Ҳамид Олимжон (1909-1944)

Ҳамид Олимжон 1909 йил 12 декабрда Жиззах вилоятида туғилган. Ўзбекистон ФА мухбир аъзоси (1943). Самарқанддаги билим юртида (1923-28), Педагогига академиясининг ижтимоий-иқтисодий фанлар факультетида ўқиган (1928—31). Дастлабки асарлари — «Кўклам» (шеърлар, 1929), «Тонг шабадаси» (ҳикоялар, 1930). «Олов сочлар» (1931), «Пойга», «Ўлим ёвга» (1932), «Дарё кечаси» (1936), «Шеърлар» (1937), «    Ўлка», «Ойгул ва Бахтиёр» (1939), «Бахт» (1940), «Кўлингга курол ол!», «Она ва ўғил» (1942), «Ишонч» (1943) шеърий тўпламлар муаллифи. «Ойгул билан Бахтиёр» (1937) ҳамда «Семурғ ёки Паризод ва Бунёд» (1939) достонлари халқ эртаклари мотивлари асосида яратилган. Н. Островскийнинг «Пўлат қандай тобланди» романини ҳамда А. С. Пушкин, Л. Н. Толстой, В. Маяковский, Т. Шевченко ва бошк,а шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. 1944 йил 3 июлда автомобиль халокатидан Тошкент шаҳрида вафот этган.

ЎРИК ГУЛЛАГАНДА

Деразамнинг олдида бир туп
Ўрик оппоқ бўлиб гуллади…

Новдаларни безаб ғунчалар,
Тонгда айтди ҳаёт отини
Ва шаббода қурғур илк саҳар
Олиб кетди гулнинг тотини.

Ҳар баҳорда шу бўлар такрор,
Ҳар баҳор ҳам шундай ўтади,
Қанча тиришсам ҳам у беор
Еллар мени алдаб кетади.

Майли, дейман ва қилмайман ғаш,
Хаёлимни гулга ўрайман;
Ҳар баҳорга чиққанда яккаш,
Бахтим борми, дея сўрайман.

Юзларимни силаб, сийпалаб,
Бахтинг бор, деб эсади еллар.
Этган каби гўё бир талаб,
Бахтинг бор, деб қушлар чийиллар…

Ҳамма нарса мени қаршилар,
Ҳар бир куртак менга сўйлар роз,
Мен юрганда боғларга тўлар
Фақат бахтни мақтаган овоз:

«Мана сенга олам-олам гул,
Этагингга сиққанича ол,
Бунда толе ҳар нарсадан мўл,
То ўлгунча шу ўлкада қол.

Умрида ҳеч гул кўрмай, йиғлаб
Ўтганларнинг ҳаққи ҳам сенда,
Ҳар баҳорни йиғлаб қаршилаб
Кетганларнинг ҳаққи ҳам сенда…»

Деразамнинг олдида бир туп
Ўрик оппоқ бўлиб гуллади…

ХАЁЛИМДА БЎЛДИНГ УЗУН КУН…

Хаёлимда бўлдинг узун кун,
Сени излаб қирғоққа бордим.
Оч тўлқинлар пишқирган тунда,
Топиб бер, деб ойга ёлвордим.

Ишон, бунда сени доимо
Эсга солар чиройли тунлар,
Шўх юлдузлар, салқин саҳарлар,
Эсга солар бахтиёр кунлар.

Толеимнинг ошиноси сен,
Сен севгимнинг кўкарган боғи.
Сенинг билан бирга иқболим,
Ишончимнинг сен вафо тоғи.

Мени қуршар салқин бир ҳаво,
Сув устидан тун қуюлади.
Шунда қанча-қанча гапларни
Эсга солиб ой ҳам тўлади.

Кеча жим-жит, ёлғиз тўлқинлар
Пишқиради билмай тинимни.
Ҳийлагар ой, сеҳргар дилбар,
Солиб қўйдинг ёдимга кимни?..

* * *

Севги десам, фақат сен десам,
Сенинг билан яшаса қалбим;
Сен десам-у, бутун дунёнинг
Шўришига қулоқ солсам жим…

Қуюн каби айланар бошим,
Қарайман-у, кўзим тинади
Ва жилвангдан кўнгил кўзгуси
Парча-парча бўлиб синади.

Шу қарашга борми ниҳоя,
Бўларманми мақсадга восил?
Топарманми бир янги ғоя,
Бўлармикан бир мурод ҳосил?

Топиларми унда бир чора,
Агар мени қуршаса жунун:
Бўлиб қолса сирим ошкора,
Атасалар номимни Мажнун?

ҲОЛ

Қайдан келдинг, фикримни бўлдинг,
Нега этдинг мени паришон?
Нега буздинг мунис ҳолимни,
Ўйларимни нечун бемакон?

Эҳтирослар, ҳислар, ёнишлар
Ўлкасини кезарди хаёл,
Ҳоким эди менинг руҳимда
Шундай латиф илҳомий бир ҳол.

Бир кичик тор, бир ёниқ парда
Қанча гапни айтиб берарди…
Онасидан ўрганганини
Чумчуқ чувлаб қайтиб берарди…

Тиккан эдим қалб қулоғини
Ва фикримга берган эди жон,
Чивин учса келарди малол,
Шунга эди садоқат, имон.

Халал берма, озроқ қўниб тур,
Тамом қилай шу гул суратни,
Қўйгил мени, юракнинг қони
Билан тортай энг сўнгги хатни.

* * *

Тинимсиздир ёлғиз шабода,
Майсаларнинг сочи силкинар,
Мана, ҳозир чирқираб турган
Паррандалар, қушлар ҳам тинар…

Ҳамма ухлар ва фақат тунни
Менинг ўзим қарши олурман.
Қарши олур ва тонгга қадар
Менинг ўзим уйғоқ қолурман.

Қулоғимга секин шивирлаб
Тун уйқуни ўргатар менга,
Бўлганмисан тунда саҳрода?
Бўлмаса кел, сўйлайин сенга…