Ҳилола Исматова (1974)

Ҳилола Исматова 1974 йилда туғилган. Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институти Навоий филиалининг филология факультетини тугатган. Вилоят “Дўстлик байроғи” газетаси мухбири. Шеърлари “Навоий гулшани”, “Рангин наволар”, “Навоийликлар гулдастаси” каби жамоавий тўпламлардан ўрин олган.

* * *

Қиш, муз, қор,
Сувлар яхлаган.
Менинг қари даричам узра,
Ғичир-ғичир соғинч алами…

Шамоллар ўхшайди онамга,
Жисими йўқ, қўллари йитган.
Бармоқларин тополмасаям,
Сочларимни ҳамон силаган.

Онам каби покиза боғлар,
Азадорми – қорга ўралган.
Ҳувуллайди ғариба бағир –
Мевалари кузда таланган.

Қаерларда совқотар онам,
Эгни юпун, сочи очиқми?
Битта рўмол тутолмайман, ман,
Уйим тўла латта-путтадан.

Деразамдан киролмайди қиш,
Онам каби мўлтираб турар.
Уйим иссиқ, юрагим бўм-бўш,
Қисмат қолган умрни курар.
Кафтларимда совиб борар қор,
Ёддан чиқмас онам кирган туш.
Шудир энди, умидим дийдор,
Дийдор тушдир, дийдор энди туш.

* * *

Вақт – юриш.
Давом этиш.
Тўхтамаслик.
Сўнгга интилаётган сўнгсизлик.
Мен эса, шохлари қуриётган дарахт –
Томирлари ҳеч қачон ўлолмас тирик.
Кўнгил – катта кўнгилсизлик.
Умид туғилаверар азоб бағрида,
Умид – ҳар лаҳза туғилган оғриқ.
Интилиш – сабрсизлик.
Интилмаслик – қўрқоқнинг қилиғи.
Вақт, кўнгил, умид…

* * *

Кўксимга чўккан зулмат тарқади:
Қуёш мен учун, олам мен учун.
Толеим тахти кўкдан имлади,
Бахтимнинг умри, умрдан узун.

Тилло балиқларнинг зиёси гирён,
Не истак қалбда, ижобат шу он.
Гўё жаннат ичра турардим ҳайрон,
Пойимдаги қаср нурдан чароғон.

Оппоқ зиналари орзумга бошлар,
Фаришталар ундан силкитади қўл.
Ҳар бир эшиги исмим-ла очилар –
Сеҳрли қўрғонга етиб келди йўл.

* * *

Фақат кўнгил,
Адашган сингил,
Ўн беш ёшли маҳзун мусича.

Дон яширган
Кафт ёзувини
Тумшуқларинг билан қонатдинг.

Кафтлар юмилди,
Кафтлар йиғлади,
Чизиқлари айқашиб кетди,
Қайси йўлдан учасан энди?

* * *

Мен эсам ёмғир,
Деразангни қанча чертсам,
Осмондан қанча ерга қуласам,
Қалбинг қулф.

Шовдираб-шовдираб тўкилсам,
Жовдираб-жовдираб термулсам,
Барибир, бу йиғи сўзмас,
Кўнгилга сиғмас…

Қанча ёғсам ича олмасман,
Ёмғир тилин тушунолмасман.
Тупроқларга қоришмагунча
Кўзёшимни тинглаёлмасман.

Мен йўлда қолган ҳасрат.
Ғамга ботгинг келса, бир қара,
Қайғу чеккинг келса, қарагин.
Бунча ғамгин, бунчалар ғамгин,
Тинаётган ёмғир товуши?

* * *

Қиёфа йўқ,
Туман ичра занг ичган сурат
Ё бахтсиз рафтордан иборат.

Яна оғриқ – минг йиллик соғинч
Қўзиб турар, вақт ўтган сайин.
Шу кенглик ва жимликдан майин
Нур каби нимадир имлайди.
Ай, бу кўзлар-ку, бирам эскирган,
Уларни янгилаб олавердим, ман…

Қимтиниб-қимтиниб қуриган
Суратларга қалбим тўла.
Менга нима бўлган,
Вақт киролмасми қалбимга?
Вақт кетолмасми,
Вақт гирдимда тентираб қолган?..