Ҳабиб Саъдулла (1942-2006)

Ҳабиб Саъдулла 1942 йил 5 апрелда Наманган шаҳрида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1999). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1992). ТошДУнинг журналистика факультетини тугаттан (1971). «Баҳор билан суҳбат» (1975), «Мулоқот» (1979), «Яна остонангда» (1982), «Эҳтиром» (1984), «Боғлар юртин боласимиз» (1988), «Тазарру», «Кўчамдан жонон ўтганда» (1992), «Косонсой карвонлари» (1993), «Учкўрғоннинг уч хирмони» (1996), «Рамазон муножоти» (1997), «Нур қадри» (1998), «Танланган асарлар» (2 жилдли, 2002) каби шеърий китоблари нашр этилган. Драма («Юсуф ва Зулайҳо», 1975) ва комедиялар ҳам ёзган («Рахмат, иғвогар», 1989). «Эл-юрт ҳурмати» (2003) ордени билан мукофотланган. 2006 йил 1 мартда Наманган шаҳрида вафот этган.


АГАР СЕН…

Агар сен норасо бўлсанг,
Бу олам норасо сенга,
Ҳаётга нораво бўлсанг,
Ҳаёт ҳам нораво сенга.

Бу дунё кори шундоқким,
Топурсан ҳар не изларсан,
Агар сен ошино бўлсанг
Бўлурлар ошино сенга.

Меҳр, лутфу садоқат — дўсту
Ёрликнинг буюк шарти,
Агар сен бевафо бўлсанг,
Улар ҳам бевафо сенга.

Қидирма ўзгалардан саҳв ким,
Саҳв ичра ботгайсан,
Агар сен саҳв этиб отсанг,
Отурлар бехато сенга.

Ҳаёли, пок одам ҳаргиз
Бировлар устидан кулмас,
Агар сен беҳаёсан, эл
Кўрингай беҳаё сенга.

Сени бу нурли оламга
Нур улашмоккд кетурмишлар,
Агар қалбинг басир бўлса,
Ёруғ кун ҳам сиёҳ сенга.

Ёруғ кунлар умидида, Ҳабиб,
Умринг ўтиб боргай,
Шукурким, яхшилар меҳри
Раво сенга, даво сенга.

СИЗДАН САДО

Кулди баҳорим Сиз томондан
Шўх сабо келган куни,
Ул шўх сабо қанотида
Дилдор наво келган куни.

Дилдор наво билан баҳор
Оғушига олмиш мени —
Дилдор наво оҳангида
Сиздан садо келган куни.

Шу бир ширин садо билан
Лутф этдингиз Ҳотам сифат,
Пойига тилло тўкдингиз,
Гўё гадо келган куни.

Гўё гадо кутган эдим
Ширин садонгиз хаста дил,
Олам мунаввардир, мана,
Унга даво келган куни.

Унга даво бахш этдингиз
Ҳолин сўраб, доногинам.
Юз йил узайди умри ҳам
Аҳдга вафо келган куни.

Ахдга вафосиз ҳурмати,
Меҳри зиёси ҳурмати,
Бошимга тож айлай, Ҳабиб,
Нозик адо келган куни.

КЎЧАМДАН ЖОНОН ЎТГАНДА

Таралгай мушк ила анбар,
Кўчамдан жонон ўтганда,
Изида тупроқ ўлгай зар,
Кўчамдан жонон ўтганда.

Бошига соябон бўлмоқ
Умидида ошиб девор,
Бутоқлар таъзим айларлар,
Кўчамдан жонон ўтганда.

Деворга жон ато этгай,
Вале тошлар эриб кетгай,
Агар бир бор нигоҳ айлар
Кўчамдан жонон ўтганда.

Жамолини тамошо қилғали
Чиққач, девор ўлсам,
Кулар ҳолимга мажнунлар,
Кўчамдан жонон ўтганда.

Бошимга ёғса ҳам ғавго,
Ишим йўл пойламоқ, аммо
Нигоҳ солмай этар баттар
Кўчамдан жонон ўтганда.

Тикибсан йўлида жонни,
Ҳабиб, бас, ноумид бўлма,
Тун ортидан келур кунлар,
Кўчамдан жонон ўтганда.

ЎРТАМИЗДА

Қолса дердим ўртамизда зора гап,
Бўлди-ку эл ичра, ёр, ошкора гап.

Билмайин бир кун даҳандан чикди-ю,
Ҳар қулокда янгради ноғора — гап.

Битта нозик гап эди ул аслида,
Ҳар огизда шишди-ку, бечора гап.

Сизни оппоқ айлади юрт ичраким,
Бизни қилмиш, воажаб, қоп-қора гап.

Не ажаб, бўлмиш ғанимларга қурол,
Этгали ошиқ дилим садпора гап.

Дилда турганда муқаддас ганж эди,
Тилга чиққач, этди кўп овора гап.

«Гап»ни ёздим гапчидаи безор бўлиб,
Қолса энди ўртамизда зора гап.