Ҳабибулла Ҳотамқулов (1947-2003)

Ҳабибулла Ҳотамқулов 1947 йилда туғилган. Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетида таҳсил олган. Марҳамат туманидаги “Оқ олтин”, Жиззах вилоятининг “Жиззах овози” газеталарида фаолият кўрсатган. Шеърий асарлари билан матбуотда тез-тез чиқиш қилиб турган. 2003 йилда вофот этган.

ЙЎЛИМ

Хайр, қишлоқ…
Тупроқ қизиган
Йўлларингни мен тарк этаман.
Хаёлимга мангу чизилган
Одамларинг олиб кетаман.
Ўйин-кулгу кўнглимга урди,
Қалбда эса орзуларим мўл.
Мен юзимни уфққа бурдим,
Унда кутар из тушмаган йўл.
Бу йўл мени элтар қуёшга…
Уни бир-бир севаман, ўпиб.
Олиб юриб, бораркан бошқа
Дунёларга кетаман ўтиб…

ТОШКЕНТГА

Ассалом, ўзбекнинг бош шаҳри, салом,
Ўзи кекса, қалби ёш шаҳри, салом.
Иссиқ меҳрин олиб келдик Жиззахнинг
Меҳрингга қўшилсин Шош шаҳри салом.
Кўксидан нур сочган офтоб Жиззах бу,
Одамлари мағрур, шитоб Жиззах бу,
Бироз гинаси бор тарихчилардан
Ўтмиши ёпиқлик китоб Жиззах бу.
Бағри хазинали чўлимиз кенгдур,
Жиззахдан Тошкентга йўлимиз кенгдур.
Қабул эт юракдан саломимизни,
Нур билан йўғрилган каломимизни.
Ассалом, ўзбекнинг бош шаҳри, салом,
Бош шаҳри, қадимий Шош шаҳри, салом.

БОБУР

Шоир ва ҳукмдор – олов билан сув,
Бир томирда оқмас иккисин қони.
Ажабким, қолдинг шеър юртида мангу
Ва улкан давлатнинг бўлдинг хоқони.
Бир қўлда қиличу бир қўлда қалам
Жанг қилдинг, юракда ғазал вулқони.
Қиличингга эгди бош ярим олам,
Қаламинг забт этди бутун дунёни.
Сени фотиҳликка ундаган чоғда
Томирингда оққан аждодлар қони.
Қалам ҳам тутқазди юртдан йироқда
Соғинчда қоврилган юрагинг сени.
Менинг Бобур бобом, сен чеккан алам
Қийнаб келмоқдадир ҳануз дунёни.
Бугун қилич эрур ҳар битта қалам
Ва аскар аталгай шоирнинг номи.
Ярми оқ ва ярми қора замонда
Қалам аҳлин йўқдир ўзга имкони.
Кимдир қон тўкишга шайланган онда
Шоир жим турарми бўлса иймони?
Шеърпарастлик балки сендандир мерос,
Ахир, мен ҳам сендай барлос ўғлони.
Кимнинг қалби дардли дер шоир булар,
Бироқ қийноқларнинг бор шараф-шони:
Не бахт, бизники дер бугун кўп эллар
Юртига сиғмаган сендай даҳони.

“ҚУРИГАН ЧИНОР ҚЎШИҒИ”*

Бир вақтлар гавжум эди
Шохларим қушлар билан
Ва остимга тўшаларди
Соям мисоли гилам.
Шамолларни қаршилардим
Қўшиқ айтиб суронли.
Оқ либосга йўргакланди
Тўзганда қор бўрони.
Шамоллару ёмғир билан
Дўстлашгандим у маҳал,
Ой устимга ёпар эди
Ёғдусидан кумуш ҳал.
Садоқатли бека каби
Ваъдаларга учмадим.
Паноҳимга олдим ҳар бир
Келиб қўнган қушчани.
Довулларга илдизларим,
Буталарим дош берди.
Ўтмас эди пўлат арра
Танам гўё тош эди.
Энди эса яқин қолди
Бу дунёдан айрилиқ.
Шамол удда қилолмаган
Ишни қилди қарилик.
Майли, ёмғир баргсиз шохда
Тўхтамай ерга тушсин.
Қушчалар ҳам бошқа яшил,
Дарахтлар томон учсин.

* Қайсин Қулиев сатри.

РАШК

Хиёнатнинг рақибидир рашк,
Муҳаббатнинг содиқ посбони.
Беҳуда бош кўтармайди у
Тиниқ бўлса севги осмони.

То оламда ишқ китобидан
Ўчмас экан хиёнат номи.
Отеллонинг безовта руҳи
Тарк этмайди ушбу дунёни.