Исомиддин Пўлатов (1985)

Исомиддин Пўлатов 1985 йилда Самарқанд вилояти Ургут тумани Сўфи қишлоғида туғилган. 2004-2004 йилларда Самарқанд давлат университети филология факултетини битирган. 2008 йилдан буён вилоят «Зарафшон» газетасида фаолият юритиб келмоқда.
Айни пайтда таълим ва маданият бўлими бошлиғи.


ҚИСҚАРТИРИБ БЎЛМАС…

Олти куннинг ўтиши қийин,
Камайтириб бўлмас ҳафтани.
Баъзан билиб, баъзан билмайин,
Ўлдиряпман онни, лаҳзани.

Тушунмасдим куйинишингиз,
Қўнғироғим эди тасалли.
Фарзанд душман эканин она,
Қаэрданам билардим, далли…

Ўғлим ҳали тўлмаган бирга,
Гоҳ йўталар, гоҳо гижинглар.
Йиғлаганда ботаман терга,
Битта оҳи бағрим ғижимлар…

Сизни қаттиқ соғинаяпман,
Сиғмаяпти ҳафтага ҳислар.
Дунёдаги аёл зотида
Йўқ, сиздаги жаннатий ислар!

Ўғлим сизни кўрмоқчи, она,
Талпиняпти мендан баттарроқ.
Наҳот чангдан қўрқиб қоларкан,
Шаҳар томон босилган оёқ…

Олти куннинг ўтиши қийин,
Телефоним қолди бузилиб…
Қисқартириб бўлмас ҳафтани,
Бораяпман вақтдан юз буриб!

ТАНГРИНИНГ РАҲМАТИ

Раҳмим келиб кетди,
Чанг кўчадан ўтаётганда,
Кунни зулмат ютаётганда,
Раҳмим келиб кетди…
Оёқларимга…

Кимдир менга секин шипшитди,
Хиёнатнинг қоқ нуқтасини,
Ҳисларимнинг «ой болта»сини
Раҳмим келиб кетди…
Қулоқларимга…

Тунда жоним бир руҳ силкитди,
Тиним билмай ёзаётгандим,
Ўзимга гўр қазиётгандим,
Раҳмим келиб кетди…
Бармоқларимга…

Умрим хаёл каби тез ўтди,
Ётиб олдим дунё дея кенг,
Менга боқиб, кўкда Тангрининг,
Раҳми келиб кетди…
Тупроқларимга!..

ДАЛДА

Кечир мени юрак,
Мен сени аямадим.
Кипригинг қайириб,
Сочингни бўямадим…
Кечир мени юрак,
«Хунукман», деб нолима сира.
Сен ҳали турмушга чиқмаган,
Қиздай бокира!..

***

Саҳарлаб ҳовлига чиққан аёлим,
Қорни кўриб, туйди роҳатни.
Китобимдан йиртиб бир варақ,
Чопиб кетди тутиб Қорхатни…

Ғижимланган қоғоз қўлимда,
Истак ёзмиш унга аёлим.
Юрагимни ачитган қишмас,
Эҳ, китобга кетди хаёлим…

Тонгги хоҳиш этилди вожиб,
Рафиқамнинг ёришди юзи.
Ишларимдан кўнглим тўлмади,
Менга нима бўляпти ўзи…

Ўтирибман иссиқ уйимда,
Ташқарида ўкиради қиш.
Эркаланар мамнун аёлим,
Менга айтиб қўяди олқиш.

Қор чиройли, қор бунча оппоқ,
Боқасан-у босар ҳаяжон.
Қишлоқда мен ўсган кулбада
Совқотмаяпсизми, аяжон!?.

БEКАТ

Мен бекатдаман,
Бу бекатда тўхтамайди
автобуслар,
Ҳали узоқ йиллар кутиб
турсам керак.
Мен кутганим келгунича
бу бекатга
Дунё билан хайрлашиб
кетсам керак!..
Кутмоқ керак! Кутмоқ керак!!
Кутмоқ керак!!!
Қарғиш урган шу бекатда
михлангандай.
Мен ҳаётнинг юрагига отиламан,
Автобусни кутаяпман
ўқлангандай!..
Мендан бошқа кутувчилар
кўринмайди,
Мудраётган бу дунёнинг
бурчагида.
Достон бўлиб кетдиммикин
ўзларича,
Қайнаётган дунёсининг,
чўпчагида…
Вақт чекиниб кетди менинг
хотиримдан,
Малол эмас,
қиёматга қадар кутмоқ…
Бир сўз келар ҳасрат тўла
ботинимдан,
«Келаётган автобуснинг йўлин ўпмоқ!»
…мен бекатдаман…
Бу бошқа бекат…
Бу бекатда тўхтаб ўтар,
автобуслар.
Манзилингга элтиб қўяр
ўшал замон,
Бироқ нетай… ўлиб борар,
тирик ҳислар!..

КИМ?

Юрагимни йиртиб,
Ташлаб юбораман эски қутига.
Синиқ яшик
ғимирлай бошлар…
Эрмак ҳам топилар, ғалча тўтига –
Минғир-минғир
кўнглимни ғашлар.
Секин-секин эврилар олам…
Юраксизлар –
юракка эга,
Индамайин, ўзгарар одам.
Нега? Нега?! Нега?!!
Синиқ яшик ғимирлама, қўй,
юрак жим!
Бир савол:
Дунёни тўтилардан,
Ким қутқарар, Ким?!.

ТАШВИШ

Ёмғир ёғиб қолди…
Мен ёнингга бормоқчи эдим,
Ёғаверди қасдма-қасдига,
Юрагимнинг баланд-пастига.
Мен ёнингга бормоқчи эдим,
Қучоғимдан қўймайин сени,
Сочларингдан ўпардим тўйиб,
Ёнингга гар боролганимда,
Ташвишларни бир четга қўйиб…
Энди бироз кутиб турасан,
Ёмғир тингунича тугайди ишим,
Ёнингда Хизрдай пайдо бўламан,
Мана кўрасан, менинг дилқушим…
Ёмғир тинмаяпти…
Барханларни сел олиб кетди,
Кўзёшларинг сел бўлиб кетди,
Ялинсанг ҳам қайсар қароғинг,
Ҳеч кўнмаяпти…
Тугаяпти менинг ташвишим,
Тугаяпти сенинг ёшларинг,
Лаҳзада ёнингга етаман,
Лабларимга босиб қошларинг…
Қўй, ёмғирни лаънатлайверма,
Қарғишларинг кетар бесамар,
Югураман, дўллар ёғса ҳам,
Ташвишларим тугаса агар…
Мен ёнингга бормоқчи эдим,
Ёмғир ёғиб қолди,
Кечир…
Йиллар қилди нетай ҳукмини,
эсим оғиб қолди…
Бошимга ташвишмас
Қорлар ёғиб қолди!..

ҚОТИЛ ҚЎЙ

Хафа бўлди Муҳаммад Юсуф
Мендан ранжиб қолди ҳойнаҳой.
Пода ҳайдаб баҳор чоғ,
Қир-адирлар очганда чирой.
Қўй-қўзилар юрарди сакраб,
Қўлда эди шоир китоби.
Эшитилди гўё олисдан,
Бир юракнинг мунгли хитоби.
Мен югурдим қир тепасига.
Қонга тўлиб кетганди замин…
Қўйни қучиб, йиғлаб юбордим,
У одамдай боқарди вазмин…
Китоб менинг кўксимда куйди,
Синдираман қўй туёғини.
Ўтга қўшиб ғажиб қўйибди,
Муҳаммаднинг қизғалдоғини!..

***

Сен гулни севасан,
Баҳордай.
«Гуллар ҳақида, ёзинг», дейсан шеър.
Гулни куйлаб нима ҳам қилдим?
Эшитганлар,
айтчи нима дер?
Кулишмасми ортимдан секин,
Мен гул ҳақда
қўшиқ куйласам?
Қўлга қалам оламан,
лекин
Гуллар ёқмас,
сени ўйласам…
Сен гўзалсан,
биттасан – танҳо.
Ўзгасини ўйлаёлмайман.
Сен турганда кўзим олдида,
Гуллар ҳақда
куйлаёлмайман!..

ТОМЧИ БЎЛДИМ

Қўлларингни бер энди,
Юзларимга босайин.
Кипригингга столча,
Қўй. Ўзимни осайин!
Кўзёшларинг мен бўлай,
Столчани йиқитма,
Қорачўғинг ваҳмида,
Мен шўрликни қўрқитма…
Яноғингни ювайин,
Лабларингда ювилиб.
Дунёдаги бахтиёр –
Томчи бўлдим туғилиб!

ҚАРҒИШ

Шеърларим кўп қизга
аталиб кетди…
Тўғриси, мен бундан
чарчаганим йўқ
Гўёки ушбу кун
поёнга етди
Кўксимга қадалган,
аллақандай ўқ!
Энди ойимчалар
мендан кутманг шеър
Бекорга қовоқдан
ёғдирманг қорни…
Энди ғамингизни
қурбақалар ер..!
Мен учун осмонга
илинглар дорни!
Қатлга йиғилинг
ҳамма жононлар
«Бу қисмат нечун?», деб
мендан сўраманг,
Уфқни оловдай
ямласин қонлар
Майлига хокимни
гулга ўраманг.
Қўлдаги ашъорни
пойимдан ёқинг
Гуноҳкор шеър олсин
оёқларимни!..
Гўзаллар,
такрор ва такроран ўқинг,
Илтимос,
тез очиб бармоқларимни:
Мен учун шарафдир
олқишларингиз…
Дўзахдан асрайди
қарғишларингиз!!!

ҚОНУН

Қип яланғоч дарахт,
титраб турибди.
Япроқсиз! Япроқсиз!! Япроқсиз!!!
Илдизлар карахт,
шохлар қурибди.
Яроқсиз! Яроқсиз!! Яроқсиз!!!
Бутун дунё бўшлиққа чўмган…
Қип яланғоч дарахт
Ғадир-будур бадан…
Қоп-қора қарғалар қўнган…

***

Кенг шаҳарда тентираяпман,
Кўп бор сени унутгим келди.
О, бўғзимда қолган ўша сўз,
Мингинчи бор юракни тилди.

Хотирамни адаштирай деб,
Кўчаларда адашиб юрдим.
Шаҳардаги қишлоқи қизнинг,
Кўзларида расмингни кўрдим…

Оҳ ураман баланд уйларда,
Оҳим кўкка етсин, деб зора.
Кундалигим титишар қизлар,
Ундан сени излаб овора…

Сенга айтай деган сўзимни,
Омонатдай асраб юрибман.
Хотирамнинг ғариб лавҳида,
Тол тагида кутиб турибман.

Қишлоғимнинг гўзал жувони,
Хаёлимда туравер кулиб,
Мен шаҳарда тентираб юрай,
Сенга недир демоқчи бўлиб!..

ТЎЁНА

1

«Сени унутаман», дедим
Сўз бердим:
«Йўлингни тўсмайман», дея
«Йўлларимиз бошқа-бошқадир», дединг,
сени унутолсам,
о, қанийди-я!
онт ичдим, ўзимча,
хат ёзмайман, деб,
ҳувиллаган кўчангда танҳо
юрмайман дайдиб!..
сени унутаман,
кузатиб қўймайман
энди уйингга…
юрагимни қутига солиб,
жўнатаман —
тўёнадир
эркам тўйингга…

2

Юрагимни қутига солиб,
Жўнатмоқчи эдим тўйингга…
Атиргулнинг бўяб баргларин,
Тўшамоқчи эдим йўлингга…

Кечир мени, тополганим йўқ
Юрагимга лойиқ қутини…
Ажабланма, кўзинг ёшлаган,
Ҳасратимнинг қора тутуни!

Бўлди етар, жим туролмайман,
Ҳаммасига қўяман нуқта.
Севгилимнинг ёнида турган,
Мени кутгин, эй совуқ сухта!..

Мана келдим, шафқатсиз қизча
Ановингга айтиб қўй сўзим,
Агар сени қилмаса бахтли,
Оёғидан осаман ўзим!

Энди хайр, кетаман олис
Ҳасратимнинг тарқар тутуни.
Эҳ, юзида кулгичи бор қиз,
Олиб қўйгин манов қутини!..

«БУ ШEЪРИНГИЗ МEН ҲАҚИМДАМИ?»
(Санталатга)

Мудом қўлга олсам қоғозни,
Қорачўғинг оловланади:
«Бу шеърингиз мен ҳақимдами?»
Дейсан, тилим каловланади…

Юпатаман ваъдалар билан,
Ёш боладай қоласан кўниб.
«Барча шеърим сенга аталган»,
Сўзларингдан гул чиқар униб.

Лек қийналар виждонимми-эй,
Ёлғончидан қолмайди фарқим.
Ўтди йиллар, ёнимдасан-у
Ёзганим йўқ, таърифинг Бахтим.

Сўз изладим рости сен учун,
Янги ташбеҳ йўлига зорман.
Бевафолар олдилар ўчин,
Энди сўзнинг қўлида хорман.

Мақтовларни арзон сотибман,
Ичим ёниб борар ўйласам.
Нега сен-чун асрамадим-а
Бўлмасмиди сени ўйласам?

Ич-ичингдан қиласан умид,
Ич-ичимдан тураман сезиб.
Овқатингни қўйиб олдимга,
Термуласан юракни эзиб.

Кутаяпсан, боласиз аёл
Фарзандини кутганидайин.
Икки мисра шунчалик малол,
Ёзолмадим сенга атайин…

Англагандай бўлаётирман,
Хулосага яқинман, яқин.
Умринг Ҳақдан сўраётирман,
Тақдиримда чақнаган чақин.

Қалам олсам кўз олдимдасан,
Эркалайсан ўғлимни қучиб.
Дилқафасда қайнайди ҳислар,
Қоғоз-қалам қолади чўчиб…

Ҳар гал шу ҳол такрорланади,
«Бу шеърингиз менгами» дейсан.
Қорачўғинг оловланади –
Энг гўзал шеър ўзингсан, билсанг!

ЎҚИБ БEРИЛМАЙДИГАН ШEЪР

Хонам.
Ёлғизгина соат «чиқ-чиқ»и
Сукут мени ўлдираяпти…
Хотиранинг қийнайди юки
Секунд мени ўлдираяпти…

Кўча.
Одамлар кўп, югур, ур-йиқит,
Шовқин мени ўлдираяпти…
Гўзал ҳислар ташландиқ, чиқит
Шошқин мени ўлдираяпти…

Дунё.
Қоришиб кетгандай шуурим,
Секунд мени ўлдираяпти…
Бош олиб кетмоқда ғурурим,
Сукут мени ўлдираяпти…
Юрак…

***

Сен кетдинг-у
Юрагимга тушди оғирлик
Ўзгаргандай
қайсарлигим, тоқатсизлигим
Босаяпти шаштимни ҳадик.
Сезиляпти, сезиляпти
…о, бахтсизлигим!

Сен кетдинг-у
Ғуруримга тушди зарбалар
Томиримда
Гупурмайин қўйгандайин қон.
Бағримга ин қуриб олди
Тундай қарғалар
…бечора виждон!

Сен кетдинг-у
Тугамади менинг ҳаётим
Яшаяпман!
Танимайсан, ўзгардим роса
Бошланяпти янги куним, янги соатим
…шудир хулоса…