Ҳайдар Муҳаммад (1936)

Ҳайдар Муҳаммад 1936 йили Тошкентда таваллуд топган. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг кечки филология бўлимини тугатган (1966). Ўзбекистон телерадиосида муҳаррир (1965—1976), Маданият ишлари вазирлигида масъул вазифаларни (1976—1980) бажарган. Кўп йиллар Ҳамза номли Академик драма театрида адабий эмакдош вазифасида хизмат қилган.
Унинг биринчи шеърий тўплами «Кўнглим менинг» номи билан 1975 йилда нашр бўлган. Шундан сўнг «Олчамнинг туғилган куни» (1978), «Йўлларингга муштоқман» (1979), «Ипак гиламлар» (1990), «Ҳазилкаш шоҳ» (Сайланма, 1994) каби шеърий ва драматик асарлари, тўпламлари чоп этилган.
Ҳайдар Муҳаммад мусиқа жанрининг жуда кўп турлари учун шеърлар ёзган, «Шоир овози» достони (Сайфи Жалил мусиқаси), «Ёшлигим» сюитаси (Д. Зокиров), «Менинг оппоқ қўшиғим» каби туркумлари (Баҳрилло Лутфуллаев мусиқаси) шулар жумласидандир. Унинг «Тошкентнинг нозанин маликаси» (Манас Левиев мусиқаси), «Кўнгил— чинни пиёла» (1987, Комил Кенжаев мусиқаси), «Куёвлар конкурси» (1991, Р. Азизхўжаев билан Т. Ҳасанов мусиқаси), «Ҳар кимки вафо қилса…» (1994, Бобур ҳақида. А. Исмоилов, С. Ҳайитбоев мусиқаси) каби мусиқали драма ва комедиялари томошабинларга манзур бўлган.
Ҳайдар Муҳаммаднинг «Хотинлар «гап»идан чиққан ҳангома» (1990), «Сабъаи сайёр» (1991, Навоий достони асосида), «Ҳазилкаш шоҳ» (1994), «Сеҳргар ва айёр» (1994), «Жиноят устида ушлансин» (1996), «Элёр ботир» (1985) каби драма ва комедиялари Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик драма театри, Муқимий номли республика мусиқали театри, вилоят театрларида саҳналаштирилган. «Тошкентнинг нозанин маликаси», «Кўнгил — чинни пиёла», «Куёвлар конкурси» асарлари эса Тожикистон, Қирғизистон театрларида ҳам саҳна юзини кўрган.
«Хотинлар «гап»идан чиққан ҳангома» комедияси асосида суратга олинган «Темир эркак» фильми республикамизда энг кўп томошабин кўрган асарлардан биридир.
Ҳайдар Муҳаммаднинг қатор латифа, интермедия, ҳажвий ҳикоялари «Муштум» журнали ва газеталарида чоп этилиб, «Табассум» радиостудияси ҳамда телевизион миниатюралар театрида фойдаланиб келинади.
Республикамиз халқ театрлари адибнинг «Ипак гиламлар», «Навоий бир куни», «Улуғбек шарофати», «Берунийнинг бахт эшиги», «Севги жазаваси», «Собир Раҳимов ва хоин», «Чиройли аёлнинг илтимоси» каби асарларини ҳам саҳналаштирган.
Ҳайдар Муҳаммад таржимасида озарбойжон драматурги Анорнинг «Занжир ёки қиёфалар» (Муқимий театри), туркман драматурги Ҳ. Мухторнинг «Неварали келин» (Самарқандаги Ҳ. Олимжон номли театр), бошқирд драматурги Фарид Богдановнинг «Тунги меҳмон» (Ҳамза номли ўзбек Давлат академик драма театри) каби асарлари ўзбек саҳнасига чиққан.

АФСОНАВИЙ САМАРҚАНД

Йиллар бағридан овоз берар сирли садолар,
Тилга кирар танбурлар.
Ранглар жонланар, ҳикмат айтар боболар:
Шаҳрим осмонида товланар нурлар.

Самарқанд, Самарқанд
Афсона — эртак шаҳрим.
Самарқанд, сарбаланд Самарқанд,
Меҳридан сайқал берди асрим.

Регистонда юз кўришган Навоий, Жомий,
Бизга бугун замондош.
Улуғбек тонги — юлдузларнинг завқу илҳоми,
Илмлар осмонида равшан бир қуёш.

Олис-олисдан келган сайёҳ — меҳмонлар,
Қайтар ширин хаёлда.
Кўзида кетар нилий гумбаз — осмонлар,
Шаҳрим мангуликка қолур камолда.

ЁЗГАН ХАТИНГ ҚЎЛИМДА

Ёзган хатинг қўлимда,
Ҳамма гапинг кўнглимда,
Меҳринг сеҳри шунчаму,
Номинг такрор тилимда.

Ширин-ширин саволинг,
Орзулару хаёлинг,
Соғиндим, деб ёзибсан,
Менинг бахту иқболим.

Сўз келур булоқ-булоқ,
Сўзларимга сол қулоқ,
Дардимни баён айлаб,
Хат ёзурман бир варақ.

Соғинсанг ойга қара,
Қайрилма ёйга қара,
Юрагим тимсолидир,
Безовта сойга қара.

Ёзган хатинг қўлимда,
Ҳамма гапинг кўнглимда,
Меҳринг сеҳри шунчаму,
Номинг такрор тилимда.

ХАТЛАРИМ ЕТМАСМИКАН

Ул санам бермас жавоб, хатларим етмасмикан,
Шунча оҳу нолишим қалбини чертмасмикан.

Ошиғининг кўплигидан, эҳтимол, ул маҳлиқо,
Дил эриб ёзган хатимга эътибор этмасмикан.

Хатларим ётганмикан токчасида сарғайиб,
Ёки кимса рашк ўтида ўртаниб йиртмасмикан.

Кулгали ё хатларимдан барчасини жам қилиб,
Бир куни қошимга ул, ол, дебон элтмасмикан.

Бўлса бордир бир сабаб, хат ёзишдан чарчамам,
Хат кутиб Ҳайдар Муҳаммад бежавоб ўтмасмикан.

ТОҒЛИК ҚИЗ

Билармисан, билмасмисан, гўзаллигинг, тоғлик қиз,
Билармисан, билмасмисан, кўнглим сенга боғлиқ қиз.

Тиз чўкибди баланд тоғлар кўтарай, деб кафтимда,
Кўнглим каби шаршаралар сенга тилар соғлик қиз.

Ой юзингга чайилсам, деб сой оқади саргардон,
Инжулардан боғ яратар, ўтсин, деб ардоғлик қиз.

Юз қаватли бинолардек юксакдадир кошонанг,
Тошлар юртин боғ қилибсан — олма-ўрик боғлик қиз.

Қоялардек қад тутардим, қайрилсанг сен бир бора,
Ё сой каби мен кетарман, боқмасанг, Сўқоғлик қиз.

Ҳайдар тошга уриб бошин, шопирилса шоввадек,
Қалбинг бўлиб қолмасми андаккина доғлик қиз.