Иброҳим Маҳкамов (1970)

1970 йилда туғилган. Тошкент Давлат университетининг математика факультетида таҳсил олган. “Муҳаббат баҳори”, “Юрак фарёди”, “Илоҳий туйғу”, “Қалб қиёфаси” номли шеърий китоблари нашр этилган.
Ҳозирда “Тиббиёт ва замон” журналида фаолият юритмоқда.

* * *

Атиргулнинг юзида милтирайди томчи ёш,
Қай ҳолатга етмади ундаги нафис бардош.
Назар солсам, ул маҳзун олисларга тикилар,
Бир хўрсиниб қўяру яна боши эгилар.
Кўзларидан шул дардни уқдим ўшал онларда:
“Соғинганим бормисиз нур ёғар томонларда?!”
Соғинса ҳам келолмас, унинг соғинтиргани,
Ёнида ҳеч туролмас, гоҳ келса ҳам кўргани.
Бунда на гул айби бор ва на соғинтирганнинг
Ва на шарпа мисоли теграсида юрганнинг.
Лек, унинг туйғулари сайр этар осмонларда:
“Соғинганим бормисиз нур ёғар томонларда?!”
Теграсида бир қушча мудом сайраб турса ҳам,
Унга гул жилмаймоққа гоҳо яраб турса ҳам.
Ўшал соғинтирганнинг хаёли билан яшар,
Қалбида яна ўша саволи билан яшар.
Ўзи бунда бўлса ҳам кўнгли ул маконларда:
“Соғинганим бормисиз нур ёғар томонларда?!”

* * *

Сен юракни ёритган чироқ,
Сен-ла яшар висолу фироқ,
Куйдир, майли, ҳижрон-ла, бироқ.
Кетиб қолма, кўнгилдан йироқ.
Кетсанг агар, дилда муз қолар,
Баҳор кетиб, қишу куз қолар,
Бахт деган сўз рангсиз тус олар,
Кетиб қолма, кўнгилдан йироқ.
Сен-ла юксак, инсон қадри ҳам,
Гўзал, ҳатто, қалбнинг дарди ҳам,
Сенсиз гўё руҳсиздир танам,
Кетиб қолма, кўнгилдан йироқ.
Яшнаб турсин мудом дил боғи,
Жилолансин зилол булоғи,
Ошиқ аҳлин суянган тоғи,
Кетиб қолма, кўнгилдан йироқ,
МУҲАББАТ.

* * *

Офтобдан йўқдир дарак,
Қуймоқда ёмғир шаррос.
Билмадим, бу наздимда
Кўнглимга қуйди холос.

Кел, эй, кўзлари чарос,
Бир кулиб боқ, илтимос.

Токи, кўнглим чўктирган
Қайғуларим арисин.
Токи, бир дам бўлса ҳам
Унутай дил ярасин.

Кел, эй, кўзлари чарос,
Бир кулиб боқ, илтимос.

Ўт ёқ кўнгил уйига,
Завққа тўлдириб ташла.
Ситам куйиб, кул бўлсин,
Бағрингдаги оташ-ла.

Кел, эй, кўзлари чарос,
Бир кулиб боқ, илтимос.

Унутилай деган ишқ
Қайтсин яна ортига,
Токи, майда аламлар
Айлансин ишқ дардига.

Кел, эй, кўзлари чарос,
Бир кулиб боқ, илтимос.

* * *

У бир ошиқ, гўзал маъшуқасининг
Қаро кўзларига боқиб тўймаган.
Уни юрагидан севару лекин,
Ҳатто бармоғига бармоқ қўймаган.

Кўнглин баён этиб ёзмас бирор хат,
Тунда ойдан ҳолин сўрайди унинг.
Ҳеч кимга қилмайди ишқидан ҳасрат,
Қалбининг қаърида асрайди уни.

Толиқмас, зерикмас, ҳар он, ҳар муддат
Ўша ишқ китобин варақлаб турар.
Кўнглида қуёшга қиёс муҳаббат
Кўнглининг кўкида чарақлаб турар.

Унинг борлигидан қувониб яшар,
Ширин бир изтироб туяр ҳажридан.
Ул малак хаёли кўнглини безар,
Унга боқиб турар қирқ йил наридан.