Ғулом Шомуродов (1937)

Ғулом Шомуродов 1937 йилда туғилган. Бухоро Давлат педагогика институти (ҳозирги университети)ни тамомлаган. “Шабнам жилваси”, “Ойдинда кезаман”, “Чақмоқ”, “Наволарим”, “Кўклам қўшиғи”, “Ватан васфи”, “Олам ичра олам”, “Қалбим қатраси”, “Бобо шаҳрим”, “Рангин руҳият”, “Заррин япроқлар”, “Марварид доналар”, “Соғинч соҳили” каби шеърий китоблари чоп этилган.

НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Зимистон ўтдию кетди, қани гулгун гулистоним,
Соғиндим атрини аммо, таратмас ҳидни райҳоним,
Шафақдин учди офтобу юз очмас кавкабистоним,
Тун оқшом бўлдию келмас менинг шамъи шабистоним,
Бу андуҳ ўтидин ҳар дам куяр парвонадек жоним.

Не тонг, ногоҳ қадам қўйса ғариб хонамга жононим,
Юзидин сочса инжулар кулиб гулюзли хандоним,
Тугар балки, ёниб шунда юракда оҳу армоним,
Не ғам, кўргузса кўксим порасин чоки гирибоним,
Кўринмас бўлса кўксим ёрасидин доғи пинҳоним.

Сўз айлаб доди Мажнундин, ўзим бўлдимку Мажнундек,
Юрак йиғлар, кўринсам-да, зоҳирда шоду мамнундек,
Қоронғудир куну тонгим, юрибман мисли тутқундек,
Ғамидин дурри макнундек, сиришким оқти Жайҳундек,
Музайян қилди гардундек жаҳонни ашки ғалтоним.

Ўтиб жавзо, ўтиб мезон, хабар келмишдир ақрабдин.
Билолмасмен, не важдан ҳам, не мақсаду не матлабдин,
Хабар йўқдир нозик таъбдин, неча рўзу неча шаъбдин,
Фалак ҳам тўлди кавкабдин, қуёш ҳам тушди ашҳабдин,
Келиб тушмас бу маркабдин менинг хуршиду раҳмоним.

Бўлур дарё, қаранг тоғдин оқиб ирмоқчалар, эҳа,
Агар эрса гадо, йўқсул, кулар тақдир – бўлур ул маҳ,
Магар ҳозир зимистон тун, қуёш чиқса бўлур фараҳ,
Жаҳонни зулмат этди чаҳ, бу зулмат ичра ўлгум ваҳ,
Манга бўлсанг не Хизри раҳ, етиб, эй оби ҳайвоним.

Қуёш ишлаб, ёниб-чарчаб тоқи кўкдин тушиб кетмиш,
Моҳи талъат бироз фурсат юзига хўп упа суртмиш,
Шу муддатда булут айлаб, само юлдузни беркитмиш,
Дема, кўктин қуёш кетмиш, фалакка тийралик етмиш,
Ул ой ҳажрида тор этмиш фалакни дуди афғоним.

Манам, ою қуёшим деб, кўзим олмасмен осмондин,
Дарак йўқдир замин узра, дарак йўқдирку жонондин,
Тўйиб кетмиш Ғулом шўрлик қуруқ афсона, ёлғондин,
Навоий каби ҳижрондин, бу оқшом ўлдум афғондин,
Ғамим йўқ бўйла юз жондин, етиб гар келса жононим.

БОБУР ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Қўймагай эрдим кўнгил ёрға дариғо кошки,
Қилмас эрдим бунчалар зору тавалло кошки,
Бўлмас эрдим қоши ёй дилдорга ошно кошки,
Кўрмагай эрдим жамоли оламоро кошки,
Бўлмагай эрдим бори оламга расво кошки.

Ошиқ аҳлин қомати хам қалби пур армон эмиш,
Ул парининг нози ҳам минг дараю фармон эмиш,
Шул боисдан тортгани доимо ғам – афғон эмиш,
Ишқ боғининг ниҳоли – ғам, бари – хирмон эмиш,
Қилмағай эрдим бу гулшанни тамошо кошки.

Аҳли ишқ аслан вобаста ақлу қалбга, дилга ҳам,
Шул сабаб, бермаслик эрк шартдир сўнгаксиз тилга ҳам,
Шундай эрса, сув тошиб кетмас икки соҳилга ҳам,
Қилмағай эрди кўнгил ишқни ҳавас, бил, тилга ҳам,
Кечмагай эрди анингдек лафз асло кошки.

Куйладим ишқни ёниб, сарф айладим кўп сатру ҳарф,
Билмади ул бевафо, айтганларим кетдику ҳайф,
Сўндиролмай қалб ўтин, ошди юракда чўғу тафт,
Қоши ёлар кўйида умри шариф этгунча сарф,
Қилғай эрдим масжиду меҳроб аро жо кошки.

Не юмуш этдим адо, борига кўнгил тўлмагай,
Ишқ изҳор айлабон, берсангда дил, ул келмагай,
Мен Ғуломни қул билиб, ҳеч бир назарга илмагай,
Ихтиёр эт ўзга иш, Бобурки, ҳосил бўлмагай,
Ишқу васлу айш ила ишраттин илло кошки.

МАШРАБ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Олама ошкор эмас бу дарду пинҳоним менинг,
Қон ютарман таҳ-батаҳ, йўқ дами шодмоним менинг,
Бир куни жонла тугар, бу дили нолоним менинг,
Ҳеч кима маълум эмас, ҳоли паришоним менинг,
Осмонни тийра қилди оҳу афғоним менинг.

Гарчи, дилда ҳасрату кўнглимда ғам-қайғу тугун,
Орзуйим осмонида баъзида барқ порлаб чунун,
Ваъда бергандай бўлур иқболу бахтдин инчунун,
Мен нечук шод этмайин бул хаста кўнглимни бугун,
Келди ҳолимни сўраб ул шўх жононим менинг.

Қайта жонландим кўриб, эй қоши пайвастам, сени,
Қолмади ғамдан нишон, қайга йўқотдинг сен они,
Парвоз айлаб кўкда руҳ, қучяпти маҳкам, ул мени,
Эй ситамгар, келгину эмди шаҳид этгил мени,
Мавж урсин Карбало даштида бу қоним менинг.

Топмадим юксак самодин ё эсган ул – сабомисан,
Каҳкашонга ҳўп яқин зуҳалми ё зуҳромисан,
Оймисан, қуёшми ё бир ноаён сиймомисан
Чун Сурайё бормисан, афлокдин боломусан
Бу фалакда кўрмадим, эй кўзи чўлпоним менинг.

Гар олисдан бўлса-да, мушкул бу аҳволимни кўр,
Не савобу не гуноҳ, барча аъмолимни кўр,
Истиқбол ҳам иқболим, заволу поймолимни кўр,
Нозу истиғно била келгин, мени ҳолимни сўр,
Термилиб доим йўлингда чашми гирёним менинг.

Умр ўтаркан, бил, Ғулом, йўлда турарсан, эй рафиқ,
Хоҳ шодмон бўлсангу хоҳ ғам ютарсан, эй рафиқ,
Хоҳи секин юрсангу хоҳ тез югурсанг, эй рафиқ,
Тобакай жабру ситам бирла юрурсан, эй рафиқ,
Чиқди, Машраб, ушбу ғамдин бу азиз жоним менинг.