Ғафур Ғулом (1903-1966)

Ғафур Ғулом 1903 йил 10 майда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1963). Тошкент шаҳрида Кўрғонтеги маҳалласидаги эски мактаб ва мадрасада, рус-тузем (1916) ва «Ҳаёт» мактабларида (1918) тахсил олган. «Динамо», «Йигит», «Эгалари эгаллаганда», «Хитойдан лавҳалар» (1931), «Тирик қўшиқлар» (1932), «Кўкан» (1934), «Сизга» (1935), «Чашма» (1939), «Янги шеърлар», «Шеърлар» (1946), «Ўзбек элининг ғурури» (1949), «Шараф кўлёзмаси» (1950), «Танланган асарлар» (1956—59, 4 жилдли) шеърий тўплам ва достонлари, «Жўрабўза» ҳикоялар тўплами, «Мухбир суди» (1929) пьесаси ҳамда «Нетай» (1932), «Тирилган мурда» (1935), «Ёдгор», «Шум бола» (1938) каби қиссалар муаллифи. Асарлари асосида театр спектакллари ва кинофильмлар яратилган («Шум бола» ва бошқа). «Отелло», «Қирол Лир» сингари жаҳон ва рус адабиёти дурдоналарини ўзбек тилига таржима қилган. 1966 йил 10 июлда Тошкентда вафот этган. Вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2000).

СОҒИНИШ

Зўр карвон йўлида етим бўтадек,
Интизор кўзларда ҳалқа-ҳалқа ёш.
Энг кичик заррадан Юпитергача
Ўзинг мураббийсан, хабар бер, Қуёш!

Узилган бир киприк абад йўқолмас,
Шунчалар мустаҳкам хонаи хуршид.
Бугун сабза бўлди қишдаги нафас,
Ҳозир қонда кезар эртаги умид.

Хоки анжир тугаб, қовун ғарқ пишган
Бахтли тонг отар чоғ уни кузатдим,
Бир малъун гулшанга қадам қўймишкан,
Жони бир жондошлар қолармиди жим!

Унда етук эди мерос мард ғурур,
Остонани ўпиб, қасамёд қилди.
Укаларин эркалаб, ўзимдай мағрур,
Яъни обод уйимни у дилшод қилди…

Иблиснинг ғарази бўлган бу уруш
Албатта, етади ўзин бошига.
Ўғлим омон келар, ғолиб, музаффар,
Гард ҳам қўндирмасдан қора қошига.

Не қилса отамен, мерос ҳиссиёт…
Жондан соғинишга унинг ҳаққи бор,
Кутаман, узоқдан кўринса бир от,
Келаяпти, дейман кўринса ғубор.

Баҳор новдасида бўртган ҳар куртак
Соғинган кўнгилга берар тасалли.
Кўчатлар қоматин эслатганидек,
Нафасин уфурар тонг отар ели.

Кечқурун ош сузсак бир насиба кам,
Қўмсайман бировни — аллакимимни,
Доимо умидим бардам бўлса ҳам,
Баъзан васвасалар босар дилимни.

Балки бир ғалат ўқ ё хавфу хатар
Хазинаи умримдан йўқотди олмос…
Йўқ, у ўлмас, қадами олам яратар,
Ҳаётий бу олам сизу бизга хос.

Тонг отар чогида жуда соғиниб,
Бедил ўқир эдим, чикди офтоб.
Лойқа хаёлотлар чашмадай тинди,
Пок-покиза юрак бир қатра симоб.

Ўроғу гулқайчи, истак кўтариб,
Ҳовримни босишга боққа жўнадим.
Ҳашарчи қўшни қиз — унинг севгани,
Маъюс босар эди орқамдан одим.

Боғда сарвинозим йўқ эди гарчанд,
Кўмакчим арғувон ёринг Нафиса,
Сени соғинганда қилдим гул пайванд –
Бу баҳордан ҳаёт оларди бўса.

Дур бўлиб тақилур ёринг бўйнига,
Садафдай кўзимда, беҳуда бу ёш.
Икковинг икки ёш, лабинг лабига
Қўяр, васвасамдан кулади қуёш.

Асалдан ажраган мумдай сарғайиб,
Ини йўқ аридек тўзғиганим йўқ.
Улуғ эътиқодда ўламан қариб,
Абаддир мендаги падарий ҳуқуқ.

Сизларни келди, деб эшитган куни –
Ўзинг тўқиб кетган катта саватда
Тўлатиб шафтоли узиб чиқаман,
Ғалаба кунлари яқин, албатта.

Яёв, кўксим очиқ, бошда шафтолу,
Худди мўйлабингдек майин туки бор,
Ҳар битта шафтолу мисоли кулгу,
Шафақдай ним пушти, сарин, беғубор.

Суйганинг лабида реза тер каби
Унда титраб турар сабуҳий шабнам.
Мунчалик мазани топа олмайди
Уйқуда тамшанган чақалоқлар ҳам.

Е ўғлим, жонгинанг саломат бўлсин,
Ўз боғинг, ўз меванг, данагин сақла.
Шу мерос боғингни ўз қўлингга ол,
Менга топширилган меросий ҳақ-ла.

Боғда товус каби хиромон бўлиб,
Умид данагини бирга экингиз,
Ғолиб келажакни сайр қилайлик
Мушфиқ онагинанг билан иккимиз.

ВАҚТ

Ғунча очилгунча ўтган фурсатни
Капалак умрига қиёс этгулик,
Баъзида бир нафас олғулик муддат –
Минг юлдуз сўниши учун етгулик.

Яшаш соатининг олтин капгири
Ҳар бориб келиши бир олам замон.
Коинот шу дамда ўз куррасидан
Ясаб чиқа олур янгидан жаҳон.

Ярим соат ичида туғилиб, ўсиб,
Яшаб, умр кўриб ўтгувчилар бор;
Кўз очиб юмгунча ўтган дам — қиммат,
Бир лаҳза мазмуни бир бутун баҳор.

Бир оннинг баҳосин ўлчамоқ учун
Олтиндан тарозу, олмосдан тош оз.
Нурлар қадами-ла чопган секунднинг
Барини тутолмас ай(ю)ҳаннос овоз.

Йигит термилади қизнинг кўзига,
Киприк сузилиши, майин табассум…
Қўша қаримоққа муҳр бўлади
Ҳаётда икки лаб қовушган бир зум.

Яшаш дарбозаси остонасидан
Зарҳал китоб каби очилур олам,
Тириклик кўркидир меҳнат, муҳаббат,
Фурсатдир қилгувчи азиз, мукаррам.

Бебаҳо дамларнинг тирик жони биз,
Ҳар они ўтмишнинг юз йилига тенг.
Ўзбекнинг барҳаёт авлодларимиз,
Ҳар нафас мазмуни фазолардан кенг.

Қатрада осмон акс этганидек
Жаҳондай маънодор қорачиғимиз.
Ғолиб асримизга куёшдан машъал,
Замон кўрасининг сўнмас чўғимиз.

Замона соати занг урар мудом,
Минглаб ҳодисалар минутларга қайд,
Қаҳрамон туғилди, шаҳар олинди,
Бир гигант қурилди шарафли бу пайт.

Рейхстаг устига ғалаба туғин
Қадашда отилган адолат ўқи –
Ялт этган умри-ла барқарор қилди
Башарнинг муқаддас, олий ҳуқуқин.

Ғалаба амри-ла, мағлуб немиснинг
Генерали қўл қўйди. Уч секунд фақат…
Шу малъун имзода одамлар ўқир
Миллион йил фашистнинг умрига ланъат.

Азиз асримизнинг азиз онлари
Азиз одамлардан сўрайди қадрин.
Фурсат ғаниматдир, шоҳ сатрлар-ла
Безамоқ чоғидир умр дафтарин.

Шуҳрат қолдирмоққа Геростратдек
Диана маъбадин ёқмоқ шарт эмас.
Кўпларнинг бахтига ўзликни жамлаб,
Шу улуғ бинога бир ғишт қўйсак бас.

Ҳар лаҳза замонлар умридек узун,
Асрлар тақдири лаҳзаларда ҳал,
Умрдан ўтажак ҳар лаҳза учун
Қудратли қўл билан қўяйлик ҳайкал.

Ҳаёт шаробидан бир қултум ютай,
Дамлар ғаниматдир, умрзоқ соқий.
Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди,
Умримиз боқийдир, умримиз боқий.

СЕН ЕТИМ ЭМАССАН

(1941-1945 йиллар урушининг ота-онасиз қолган гўдакларига)

Сен етим эмассан,
Тинчлан, жигарим,
Қуёшдай меҳрибон
Ватанинг — онанг,
Заминдай вазмину
Меҳнаткаш, мушфиқ,
Истаган нарсангни тайёрлагувчи
Халқ бор — отанг бор,
Чўчима, жигарим,
Ўз уйингдасан,
Бу ерда
на ғурбат,
на офат,
на ғам.
Бунда бор:
ҳарорат,
муҳаббат,
шафқат
Ва меҳнат нонини кўрамиз баҳам,

Сен етим эмассан,
Ухла, жигарим.
Бу ерда музлаган
Аждар ҳалқумли
Ваҳшат тўпларининг
Қаҳқаҳаси йўқ.
Бу ерда — одамзод
шаклида юрган
лаънати девларнинг
манфур, юқумли,
мараз намойиши
тополмас ҳуқуқ.
Улуғ жанг кунидир,
Жангки, беомон,
Лашкар деган ахир
Бехатар бўлмас,
Отанг ўлган бўлса,
Қайғурма, қўзим,
Кўзим усти
Миннатинг бошимга дурра.
Шу соғлом ҳавода
Саломат — омон,
Хўрсинмай, эркинлаб
Ола бер нафас.
Эй, улуғ наслимнинг
Юраги, жони,
Кипригингга илинмас
Йиғидан зарра.
Сен етим эмассан,
Ухла, жигарим.

Етимлик нимадир —
Бизлардан сўра,
Ўнинчи йилларнинг
Саргардонлиги
Иситма аралаш
Қўрқинч туш каби
Хаёл кўзгусидан
Ўчмайди сира.
Мен етим ўтганман,
Оҳ, у етимлик…
Вой, бечора жоним,
Десам арзийди.
Бошимни силашга
Бир меҳрибон қўл,
Бир оғиз ширин сўз
Нондек арзанда.
Мен одам эдим-ку,
Инсон фарзанди…
Сен етим эмассан,
Ухла, жигарим.

Кўзимга уйқунинг
Мудроқ овчиси
Тўрин солмасдан, —
(Биринчи гудокка
Икки соат бор) —
Оталик ҳиссининг
Бебаҳо, лазиз
Тўлқинлари ичра
Ғарқ бўлиб кетиб,
Азиз бошинг устида
Термулмакдаман,
Сен етим эмассан,
Ухла, жигарим.

Нега чўчиб тушдинг?
Мурғак тасаввур,
Гўдак хаёлингта
Нималар келди?
Балки Одесс даҳшати,
Керчь фожиаси,
Ёввойи махлуқлар,
Конхўр ваҳшийлар…
Маммаси кесилган
Шўрлик онангнинг
Пажмурда гавдаси
Кўзинг ўнгида
Бутун даҳшати-ла
Акс этар энди.
Онанг хўрландими,
Отанг ўлдими,
Сен етим қолдингми,
Қайғурма, қўзим,
Кўзим усти,
Миннатинг бошимга дурра.
Ота-онасининг
Тайини ҳам йўқ,
Сут кўр қилгур, ҳароми
Гитлер оқпадар
Фарзанднинг қадрини
Қаердан билсин?
Бир қўнғиз мўйловли,
Бароқ соч малъун,
Жигар ранг бир мундир
Истаги учун
Наҳотки еримиз
Чаппа айланиб,
Наҳотки дарёлар
Оқар тескари,
Наҳотки одамлар
Кезар дарбадар?!
Ахир, жуда яқин
Қонли интиқом,
Алҳазар,
алҳазар,
Кўпирар
томирларда қон
Ва портлар ҳадемай
Бу ўтли вулқон.
Сен етим эмассан,
Ухла, жигарим.

Сен кулаётибсан,
Балки бу кулги
Сўнгги ойлар ичра
биринчи чечак.
Лаъли лабингдаги
Ғунча табассум,
Албат толеингта
Муҳр бўлади
Ва бунда акс этар
Порлоқ келажак.
Тонг яқин,
тонг яқин,
оппоқ тонг яқин
Бир нафас ором ол,
Ухла, жигарим.

Оқ ойдин
тонг олди,
Ухламокдасен.
Лабларинг шивирлар,
Изламокдалар
Балки бир эркалаш,
Бир она бўса,
Улуғ оиланинг
гўдак фарзанди,
билиб қўй энди:
Сен тезда улғайиб,
Олам кезасан.
Манглайда порлаган
Толеинг- қуёш
Бутун ер юзини
Қилур мунаввар.
Ҳақорат емрилур,
Зулм янчилур,
Жаҳонда бўлурмиз
Озод, музаффар.
Сен етим эмассан,
Менинг жигарим!
1942

ЧИН АРАФА

Саҳарда чарақлайди осмон тўла юлдузлар…
Толеи тонг отардай, келажаги кўкдай кенг,
Эй, менинг фарзандларим, қундуз қош, қора кўзлар,
Дастурхон атрофига юлдуз каби тўпланинг,
Бугун чин арафадир.

Бугун чин арафадир, ғолиблар ўлкасида.
Кўзгудек жилолансин мурғак кўнгилларингиз,
Бахтингиз қолмасин деб зулмат кўланкасида,
Дарё-дарё қон тўкиб, бу кунни келтирганмиз,
Бугун чин арафадир.

Малъунлардан яширган тилсим сандуғингни оч,
Ҳимматинг қанчалар бор, олтин юзли офтоб?
Болаларнинг бошидан аямай зарингни соч,
Энди кулиш — арғанун, қаҳқаҳалардир рубоб,
Бугун чин арафадир.

Шодлик қўшини босди саодат кўчасини,
Гўдаклар жаранглатар ҳайитлик тангасини,
Қелинчаклар ахтарар пардоз қутичасини,
Қирқ кокил бўлсин дейди, қистайди янгасини,
Бугун чин арафадир.

Бўлган эдик интизор кўз кўзга тушмак учун,
Ғолиблар қайтган кун, ёр орзуси қонган кун
Шеърий ўхшатиш билан қалбимиздир лолагун,
Айрилиқ унут бўлиб, бир-бирни қучмоқ учун,
Бугун чин арафаднр.

Юзимизни ёритди кечаги тўкилган ёш,
Бугун байрам келтирди кечаги ҳажру фироқ.
Бугун бўстон кезади, кеча қон кечган қуёш,
Ҳар куннинг файзи бошқа, эрта яна яхшироқ,
Бугун чин арафадир.

Йигитга от келишар, байроқ — ғолиб қўлига,
Қадри баланд инсонга шон керак, шараф керак,
Юз минг кўклам пойандоз арслон эрлар йўлига,
Менинг енгган элимга байрам куни муборак,
Бугун чин арафадир.

Эртага тонг отардан ноғорада зилу бам,
Чалинг, Аҳмаджон ота, навони савти билан,
Сен ҳам шоҳ шеърингни ёз байрамга, Ғафур Ғулом,
Фоилотан фаалан, фоилотан фаалан,
Бугун чин арафадир.

1945