Исматулло Йўлдошев (1953)

Йўлдошев Исматулло Асадович 1953 йилда Ургут туманида туғилган. 1976 йилда Тошкент давлат университетининг ҳуқушунослик факультетини тугатган. 1969 йилдан 2013 йилга қадар прокуратура органларида масъул лавозимларда ишлаб келган. Ҳуқуқшунослик фанлари номзоди. Адлия катта маслаҳатчиси (полковник). Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
И.Йўлдошев қуйидаги асарлар муаллифи:
“Ёлғизлик” (Сўғдиёна – 1979), “Армонли дунё” (Зарафшон – 1980), “Ҳабиб бўлгин менга муҳаббат” (Зарафшон – 1990), “Ҳавас” (Зарафшон – 2001), “Бунда тонглар кашф этар ўзни” (Зарафшон – 2002), “Бир ҳовуч офтоб” (Зарафшон – 2004), “Кўнгил ёғдуси” (Зарафшон – 2005), “Қалб чароғи” (Зарафшон – 2005), “Бешикдаги нур” (Зарафшон – 2007), “Рубежи жизни” (Зарафшон – 2007), “Меҳр” (Зарафшон – 2009), “Ишқ меҳроби” (Наврўз – 2012), “Умр девони” (Шарқ – 2012), “На пути к истине” (Москва Олма Медиа Групп – 2013), “Ўзимни тинглаб” (Зарафшон – 2014).
Бундан ташқари 2004 йилда “Қабоҳатга қўйилган тузоқ”, 2005 йилда “Жумбоқ” қиссаси асосида Ўзбектелефилм томонидан кинолар ишланган.

*   *   *
Ширин сўз эшитмас ул аҳли риё,
Умри аросатда ўтар зим-зиё.
Тавбага келмайди кетар чоғда ҳам,
Шайтонни чақириб ўқитар дуо.

*   *   *
Нодонга ўргатма, бўлмайди оқил,
Сени бир чақага олмайди жоҳил.
Азал толеъига шундай ёзилган –
Етмишга кирса ҳам топмайди ақл.

*   *   *
Ҳаётинг тинч бўлса, бахт дегани шу,
Қанотинг жуфт бўлса, дов келгани шу.
Тириклик пойгадир, сен бир чавандоз,
Чопмаса Ғиротинг ёв келгани шу.

*   *   *
Кўркдир одамзодга одобу иймон,
Қанийди бир умр яшаса комрон.
Думоғи ҳидланиб, бир кун семирса —
Билки, илинибди домига шайтон.

*   *   *
Дил ишқдан қўр олган, ёрдан садо бор,
Васлинг шарорига илҳақ гадо бор.
Пойингда Машрабдек ўзни унутдим —
Кўнглим меҳробида ёлғиз Худо бор.

*   *   *
Қайдан келаяпмиз, қаён кетамиз?
Манзил қай маконда, қачон етамиз?
Савоб-гуноҳларни ўлчагувчи зот —
Сенга қай бирини баён этамиз?

*   *   *
Жасадга жон кирмиш куйу қўшиқдан,
Саҳрога жон кирмиш тўкилган ашкдан.
Ҳар нени истадим, ўзимдан топдим,
Кўнгил сайқалланмиш илоҳий ишқдан.

*   *   *
Интилиб яшайман сенга умрбод,
Дунёлар, дарёлар бўлсада барбод.
Мен учун ҳамиша ўзинг муҳтарам,
Сен ҳамон Ширинсан, мен эса Фарҳод.

*   *   *
Дунёнинг чечаги, шамс ул-анвори,
Ким бўлса, шу гулнинг мен харидори.
Сендек ҳур малакни излаб топардим,
Оёқяланг кезиб кўнгил бозорин.

*   *   *
Севиб қолган бўлсанг, демак юрак бор,
Кўнгил каъбасида ишқдир ифтихор.
Ишқи илоҳийдан тониб ўтмоқлик,
Билки гумроҳликка бўлганинг иқрор.

*   *   *
Қиз бола туғилган уйига меҳмон,
Ота-онасига бирам меҳрибон.
Бироқ ўзга уйда бахти очилгай –
Ўзга хонадонни қилар чароғон.

*   *   *
Умр мазмунини безатган аёл,
Ҳаёт бешигини тебратган аёл.
Аёлсиз хонадон қувончи бўлмас —
Дунё дастурхонин тузатган аёл.

*   *   *
Бошлиғинг кўр бўлса, сен ҳам ғилай бўл,
Измида ийланган лойдан қулай бўл.
Барибир бир куни сотиб кетасан –
Санъатингни ўргат, майли тўлай пул.

*   *   *
Ҳар ёлғон бўлади бир куни ошкор,
Замона лўттибоз, жамоа бозор.
Мен-ку гапирмадим тилсиз қудуққа,
Сирингни фош қилди қулоқсиз девор.

*   *   *
Баланд мартабали зоти муҳтарам,
Ҳузурига кирдим, айла деб карам.
Мен ҳам очман, деди тишини ковлаб –
Гапига ишондим, мен каллаварам.

*   *   *
Кўзингга қарашга қилолмас журъат,
Жонини бергудай турланар муртад.
Шундай яқинки у сенинг жонингга —
Суғуриб олишга кутади фурсат.

*   *   *
Бир сўзки, тафтидан келар ҳарорат,
Бир сўзки, атридан дилда тароват.
Кўнгил ободлиги юрт ободлиги —
Ободлик тинчликка берар шаҳодат.

*   *   *
Баъзилар матлаби мансаб ва бойлик,
Уларга зар-зевар, олтин чиройлик.
Кимдир дийдаси тўқ, ким нафсига қул —
Кимдир зоғлик ёқар, кимдир ҳумойлик.

*   *   *
Ўт кетса, ҳўл-қуруқ қолмай ёнади,
Қаноат айласанг, нафсинг қонади.
Энг яхши дўстингдан хиёнат кутма –
У аввал сотади, кейин тонади.

*   *   *
Аҳмоқнинг бўлмайди аниқ нишони,
Шаккоклик қилмагин зинҳор ишониб.
Қулоққа «тепади» лақмани топса —
Жоҳилга чиқарар аҳли пешвони.

*   *   *
Деворда бўлмаса эди гар қулоқ,
Ҳар айтган каломинг бўлмасди улоқ.
Деворга гапирдик, садо чиқмади –
Лекин мен гунг бўлдим, сен бўлдинг чўлоқ.