Гулжамол Асқарова (1978)

Гулжамол Асқарова 1978 йилда Каттақўрғон туманида таваллуд топган. ЎзМУнинг журналистика факультетини тамомлаган. «Дил фасли», “Уйғотувчи алла”, “Ошиқлар тумори”, “Эркалик имтиёзи” сингари китоблари нашр этилган. Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори. Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси хотин-қизлар қўмитасида фаолият юритади.


СОҒИНЧ

Жудаям соғиндим хушнуд онларни,
Бахтли лаҳзаларни жуда соғиндим.
Ғамгин ҳисларимдан толиқдим жуда,
Менга шодлик керак, бахт керак энди.

Борсам, бағрингизга босармикансиз,
Кўзим ёшларини артарми ҳислар?
Ёмон соғинтирди, ёмон зор этди,
Оташин туйғулар, ҳаётбахш ислар…

Туйғуларнинг ҳадди, ишқнинг сарҳади,
Манглайда ёзилган ёзиқ хатгача.
Тушунинг, мен Сизни яхши кўраман,
Термулиб тураман қиёматгача…

БИЗНИНГ СЕВГИ
Азизим, кўзларинг кўзимда ҳамон,
Сен оловга отиб ёндир хатимни.
Мен эса бағримга босиб кетарман,
Ер-кўкка сиғмаган муҳаббатимни.

Таажжуб, қаердан бу бегоналик,
Наҳот шу ноласиз юрак юракдир.
Ҳар қандай севгига ҳаёт керак, лек,
Бизнинг севгимизга ўлим керакдир.

ТАСКИН

“Қўй, йиғлама, оғрийди бошинг”.
Шавкат Раҳмон.

Қўй, йиғлама, руҳимга қўшил,
Юракларинг урсин мен билан.
Бу дунёда неки бор мушкул,
Боғлайверма қаро тун билан.

Кўп ёзғирма, бу тақдир, насиб,
Айблама, тонма, ранжима.
Қаро тунлар яралган асли,
Оппоқ туйғуларнинг мавжидан.

Кел, келақол, Сен ахир нурсан,
Борлиқ сени айлар тўтиё.
Мен тоабад сенга интиқман,
Нурга мангу зордек бу дунё.

МЕҲР КЎРГАЗ

Саҳролардан келдим, чўллардан келдим,
Кўп узоқ, кўп қадим йўллардан келдим,
Ҳайдашди, дилингга диллардан келдим,
Менга меҳр кўргаз, меҳрибонлик қил.

Бунча ҳам бераҳм, золим одамлар,
Бунча ҳам залворли, оғир қадамлар,
Жудаям кераксан, жоним, шу дамлар,
Менга меҳр кўргаз, меҳрибонлик қил.

Бу иссиқ ёзларда совқотдим жуда,
Наҳотки ҳаммаси бекор, беҳуда,
Ўзингни уйғотгин ғафлат, уйқудан,
Менга меҳр кўргаз, меҳрибонлик қил.

Ўттиз йилки йўлим тугамади ҳеч,
Минг ўлдим, бу ўлим тугамади ҳеч,
Бугун эрта, эрта бўлмасидан кеч,
Менга меҳр кўргаз, меҳрибонлик қил.

Илоҳий суралар ўқиб келганман,
Тиллодан занжирлар тўқиб келганман,
Сени деб жаннатдан чиқиб келганман,
Менга меҳр кўргаз, меҳрибонлик қил!

НОМА

Қоғозлар ичида кўмилиб қолдим,
Оғир куй чалмоқда бўғзимдаги най.
Мана ўтирибман бенаво, бедил,
Хавотир олсам ҳам хабар ололмай.

Ҳолинг нечук ўзи, дўсту ҳамроҳим,
Не учун кўксингда кечмоқда жанглар?
Кетдими кўзингдан қайғулар расми?
Қолдими кўксингда илоҳий ранглар?

Кел, мени қутқаргил, жоним, азизим,
Бу ҳижрон дастидан чарчадим, толдим.
Мен нега ҳисларинг тўлқинидамас,
Қоғозлар ичида кўмилиб қолдим?!

ЗАМОНАВИЙ ШЕЪР

Сенга хатлар ёздим, етиб бормади,
Йўлда қолиб кетди смсларим.
Қўнғироқлар қилдим, бўғзимда қолди
Телефонда айтмоқчи бўлган ҳисларим.

Сенга шеърлар ёздим, тушунмадинг ҳеч,
Бекорга оввора бўлди сўзларим.
Аслида йўқ эди юрагингда ишқ,
Мен бекор изладим, бекор изладим.

Вақт ўзи қўяркан ҳар нега нуқта,
Бугун туйғуларга ўзим қўйдим чек.
Қара, юрагимда йўқолди ҳислар,
Йўлларда йўқолган смслардек.

КАМАЛАК РАНГЛАРИ

Нурсиз кунларимга нур каби келиб,
Камалак рангини кўрсатдинг менга.
Сени топиб олган кунимдан бошлаб,
Камалак ранглари кўзимга инган.

Олча гулларини юзимга ёпиб,
Исмингни шивирлар лабларим унсиз.
Мен сени йўқотиб ўзимни топдим,
Ва ўзимни топа олмадим сенсиз.

Бу маъюс, бу ғамгин қисматим билан,
Тақдирингга келдим шодлик берай деб.
Лекин айт, азизим, қайғу гуллари
Бахтнинг саройига бўлоларми зеб?

Сени топган бахтли кунимдан бошлаб,
Лолалар эргашиб юрди изимдан.
Қачонки исмингни шивирлаб айтсам,
Камалак ранглари… кетмас… кўзимдан…

МАЖНУННИНГ БОШИ

“Мен бу остонадан бошимни олмайман”, деди Мажнун Лайли остонасига бошини қўйиб…
“Лайли ва Мажнун” асаридан

Мени ёш боладек бир четга олиб,
Томошо қилдириб фаввораларни.
Насиҳат айлади мен севган одам,
“Кўр, – деди – дунёда оввораларни”.
Ва яна деди у:“Шоир халқининг,
Севгиси, нафрати ҳад билмас экан.
Уларнинг севгиси осмоний жуда,
Ерга юрганларга мос келмас экан”.
У деди қўлимни олиб қўлига:
“…Бугун мен энг сўнгги манзилга етдим,
Сенинг шу севгингга зорману, лекин
Севгинг азобидан тўйиблар кетдим.
Бу қадар кучли ишқ керакмас эди,
Шарт эмасди менга кўп шиддат, олов.
Қаердан билибман бу севгинг билан,
Равон йўлларимга бўлишингни ғов.
Узр, мени кечир, тугат барини,
Бўлди, бас, мен энди яшашга шайман.
Ахир мен ақлли одамман, жоним,
Фақат юрак билан яшай олмайман”.
…Унинг сўзларини тинглар эканман,
Кўксимни ёриблар чиқаркан дардим.
Ғурурим изларин ўпардим тинмай,
Тинмай юрагимдан узр сўрардим.
…Мен унинг шаънига кўп шеърлар ёздим,
Хотир дафтарига битдим дастхатлар.
Эҳтимол айрилиқ шундай бошланар,
Балки шундай тугар буюк ҳасратлар.
…Негадир…олисда…хаёлларимда…
Тарк этмоқда эди мени ишқ, жунун.
Лайли эшигининг остонасидан,
Бошини кўтариб оларди Мажнун…


ТАКБИР

Лайлат ул-қадрларда суралар ўқиб ётсам,
Қалбимда ишқ аталмиш занжирлар тўқиб ётсам,
Бу девона руҳимни қуш каби чўқиб ётсам,
Шунда сен келармисан, айт, шунда сен келармисан?

Кошки энди руҳимнинг чангларини юволсам,
Кошки эди кўксимнинг зангларини юволсам,
Дунёнинг қора, чиркин рангларини юволсам,
Менга бир кулармисан, эй, менга бир кулармисан?

Мен киролмаган уйнинг остонаси тиллодан,
“Нафс отлиғ қиз кўрдим, бўшамади яллодан”,
Кўзгуда неки кўрдим, барин кўрдим Оллодан,
Бир шафқат қилармисан, ай, бир шафқат қилармисан?

Далаларга таралсам, ҳув бебош ариқлардай,
Минг биттага кўпайсам хирмоний тариқлардай,
Сув ичида сувсасам беқарор балиқлардай,
Ҳолимни билармисан, ҳой, ҳолимни билармисан?

Бир сандиқ ясаб қўйдим Тоҳир билан Зуҳрога,
Қумларин санаб бердим саводи йўқ саҳрога,
Бирга-бирга оқай деб кўп ялиндим дарёга,
Манзилим бўлармисан, ҳееей, манзилим бўлармисан?

* * *

Соғинсак қайтади қувончларимиз,
Чорласак қайтади ҳаттоки ғамлар.
Биродар, ялину ёлвор, кетказма,
Ҳечам қайтмас экан кетган одамлар.

Қушлар қайтиб келар соғиниб юртни,
Тўлқинлар қайтади соҳилларига.
Ёмғирлар самони айланиб келиб,
Қайтгуси заминнинг бағирларига.

Шунинг-чун сен одам йўқотма, қалбим,
Ҳатто тиз чўкса ҳам сен деб оламлар.
Бу дунёга қайтиб келмаганидек,
Қалбингга ҳам қайтиб келмас одамлар.

ҲОЛАТ СУВРАТЛАРИ

Бугун ичдим… ғам шаробини,
Қайғу шаробини ичдим мен.
Кўзларингни изтиробини
Ва ишқ азобини ичдим мен.

Мастман… бошим оғир тош каби,
Таскин бермас эски дастхатинг…
Тўрт томонда чеҳранг кўринар,
Ҳамма ёқда сенинг сувратинг.

Ёш боладек эркалаб аввал,
Сўнг бахт томон етаклаб бординг.
Манзилингни топиб ол дея,
Қўлларимни қўйиб юбординг.

Жовдирадим мен гўдак каби,
Англадимки, севги бу – ўқдир.
Мен СЕН томон бораман фақат,
Сендан бошқа манзилим йўқдир.