Ғулом Мирзо (1964)

Ғулом Мирзо (Ғулом Мирзаев) 1964 йил 4 январда Қашкадарё вилоятининг Қарши туманига қарашли Хушвақд қишлоғида туғилган. ТошДУнинг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган (1989). «Яхшиям сиз борсиз» (1994), «Унутилган ҳур» (1997) шеърий тўпламлари нашр этилган.

ЯНА…

Яна қоншар ота бошлар
Кўнгил кўзгусига тошлар.
Яна чил-чил синар кўнгил,
Яна зил-зил ботар тошлар.

Яна сўзлар қота бошлар, —
Маним жоним ҳовучимда.
Яна кул-кул-ку бардошлар
Анинг булбул товушиндан.

Яна кўзлар — соҳир қўшиқ,
Оқлар-қаролар қарошлар.
Яна ҳил-ҳил етилгай ишқ,
Яна симсим оқар ёшлар.

Яна сочлар сочар тушлар,
Яна қушдай учар ҳушлар.
Яна жим-жим эгилгайдир
Муҳаббат пойига бошлар…

СИЗ

Қўлимни узатсам — етадиганим Сиз,
Гулимни узатсам — тутадиганим Сиз.

Соғинчнинг сап-сариқ чечаклари-ла
Дилимни безатсам — кутадиганим Сиз.

Сизсиз куним ўтмас… Сизсиз ўтган ой –
Йилимни кузатсам — ўтадиганим Сиз.

Сизсиз ғамим битмас, на битар толе,
Чин сўзимни битсам — битадиганим Сиз.

Оҳ, бунча саркашман, дунёйи дунда
Феълимни тузатсам — ютадиганим Сиз.

Не алам, бахт қуши ортидан гирён
Қоладиган мен эсам — кетадиганим Сиз.

Қўлимни узатсам — етадиганим Сиз…

* * *

Инсми ё парисиз — келдингизу дуч,
Оту зотингизни билолмай доғмен.
Сизни орзулаган хаёлларим пуч,
Лаҳзалик висол — Сиз,
Мангу фироқ — мен.

Дийдам дийдорингиз дейди-ку, нетай?
Бу ғам юрагимни ейди-ку, нетай?
Кўзим куйди, ўзим куйдим-ку, нетай –
Ичида ўт қалққан
Икки қирғоқмен.

Лаҳзалик висол — Сиз,
мангу фироқ — мен…

* * *

Кўзингиз — иккита чўғ-олов,
Ўзингиз — биттасиз.
Қошингиз ёғдирар кўп бало,
Бошимга етасиз?..

Боқасиз — юракда киприклар
Гулханин ёқасиз.
Ёқасиз — кетаркан кўприклар
Гулхани ёққа Сиз.

Лабингиз ҳалитдан хун дегай,
Тинимсиз бунчалар.
Тилингиз индамай, индагай
Дилингиз, ғунчалаб.

Тишингиз гавҳарин ғавғоси
Ҳар бири — бир бозор.
Ишқ баҳрин жамики ғаввоси
Шул дурга харидор.

Сочингиз — сарин бўй таратган
Серғулув, шўх шамол.
Сарвни рашк ичра қаритган
Қаддингиз — не ниҳол?

Қўлингиз — парвозга шайланган
Қўш қанотмикин ё
Кўксингиз ганжини пойлаган
Икки оқ аждаҳо.

Лутф этиб, боз сухан ахтардим
Айтгали қулоққа.
Васл деб сирғадай сарғардим, —
Осилдим фироққа.

Кўнгил — хун, ҳол — забун, тил — тугун,
Руҳимда зилзила.
Ҳукм этманг: «Қалайсиз!?» деб, бугун –
Олтинингиз бўлай!..

* * *

Турналар, сиз билан бирга қайтаман,
Киндик қоним томган ерга қайтаман,

Сизнинг тасбеҳингиз — менинг ташбеҳим,
Шода-шода тизиб, шеърга қайтаман.

Юз йилки, ичикиб доғ бўлди дилим,
Энди қизғалдоқзор қирга қайтаман.

Қаҳратон қаҳридан, зулмат бағридан
Офтобга қайтаман, нурга қайтаман.

Ахир, қачонгача гирён, сарғариб,
Соғинганда — хавотирга қайтаман?..

Турналар, сиз билан бирга қайтаман…

* * *

Севгидек келасан кутилмаганда,
Биламан, бари бир, суясан.
Сўзингда — писанда, кўзингда — ханда,
Сен мени ҳаммадан олиб қўясан.

Сенингсиз юрак — муз, дунё — қаҳратон,
Мени соғинтирган офтобрўясан.
Кўзим жилғаларин эритиб, қачон –
Сен мени ҳаммадан олиб қўясан.

Висолингга тўймадим ахир,
На Сен фироқ айлаб тўясан.
Ногаҳон, баҳордек келасан-да бир, —
Сен мени ҳаммадан олиб қўясан…