Ҳабибулло Саид Ғани (1944-2007)

Ҳабибулло Саид Ғани 1944 йил 10 декабрда Қўқон шаҳрининг Шайхулислом гузарида китобхон оилада дунёга келди. Ҳабибулло Саидғаниев Қўқон давлат педагогика институтининг рус тили ва адабиёти факултетини ҳамда Тошкент Халқ хўжалиги институтининг савдо экономикаси факултетини тугаллаган.
Унинг “Менинг оппоқ далам” (1980), “Овознинг шакли” (1984), “Қўқон ушшоғи” (1986) китоблари чоп этилган.
Ҳабибулло Саид Ғани моҳир таржимон сифатида Абдураҳмон Жомий, Фоний, Самуил Маршак, Александр Файнберг, Борис Пастернак, Геворг Агаджанян, Расул Ҳамзатов, Евгений Евтушенко, Жак Превер, Николай Лукашов, Михаил Чарний, Илмер Назаровлар ижодидан талай шеърларни маҳорат ила ўзбек тилига ўгирган.

* * *

Қалдирғочнин бўлганида қаноти қоғоз
Турналарнинг қанотида келганида ёз
Юрагимда умидларим битганда баёз,
— Сизни ҳеч ҳам ўйламадим, — дединг кулганча,
Ўлди булбул сўлиб қолгач дафъатан ғунча.

Қиймалардим тушларимни тун-ла эринмай,
Тушларимда қийнар эдим сени ҳам нетай.
Қўлларимга лола тутдинг сабабин айтмай,
— Сизни ҳеч ҳам ўйламадим, —дединг бемалол,
Қонлироқдир лолаларнинг рангидан хаёл.

Қор ёғарди: этак-этак жонсиз капалак,
Менинг севгим таранг турган хавфли камалак.
Мен на сайёд, сен ҳам на сайд, ўртада фалак.
— Сизни ҳеч ҳам ўйламадим, —дединг гуноҳкор,
Куз ўтганди, қиш ўтганди, ўтганди баҳор…

1969

* * *

Боғлар тўлғонади нотинч, энтикиб,
Рангпар хазонларга тўладир хилқат.
Тинчини йўқотган қалбим қимтиниб,
Сокин йўлларингдан топармиди бахт?

Руҳимда адашган шамоллар расми,
Руҳимда гулларнинг синиқ чиройи.
Руҳимда тўкилган япроқлар акси,
Баҳор деб талпиниб топар оройиш.

Мен энди гулларга ўқиб достонлар
Юрурман қалбимга қўндирмай ғубор,
Сарғайган хазонлар аро мастона
Мен сени куйлайман, мунаввар баҳор!

Мен энди юлдузга боқиб азонлар
Муҳаббат макрига тушмоғим душвор.
Сарғайган хазонлар аро мастона
Мен сени куйлайман, мунаввар баҳор!
Мен энди, мен энди…

Боғлар тўлғонади нотинч, энтикиб…

1970.

ОҚҚУШНИНГ ҚЎШИҒИН ТИНГЛАБ

Бир қултум сув билан ичиб қўяйми сени,
Турибсан-ку бир ҳовуч нур каби покиза.
Бир қултум висолингга зор этдинг-ку мени
Субҳидамда юзин очган гулдек бокира.

Кеч ташламиш висол дамин тақдир ўртага,
Азалданми толеимга битилган фироқ?
Менинг қалбим иллатлардан сўнгсиз ўртанган,
Сенинг қалбинг чизилмаган қоғоз каби оқ.

Неча йиллар сени қўмсаб, кезиб саргардон,
Хаёлимдан яратдиму сиғиниб олдим.
Муҳаббатим кутмоқда деб олдда бегумон
Мени севган не-не қалбдан юлиниб қолдим.

Яқиндирмиз бугун икки қош орасидан,
Қўлим етар қўлгинангни тутгали бот-бот.
Қора тортар руҳим икки қош қорасидан,
Йиллар билан кириб келган ҳадик деган зот.

Бир қултум сув билан ичиб қўяйми сени,
Ўзимдану ўйларимдан покроқ муҳаббат.
Кипригимда кўтариб ҳам юрардим сени,
Ёшлигимдек орзу бўлиб қолмасанг фақат.

1975.

УСМОН НОСИРГА

Кабутарга ўхшар Усмон шеърлари,
Парвозда шиддатли, мисоли ёғду.
Бокира сўзларга тўймайди лаби,
Умрининг офтоби йўқликка оғди.

Юртнинг қуёшидан яшар бебаҳра,
Фарғона боғлари беролмас салқин.
Қушлар куйлар экан ҳар кун саҳарда,
Ўзбекистон бўлиб туюлар тағин.

Вужудини босиб келади титроқ,
Энасой тарафнинг маъвоси совуқ.
Ҳеч қачон у бўлмас жўнгина тупроқ,
Дўстлар йироқда-ю, қисматдир ёвуқ.

Тонглар этагига шеърларин битар,
Энг сўнгги дуога очган каби лаб.
Соғинчлари бўлиб учар кабутар,
Қўқон музофотин кўзига жойлаб…

1975 йил.

ОҚЛИК

Руҳим бугун оқликлардан топади таскин,
Кўнгил қўмсар қайнарбулоқ даламни.
Не учундир шаҳар ичра Ватаним ҳисси
Пахтазордек титратмайди дилимни.

Пахтазорда ҳар кимсага сиғади ҳаддим,
Пахтазордан менга равшан кўринар иқбол.
Кўзларимда яшилликнинг яшил ранг ҳиди,
Тушларимга кириб чиқар оппоқ бир хаёл.

Ойдин кеча, ойдек пахта қошида
Бир чол турар, умидлари билмаган тўзим.
Шу отахон жала урган пахтазорнинг бошида
Юм-юм йиғлаб турганини кўрганман ўзим…

Кўнглинг шунча бўш эдими, отахон?
Ғам билмасин пахтадайин оқ кўнглинг.
Йўл олганда олисларга каттакон карвон,
Ахир, оғир юкни танлаган ўзинг…

Мен бир нўноқ ғўр қаламкаш, қийналиб
Тўккунимча оқ қоғозга қатрани,
Пахтазорни деҳқон неча айланиб
Тоғ-тоғ қилиб уйиб қўйди пахтани.

Мен эса, бободеҳқон, мақтовингга тополмай қиёс,
Ўлтирибман ҳисларимга беролмай сайқал.
Бу тоғлар «оқ олтин» тоғлари эмас,
Метин бардошингга қўйилган ҳайкал…

Руҳим бугун оқликлардан топади таскин,
Кўнгил қўмсар қайнарбулоқ даламни.
Не учундир шаҳар ичра Ватаним ҳисси
Пахтазордек титратмайди дилимни.

1976.

БАДИҲА

Куй учиб юрибди хонамда титраб,
Адашиб қолгандек худди кабутар.
Ўзини отару ойнага қараб,
Ним қизил қонига шишани бўяр.
Бир ҳикмат айтару ерга қулайди,
«Орзулар ўлади, инсон ўлмайди».

Куй учиб юрибди боғларда мискин,
Бир ғунча бағрига кириб беркинар.
Келтирса шаббода гулларнинг исин,
Ғойибдан садо-ла товушлар келар.
Илтижо қилинглар, гул сўлмасайди:
«Орзулар ўлади, инсон ўлмайди».

Куй учиб юрибди хонамда яккаш,
Гўёки оқ сочи тўзғиган она.
Учиб берк қалбларга урар экан бош.
Ёдимга тушади ойнали хона…
Шунда мажруҳ оҳанг эзиб куйлайди,
«Орзулар ўлади, инсон ўлмайди».

Куй учиб юрибди қалбимда, ерда.
Унинг шиддатидан қалбим безиллар.
Куй титраб сўрайди: «Орзунг қаэрда?»
«Орзуни қўйсанг-чи»,-дейди баъзилар.
Ҳайқиргим келади: «Тўхтанг, бўлмайди.
Орзу ўлмасайди, инсон ўлмайди!»

1976.

АРАВАГА ҚЎШИЛГАН ХАШАКИ ОТ

Чавандозлар!
Ёдингиздами?
Зулукдек от эди Қорабайир,
Зулукдек!
Депсиниб қўйганида
Нурлар сачрар эди туёғидан
Чилангар қўлига
Қуйилган юлдузлар каби…
Тезликда шамол билан қилар эди рақобат.
Қорабайир армон эди кўпларга, чавандозлар!
Ёдингиздами?
Улоқ чопганида
Дўмбирага айланарди ер,
Ҳислар чапак уриб
Рақсга тушиб кетар эди юраклар,
Шодланиб гўзаллигидан.
Кишнаб юборганида,
Борлиқ улкан қўнғироғу-
Жаранги эди овози,
Инсонларни
Чорлагувчи байрамга.
Қорабайир армон эди кўпларга, чавандозлар!
Зулукдек от эди Қорабайир,
Шунчалар қароки
Узоқроқ тикилсангиз
Мовийлашиб кетар эди у
Орзудек.
Бир қиз севгисига умидвор йигит
Қорабайирни миниб борса қошига
Чил-чил синмас эди йигитлиги…
Қорабайир армон эди кўпларга, чавандозлар!
У шундек от эди
Ушалмаган орзусида,
Чавандозлар!

1976.

БEТХОВEН

Сени синаб кўрди яна табиат,
Энди эшитмассан навони ҳеч ҳам.
Кар қулоқларингга қулайди фақат
Титроқ юрагингдан тўкилган ғамлар.

Орган пардасини босасан шитоб,
Товушлар қуйилар айқаш ва уйқаш.
Қандайдир хонимлар қилади хитоб:
«Инқилоб!»
Сенинг-чи — қалбинг қонталаш.

Ўзингни отасан куйларга ёниб,
Ўзингни ўртайсан намунча ахир.
Муҳаббат рангларин куйлардан топиб,
Рангларда яшамоқ амри маҳолдир.

Севгилинг уқтирар ненидир тажанг,
Сенда-чи безовта, илоҳий юрак.
«Турмуш, тўй»,- деганин англадинг аранг,
Ҳайқирдинг: «Қонталаш оҳанглар керак!»

1977.

* * *

Қорайиб бормоқда дарахтлар,
Қайтмоқда тун билан чорасиз хатар.

Мен ўзим ўзимдан кетаман қўрқиб,
Кўринган жисмда исмингни ўқиб.

Ҳар ерда намоён кибор сувратинг,
Ёнингда соядек баджаҳл «итинг».

Унинг ҳар нарсага етади кучи,
Сен эса ҳеч қачон кетмадинг чўчиб…

Истасанг бошингдан сочар марварид,
Мен- чи, чиқарганман жаҳлинг бемаврид.

Ноёб матоҳларга сени ўрар у,
Мен учун дунёда сенсан кўрарим.

Қўрқаман! Ёйилиб кетмоқда суврат.
Сен ёмғир ортида йиғлаган ҳайрат…

1979 йил.

ПАХТАМИЗ

Пахтани «Оқ олтин» десалар
Ғашим келади.
Олтин маъдан-да,
Рангли бўлганида ҳам,
Пахта танамизнинг
Олий аъзоси.
Пахта- менинг жигарим,
Пахта- сенинг жигаринг,
Пахта- унинг жигари,
Пахта- бизнинг жигаримиз.
Энг яқин кишисини
«Жигарим» ,- дейди халқимиз.
Энг яқин кишиси ўлса
«Вой жигарим»,- дейди халқимиз,
«Эзилиб кетди жигарим»,- дейди халқимиз…

1979 йил.

ҚЎҚОН УШШОҒИ

Беисм насимлар маскани юртим,
Кўзимдаги ёшдек беғубор Ватан.
Агар сендан айро бирор кун юрдим,
Жисмим жонсиз қолиб ўлаётган тан.

Сенинг осмонинг ҳам шеърият қадар,
Тупроғингда гуллаб ётган шеър дедим.
Сен- ла яшайвердим билмасдан кадар,
Яшайвердим ва лек соғинавердим…

Бу соғинч макони дилгир дилимда,
Нигоҳимда эрур муҳаббат рамзи.
Сени куйлайвердим она тилимда,
Сен рост ҳисларимдан туғилган назмим.

Тикилиб қарарга юрак бетламас,
Оғир ботмасин-да дейман нигоҳим.
Гоҳ оҳим сабоси измимга кирмас,
Мунаввар сийратинг сийпалаб гоҳи.

Сен менинг оламда топганим, борим.
Мунис хислатларинг ўзимгадир тан.
Сен менинг беқиёс маҳбубам, ёрим,
Сен менинг нигорон боламсан, Ватан!

1980 йил.

ҚИШЛОҚҚА БАҲОРНИНГ КEЛГАНИ

Бир сиқим тупроқни ҳидлаган кўйи
Ўзи билан суҳбат қурарди ота:
— Қиш чўзилдими дейманов шу йили,
Ҳозир нақ бодомлар гулларди, аттанг…
Совуқ уриб кетди ҳусайниларни,
Қайин анорлар ҳам бўлгандир нобуд.
Шу баттол кўнмовди кўмайлик десам,
Уволи ёмон-да,- кетади нолиб.
Томорқага кирар безовта, ўйчан,
Қайтар дарахтларни силаб- сийпалаб.
Оғилда қўйлари кемтийди пичан,
Говмиши паришон турар туз ялаб.
Кампирига қилган бўлар пўписа:
— Хол, бу кеч эшикни очиб қўй бироз.
Мабодо, қалдирғочлар қайтиб келса,
Паноҳсиз қолмасин, кечалар аёз…
Жунжикиб киради совуқ тўшакка,
Алламаҳалгача пичирлар лаби.
Тирқ этса қарайди қия эшикка,
Тўйдан кенжа ўғлин кутгани каби.
Азонга яқинми, кўзи илиниб
Туш кўрар: гулламиш беҳилар, анор.
Ҳар қалай отани омонат билиб,
Аввал шу қишлоқда юз очмиш баҳор.

1981 йил

ҚИШЛОҚ ЙЎЛИДА

Ҳаво дим.
Қишлоқи аёл борар
Жим.
Сўл қўлида гўдаги
Ғашланар.
Ўнг ёнида катта ўғли,
Қўлида нон
Тамшанар.
Бозорга келаётир,
Кундир пиртак.
Пешонасидан оққан терни
Пуфлаб қўяр.
Шўрттак!
Хаёлини банд этган бир савдо:
« Робига келган совчилар
Фалон жойдан,
Илоё…»
Рўмолининг бир четига тугилган
Қурт пули.
Астарликлар олмоқчийди чайқовдан
Ҳар турли…
Пахтанинг мукофотига тўй қилсин бирам!
Билинмасин отасининг йўқлиги
Ҳеч ҳам…
Ҳаво дим.
Қишлоқи аёл борар
Жим.
Ўйларига ўзга нарса солмас
Кўланка.
Гўё Фаластинда,
Салвадорда
Ўлмагандек
Гўдаклар.
Чили қайда,
Қайда Ливан
У билмас.
Эшитгандир бу номларни

2

Балким,
Элас- элас.
Ўйлайсизки
Қишлоқи аёлнинг
Дунёси тор.
Шундай бўлса- бўлсин,
Аммо ким гуноҳкор?!
Сиғмайман осмонга, ерга,
Ҳаво дим.
Аёл, гўдак, бола
Олислаб кетди
Жим.
Сўл қўлида гўдаги
Ғашланар.
Шаҳар томон
Шу аёлнинг
Ташвишлари
Ташланар…

1981 йил.

* * *

Ётар остонамда танҳо заъфар барг,
Шамолнинг оҳидан тўкилган парча.
Бу- ғамгин кузакдан энг сўнгги дарак,
Энг сўнгги ноладир яшаб чарчаган.

Сен нечун алвидо демасдан, гулим,
Пинҳон юборибсан мажозий япроқ?
Хазон- қовжираган тилсиз мактубинг,
Исмсиз тилагингдан тўкилган фироқ.

Мен ҳам дардларимни баайни баҳор
Тўкиб ташлагандим минглаб дарахтга,
Менинг кўз ўнгимда сарғарди ночор
Яшил япроқлари сиғиниб бахтга.

Хушбахт куйлай олмас рангин қушчалар,
Хушбахт куйлай олмас оғочлар бу кун.
Мени сендан тўсиб қўймиш шунчалар
Ёнган хазонлардан сирқиган тутун.

1981 йил.

ҚИРҚ САККИЗ СОАТ ТЎХТОВСИЗ ЁМҒИР
ВА Ё АЙРИЛИШ ҚАСИДАСИ

Биз ажрашдик. Сен эса кулдинг.
Кулиб ёмғирларга тутдинг юзингни.
Ҳамма нарса тамом, дардсиз унутдинг
Мени, ёмғирни ва ўзингни.
Таъналар отмадик, жим қолдик бир дам,
Айбимга ишондим- гуноҳкор ўзим.
Шамсиянг тутиб ол, қарагин, эркам,
Ёмғирдан ҳўл бўлиб кетибди кўзинг!
Тинмоқ нелигини билмайди ёмғир,
Сен эса, қувончим, шошмагил бир пас.
Ёмғирда ажрамоқ нақадар оғир,
Сўнг эса, майлига, кетабергил, бас.
Ёмғир ҳам тинади, чиқади қуёш,
Қушчалар куйлайди яна бепарво.
Майсалар силкиниб кўтаради бош,
Фақат сен бўлмайсан ёнимда аммо.
Менга насиб этмас энди висолинг,
Сени чорламоққа очолмасман лаб.
Худди сўз ўрганган соқов мисоли
Номингни ҳар ерда юрурман ёдлаб.
Сен эса кезгайсан атир уфурган
Хазонсиз боғларда бахтингдан яшнаб.
Мен
уйқусизликнинг уфқларига
Сувратинг чизарман тунлари қақшаб.
Гўзалим!
Ҳозирча маъюс жилмайиб
Қаршимда турибсан, шовуллар само.
Юрагим қушчадир, қаноти майиб,
Сенга толпинади, етолмас аммо.

Биз ажрашдик. Сен эса кулдинг,
Кулиб ёмғирларга тутдинг юзингни.
Ҳамма нарса тамом, дардсиз унутдинг
Мени, ёмғирни ва ўзингни…

1981 йил.

ЧОРКEСАРЛИК МEРГАН

Чоркесар тоғларининг
Тошидан каклиги кўп.
Чоркесарлик Қурбон отани
Биров Қурбон мерган деса,
Биров ғалати мерган дегувчи эди.
Биз болалар,
Қурбон отанинг
Нега “ мерган” ном олганлигини
Билмай ҳалак эди жонимиз.
Чунки биз
Ҳеч қачон кўрган эмасмиз,
Қурбон отанинг овдан қайтишини,
На парранда билан,
На дарранда билан…
Қурбон отанинг овдан қайтиши
Бир кулги бўлиб олар эди
Гузарда чойхўрлик қиладиган
Тенгқурларига…
Бир куни,
Энди оқшом тушаётган пайт,
Қурбон ота
Ҳар сафаргидек
Овдан қайтаётганида,
Дўсти Аширмат писмиқ бува:
«Мерган бўлса шундоқ бўлса !» – деб эди,
Кўтарилган кулгудан
Гурр учиб кетди
Сада қайрағочнинг сайроқи қушлари.
Қурбон отанинг
Негадир бу гал
Жаҳлдан чақнаб кўзи,
Елкасидан шартта милтиқни олди-да:
— От осмонга дўппингни,
Қизиталоқ! – деди.
Аширмат писмиқ буванинг
Ҳавода учиб кетаётган
Чуст дўпписи
Гумбурлаган товушданми,
Бир сесканиб,

2

Тупроққа қулаб тушди.
Биз болалар
Югуриб борганимизда,
Илма-тешик бўлиб ётар эди
Аширмат писмиқ буванинг
Чуст дўпписи!

1982 йил.

* * *

Қўқонда шамоллар яна бошланди.
Оромли боғларнинг тинчини бузиб.
Қўл етмас уфқдан нигоҳ ташладинг,
Хазонлар сингари қолурман тўзиб.
Мен билдим, ёлғизим, сенсиз табиат
Абадий кузлардир, абадий шомлар.
Мен билдим, ёлғизим, надир муҳаббат
Қўқонга ёприлиб келгач шамоллар.
Шунда сенсиз қолиб яшаган куним
Ғам бўлиб, дард бўлиб кўзимга кўчди.
Гулларнинг ичидан танлаган гулим
Кўкдаги юлдуздек бағримдан учди.
Қўй энди. Истасанг, тавбалар қилай,
Пойингга қулайин хазонлар бўлиб.
Шамолдек бир келиб кетсанг ҳам майли.
Шамолдек бир келиб қола қол, гулим…

1982.

КУЗНИНГ БИРИНЧИ КУНЛАРИ

Қийин бўлди иккимизга ҳам,
Қийин бўлди кўҳна оламга.
Сен кетурсан, кўзларингда ғам,
Мен қолурман кўмилиб ғамга.
Сен кетурсан, эмассан мағрур.
Сенга ҳоким асов қайсарлик.
Мен-чи, бунда турсам-да мағлуб
Отилмасман дод деб сен сари !
Кунлар келар, балким, дафъатан
Хотирамни солиб жунбушга,
Ўйларимни айлаб беватан
Чиқиб ҳам кетарсан турмушга.
Кунлар келар, балким сесканиб
Уйғонурсан даҳшатли тушдан.
Паришон рўмолинг сирғолиб
Оёғингга урарми кишан…
Кўз ёшингга ғарқ бўлар журъат,
Сўна бошлар ялт этган юлдуз.
Мени қийнар бугун табиат,
Юрагимда йиғламокда куз.

1982.

НИКОЛАЙ МУАЛЛИМ

Журналист ва шоир Н.А. Лукашовга

Олмос қишлоқда
Николай муаллимни
Танимаган кимса йўқ.
Минг тўққиз юз қирқ бирнинг
Айни мезонида
Ризвон кампирнинг ҳовлиси тўла одам.
Биров ош олиб келди,
Биров қатлама.
Николай муаллимни урушга кузатиш
Тўй бўлиб кетди чоғи,
Минг тўққиз юз қирқ бирнинг
Айни мезонида.
Ризвон кампир бир кулиб,
Бир йиғлаб, нон кўтариб келди
Николай муаллимнинг қошига:
— Болам, шу нонни бир тишлаб бер,
Қайтганингда ейсан қолганини,- дер,
Унсиз йиғлаб
Минг тўққиз юз қирқ бирнинг
Айни мезонида.
Мараканинг сўнггида
Қишлоқнинг мўйсафиди
Қуръон ўқиди узоқ…
Ҳамма жим.
Сўнг
Ҳамма қатори,
Николай муаллим ҳам
Дуога очди қўлини.
Ташвишли юзларга тортилди фотиҳа…
…Ниҳоят йил
Минг тўққиз юз қирқ беш бўлди.
Айни мезонда
Чошгоҳ пайти,
Қишлоғига кириб келди
Ғалаба билан
Николай муаллим.

Ризвон кампир,
Қўлида тош қотиб кетган
Нони билан,
Қаршисига чопди
Николай муаллимни.
Етар чоғи,
Мункиб кетибми,
Қулади
Николай муаллимнинг қўлига.
Николай муаллим
Ўзбекчалаб:
«Онажон!» – деб қичқириб юборди.
«Урушда ҳам ўзбекчани унутмабди,
Барака топгур»,- деб
Мамнун бўлиб қўйди халойиқ.
У эса тошдек қотиб кетган
Нонни тишлаб
Бир куларди,
Бир йиғларди.
Бир куларди,
Бир йиғларди.
Минг тўққиз юз қирқ бешнинг
Айни мезонида,
Олмос қишлоқнинг
Николай муаллими…

1983 йил.

ИТ ҲАҚИДА ДОСТОН

— Ғуломқодир, эшитдингми?
Гузарнинг олдида
Оқил аканинг кучугини
Машина босиб кетган эмиш.
— Яқинда домга кўчган Оқил аканими?
— Ҳа-да.
— Кучукни ташлаб кетишган экан-да?
— Хашаки эди…
— Биласанми?
Кўрганлар
Ўзини ташлади дейишяпти…

1983.

АЗИЗ АБДУРАЗЗОҚҚА

Ер бугун азондан жигарранг, тарғил,
Баҳор қайтиб келди оламга бирдан.
Баҳор қайтиб келди бу ерга тағин,
Ўрмоннинг қушлари, гуллари билан.
Рақсга тушиб кетди дарахтлар бир-бир,
Куртаклар уйғониш навосин чалиб.
Чеккада бир дарахт турибди оғир,
Гўёки чорасиз дардга чалиниб.
Ҳайрат-ла боқмайди зангор оламга,
Нажот ҳам кутмайди, турибди карахт.
Ўхшайди омадсиз, синиқ одамга
Бевақт ўлаётган баҳорги дарахт !
Сен уни шошилиб кесма ўтинга,
Бир чимдим сабрни аяма, замон.
Балким, танасида умид ўлмаган,
Балким, юрагида бордир ҳаяжон.

1986.

МУҲАББАТНОМА

Сени ўйлаб шеърлар ёзаман,
Улар жўндир, кўнглим тўлмайди.
Эшигимдан сен ҳали замон
Кириб келарсан деб ўйлайман.
Тикиламан. Қилт этмас эшик.
Мен йўқман. Мен энди нигорман.
Кўзларимни эшигим, эшит,
Табоқангда нақшин нигоҳман.
Очилиб кетасан ниҳоят,
Бормисан, эй сабо! Сен насим?!
Бўғзимда ёнмоқда бир оят :
« Сенмисан ? Сенмисан ? Сен-ми-сан ?»
Остона. Унда бир минор нур,
Ловуллаб турасан, не сирсан ?
Ё нурга эврилиб кетган ҳур,
Сенмисан ? Сенмисан ? Сен-ми-сан ?
Кўзимга оғочлар ҳам тошлар
Нур бўлиб санчилар ҳар замон.
Нурлардан кўзларим қамашар,
Қай тараф қарамай—мен ҳайрон.
Сен борсан маконда, туйдим мен,
Қўлимни узатсам, етарман.
Худойим, нурлардан куйдим мен,
Мен сени кўрмасам, нетарман ?
Гўё мен бир умр зиндонда
Нурга зор яшаган бандиман.
Ва эркка эришган замонда
Нурлардан кўр бўлган бандаман.
Сени ўйлаб шеърлар ёзаман,
Улар жўндир, кўнглим тўлмайди.
Эшигимдан сен ҳали замон
Кириб келарсан деб ўйлайман.

1991.

МEҲРИБОНЛИК УЙИДА БАҲОР

Мен шоир бўлсайдим, ёзардим шундоқ:
—Онажоним ҳамда дадам яхшилар.
Атрофимга мунгли боқаман бироқ.
Улар қаэрдалар, айтинг, яхшилар?

Ҳамма болаларга ўхшайман мен ҳам,
Баъзида тўполон, баъзида маҳзун.
Негадир кундузи менга бир тутам,
Негадир кечалар мен учун узун…

Бошқадан фарқим ҳам бормикан пича.
Мен қушлар тилини биламан чандон.
Мен шамол тилини биламан жуда.
Улар гапиргани доим – онажон !

Мен тушлар кўраман бир хил ҳар саҳар:
Оппоқ либосдаги аёлмиш она.
Гўё қуш боламан, қўлчалари пар,
Онамга етолмай қиламан нола…

Кутганларим ҳар вақт беҳуда кетар,
Мен-чи ўйларимни ўйлайвераман.
Сиз келмасангиз ҳам, бас, садқаи сар,
Сиз келмасангиз ҳам яшайвераман.

Бирдан ланг очилиб кетади эшик,
Ҳапқириб кетаман. Тўкилар ифор.
Ложувард гуллардан кўтариб бешик
Қошимга онаммас, келади баҳор !

2004.

КУЗГИ ДАРАХТГА

Табиат либоси кимсанми, янги.
Қайларга йўқолди зангори олам.
Ўрикнинг баргида ёнган бу рангни
Азал наққошими чизмакда ўктам.

Шошиб баргин тўкар анову дарахт,
Офтобда тоблайди мурғак новдасин.
Ахир, қиши билан ётади карахт,
Атрофида аччиқ изғирин саси.

Гўё ҳеч кимсага йўқдир кераги,
Ҳаттоки қушлар ҳам унутган уни.
Аммо сокингина урар юраги,
Билдирмай кутади ғалаён кунин.

Зангори шовқинлар тўлар атрофга,
Мағрур бош кўтарар майсалар шу он.
Фақат уйғонганлар етар офтобга,
Уйғонган дарахтга шараф ила шон!

25.10.2004 й.

* * *

Ҳўқанди латифнинг кичик боғида
Сайилсиз ўтмаган бирор кун аввал.
Қўшиқ аскияга уланган чоғда
Одамга қўшилиб куларди гуллар.

Қорилар тўрида катта йиғиннинг,
Муғомбир юзларда ўйнар шуълалар.
Бироқ ким кўрибди бирор қорининг
Мағлуб кетганини тортишувлардан.

2005.

ҒАЗАЛ

Азалдан йўқ экан асти адолат,
Адолат излаган касга маломат.

Боқиб сенга мудом ҳайратдадурмен,
Латофат бунчалар, раъноки қомат.

Юзингга боқдиму ҳайронда қолдим,
Малоҳатдан нечук жонимга офат?

Кўнгулнинг мулки султони ўзингсан,
Ки султон қилмагай давлатни ғорат.

Дуога лаб очдим, зикримда сенсан,
Тиларман ҳар қачон сенга саодат.

Тиканча йўқмикан олдингда қадрим,
Ҳабибга қайданам бунча адоват?

2006 йил.

БОДОМ ГУЛЛАДИ

Ҳовлимизда
Мен яхши кўрган бодом
Қийғос гуллади.
Шоша-пиша тугиб олди
Бодомчаларини.
Шамол қурғур
Нақ ярмини тўкиб юборди.
Аввалига бўлдим дарғазаб.
Сўнг
Донишманд каби
Қилдим мулоҳаза.
Бир ҳисобда
Тўкилгани яхши бўлди,
Энди уларни
Чақолмайди одамлар.

31. 03. 2007 йил.

ҒАЗАЛЛАР

* * *

Моҳитоб! Ойдек юзинг ойлаб мени қилди хароб,
Ким кўнгил қўйди чунон охир хароб айлар шароб.

Қақшаган оғоч каби мен йўл четида хокисор,
Бир назар солсанг дегил девонага қилдим савоб.

Қайга боқсам кўзларимга сарви қомат кўринур,
Даштда гирён йиғлаганга рўбарў бўлгай сароб.

Мен кўнгил қумрисига номингни хўб машқ айласам,
Кўзларида мунг билан кўрдим азобу изтироб.

Мен талаб водийсида қолдимми ё раб, сарсари,
Сен бақо осмонида порлаб турувчи Моҳитоб.

То қиёмат бир хабар кутсам-да сендин йўқ илинж,
Офату, ранжу балолар келмаги бўлди шитоб.

Эй Ҳабиб, қўй, васлин истаб хотиринг инжитмагил,
Касби кори ул парининг ҳам балову ҳам итоб.

2005

* * *

Жаҳондек асли вайрон ҳам ўзимдирман,
Бу вайрон ичра ҳайрон ҳам ўзимдирман.

Кўнгулга сиғмаги осон жаҳонларнинг,
Жаҳонга сиғмаган жон ҳам ўзимдирман.

Парирўлар макон этмиш чаманларни,
Фано даштида нолон ҳам ўзимдирман.

Само сиррин билолмас асти гумроҳлар,
Топиб асрорга имкон ҳам ўзимдирман.

Кўниб юрмак фалак измига душвордир,
Қади дол, қасди исён ҳам ўзимдирман.

Ҳабибга нораво балким, онинг ишқи,
Бу ишқсиз оҳу афғон ҳам ўзимдирман.

2005

ФОНИЙДАН ТАРЖИМАЛАР

МУХТАРАЪ

Лаълингки наботу суханинг оби ҳаётдур,
Лабларда учуқ бизлара бир ҳабби наботдур.

Майхонани ташлаб ҳаракат масжида йўқтур,
Майхонада чун муғбача ширин ҳаракотдур.

Меҳробни қўйиб ўзни харобот сари урдим,
Ким кечса ўзидин яна майхона нажотдур.

У ҳури паризодки, бор жумла сифотлар,
Билмон, насаби ҳурми ё одамизотдур.

Мушкин каби зулфи, не ажаб, ҳинду кўринмиш,
Ҳам Қадру Баротдин биза ортиқки сифотдур.

Ким ҳодиса чақмоғига собит эса тоғдек,
Бор гавҳари мақсуди агар дилда саботдур.

Ким жаннати Фирдавс йўлин излади роғиб,
Жаннат йўли Фонийга хиёбони Ҳиротдур.

ТАТАББУЪИ БАЪЗИ АЪИЗЗА

Абри найсон соясида кечалар ёнмиш шарор,
Ё баҳор лашкарлари ёққан оловдир лолазор.

Ёки лола шуъласидин кўкка ўрларми булут,
Ё магар эргаштириб абрин келурми навбаҳор.

Лоланинг ҳованчасида янчди мушкин бул ҳаво,
Эҳтимол саҳро тарафнинг лоласида мушк бор.

Лола Парвез тожидурким чарх барбод айламиш,
Бундин ортиқ топмас ибрат ҳеч жаҳонда тождор.

Жоми Жамшид қолди бўм-бўш бўлса ҳам ишратфизой,
Жому Жамдин йўқ нишон, соқий, шукрким бода ёр.

Лоларанг май хуштурурким лоларў дилбар ила
Базми май айёми бўлса, бўлса атроф лолазор.

Лоларўнинг ҳажридин кўнглимда қолди бир сиёҳ,
Лолалар доғи каби кўнглим бу кунким доғдор.

Бу замон аҳлида ҳам йўқ лоладек бўйи вафо,
Қора кўнгул бул улусдин чекиниб бўлғил канор.

Фониё, чун лолазор умри шитоб бўлди фано,
Узма лабни лоларанг бул жомдин беихтиёр.

МУХТАРАЪ

Бўлса бир олам манга, бул аҳли олам бўлмаса,
Олам аҳлин ғамларидин дилда ҳеч ғам бўлмаса.

Нотавонлар кўз ёшидин қатлима сел келмаса,
Кечалар оҳдин ғариблар усти мотам бўлмаса.

Бу фалак бедодидин кўнгил уйи дард билмаса,
Бу ситамлар захмидин бечора одам бўлмаса.

На париру хайлида бор одамийликдин нишон,
Девсифат одамлари ҳам менга ҳамдам бўлмаса.

Орзу топмоқ истадинг, майхонага бургил йўлинг,
Ичма май кўҳна сафолдин косаи Жам бўлмаса.

Лаъл монанд майга боқсанг софу шаффоф сатҳида,
Не ажабким, тўнкарилган осмон ҳам бўлмаса.

Майни шундай сипқар эй, жом осмондек бўлса ҳам,
Худди дўзахдек тубида қатраи нам бўлмаса.

Тарк қилсин хотиримни бу жаҳоннинг ташвиши,
Ул фано саҳросидин ҳам хотирим кам бўлмаса.

Фониё, андеша қил ўйлашдин олам ҳолатин,
Кошки идрок ечмаган асрори мубҳам бўлмаса.

ТАТАББУЪИ ХОЖА

Келди хабар висолидин дилда бироқ қарор йўқ,
Ҳар нафасим нидо маним, илкимда ихтиёр йўқ?

Телбанамо бу ишқима изла шифо, ҳаким, бу кун,
Қўлга кишан бўлодиғон зулфи каманд ёр йўқ?

Мен ишониб юрар эдим, келса бало ақл-ку бор
Ишқ ғами сипоҳидин ақлима эътибор йўқ?

Келса гулим хуш бўй ила равза эрур бу базмимиз,
Мутриби хуш наво қани? Косада хушгувор йўқ ?

Пири муғон тўкар агар хок сари шаробдин,
Ташна бўлиб маним каби майкада хокисор йўқ?

Ҳажр тикону, хаси-ла тўлди кўнгилнинг хонаси,
Васлига зормен нечун оташи гулузор йўқ?

Келгуси йил кимам бизи ёдга олар, буюр шароб!
Йил ўтди, дўстлар қани, кечаги бахтиёр йўқ?

Шарҳи фироқни сўрмагил, қайси йўсинда ёзайин?
Чекса рақам ҳаётидин ёзгали ҳеч мадор йўқ?

Лофи фанони урмагил, Фоний, агар дилингда ўт
Ёнмаса ул фиғонлару кўздаги ёш бекор, йўқ?

ТАТАББУЪИ СУЛТОН УЛ ФУСАҲО ҲУСАЙНИ

Сен томон дил борадур, жисмим нишоне қоладур,
Қуш учуб кетса магарким, ошиёне қоладур.

Ишқидин овораман, мулки ватандин холиман,
Хонумоним кетадур, бехонумоне қоладур.

Ҳажрида бўлдим адолар, мақсади қатлим ҳануз,
Кетди жоним, лек жонондин гумоне қоладур.

Ташладим ўзни итингға, бир емиш бўлсам эди,
Гар аёқ остида қақшаб устихоне қоладур.

Хаста ҳолим кўргали боқсанг агарким йўл тараф,
Остона узра ўлган нотавоне қоладур.

Сарви қомат хотири долдек танамга бир асо,
Хотиримда шўхнинг ишқи ниҳоне қоладур.

Эмди Фоний қолди дўстсиз бул адам саҳросида,
Хаста-ю ношуд итисиз корвоне қоладур.

ДАР ТАВРИ ХОЖА

Моҳ титраб базми субҳдин кўринур масту хароб,
Гўйиё шарқдин қулаб чиққан кабидир офтоб.

Анжуман аҳли самоға сочилур кавкаб киби,
Кўзлари наргис кўзидек субҳидамда масти хоб.

Ул менга ғавғо қилур мастлик ила тинмай саҳар,
Қаҳр ҳам лутфлар тузиб бундоқ шиор қилди хитоб.

« Сен ки, эй, хос базмидин айро юрар бир бандасен,
Ёки бахтинг йўқлигидин юз тутар сенга азоб.

Қатл тиғи бирла чопгаймен бошингни, токи сен
Ер юзин қонинг билан ювсанг-да бўлғайдир савоб.

Субҳидамда дўст ила ичганда бода сен ниҳон,
Ёки бизнинг базмимиздин ўзни қилдинг ижтиноб ? »

Изтироб турди танамда ерга босдим юзни мен,
Тилга сўзлар келса ҳамки қўрқамен топмай жавоб.

Кўрди, аҳволим забун, келди туриб ёнимга моҳ,
Ханда айлаб олди соқийдин ки жом, барқи шароб.

Дерки : « Эй, Фоний, қўлимдин майни ол, нўш айлагил»,
Ичдиму мулки адам сориға юз тутдим шитоб.

МУХТАРАЪ

Ҳар чамандин изладим, сарви хиромон йўқ экан,
Йиғладим шиддат билан, гулбарги хандон йўқ экан.

Боғ аро боқдим ҳавасманд абри найсон сингари,
Нолаю афғон чекардин ўзга имкон йўқ экан.

Сабру тоқат ҳаддига чорлаб кўнгилни қистадим,
Лек ҳижрон ғамларидин яхшироқ шон йўқ экан.

Нотавонлиқ теграсига дилни тортар изтироб,
Сабру тоқатга манимдек эпсиз инсон йўқ экан.

Масканимга дам ба дам қайтмоққа чора изладим,
Беқарор, дилгир дилимда қатъият, жон йўқ экан.

Бул ниҳон ишқим сиридин топди айғоқчи хабар,
Асрамак жонимни мушкул, фурсату он йўқ экан.

Ул парининг ҳажрида Фонийга маъзур рашк ҳам,
Ман каби девонага бўлгувчи ҳайрон йўқ экан.

АЙЗАН

Бир жом тўла май истаб майхонага боргайман,
Ҳеч ташқари чиқмасдан паймонага боргайман.

Шайхлар муножотда, риндлар хароботда,
Истаб сени байтуллоҳ, бутхонага боргайман.

Майхонада сархуш, маст, тондим-ку ўзимдин, бас,
Мардона фиғон тортиб мастонага боргайман.

Май жоми манга қотил, мақсуди бўлар ҳосил,
Гар ёр қадаҳ тутса остонага боргайман.

Минбарга чиқиб воиз, мақтанди беҳишт боис,
Афсонани тинглаб мен хобхонага боргайман.

Ёрим гулу бўстоним, ҳам шамъи шабистоним,
Парвона-ю булбулман, ўтхонага боргайман.

Фоний, тила хорлиқни, ундан-да хароблиқни,
Маъмур киши мендурмен, вайронага боргайман.

ДАР ТАВРИ МАХДУМ

Нигорим турку тожикдур, қилур юз хона вайрона,
Аё, кирпиклари тожиквашу ҳам чашми туркона.

Муродим доимо сурмак нигорим сочига кўзни,
Фақат кирпикларим қодир тароқ бўлмоққа шоёна.

Қаноту қуйриғи ҳам дил қушининг кечалар куйгай,
Ахир, шамъ теграсида тунлари парвона-парвона.

Дилимнинг ишқ биносига эшикдир дарзи кўксимнинг,
Алифдирким эшик ёни, текис хатларки — дандона.

Фақир девор тагига борди истаб соя-салқинлар,
Қулаб тушмиш бу оҳимнинг намидин сақфи кошона.

Муғон дайрига бор, эй шайх, агар хилват қоронғудир,
Шароби арғувон бирла чароғон кунжи майхона.

Санам зуннор ила боғлар белимни хўб, гуноҳкормен,
Гуноҳимдин агар кечса динимдир совға – шукрона .

Агар риндга узатсанг бир пиёла май, менга жом тут,
Кўнгулни овламоқ бўлдинг, дуруст, бер жоми паймона.

Насиҳат қилма Фонийга, ақлдан бўлмагай бу иш,
Ки девона ишига ким қўшилди – бўлди девона.