Гулчеҳра Нуруллаева (1938)

Гулчеҳра Нуруллаева 1938 йилда Тошкент вилоятининг Чоштепа қишлоғида туғилган. Тошкент университетининг журналистика бўлимида таҳсил олган (1956—1964). «Ўзбекистон хотин-қизлари» (ҳозирги «Саодат», 1961—1967) журналида ишлаган. 1967—1969 йилларда Москвадаги икки йиллик олий адабиёт курсида ўқиган.

Унинг ижоди 60-йиллардан бошланган бўлиб, биринчи шеърий тўплами «Қуёш табассуми» (1965) номи билан чоп этилган. Шу кунгача ўндан ортиқ тўпламлари эълон қилинган. Гулчеҳра Нуруллаеванинг «Орзуларим қоқади қанот» (1969), «Ташнаман» (1972), «Иккинчи баҳор» (1973), «Лирика» (1975), «Бағишлов» (1977), «Пахта ҳиди» (1981), «Нурли нуқталар» (1986), «Муҳаббатнинг суврати» (1988) китоблари чоп этилган.

АВТОПОРТРЕТ

Кўзим қорачиғи — бутун ер шари,
Кулгум, қайғуларим — бани башари.

Меҳрим — ақл кўзим очар зотларга,
Муҳаббат, адолат, эътиқодларга.

Ишим — ҳаётимни қилганча тафтиш,
Юрак нотинчлигин беҳашам айтиш.

Таажжубим — баднинг беаёвлиги,
Яхшининг қобилу бўш-баёвлиги.

Нафратим — омаддан маст-аластларга,
Халқнинг юрагини англамасларга.

Кўрганим — мажнунтол хокисорлиги,
Кўрмаганим — унда хивич борлиги.

Айбим — қуруқ сўздан ёнолмаслигим,
Сохта буюкларни тан олмаслигим.

Нодонлигим — ифор этишим талаб,
Учратганим гулми ё сассиқ алаф.

Ўйламай қай фириб ғажиб ташларин,
Ҳосилни гулдаёқ чамалашларим.

Нодонлигим яна — айланмай тилим,
Ёлғон мулозамат қилолмаслигим.

Кимга гул, ким учун балки тиканман,
Юртим, хизматингга ярармиканман?!

1984

ҲАҚИҚАТ ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

Сен — олтинсан, қадри мўлсан,
Борки олам талабгор.
Қай юртларга армон бўлсанг,
Қай юртларда сен бисёр.

Қўрққанидан кимлар эса
Сени йўққа йўяр ҳам.
Бағри сенга торлик қилса,
Ерга кўмиб қўяр ҳам.

Зангламассан ерда лекин,
Чиримассан кўзада.
Сен, бари бир, бирор бир кун
Чиқажаксан юзага.

Сув бор — ювиб ер юзини,
Сенга эшлик қилгувчи,
Топқирлар бор — ер кўксини
Илма-тешик қилгувчи.

Вулқонлар бор — ер қаърин ҳам
Ағдар-тўнтар этар куч.
Не бўлмасин, сенга одам
Албат бир кун бўлар дуч.

Фақат топсин, сени кўриш —
Истаклари сўнмасдан.
Йўқса, завол кетар олқиш,
Қадринг мисча бўлмасдан.

1981

ХАЛҚИМГА

Кўзингда кўрсаму мунгдан бир зарра,
Бахтинг тўкис, дея солар бўлсам жар,
Кечирма, кечирма, кечирма сира,
Ярай олмас бўлсам корингга агар.

Улуш бўлолмасам муҳаббатингга,
Нафратинг нафрат деб этмасам талқин,
Меҳрингни дариғ тут, кўм нафратингга,
Мени рўйхатингдан ўчиргил, халқим!

Сен дала бағрида куймаланган жон,
Халоват нелигин унутган юрак.
Йил сайин ортади уйганинг хирмон,
Ортар бўлишларинг бедор, жонҳалак.

Мен шу бедорликдан бўлмасам бедор,
Қуёш ушларкансан, изласам салқин,
Бекор, бекор, менга инсонлик бехор,
Мени рўйхатингдан ўчиргил, халқим!

Сўзингни айтмаса, бордир не маъно
Мен учун мўътабар, суюк қаламдан?!
Ўзинг берган эдинг, айлай қол жудо,
Сенга у агарда боқса баланддан.

Давр кўтаролмас авжи пастликни.
Давр юраклардан сўрайди ёлқин.
Байроғим билмасам хақни, ростликни,
Мени рўйхатингдан ўчиргил, халқим!

Сарин шабадаси юзга тегувчи
Нурафшон манзиллар ўзига чорлар.
Рўйхатларда бўлсин «юртим» дегувчи,
Рўйхатларда бўлсин номуси борлар.

1982

ҚОДИРИЙНИНГ СЎНГГИ ХАЁЛЛАРИ

Машраб ким?
Биз учун беш қўлдай аён:
Инсоф, адолат деб юрган дарбадар.
Уни остираркан акобир-аъён.
Осий, девона, деб тарқатди хабар.

Улуғбек — ўзбекнинг кўксидаги тор.
Кўк унга, у кўкка бахшида, эҳсон.
Лекин ул даҳонинг бошин олар чоғ
Қўйдилар минг бир айб, минг битта нуқсон.

Отилди не-не тош — турфа маломат
Даврига сиғмаган буюк зотларга.
Бу — қай надомату, бу — қай адолат:
Авлодлар кўмишди илтифотларга.

Сира хор бўлмагай фидойи тақдир.
Буюк бахшидалик қолмагай ерда.
Кечанинг хатоси — бугунда таҳрир,
Бугуннинг ёлғонин фош этар эрта.

Мамнунман, олдиндан кўриб ўртада
Қора — қоралигин, оқнинг оқлигин.
Лекин алам қилар ўшал эртада
Менинг бўлмаслигим, менинг йўқлигим…

1982

* * *

Бир пас хаёлларга боғланиб турдим,
Турфа саволларга боғланиб турдим,
Не бўлар, ўзинг айт, онажон юртим,
Шоир рост сўзини айтмасдан қўйса?!

Бағрингни ёғийлар тўлдирмасмикин?
Меҳмон мезбонини ўлдирмасмикин?
Ёлғон юрт тўрида ўлтирмасмикин? —
Шоир рост сўзини айтмасдан қўйса…

Эркин фикрларни сириш ортар-ку,
Силлиқ рухсорларда тириш ортар-ку,
Иймон-эътиқодда чириш ортар-ку,
Шоир рост сўзини айтмасдан қўйса…

Одам одамлигин қўйгай унутиб,
Лойқа талотумни бўлмас тинитиб,
Соврилмоғи тайин, чарҳи дун йитиб,
Шоир рост сўзини айтмасдан қўйса…

Минбар, китоблардан қилинг қувғинди,
Увол эрур унга ҳатто ювинди,
Майли, ғурбатларга бўлсин сиғинди,
Шоир рост сўзини айтмасдан қўйса…

Ғурбат ҳам жирканиб, атасин «хоин»,
Ундан дариғ тутсин бир парча жойин,
Умрлик қисмати шу бўлсин доим,
Шоир рост сўзини айтмасдан қўйса…

Яшноқ кўрай, дейман, юртим атласин,
Ҳар жилоси унинг рост шеър ёдласин,
Портлай қолсин замин, осмон портласин,
Инсон рост сўзини айтмасдан қўйса…

1987

ТЎРТЛИКЛАР

* * *

Ҳаёт яшаш илмин мендан яширди,
Ҳамдамлар топ, дея шошди-шоширди.
Топдим… Бошга қўйдим… Кўпларин пастлик,
Ажаб, ўз-ўзидан ерга туширди…

1987

* * *

Дуч келган ҳар кимдан дўст-ёр изладим,
Ҳар кун, ҳар сония бисёр изладим.
Бу — менга тақдирнинг нечоғ ҳазили:
Демаган эдим-ку: «Ағёр изладим…»

1987

* * *

Яхшилар, яхшиям борсиз ҳаётда,
Юрагим соати биламан сизни.
Ҳовлиқсам, тўхтасам ё қолсам ортда,
Тинглашга тушаман зарбларингизни…

1987

* * *

Дўлворгинам, тентакчам — поклик,
Ҳар кимсадан излайсан оқлик.
Мен қўрқаман: шу атвор боис
Тушмаса, деб, бошга ғамноклик.

1987

ФАРИШТА ОДАМ

Учраганни атадингиз опа ё ака…
Учраганни атадингиз ука ё сингил…
Айтинг, айтинг, сувайдосиз нечун ойдака?
Айтинг, нечун кўнгил бериб, топмабсиз кўнгил?

Қарайман-у кўзларимдан тирқирайди ёш,
Яхшисизки, яхшиликка ташнасиз доим.
Ўзгаларни ўйлар экан беозор, ювош,
Ўзгалар ҳам ўйлагайми беозор ройин?

Индамайсиз…
Сизникимас бешафқат олам…
Жон куйдириш, фидо бўлиш, ўртаниш абас.
Фариштасиз яшолмагай фаришта одам…
Мен биламан: фариштангиз бу ерда эмас.

«Кетинг, — дейман, — бу даврага кетинг тупуриб.
Маъқул, — дейман, — нокаслардан қутилмоғингиз…»
Ўйланаман: кейин яна етмасми фириб?
Кейин кимлар тўлдираркин кўнгил боғингиз?

… Сиз кетасиз…
Яна ҳамма опа ё ака…
Сиз кетасиз…
Яна ҳамма ука ё сингил…

Бу дунёни оппоқ истаб сиз ҳам ойдака,
Яна бошдан қоврилгайсиз, фаришта кўнгил…

1987

* * *

Ойижон, неча ой бора олмадим,
Армоним айтмаган сўзимда пинҳон.
Сизга дил ёрардим… Ёра олмадим…
Йиғилган ёшларим кўксимда пинҳон.

Дедим: «Дардли дунё, ҳасратли дунё…
Баским, марҳумларни қийнамоқ нечун?»
Ойижон, алвидо айтганмисиз ё
Яшаш — азобланиш бўлгани учун?!

«Йўқ-йўқ, хотиржамман, — дердингиз бизга, —
Куйгунчак қалбларим — мардларим ила».
Мен эса борайми ҳузурингизга
Яккаш ҳасратларим — дардларим ила?!

Нетай, ҳаёт нурсиз менга бу дамда,
Шоир айтганидай, дорми, ойижон?!
Бўйи бўйимга мос кўпдир теграмда,
Кўнгли кўнглимга мос борми, ойижон?

Истардим: эркаклар баландбўй бўлса,
Баланд ўйли бўлса, деярдим яна.
Истардим: аёллар лоларўй бўлса,
Тотув уйли бўлса, деярдим яна.

Йигит хаёлида замин-замонмас,
Манманликни кўрсам, ерга кираман.
Аёл турмушида тинчмас, омонмас,
Вайронликни кўрсам, ерга кираман.

Тўкис муҳаббатим, бахтимдан хурсанд,
Оёқни узатиб кетганингиз чин.
Оҳ, мен ўз бахтимдан хотиржам юрсам,
Қачон мукаммаллик топгай бу очун?!

Ойижон, олишув бормоқда ошкор
Бўйи баланд, ўйи майдалар билан.
Яхшилик нелигин билмаган зинҳор,
Меҳрсиз, тош-метин дийдалар билан.

Чекимизга тушган қайта қуришлар, —
Ватан йўлларини покламоқ иши.
Зимдан қаршиликлар, суйиқасд ишлар…
Шундан қизингизнинг бисёр ташвиши.

Неча ойлар ўтди…
О, мен — бемеҳр…
Зиёрат этмабман, меҳрибонгинам!..
… Қандай одам бўлдим, ойижон, ахир
Дардим билан келсам марҳумларга ҳам…

1987