан,
Йўқотганим, онажон, бу сен!

Қанча сенга бўлмайин хумор,
Йўқлик сари қўйгансан қадам.
Кўзларимга олам бўлса тор,
Чигилимни ёзади қалам.

Ҳамма нарсам етарли бугун,
Бахту обрў — бари мукаммал.
Орзуларим очилиб гулгун,
Ишқ, ижодда севинчим тугал.

Қани, шодлик, ҳаяжонимга,
Шерик бўлиб, жилмайсанг бир зум.
Эшикдан шод кирган онимда,
Кўзларингда ёнса табассум.

Орзуларим сўзласам бир-бир,
Ўгатларинг тингласам кулиб.
Майли, койи, ўтса бирор сир,
Мен эшитай таслиминг бўлиб.

Бироқ энди мумкинмас булар,
Булар энди сароб бир хаёл.
Хаёл баъзан алдамчи бўлар,
Хаёллардан ғолибдир ҳаёт.

Дилдан ёдинг сизиб ўтаркан,
Тиқилади бирдан нафасим.
Оналарни бошга кўтарган,
Ўғилларга келар ҳавасим.

Шунда сени излаб қоламан,
Фарзандларим қошу кўзидан.
Аччиқ ўйлар ичра толаман,
Сўзларингни излаб сўзидан.

Яна меҳринг бўлади далда,
Дейсан: «Энди кўп куйма, ўғил!».
Сал енгиллик сезаман дилда
Ва иш билан бўламан машғул.

Ҳамма нарсам етарли, тўлиқ,
Кўз ўнгимда ёп-ёруғ жаҳон.
Фақат энди ёнимда сен йўқ,
Гуноҳимни кечир, онажон.

БИР КУНИ…

Мен мовий деб ёздим самони,
Таърифладим тонгни, сабони.
— Ҳаётдан узилган, — дедилар.

Севги кўрки — ҳижрону висол,
Деб яратдим минг лавҳа, мисол.
— Соф туйғу бузилган, — дедилар.

Достон қилдим меҳнатни, шонни,
Йўллар, йиллар берган эҳсонни.
— Ортиқча, чўзилган, — дедилар.

Лекин бир кун хаёлга толдим,
Ўзлигимни қўшиққа солдим.
— Юракдан тузилган, — дедилар.

* * *

Ич-ичимга шўнғиб кетмоқ истадим,
Истадим, шўнғисам қалбим қаърига.
Хаёлим отини неча қистадим,
Вале ўтолмадим сендан нарига.

Етти мўъжиза бор, дерлар, жаҳонда,
Ким билсин еттидир ё балки етмиш.
Фақат сен барқарор эрурсан жонда,
Оллоҳ сени менга мўъжиза этмиш.

* * *

Донолар китобин кўп ўқиб чикдим.
Дилбар ўлкаларни этдим томоша.
Ҳайрат манзиллари ичра чиникдим,
Сенга етмоқ бўлдим тоғма-тоғ оша.

Сен ҳамон олисда, ҳамон олдинда,
Қанча юрган сарим бўлурсан йироқ.
Гоҳо қоронғуда, гоҳо ойдинда
Сени қидиришдан толмасман бироқ.


УМР МАЗМУНИ

Бешиқцан то қабрга қадар
Одам умри ажабдир, ажаб.
Боғча фасли тугалса агар,
Қучоғига олгайдир мактаб.

Бир энтикиш, маъюс бир лаҳза
Гўдак қалбин имтиҳон этар.
Бу айрилиқ — илк оғир ларза –
Ҳувиллатиб боғчани… кетар.

Сўнг мактабда ўн йиллик ҳаёт,
Ёшлик кечар сойдай гувиллаб.
Бир кун келиб «хайр», дер, ҳайҳот,
Мактаб қолар ортда ҳувиллаб.

Сўнгра эса олий илмгоҳ,
Бунда умр сабоғин олар.
Бул қаср ҳам бир кун қолур, оҳ,
Олтин давр ҳувиллаб қолар.

Сўнг… ҳаётда минг синов кечиб,
Кўражакдир узоқ-ёвуқни.
Гоҳо ширин, гоҳ аччиқ ичиб,
Кўп кўражак иссиқ-совуқни.

Ҳар бир одам ўзи бир олам,
Йўқ ўхшаши, такрори асло.
Дунё ичра дунёдир одам,
Бир-биридан фаркли, мустасно.

Кўз олдида эврилар замон,
Фарқ этади бахтни, рўёни.
Авж нуқтага етганда инсон
Ҳувиллатиб кетар дунёни.

АЙЛАНУР

Токи ўз меҳворидан бул чархи гардун айланур,
Вақту соат ўзгариб, кундуз билан тун айланур.

Ўзгарур меҳру муҳаббат, ўзгарур дарду алам,
Ўзгарур тахту итоб, ошкору макнун айланур.

Неки тингай бу жаҳонда, унга ўлмакдир насиб,
Чарх уриб лош устина, шул лаҳза қузғун айланур.

Эй тириклик, минг ташаккур севги иқболинг учун,
Севги борким, товланиб минг тусли очун айланур.

Гоҳ висолу гоҳ фироқнинг ўртасинда ўртаниб,
Қалбим ичра ишқ деган туғёнли мазмун айланур.

Суҳбатингда бир нафас бўлмоқ буюк орзум эрур,
Бул жасорат қошида минг битта Мажнун айланур.

Икки сочингким, уриб тўлқин, оқар елканг уза,
Бирда Сайхун мавж отиб, ул бирда Жайхун айланур.

Кўзларингда бул жаҳоннинг кўрки яққолдир аён,
Шул сабаб дунё ўзи бошингда мафтун айланур.

Сен омон бўл, сен абад бўл бул жаҳон гулзорида,
Боқишингдан боғ ўзи минг рангда гулгун айланур.