Фурқат Мели (1972)

Фурқат Мели 1972 йил 15 декабрда Жиззах шаҳрида туғилган.1997 йили Ўзбекистон Миллий университетнинг Ўзбек тили ва адабиёти факултетини тугатган. “Ватавпарвар” газетасида хизмат қилади.

УЙҒОҚ КУТИБ ОЛГИН ТОНГНИ

* * *

Кўзингда бир денгиз чайқалиб ётар,
Тубига зўр тўлқин айқириб ботар.

Қатралар қуюлиб келар ирмоққа,
Бир томчи отилиб чиқар қирғоққа.

Ёлғиз эди, кучсиз қумга сингиди,
Денгиздан ажралган нега тенг эди?

Изсиз кетди, балки энди йўқ бўлар,
Илдизга етса гар яшил ўқ бўлар.

Кўзингда бир денгиз қуёшни қучар,
Сенга етсам эди оловим ўчар.

Саҳроман. Бир ўзим, ёлғиз ёндим ман,
Кўзим. Раҳмат сенга, сувга қондим ман.

* * *

Асаб томирлари ҳужайраларда
Асов отлар каби депсинар, кишнар.
Осмон жисми каби ёрқин, ловуллаб,
Пойимда тириклик тарихи яшнар.

Йўловчи кўп узоқ кетма, қайтасан,
Овлаган овингни ташлаб беҳуда.
Сени кутиб қолди онанг, қайдасан,
Бебош бир ўғилни соғинган жуда?!

Ўтмиш шамоллари увиллаб чопар,
Тўзонда қолдириб тарихни, ёрни.
Кўзингга ўтмишнинг чангги ёпишар,
Қадим тупроқ сенга шунчалар зорми?

Бир гул очилмакни истайдир, эркин,
Истайдир дунёга хушбўй сочмакни.
Ишқнинг шаробидан қуйгил дўст, лекин,
Имкони бормикан ёр-ла ичмакни?

Ҳар бир инсон ўзи гўзал шеър эрур,
Илоҳий ҳикматлар яширин унда.
Қайноқ саҳролардан музликларгача,
Коинот сири ҳам “алиф”, “лом”, “мим”да.

Фитналар дунёси сенга бол тутар,
Фароғат дунёси аччиқ заҳарни.
Насибангни қирқма, бу кунлар ўтар,
Уйғоқ кутиб олгин тонгни, саҳарни.

Йўловчи, қалбингга қулоқ тут, дўстим.
Онанг интиқ сенга мунис, ёлғизинг.
Тўхтагин, дарахтдек бир ерда ўсгин,
Ерга чуқур ботсин жисминг – илдизинг.

* * *

Ҳар нарсанинг ўз қофияси бор,
Мараз ғараз билан ёндош.
Гўзалликнинг ҳам ўз таъвияси бор,
Ғазаб азоб билан кундош.

Дунё рўё билан. Одам ғам билан.
Ҳаво наво билан. Шовқин қин билан.
Нега ишонмайсан бундай нисбатга,
Қаерга боряпсан, кимга ким билан?

Ҳар нарсанинг ўз қофияси бор,
Сўзни ардоқлаган ўзни топади.
Ҳар жўянинг охир ножўяси бор,
Билки, отинг беҳудага чопади.

* * *

Аниқ фанлар каби аниқдир сўзим,
Бир бошга бир ўлим, лашкарим кўзим.

Бу ёруғ дунёга келиб кўрганим,
Билганим ёт эмас, душманим ўзим.

Шундай деб атрофга кулиб боқаман,
Тўполон дарёда тўлиб оқаман.

Ҳақгўйлар, оқгўйлар ва қорагўйлар
Ҳар бири ўзича билганин сўйлар.

Ерга уруғ тушди – тупроққа қаранг,
Отмади, сотмади, унга берди ранг.

Англамадингизми, ғижинмангиз ҳам,
Дейдилар: – Дунёнинг доим бири кам.

* * *

Тепамизда эртакдаги ой,
Сукунатда кетяпмиз, жоним.
Йўл яқинми, олисми, билмам,
Ортимиздан эргашганлар ким?

Тепамизда эртакдаги ой,
Қўлларимиз боғланган қўлга.
Қаршимизда чўзилиб ётган
Нимадир бу, ўхшамас йўлга?

Тепамизда эртакдаги ой,
Нима бўлса бўлар, биргамиз.
Майли, девлар, жинлар бўлсинлар,
Ахир, жоним, биз эртакдамиз.